Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога беҳисоб шукрки, юртимиз тараққиётининг янги даврида буюк мутафаккирлар меросини асраб-авайлаш, тадқиқ этиш ва халқимизга етказиш ишлари кенг жабҳада амалга оширилмоқда. Айниқса, Имом Бухорий, Имом Термизий, Бурҳониддин Марғиноний, Абу Муин Насафий ва Маҳмуд Замахшарий сингари табаррук зотларнинг асарлари нафақат минтақамиз, балки бутун мусулмон дунёси учун ҳидоят маёғидир. Шу боис, уларнинг илмий меросини, қолдирган битикларини ўрганиш ва келажак авлодга етказиш олдимизда турган энг муҳим вазифалардан саналади.
Янги Ўзбекистонда кўп асрлик ноёб ва нодир асарларни сақлаш, халқимизнинг қадимий тарихи ва бой маданиятини тиклаш, беназир зотларнинг маънавий меросини асраб-авайлаш, ҳаётга татбиқ этиш ва уларнинг мазмун-моҳиятини ёш авлодга етказиш бўйича тизимли ишлар амалга оширилаётир.
Ҳаёт давом этар экан, бу соҳада янги-янги талаблар кун тартибига қўйилиши табиий. Шу боис, давлатимиз раҳбарининг жорий йил
10 февралдаги “Қадимий ёзма манбаларни сақлаш ва тадқиқ этиш тизимини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ана шу ҳаётий зарурат нуқтаи назаридан қабул қилинган тарихий, муҳим ҳужжат саналади. Ушбу қарорнинг эълон қилиниши маърифатли халқимизни, хусусан, дин пешволарини ҳам чексиз мамнун этди. Унда белгиланган вазифалар буюк аждодларимиз асарларини янада теран англаб етишга, ёш авлоднинг ана шундай ҳикматлар асосида камол топишига хизмат қилади. Бу, ўз навбатида, Учинчи Ренессанс пойдеворини барпо этиш сари ташланган навбатдаги муҳим қадам бўлади, иншааллоҳ.
Ислом динида келажак авлодга илм-маърифат ва маънавият қолдиришнинг ажри улуғ, инсон вафотидан кейин ҳам амал дафтарига ёзилиб турадиган иш сифатида кўп бор ифодаланган. Ҳазрати Расулимиз алайҳиссалом айтадилар: “Инсон дунёдан ўтганида унинг барча амаллари тўхтайди, аммо уч амали борки, улар ҳаргиз тўхтамайди. Бу амаллар —
садақаи жория, манфаатли илм ҳамда солиҳ фарзанд” (Имом Бухорий ривояти).
Садақаи жория — инсонлар ҳар доим ундан манфаат топадиган иш, савоби доимо оқиб турувчи амалдир. Масалан, халқ корига ярайдиган йўл, кўприк, мактаб, шифохона, масжид, мадраса ва турли илм даргоҳларини барпо этиш кабилардир. Шу жумладан, нодир қўлёзма ва тошбосма китобларни асраб-авайлаш, тадқиқ қилиш ва халқимизга етказиш ҳамда бу жараёнга рақамли технологияларни жорий этиш айни садақаи жория ҳукмида бўлади.
Бизнинг заминда Пайғамбар алайҳиссаломнинг амакилари Қусам ибн Аббос каби кўплаб улуғ инсонлар абадий қўним топган. Қуръони каримнинг энг қадимги юзлаб нусхалари сақланиб келинади, ислом цивилизациясига беқиёс ҳисса қўшган олимларнинг нодир манбалари асраб-авайланмоқда.
Мазкур қарор шу жиҳатдан ҳам янада муҳим аҳамият касб этади. Ҳукумат томонидан аждодлар меросини ўрганиш, уларни кейинги авлодга етказиш борасида қилинаётган мазкур амалий ишлар таҳсинга сазовор. Зеро, бу диёрдан нафақат ислом илмлари бўйича уламолар, балки аниқ ва табиий фанлар бўйича Хоразмий, Беруний, Ибн Сино, Мирзо Улуғбек ва бошқа кўплаб олимларни санаб ўтиш мумкин.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси китоб фонди ҳам энг нодир маънавий хазиналардан бири бўлиб, унда 3 минг жилд қўлёзма, 17 минг жилд тошбосма китоблар мавжуд. Энг ноёб қўлёзмалардан — “Ҳазрати Усмон Мусҳафи” ва “Катта Лангар Қуръони” қадимий ва табаррук манбалар ҳисобланади. Яна фондимизда Имом Бухорий, Имом Мотуридий, Бурҳониддин Марғиноний, Маҳмуд Замахшарий, Жалолиддин Румий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур ва бошқа мутафаккирларнинг қўлёзма асарлари сақланмоқда.
Таъкидлаш жоизки, аҳоли қўлида эъзозлаб сақланаётган ҳамда авлоддан-авлодга ўтиб келаётган, лекин давлат томонидан рўйхатга олинмаган қўлёзмалар ва қадимий босма китоблар сони биз ўйлагандан-да зиёдадир.
Шу каби бой меросни ўрганиш ва кенг ёйиш олдимизда турган долзарб вазифа. Буни ҳал этиш учун замонавий технологиялардан кенг фойдаланиш бугунги кун талабидир. Шу боис, мазкур қарорда бу жараёнга рақамли технологияларни кенг жорий қилиш, қадимий ёзма манбаларнинг давлат реестрини ташкил этиш вазифаси белгиланган.
Хусусан, қарорда буюк алломаларнинг илмий меросини аҳоли, айниқса, ёшлар орасида оммалаштириш, улар тўғрисидаги маълумотларни замонавий усуллар орқали етказиш мақсадида Интернет тармоғида илмий-маърифий портал ва унинг мобиль иловаси ишга туширилиши белгиланди.
Шу билан бирга, мутафаккирлар ҳаёти, илмий мероси ҳақидаги маълумотлар, улар фаолиятига оид китобларнинг электрон нусхалари, фильмлар ҳамда ёшларнинг интеллектуал салоҳиятини оширишга хизмат қиладиган бошқа турдаги маълумотлар ҳам мазкур порталга жойлаштирилиши унинг аҳамиятини янада оширади. Бу эса нафақат юртдошларимизга, балки бутун жаҳон оммасига мамлакатимизнинг бой илмий мероси билан танишиш ва улардан фойдаланиш имкониятини беради.
Қарордаги яна бир муҳим жиҳат, музейлар, кутубхоналар, архив фондлари ва бошқа муассасаларда сақланаётган қадимий ёзма манбаларни муҳимлигига кўра, халқчил тилда босқичма-босқич нашр этишнинг йўлга қўйилишидир. Ноширлик ишлари жадаллашиб, музейлар, кутубхоналар, архив фондларида сақланаётган асарлар оддий тилда чоп этилиб, аҳолига тақдим қилинади. Бу эса шубҳасиз, халқимизнинг билими юксалишига, ёшларни таълим-тарбияли қилиб тарбиялашга катта ҳисса қўшади.
Албатта, бу каби ишларни малакали мутахассисларсиз қилиб бўлмайди. Мазкур қарор билан кадрлар масаласи ҳам ўз ечимини топмоқда. Унга кўра, 2022-2023 ўқув йилидан жами 4 та олий таълим муассасасида “Матншунослик ва адабий манбашунослик” таълим йўналишида кадрлар тайёрлаш ишлари жадаллаштирилади.
Ушбу ҳужжатда белгиланган яна бир долзарб вазифа хорижий мамлакатларга илмий экспедициялар уюштириш орқали аҳоли ва турли фондларда сақланаётган аждодларимиз қаламига мансуб қадимий ёзма манбаларнинг рўйхатини ва электрон нусхаларини аниқлаш, юртимизга олиб келиш чораларининг кўрилишидир.
Дастлабки маълумотларга кўра, “Ўзбекистонга оид хориждаги қўлёзма асарлар реестри”нинг биринчи жилдида 30 мамлакатнинг 97 ташкилотида сақланаётган Имом Бухорий, Абу Райҳон Беруний, Имом Мотуридий, Алишер Навоий сингари 150 дан ортиқ аллома ва мутафаккирларга оид қўлёзма асарларнинг 1001 та илмий тавсифини ўз ичига олган.
Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан аждодлар меросига эҳтиром кўрсатишдек эзгу ва хайрли ишлар бошланган экан, уни қўллаб-қувватлаш ҳамда камарбаста бўлишимиз зарур. Зеро, бундай савобли ишларнинг ҳам ажри чексиз бўлади. Қуръони каримда “Аллоҳ гўзал амал қилганларнинг ажру мукофотларини зое қилмас”, деб баён қилинган. “Раъд” сурасининг 29-оятида эса: “Имон келтириб, солиҳ амалларни қилганлар учун “тубо” (хушнудлик) ва гўзал оқибат (жаннат) бордир”, деб марҳамат қилинган.
Халқимиз учун катта неъмат бўлган улуғ аллома ва мутафаккирларнинг бебаҳо асарларини, ноёб ёзма манбаларни сақлаш, ўрганиш ҳамда келажак авлодга безавол етказиш борасидаги ишларда Ҳақ таоло улкан муваффақиятлар ато этсин.
Нуриддин ХОЛИҚНАЗАРОВ,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий
Баъзи уламолар инсоннинг ҳаёт билан видолашув дамларини “сафар чоғи”, “сафар соати” дейишади. Хусусан, машҳур олим Оиз Қарний “Саҳобалар ҳаётидан хотиралар” китобида Амр ибн Ос розияллоҳу анҳунинг “сафар соати” ҳақида сўз юритиб, бу вақтнинг ростгўйлик, руҳнинг покланиши, ошкоралик ва шаффофлик онлари эканини таъкидлайди.
Бу вақтда ўлим тўшагида ётган инсондан дунё безакларига интилиш, иғво, мунофиқлик, сохтакорлик каби иллатлар чекинар ва у ўзининг ҳақиқати билан ёлғиз қолади. Ҳатто Фиръавн ҳам жон бериш онида ичидаги махфий ҳақиқатни ошкор қилиб, бундай деган:
لا إِلَهَ إِلا الَّذِي آَمَنَتْ بِهِ بَنُو إِسْرَائِيلَ وَأَنَا مِنَ الْمُسْلِمِينَ
“Иймон келтирдимки, Исроил авлоди иймон келтирган Зотдан ўзга илоҳ йўқдир. Мен ҳам мусулмонларданман” (Юнус сураси, ٩٠-оят).
Машҳур саҳобий Амр ибн Ос розияллоҳу анҳу ўлим тўшагида ётаркан, юзини деворга буриб олганди. Атрофида ўтирган дўстлари ва ўғли Абдуллоҳ Амр ибн Осга Мисрни фатҳ этиб, Исломнинг ёйилишига катта ҳисса қўшганини, Аллоҳнинг раҳматидан умидвор бўлишини эслатар, у зот бўлса, ўзини қандай оқибат кутаётганини билмагани боис қўрқувдан йиғларди.
Амр ибн Ос розияллоҳу анҳу сўнгги лаҳзаларини бошдан кечирар экан, яшаб ўтган ҳаётини хотирлаб, бундай хулосага келади: “Менинг умрим уч босқичда ўтди. Исломдан олдин жаҳолат босқичида яшадим. Ўша пайтда энг ёмон кўрганим Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам эдилар. Ҳар қанча ҳийла-найранг ишлатиб бўлса ҳам, у зотни ўлдиришга тайёр эдим. Исломни қабул қилгач, Мадинага ҳижрат қилдим. Бу ҳаётимдаги иккинчи босқич, яъни куфрдан Исломга ўтиш босқичи эди...”
Амр ибн Ос Маккадан Мадинага Холид ибн Валид билан бирга ҳижрат қилганди. Улар Мадинага яқинлашаркан, Амр ибн Ос Холид ибн Валидга: “Ё олдинда юр ёки орқада қол. Менинг гуноҳларим кўп. Расулуллоҳга улар ҳақида айтмоқчиман. У зот билан ёлғиз қолишни истайман”, деди. Шундан сўнг Холид ибн Валид олдинга ўтиб кетди. Амр ибн Ос розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олдиларига келиб: “Қўлингизни беринг, байъат қиламан”, деди.
Расулуллоҳ Амр ибн Осга байъат учун қўлларини чўзганларида, у пайғамбаримизнинг муборак қўлларини маҳкам ушлаб олди. Набий алайҳиссалом: “Сенга нима бўлди, эй Амр?” деб сўрадилар. Амр ибн Ос: “Мен шарт қўймоқчиман, эй Аллоҳнинг Расули”, деди. У зот: “Нимани шарт қўясан?” дедилар. Амр ибн Ос: “Раббим ўтган гуноҳларимни мағфират қилишини шарт қилиб қўяман”, деди. Амр ибн Ос жоҳилият даврида Исломга қарши жангларда қатнашган ва кўпгина гуноҳ ишларга қўл урганди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Эй Амр, билмайсанми? Ислом ўзидан олдинги нарсаларни йўқ қилади (гуноҳларни кечиради)”, дедилар.
Амр ибн Ос розияллоҳу анҳу айтади: «Қўлимни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қўлларига қўйиб, байъат қилдим. Шундан сўнг муҳаббат ва итоаткорлик ила у зотга ҳамроҳ бўлдим. У зот мен учун инсонларнинг энг севимлиси эдилар. Исломдан аввалги нафратим муҳаббатга айланди. Расули акрам соллаллоҳу алайҳи ва салламга бўлган ҳурматим сабабидан у зотга тик қарай олмаганман. Агар мендан у зотни тасвирлаб беришимни сўрасангиз, бу ишни уддалай олмайман. Чунки у зотга бўлган муҳаббатим, эҳтиромим ва ҳаёим сабабли Расулуллоҳнинг юзларига қарай олмаганман. Ана шу муҳаббат туфайли қайтадан дунёга келгандек бўлдим... Кошкийди, ўша ҳолатимда вафот топган бўлсам. Чунки мазкур ҳолат дин учун кураш, илм, тавба ва ҳидоят каби ҳис-туйғуларни ўзида жамлаганди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг вафотларидан сўнг ўзгариб қолдим. Бу ҳаётимнинг учинчи босқичи эди. Бу босқичда дунё мен билан ошкора ўйин қилди. Сиффин ва Жамал каби фитнали ҳодисалар содир бўлди. Аллоҳга қасам, жаннатга кираманми ёки дўзахгами, билмайман!.. Ҳозир биргина калима бор, холос. Уни Аллоҳнинг ҳузурида ўзим учун ҳужжат қиламан. Бу: “Ла илаҳа иллаллоҳу ваҳдаҳу ла шарийка лаҳ. Лаҳул-мулку ва лаҳул ҳамду ва ҳува ъала кулли шайъин қодир” калимасидир».
Шундан сўнг Амр ибн Ос розияллоҳу анҳу кафтини маҳкам сиқди ва руҳи танасидан чиқиб кетди. Унинг ўғли Абдуллоҳ ибн Амр айтади: “Отамни ювгани олиб кирдик. Ғассоллар унинг бармоқларини ювиш учун очмоқчи бўлдилар, лекин улар маҳкам сиқилганди. Сўнг уни кафанлаш учун бармоқларини очдик, лекин улар яна ёпилиб қолди. Уни қабрга қўйганимизда ҳам қўллари маҳкам сиқилганди”...
Ушбу воқеа замирида барчамиз учун улкан сабоқ бор. Амр ибн Ос розияллоҳу анҳунинг нақадар самимийлиги, тавҳид калимасини дили ва тилида маҳкам тутиб, Раббисига юзланганига ҳавасдамиз, албатта.
Амр ибн Ос розияллоҳу анҳу умрини уч босқичга бўлди. Бизнинг “сафар соати”миз қандай кечаркин? Ҳаётимиз неча босқичдан иборат бўлади? Умримиз қандай кечяпти? Раббимиз биз ожиз бандаларига бу борада ҳам Ўз “таклиф”ини тақдим этган. Оли Имрон сураси ٨-оятида бундай дуо бор:
رَبَّنَا لَا تُزِغْ قُلُوبَنَا بَعْدَ إِذْ هَدَيْتَنَا وَهَبْ لَنَا مِنْ لَدُنْكَ رَحْمَةً إِنَّكَ أَنْتَ الْوَهَّابُ
“Роббанаа лаа тузиғ қулуубанаа баъда из ҳадайтанаа ваҳаб ланаа мил-ладунка роҳмаҳ. Иннака антал Ваҳҳааб”.
“Эй Раббимиз, бизни ҳидоят йўлига солганингдан кейин дилларимизни (тўғри йўлдан) оғдирма ва бизга ҳузурингдан раҳмат ато эт! Албатта, Сен Ваҳҳоб (барча неъматларни текин ато этувчи)дирсан”.
Меҳрибон Зот барчамизни ушбу дуо-оят ҳақиқати билан ризқлантирсин!
Мавжуда НУРИДДИНОВА
тайёрлади.