Бангладешлик саккиз ёшли болакай қисқа вақтда Қуръони каримни тўлиқ ёд олишга муваффақ бўлди.
IQNA сайтининг “Daily Bangladesh” нашрига таяниб маълум қилишича, Бангладешлик саккиз ёшли Aбдуллоҳ ал-Фаҳийм 105 кун ичида Қуръони каримни ёд олишга муваффақ бўлган.
У Чаттограмдаги “Неъмат Нур” жоме масжидида Бангладешнинг Қуръони каримни ёд олиш бўйича халқаро танловида қатнашиб, ўз истеъдодини намоён этди.
Ал-Фаҳийм оиланинг тўнғич ўғли, унинг икки укаси ва бир синглиси бор. У Қуръон хотираси учун “Ҳидоят ан-Нур” марказида таҳсил олади ва Абдуллоҳ ал-Фаҳийм ислом олими, ҳофизул Қуръон бўлишни режалаштирган. Унинг отаси Салимуллоҳ Жаҳонгир Бангладешнинг Чаттограм туманидаги “Ухия” масжидининг имом-хатибидир .
Ёш қорининг устози Ҳофиз Шуайб-ул-Ислом Соҳайлнинг айтишича, бу иқтидорли бола бор-йўғи уч ярим ойда Қуръони каримни тўлиқ ёд олган.
Ал-Фаҳийм, шунингдек, ўз мамлакатидаги энг йирик Қуръони карим мусобақасида иштирок этганидан хурсандлигини билдирди ва Исломни ёйишда отасининг йўлини давом эттиришга умидини билдирди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Юртимизнинг барча ҳудудларида миллатлараро ва динлараро дўстлик, аҳиллик, бирдамликни мустаҳкамлашга қаратилган турли тадбирларни ўзида жамлаган "Бағрикенглик ҳафталиги" доирасида Тошкент фотосуратлар уйида "Ўзбекистон – бағрикенг диёр" номли фотокўргазма ўтказилди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Миллатлараро муносабатлар ва хориждаги ватандошлар масалалари бўйича қўмитаси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитаси раҳбарияти ва ходимлари, миллий маданий марказлар ва дўстлик жамиятлари фаоллари, диний конфессия вакиллари, ОАВ воситалари ходимлари иштирок этди.
Кўргазмада миллий маданий марказлар, дўстлик жамиятлари билан ҳамкорликда ўтказилган тадбирлар, юртимизда истиқомат қилаётган турли миллат ва дин вакилларининг турмуш тарзи, маданияти, урф-одатлари акс эттирилган 100 дан ортиқ асарлар намойиш этилди.
Таъкидлаш керакки, ҳозирги кунда юртимизда 130 дан ортиқ миллат ва элат, 16 та диний конфессия вакиллари бағрикенглик, дўстлик ва ҳамжиҳатлик тамойиллари асосида яшаб келмоқда. Бағрикенглик ҳафталиги доирасидаги бундай тадбирлар эса, дунё аҳлини тотувлик ва ҳамжиҳатликка чорловчи эзгу амаллар сирасидандир.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати