Қалб инсон кўкрагидаги бир парча гўшт бўлиб, хатари улкан, таъсири эса каттадир. Унинг салоҳияти бутун тана ва жамийки аъзолар салоҳиятидир. Унинг фасодга юз тутиши эса жасаднинг бари ва жамийки аъзоларнинг фасодга юз тутишидир. Нўъмон ибн Башир розияллоҳу анҳудан ривоят, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шундай деяётганларини эшитдим: «Огоҳ бўлинг! Танада бир парча гўшт бор. Агар у салоҳиятли бўлса, жасаднинг бари салоҳиятли бўлади. Агар у фасодга юз тутса, жасаднинг бари фасодга юз тутади. Огоҳ бўлинг!
Покиза қалб бу – инсоннинг қалбини иймон ҳамда Аллоҳ азза ва жаллага бўлган бандалик тозалаб қўйган бўлишини ифода этади. Бас, шунда ушбу қалб инсонлардан етиши мумкин бўлган озорларни, у ер-бу ерлардан тегиши мумкин бўлган ҳақорат томчиларини кўтара олади ва тоза, оппоқ бўлиб қолади. Ҳар қачонки унга қора нуқта суқулиб кирмоқчи бўлса, унинг Аллоҳ таолога бўлган бандалиги уни эритиб йўқ қилади ва яна тоза, оппоқ бўлиб қолаверади. Мана шу тоза қалбдир.
Мавлоно Жалолиддин Румий ёзадилар:
«Каъба Озарнинг ўғли Иброҳим Ҳалилуллоҳ қурган иморат. кўнгил эса Азиз ва Жалил бўлган Аллоҳ таолонинг назаргоҳидир, (боқадиган еридир)...»
Румий ҳазратлари Каъбани камситаётганлари йўқ асло... Демоқчи бўлаяптики Каъба муқаддас бўлишига қарамай, моддий ашёлардан бино бўлган... Зарар кўрса, нураса, йиқилса уни таъмирлаш ёки янада мукаммал шаклда тиклаш мумкин...
Аммо унинг ҳам мавжудлигига сабаб бўлган Инсоннинг Аллоҳ назаргоҳи ва иймон жилвагоҳи Кўнгли бир синса, таъмирлаш имконсиз...
Кўнгил ҳақида сўзлар эканмиз, юракларимизни бир соғинч тўлдиради. Бу энг ҳассос ва энг тоза қалб соҳиби жаноби Пайғамбаримизнинг соғинчларидир...
Сарвари коинот соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳамиша болалар, хаста, кекса, кимсасиз, фақир, бева, бечора кишиларнинг кўнглини олиб, барчага бирдек шавқат билан муносабатда бўлганлар...
Бир байрамда ҳамма шоду-хуррам турган чоғида, ота-онаси йўқлигидан эзилиб, бир четда турган етим болага:
- «Мен сенинг отангман, ўксинма» – деб ҳадялар берганлар...
Кўнгилини олиш, етимлигини билдирмаслик учун кўчада ўша бола айтганидек туя бўлганлар...
Тўрт оёқлаб, болани елкаларига миндириб, саллалари пешини жилов қилиб, «суворий»ларига тутқазган чексиз шафқату раҳматнинг тимсоли Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдир...
Оқкўнгиллилик ва қалб покизалиги... Булар одамларда топилиши қийин бўлган оғир ибодат.
Гўзалликни кўриш учун гўзал қалбли бўлиш керак. Гина ва нафратни ўзида жамлаган қалб яхшиликни қандай кўради, бағрикенглик йўлини қандай тутади?!
Ҳасаддан ёнаётган қалб қандай қилиб ўзи яхши кўрган нарсани бошқага илина олади?!
Бировлар айбини, қабоҳатни қидирган қалб гўзал хислатларни қаердан кўра олсин?!
Атроф олам гўзаллигини кўриш учун покиза қалб кўзи билан қараш лозим. Бўлмаса қалбда бино қилганинг қора девордан ўзга нарса кўринмайди кўзга...
Биласизми, биз қалбимиз орқали улашган меҳр, бир инсонни хурсанд қилади, шу инсондаги хурсандчилик тугагунича, бизни ҳаёт бошқа тарафдан хурсанд қилади. Аксинча биздан берилган ёмонлик, нафрат ҳам бир инсонни қалбини оғришига сабаб бўлиб, токи у инсонни қалб оғриғи битмагунича, оғриқ берган инсонда салбий ўзгаришлар кузатилар экан...
Бир кун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Оиша розияллоҳу анҳодан хурсанд бўлиб, “Эй Оиша, мендан хоҳлаган нарсангни сўра” дедилар. Оиша розияллоҳу анҳо жуда ҳам зийрак аёл эдилар, бу фурсатни қўлдан бой бермаслик учун энг яхши нарсани сўрашни қасд қилдилар ва “Бу борада отам билан маслаҳатлашсам” дедилар. Чунончи Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг ҳузурларига бориб воқеъани баён қилдилар. Абу Бакр розияллоҳу анҳу : “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам меърожга чиққанларида Аллоҳ таоло у зотга сирларни айтган. Ўшалардан бирини айтиб беришларини сўра” дедилар. Оиша онамиз розияллоҳу анҳо ўша нарсани сўрадилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам : “Роббим менга меърож кечасида “Менинг наздимда мўминнинг даражаси шу даражада юқорики, қайси бир мўмин бошқа бир мўминнинг қалбига хурсандчилик солса, албатта жаннатий бўлади” деди”, дедилар. Оиша розияллоҳу анҳо хурсанд бўлиб Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳуга бу гапни етказган эдилар Абу Бакр қаттиқ йиғладилар. Оиша розияллоҳу анҳо “Нега йиғлайсиз, ахир бу хурсандчилик хабар эмасми” деганларида, “Бу, мўминнинг қалби Аллоҳ таолонинг наздида шу даражада қадрлики, ким унга озор етказса, дўзахийдир” дегани бўлади – дедилар.
Вақтинчалик омонатга берилган қалбларимиз покиза, амалларимиз солих хамда Аллохнинг розилигини топадиган савобли ишларда бардавом бўлиб, атрофдаги инсонларнинг кўнглини хурсанд қилиш барчамизга насиб қилсин.
Янгийўл тумани
Имом султон жоме масжиди Имом хатиби О.Нарзуллаев
Россия Федерацияси ҳудудида вақтинча бўлиб турган фуқароларимиз билан доимий мулоқотни қўллаб-қувватлаб туриш, уларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоялаш, ҳуқуқий онгини ошириш, маърифатини зиёда қилиш бўйича суҳбатлар ўтказиш мақсадида Ўзбекистон делегациясининг Татаристон ва Бошқирдистонга хизмат сафари уюштирилди.
Президент Администрациясининг топшириғи ижросига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири ўринбосари О. Абдуллаев бошчилигида юртимизнинг Россия Федерациясидаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси Б.Асадов, Бош консули М.Хайриддинов ва бир қатор тегишли ташкилотлар вакилларидан ташкил топган делегация таркибида Ўзбекистон мусулмонлари идораси вакили Иброҳимжон Иномов ҳам иштирок этди.
Ватандошларимиз билан “Ота-онани рози қилиш – фарзандлик бурчи”, “Ҳалол касб – барака калити”, “Миллий ва диний қадриятларимиз”, “Оилада фарзанд тарбияси”, “Ақидада адашмайлик!”, “Ижтимоий тармоқлардан фойдаланиш одоби”, “Исломда бағрикенглик”, “Исломда ватанпарварлик тушунчаси” мавзуларида суҳбатлар ўтказилди. Ҳар қандай диний мавзудаги маълумотлар борасида Ўзбекистон мусулмонлари идорасига тегишли расмий интернет тармоқлардан фойдаланиш тавсия этилди. Турли диний оқимлардан эҳтиёт бўлиш зарурлиги – ҳам шариат кўрсатмаси, ҳам замон талаби экани таъкидланди.
Россия мусулмонлари марказий диний идораси раиси, муфтий Талгат Сафа Таджуддин ҳазрат делегация аъзоларини қабул қилиб, Ўзбекистон халқига меҳри ўзгача эканини билдирди. Учрашув давомида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратларининг саломи эсдалик ҳадялари тақдим этилди. Муфтий Талгат Сафа Таджуддин ҳазрат меҳмонларни Диний идора ва унинг қошидаги Россия ислом университети билан таништириб чиқди.
Хизмат сафари давомида ватандошларимиз билан бўлган суҳбатларда бугун мамлакатимизда қилинаётган ишлар тўғрисида тўхталиниб, юрт тинчлиги, халқ фаровонлиги ва саломатлиги, динимиз равнақи йўлидаги ислоҳотлар, янгиликлар ҳақида ҳам айтиб ўтилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати