Аллоҳ таоло томонидан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга келган ваҳийлар икки турга бўлинади:
ВАҲИЙНИНГ ИККИНЧИ ТУРИ ҚУРЪОНИ КАРИМДА ТАСДИҚЛАНГАН
Ваҳийнинг иккинчи тури Қуръони каримда учрамайди, аммо кўп оятларда Аллоҳ таолонинг хоҳиши сифатида унга ишора қилинади. Айрим оятларда Аллоҳ таолонинг ваҳийи фақатгина Қуръон оятлари билан чекланмаслиги, балки ваҳийнинг бошқа турлари ҳам мавжудлиги яққол намоён бўлади.
﴿وَمَا جَعَلْنَا الْقِبْلَةَ الَّتِي كُنْتَ عَلَيْهَا إِلَّا لِنَعْلَمَ مَنْ يَتَّبِعُ الرَّسُولَ مِمَّنْ يَنْقَلِبُ عَلَى عَقِبَيْهِ﴾
“Сиз юзланган олдинги қиблани Биз фақат орқага қайтиб кетаётганлар ичида ким пайғамбарга эргашар экан, деб қилдик (қайта тикладик)” (Бақара сураси, 143-оят).
Ушбу оятнинг мазмунини тушуниш учун қуйидагиларни билиш лозим:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага ҳижрат қилиб келган дастлабки йиллари мусулмонлар Байтул Мақдис томонга юзланиб, ибодат қилишга буюрилган эдилар. Ўша вақтда у ер улар учун қибла ҳисобланарди. Аммо орадан ўн етти ой ўтиб, Қуръони карим бундан қайтариб, мусулмонларга юзларини янги қибла сифатида муқаддас Каъба томонга буришга буюрди:
﴿فَوَلِّ وَجْهَكَ شَطْرَ الْمَسْجِدِ الْحَرَامِ﴾
“Юзингизни Масжиди Ҳаром (Каъба) томонга буринг!” (Бақара сураси, 144-оят).
Мушриклар Макканинг қибла бўлишидан юз ўгирдилар, Байтул Мақдис яна аввалгидек қибла бўлишини баҳона қилдилар. Қуръони каримда баён этилганидек, ушбу оят одамлар пайғамбар алайҳиссаломга итоат этишликларини синаш учун нозил этилганди: “Сиз юзланган олдинги қиблани Биз фақат орқага қайтиб кетаётганлар ичида ким пайғамбарга эргашар экан, деб қилдик (қайта тикладик)” (Бақара сураси, 143-оят).
Демак, Байтул Мақдиснинг қибла бўлиши Аллоҳ таолонинг иродаси билан амал ошган, аммо Қуръони каримнинг бирор оятида Байтул Мақдис томонга юзни буришга оид амр учрамайди. Бу буйруқ одамларга пайғамбар алайҳиссалом орқали ҳеч қандай ваҳийсиз билдирилган. Оятда таъкидланганидек бу амр Аллоҳ таолонинг хоҳиши ила юзага чиққан. Оятда очиқ-ойдин “пайғамбар қилди” эмас, балки “Биз қилдик” (жаъална) тарзида келиши ҳеч қандай изоҳ талаб қилмайди.
Юқоридагилардан келиб чиқиб қуйидаги хулосаларни келтириш мумкин:
а) Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга нозил бўлган айрим ваҳийлар Қуръони каримда учрамайди;
б) бу ваҳийлар Аллоҳ таоло томонидан бўлиб, ундаги амрлар ҳам Аллоҳ таолонинг хоҳиш-иродасидандир;
в) иккинчи турдаги ваҳийларга ҳам худди биринчи турдаги ваҳий каби амал қилиш барча мўминлар учун шартдир;
г) бу ваҳийлар мўминларнинг Қуръонда келмаган буйруқларга амал қилишларини синаш учун юборилиб турилган.
Бу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кўрсатмаларига биноан бўлган, бу борада Қуръони каримда ҳеч қандай оят келмаган. Лекин айрим мусулмонлар бу қоидага амал қила олмасдилар. Шу сабабли, Қуръони каримда улар ҳақида қуйидаги оятлар нозил бўлди ва ифторликдан кейин ҳатто ухлаб қолинган бўлса ҳам, эр киши аёлига яқинлик қилишига рухсат берилди:
﴿أُحِلَّ لَكُمْ لَيْلَةَ الصِّيَامِ الرَّفَثُ إِلَى نِسَائِكُمْ هُنَّ لِبَاسٌ لَكُمْ وَأَنْتُمْ لِبَاسٌ لَهُنَّ عَلِمَ اللَّهُ أَنَّكُمْ كُنْتُمْ تَخْتَانُونَ أَنْفُسَكُمْ فَتَابَ عَلَيْكُمْ وَعَفَا عَنْكُمْ فَالْآَنَ بَاشِرُوهُنَّ وَابْتَغُوا مَا كَتَبَ اللَّهُ لَكُمْ وَكُلُوا وَاشْرَبُوا حَتَّى يَتَبَيَّنَ لَكُمُ الْخَيْطُ الْأَبْيَضُ مِنَ الْخَيْطِ الْأَسْوَدِ مِنَ الْفَجْرِ ثُمَّ أَتِمُّوا الصِّيَامَ إِلَى اللَّيْلِ﴾
“Сизларга рўза кечасида хотинларингиз билан қовушиш ҳалол қилинди. Улар сизлар учун либос, сизлар улар учун либосдирсиз. Сизларнинг ўзингизга хиёнат қилаётганингизни Аллоҳ билди ва тавбангизни қабул қилиб, сизларни афв этди. Энди, улар билан (рўза кечаларида бемалол) қовушиб, сизлар учун Аллоҳ ёзган (тақдир этган) нарсани (фарзандни) умид этаверингиз. Шунингдек, тонггача, яъни оқ ипнинг қора ипдан (тонгнинг тундан) ажраладиган вақтигача еб-ичаверингиз. Сўнгра, рўзани кечгача (қуёш ботгунча) мукаммал тутингиз!” (Бақара сураси, 187-оят).
Ушбу оятдан қуйидаги хулосаларни келтириш мумкин:
Демак, юқорида таъкидланган тақиқ шаръий ва мўмин-мусулмонлар унга амал қилишлари шарт ҳисобланган. Бинобарин, бу тақиқлар фақат Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам орқалигина маълум бўлиб, у ҳақда бирорта оят мавжуд эмас.
Қолаверса, Қуръони карим бу тақиқни тасдиқлаш билан бирга, Аллоҳ таолонинг сўзи сифатида баҳолайди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу тақиқни ҳаётга татбиқ этдилар, гарчи у ҳақда Қуръони каримда Аллоҳ таолонинг ваҳийи келмаган бўлса ҳам.
Мухтасар қилиб айтганда, ушбу оят бир томондан Қуръони каримда келмаган ваҳийлар мавжуд эканлигини кўрсатади, бошқа томондан, мусулмонлар учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг буйруқ ва кўрсатмаларига амал қилиш қанчалик шартлигини яққол намоён этади.
﴿وَلَقَدْ نَصَرَكُمُ اللَّهُ بِبَدْرٍ وَأَنْتُمْ أَذِلَّةٌ فَاتَّقُوا اللَّهَ لَعَلَّكُمْ تَشْكُرُونَ إِذْ تَقُولُ لِلْمُؤْمِنِينَ أَلَنْ يَكْفِيَكُمْ أَنْ يُمِدَّكُمْ رَبُّكُمْ بِثَلَاثَةِ آَلَافٍ مِنَ الْمَلَائِكَةِ مُنْزَلِينَبَلَى إِنْ تَصْبِرُوا وَتَتَّقُوا وَيَأْتُوكُمْ مِنْ فَوْرِهِمْ هَذَا يُمْدِدْكُمْ رَبُّكُمْ بِخَمْسَةِ آَلَافٍ مِنَ الْمَلَائِكَةِ مُسَوِّمِينَ وَمَا جَعَلَهُ اللَّهُ إِلَّا بُشْرَى لَكُمْ وَلِتَطْمَئِنَّ قُلُوبُكُمْ بِهِ وَمَا النَّصْرُ إِلَّا مِنْ عِنْدِ اللَّهِ الْعَزِيزِ الْحَكِيمِ﴾
“Бадр (жанги)да (ҳарбий) кучингиз оз бўлса-да, Аллоҳ сизларни ғолиб қилди-ку! Бас, Аллоҳдан қўрқиб, зора шукр қилсангиз. Мўминларга: «Раббингиз (осмондан) туширилган уч минг нафар фаришта билан сизларга мадад бергани кифоя эмасми?!» – деган пайтингизни эсланг! Йўғ-е (кифоя қилур)! Агар сабрли бўлиб, Аллоҳдан қўрқсангиз, улар (душманлар) бехос ҳужум қилиб қолсалар – Раббингиз сизларга беш мингта белгили фаришта билан мадад берур. Буни (мададни) Аллоҳ сизларга хушхабар бўлиши ва дилларингиз у билан таскин топиши учун берди. Fалаба эса, фақат Аллоҳ ҳузуридадирки, У Азиз ва Ҳакимдир” (Оли Имрон сураси, 123-126 – оятлар).
Аллоҳ таолонинг фаришталарини ёрдамга юбориши ҳақидаги хабари мусулмонлар учун улкан башорат эди. Аммо Бадр жанги вақтида берилган бу хушхабар ҳақида Қуръони каримнинг бирор оятида учрамайди. Бир сўз билан айтганда, Қуръони каримда Бадр жангида фаришталарнинг ёрдамга туширилгани ҳақида оят келмаган. Фақатгина ушбу башоратга бошқа жанглар ўтгандан кейин ишора берилади. Ушбу оятда бу хушхабар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга Аллоҳ таоло томонидан берилгани қатъий таъкидланмоқда. Бу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сўзлари Аллоҳ таолонинг ваҳийси эканлигига яна бир далил (исбот) бўлади.
وَإِذۡ يَعِدُكُمُ ٱللَّهُ إِحۡدَى ٱلطَّآئِفَتَيۡنِ أَنَّهَا لَكُمۡ ٧
“Аллоҳнинг “икки тоифадан бири сизларнинг фойдангизга бўлади”, деб ваъда қилганини эсланг” (Анфол сураси, 7-оят).
Ушбу оятда зикр этилган икки тоифадан бири – Абу Суфённинг Суриядан келган савдо карвони, иккинчиси эса, Макка мушриклари Абу Жаҳлнинг тўдаси эди. Бу оятда Аллоҳ таоло иймон келтирганларга ушбу тоифадан бирининг устидан ғалаба қозонишларининг ваъдасини бермоқда. Натижада ҳақиқатдан ҳам, мусулмонлар Абу Жаҳлнинг қўшини устидан ғалаба қозондилар. Аммо Аллоҳ таолонинг мусулмонларга бу икки тоифанинг бири устидан ғалаба қозонишлари ҳақидаги ваъдаси Қуръони каримда келмаган.
﴿وَإِذْ أَسَرَّ النَّبِيُّ إِلَى بَعْضِ أَزْوَاجِهِ حَدِيثًا فَلَمَّا نَبَّأَتْ بِهِ وَأَظْهَرَهُ اللَّهُ عَلَيْهِ عَرَّفَ بَعْضَهُ وَأَعْرَضَ عَنْ بَعْضٍ فَلَمَّا نَبَّأَهَا بِهِ قَالَتْ مَنْ أَنْبَأَكَ هَذَا قَالَ نَبَّأَنِيَ الْعَلِيمُ الْخَبِيرُ﴾
“Пайғамбар хотинларидан бирига (Ҳафсага) бир гапни (чўриси Мория талоғи ва халифаликни) хуфёна айтганини эсланг! Бас, қачонки, (Ҳафса) у (сир) ҳақида (Ойшага) хабар бергач, Аллоҳ уни бундан воқиф қилди ва у (Ҳафсага ўзи билган нарсанинг) баъзисини билдирди ва баъзисидан юз ўгирди (билдирмади). Бас, қачонки, (Пайғамбар Ҳафсага) хабарни айтгач, у: «Ким Сизга бу хабарни берди?», – деди, (Пайғамбар): «Менга Билувчи ва Хабардор (Аллоҳ) хабар берди», – деди (Таҳрим сураси, 3-оят).
Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз алайҳиссаломга бу сир ҳақида Ўзи билдирди. Аммо бу ҳақда ҳам Қуръони каримнинг бирор оятида зикр қилинмаган. Бу ҳам ваҳийнинг иккинчи турига аниқ мисол бўлади.
﴿مَا قَطَعْتُمْ مِنْ لِينَةٍ أَوْ تَرَكْتُمُوهَا قَائِمَةً عَلَى أُصُولِهَا فَبِإِذْنِ اللَّهِ﴾
“(Эй, иймон келтирганлар!) Сизлар (Бану Назир хурмозорларидан) бирор хурмо дарахтини кесдингизми ёки уни ўз таналарида турган ҳолида қолдирдингизми, бас, (қилинган иш) Аллоҳнинг изни билан” (Ҳашр сураси, 5-оят).
Мусулмонлар Аллоҳ таолонинг изни ила хурмо дарахтларини кесдилар, ваҳоланки, Қуръони каримда жанги вақтида дарахтларни кесиш ҳақида бирорта оят мавжуд эмас. Унда қандай қилиб мусулмонлар дарахтларни кесишга ижозат олдилар? (Ким уларга дарахтларни кесишга рухсат берди?) Жавоб битта: Уларга рухсатни Аллоҳ таоло Ўз пайғамбарига (ғойрил матлув) ваҳийи орқали етказган.
Аллоҳ таоло мусулмонларни асранди фарзандга нисбатан тўғри муносабатда бўлишга ўргатиш мақсадида, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг асранди фарзандлари (Зайд ибн Ҳориса розияллоҳу анҳу) талоқ қилган аёли Зайнаб бинти Жаҳш розияллоҳу анҳога уйланишга буюрди. Дастлаб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга уйланишдан жуда ҳижолатда бўлдилар. Зеро, бу одат жоҳилият даврида шармандалик ҳисобланган. Аммо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳ таолодан аниқ бу ҳақда кўрсатма олганларидан кейин никоҳларига олдилар. Бу ҳақда Қуръони каримда бундай дейилади:
﴿وَإِذْ تَقُولُ لِلَّذِي أَنْعَمَ اللَّهُ عَلَيْهِ وَأَنْعَمْتَ عَلَيْهِ أَمْسِكْ عَلَيْكَ زَوْجَكَ وَاتَّقِ اللَّهَ وَتُخْفِي فِي نَفْسِكَ مَا اللَّهُ مُبْدِيهِ وَتَخْشَى النَّاسَ وَاللَّهُ أَحَقُّ أَنْ تَخْشَاهُ فَلَمَّا قَضَى زَيْدٌ مِنْهَا وَطَرًا زَوَّجْنَاكَهَا لِكَيْ لَا يَكُونَ عَلَى الْمُؤْمِنِينَ حَرَجٌ فِي أَزْوَاجِ أَدْعِيَائِهِمْ إِذَا قَضَوْا مِنْهُنَّ وَطَرًا وَكَانَ أَمْرُ اللَّهِ مَفْعُولًا﴾
“(Эй, Муҳаммад!) Эсланг, Аллоҳ ва Сиз (неъматларни) инъом этган кишига (Зайд ибн Ҳорисага): «Жуфтингни ўзингда сақла (талоқ қилишга шошма)! Аллоҳдан қўрққин!» – деб, Аллоҳ ошкор қилувчи бўлган нарсани ичингизда яширган эдингиз ва Аллоҳдан қўрқишга ҳақлироқ бўлган ҳолингизда, Сиз одамлардан (таъналаридан) қўрққан эдингиз. Бас, Зайд ундан (Зайнабдан) ҳожатини адо этгач (уни талоқ қилгач), Биз Сизни унга уйлантирдик. Токи мўминларга асранди болалари ўз хотинларидан ҳожатларини адо этишгач (талоқ қилишгач), уларга (уйланишларида) қийинчилик бўлмаслиги учун (шундай қилдик). Аллоҳнинг амри эса бажарилувчидир” (Аҳзоб сураси, 37-оят).
“Аллоҳ ошкор қилувчи бўлган нарсани ичингизда яширган эдингиз” оятига кўра, Аллоҳ таоло Ўз пайғамбарига Зайнаб розияллоҳу анҳога Зайд ибн Ҳориса розияллоҳу анҳудан ажрашганидан кейин уйланишларини билдирган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Зайнабни Зайддан ажрашмоқчи бўлганини билганлар, аммо буни ҳаё қилиб маълум қилмаганлар. Ҳатто Зайд Зайнабнинг ажрашмоқчи экани ҳақида айтганида ҳам, унга оилани сақлаб қолишни маслаҳат берганлар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга Зайнабнинг ажрашмоқчи бўлганини Аллоҳ таоло билдирган. Бироқ бу ҳақда Қуръони каримда оят келмаган. Бу илм Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга Аллоҳ таоло тарафидан берилган.
Оятдаги энг муҳим нуқта – “Биз Сизни унга уйлантирдик” оятидир. Яъни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва Зайнаб розияллоҳу анҳо ўрталаридаги никоҳ Аллоҳ таолонинг амри ва иродаси ила бўлгандир, буни Роббул аъламийннинг Ўзи маълум қилмоқда. Бу ҳақдаги оят буни тасдиқлайди. Аммо унинг бўлиши ҳақидаги хабар Қуръони каримнинг бирор оятида учрамайди. Бу ҳам ғойрил матлув ваҳийга навбатдаги исботдир.
﴿حَافِظُوا عَلَى الصَّلَوَاتِ وَالصَّلَاةِ الْوُسْطَى وَقُومُوا لِلَّهِ قَانِتِينَ فَإِنْ خِفْتُمْ فَرِجَالًا أَوْ رُكْبَانًا فَإِذَا أَمِنْتُمْ فَاذْكُرُوا اللَّهَ كَمَا عَلَّمَكُمْ مَا لَمْ تَكُونُوا تَعْلَمُونَ﴾
“(Беш вақт фарз қилинган) намозларни, хусусан ўрта намозни сақлангиз (ўз вақтида ўқингиз) ва (намозда) Аллоҳга бўйин сунган ҳолатда (камтарлик билан) турингиз! Агар (душман ҳужумидан) хавфда бўлсангиз, бас, пиёда ёки уловда (намоз ўқийверингиз). (Хавфдан) хотиржам бўлганингизда эса, билмаганларингизни сизга таълим берганидек Аллоҳни зикр этинг (намоз ўқинг)” (Бақара сураси, 238-239 – оятлар).
Ушбу оятдан қуйидаги мулоҳазаларни келтириш мумкин:
биринчидан, мусулмонлар бирдан ортиқ фарз намозларни адо этишлари шарт. Аммо уларнинг аниқ сони юқоридаги оятда ҳам, Қуръони каримнинг бошқа оятларида ҳам баён этилмаган. Бироқ фарз намозлар беш маҳал экани фақат Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам орқалигина маълум бўлган.
иккинчидан, оятдаги “ўрта намоз”дан қайси намоз эканилигини баён қилиб бериш Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ҳавола этилади.
учинчидан, “(Хавфдан) хотиржам бўлганингизда эса, билмаганларингизни сизга таълим берганидек Аллоҳни зикр этинг” оятидаги “зикр этинг”дан “намоз ўқинг” мазмуни келиб чиқади. Оятнинг тафсири шунга ишора қилади.
Демак, мўмин-мусулмонлар (тинч) хотиржам бўлган вақтларида намозларини одатдагидек Аллоҳ таоло ўргатганидек адо этишлари лозим экан. Бироқ Аллоҳ таоло намозни қандай ўқишни таълим бергани Қуръони каримнинг бирор оятида келмаган. Балки намозни қандай ўқишнинг тартибини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўргатганлар. Аммо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўргатганлари бу Аллоҳ таолонинг таълим бергани демакдир. Яъни Аллоҳ таоло пайғамбари алайҳиссаломга (ғойрил матлув бўлган, Қуръонда келмаган) вахийи орқали намоз ўқишни тартибини ўргатган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам эса бу ваҳий асосида мусулмонларга таълим берганлар.
﴿سَيَقُولُ الْمُخَلَّفُونَ إِذَا انْطَلَقْتُمْ إِلَى مَغَانِمَ لِتَأْخُذُوهَا ذَرُونَا نَتَّبِعْكُمْ يُرِيدُونَ أَنْ يُبَدِّلُوا كَلَامَ اللَّهِ قُلْ لَنْ تَتَّبِعُونَا كَذَلِكُمْ قَالَ اللَّهُ مِنْ قَبْلُ﴾
“Ҳали сизлар (Хайбар жангидаги) ўлжаларни олиш учун кетаётган вақтингизда (жиҳодга чиқмай уйда) қолган кимсалар: «Бизларга ҳам (ўлжа олиш учун) сизларга эргашишимизга (йўл) қўйингиз», – дерлар. Улар Аллоҳнинг каломини ўзгартирмоқчи бўладилар. Айтинг: «Сира ҳам бизларга эргашмайсиз. Аллоҳ илгари мана шундай дегандир»” (Фатҳ сураси, 15-оят).
Оятга кўра, Аллоҳ таоло Ҳудайбия ғазотида мусулмонлар сафида бўладиганларнинг сонини аввалдан билган ва мунофиқларнинг жангда қатнашишларини бекор қилган. Ва бу ҳақда Қуръони каримда оят учрамаса-да, Аллоҳ таоло ваҳий орқали буни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга билдирган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қарорлари Аллоҳ таолонинг иродасидан келиб чиққан.
﴿لَا تُحَرِّكْ بِهِ لِسَانَكَ لِتَعْجَلَ بِهِ إِنَّ عَلَيْنَا جَمْعَهُ وَقُرْآَنَهُ فَإِذَا قَرَأْنَاهُ فَاتَّبِعْ قُرْآَنَهُ ثُمَّ إِنَّ عَلَيْنَا بَيَانَهُ﴾
“(Эй, Муҳаммад! Қуръонни) тезроқ (ёдлаб) олиш учун тилингизни у билан (кўп) ҳаракатлантираверманг. Зеро, уни (Сизнинг дилингизда) жамлаш ҳам, (тилингиздаги) қироати ҳам Бизнинг зиммамиздадир. Бас, қачон Биз (Жаброил тилида) уни ўқисак, Сиз ҳам уни ўқишга эргашинг! Сўнгра уни (Қуръонни) баён қилиб бериш ҳам, албатта, Бизнинг зиммамиздадир” (Қиёмат сураси, 16-19 – оятлар).
Аллоҳ таоло ушбу оятнинг сўнггида Қуръон оятларини баён қилиб беришини ҳам ваъда берди. Яъни баён қилиш уни тафсир қилиш демакдир. Тафсирлар турли кўринишда берилган. Уларнинг айримлари Аллоҳ таолодан томонидан тўғридан-тўғри Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ваҳий кўринишида келган.
﴿وَأَنْزَلَ اللَّهُ عَلَيْكَ الْكِتَابَ وَالْحِكْمَةَ وَعَلَّمَكَ مَا لَمْ تَكُنْ تَعْلَمُ وَكَانَ فَضْلُ اللَّهِ عَلَيْكَ عَظِيمًا﴾
“Аллоҳ Сизга Китоб ва Ҳикматни нозил қилди ва билмаганингизни билдирди. Аллоҳнинг Сизга (нисбатан) фазли буюкдир” (Нисо сураси, 113-оят).
Аллоҳ таоло ушбу оятда Китоб ва Ҳикматни нозил қилганини алоҳида зикр этди. Оятга кўра, ҳикмат Қуръони каримга қўшимча сифатида ишора қилинмоқда. “...билмаганингизни билдирди” – Аллоҳ таоло нафақат Китобни, балки ҳикматни ҳам, аввал билмаган бошқа нарсаларни ҳам ўргатди. Бу оят Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам пайғамбарлик вазифаларини бажаришларида содир бўлган ваҳийнинг икки турига мисол бўлади.
﴿وَمَا كَانَ لِبَشَرٍ أَنْ يُكَلِّمَهُ اللَّهُ إِلَّا وَحْيًا أَوْ مِنْ وَرَاءِ حِجَابٍ أَوْ يُرْسِلَ رَسُولًا فَيُوحِيَ بِإِذْنِهِ مَا يَشَاءُ﴾
“Инсон билан Аллоҳ (бевосита) сўзлашиши мумкин эмас. Фақат ваҳий орқали ё парда ортидан ёки элчи (фаришта) юбориб, изни билан хоҳлаган нарсани ваҳий қилиши мумкин” (Шўро сураси, 51-оят).
﴿قُلْ مَنْ كَانَ عَدُوًّا لِجِبْرِيلَ فَإِنَّهُ نَزَّلَهُ عَلَى قَلْبِكَ بِإِذْنِ اللَّهِ مُصَدِّقًا لِمَا بَيْنَ يَدَيْهِ وَهُدًى وَبُشْرَى لِلْمُؤْمِنِينَ﴾
“Айтинг (эй, Муҳаммад!): «Ким Жаброилга душман бўлса, ахир, у уни (Қуръонни) қалбингизга Аллоҳнинг изни билан ўзидан аввалги (илоҳий китоблар)ни тасдиқ этадиган, мўминларга ҳидоят ва хушхабар ҳолида нозил қилди-ку!” (Бақара сураси, 97-оят).
﴿وَإِنَّهُ لَتَنْزِيلُ رَبِّ الْعَالَمِينَ نَزَلَ بِهِ الرُّوحُ الْأَمِينُ عَلَى قَلْبِكَ لِتَكُونَ مِنَ الْمُنْذِرِينَ بِلِسَانٍ عَرَبِيٍّ مُبِينٍ﴾
“Албатта, (бу Қуръон) оламлар Парвардигорининг нозил қилган (китоб)идир. Уни Руҳул-амин (Жаброил) олиб келиб, огоҳлантирувчи (пайғамбар)лардан бўлишингиз учун қалбингизга туширди, у аниқ араб тилида эди” (Шуаро сураси, 192-195-оятлар).
Демак, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ваҳий гоҳо фаришта (Жаброил алайҳиссалом), баъзан парда ортидан келиши мумкин экан. Бу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ваҳий келиши фақатгина Қуръони карим билан чегараланмаганини кўрсатади.
Юқоридаги фикр-мулоҳазалардан келиб чиқиб, қуйидагиларни хулоса қилиш мумкин:
1) Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва бошқа барча пайғамбарларнинг вазифаси Аллоҳнинг каломини одамларга фақтагина етказиш эмас, балки ҳикматни ўргатишади ва гўзал намуна ўлароқ уларни зулуматдан ҳидоятга бошлайдилар;
2) Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга итоат этиш Аллоҳга итоат этишдек лозимдир. Шу боис, Қуръони каримда иккиси ҳамиша бирга зикр этилган;
3) Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга итоат этиш бу амалда Аллоҳга итоат этишга тенгдир. Унинг бири иккинчисиз бўлмайди;
4) инсонларни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга нафақат итоат этишлари, балки эргашишлари ҳам шартдир.
5) Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтган ҳар бир сўзлари ва қилган ҳар қандай амаллари Аллоҳ таолонинг ваҳийига асосланган;
6) бу ваҳийлар баъзан Қуръон оятларида ўз аксини топади ва улар баён (тиловат) қилинган ваҳий (ал-ваҳий ал-матлув) деб аталади. Шунингдек, айрим ҳолларда ваҳийлар Қуръон оятларига қўшимча сифатида нозил бўлади ва улар баён (тиловат) қилинмаган ваҳий (ал-ваҳий ғойри ал-матлув) дейилади.
Муфтий Муҳаммад Тақий Усмоний ҳафизаҳуллоҳнинг
"Ислом шариатида суннатнинг ўрни" китобидан
Таржимон: Даврон НУРМУҲАММАД
Эргашилаётган мазҳаб соҳибларининг бу хусусда айтган сўзлари
«Фатавои ҳиндийя» китобида ҳанафий олимларинииг келтиришларича: «Маййит дафн этилгач, қабр олдида бир ҳайвонни сўйиб, гўштини тақсимлаб бўлгунча муддатда тиловат қилиб, маййитга дуо қилиш мустаҳабдир».
Муҳаммад ибн Ҳасан: «Ҳанафий мазҳаби машойихлари мана шу сўзни олишган», дедилар.
Аммо моликий мазҳаби машойихлари наздидаги эътимодли нарса бу амалнинг мустаҳаб эканлигидир.
Дасуқийнинг «Шарҳул кабийр»га ёзган хошиясида Ибн Ҳабиб мазкур амални «маҳбуб» деб атаган ва: «Агар имом Молик ушбу амални суннат қилиб олган кишини билсалар, кариҳ кўрардилар», деган.
Ушбу сўзни Ибн Рушд ҳам нақл қилган. Худди мана шу сўзни Ибн Юнус ҳам нақл қилган. Имом Лаҳмий эса «Қироат маҳбуб», деб эшитишни аъло кўрмаган. Ибн Ҳабиб Ёсин сурасини ўқишни «маҳбуб» деганлар. Бу икковларидан бошқаларнинг сўзларидан ҳам қироат мутлақ ҳолатда маҳбуб экани билинади.
Ваззоний Моликий «Навозилус-суғро» китобида келтиришича, қабрдаги қироат хусусида Ибн Рушд «Ажвиба» китобида, Ибн Арабий «Аҳкамул Қуръон» китобида, Фуртубий «Тазкира» китобида мисоллар келтириб, маййитнинг – хоҳ қабрда бўлсин, хоҳ уйида бўлсин, – қироатдан манфаат олиши айтилган.
Ушбу фикрни моликий мазҳабининг кўплаб уламолари ҳам нақл қилишган. Улар орасида Абу Саъид ибн Лубб, Ибн Ҳубайб, Ибн Ҳожиб, Лахмий, Ибн Арафа, Ибн Мавок ва бошқалар ҳам бор.
Шофеъий мазҳаби уламоларидан имом Нававий «Мажмуъ» китобида қуйидагиларни айтади:
«Қабрларни зиёрат қилувчилар учун аввало салом бериш ва зиёрат қилаётганда барча қабр аҳлига дуо қилиш мустаҳабдир. Ана шу саломи ва дуоси ҳадисдаги нарсаларга мувофиқ бўлиши лозим. Ва Қуръондан муяссар бўлганича ўқиб, ортидан дуо қилиши керак». Имом Шофеъий ва у кишининг соҳиблари мана шунга иттифоқ қилиб, далил келтиришган.
Имом Нававий «Ал-Азкор» китобида келтиришларича, маййит дафн қилиб бўлингач, бир ҳайвонни сўйиб, тақсимлангунича муддатда унинг ҳузурида ўтириш мустаҳаб амалдир. Ўтирганлар эса Қуръон тиловати, маййитга дуо, ваъз, хайр аҳлининг ҳикоялари ва солиҳларнинг ҳолатлари ҳақидаги суҳбатга машғул бўлишади. Имом Шофеъий ва у зотнинг асҳоблари: «Қуръондан баъзи қисмлар ўқилади. Агар Қуръоннинг барчаси хатм қилинса, яхшироқ бўлади», деб таъкидлашган.
Шунингдек, ҳанбалий олимлар ҳам қабр олдида Қуръон тиловатининг жоизлигини айтишган.
Аллома Мирдовий «Инсоф» китобида: «Қабр олдида қироат қилиш, икки ривоятнинг саҳиҳроғига қараганда, кароҳиятли эмас», деб айтган.
«Фуруъ» китобида имом Аҳмад ҳам далил келтирганлар. Ушбу китобнинг шарҳида: «Бу имом Аҳмаддан машҳурдир», дейилган.
Халлол ва у кишининг соҳиблари: «Қироат кароҳиятли эмас», дейишган. Кўпгина соҳиблар ҳам шунга иттифоқ қилишган. Улардан бири имом Қозий бўлиб, у киши бу фикрни «Важиз», «Фуруъ», «Муғний», «Шарҳ» китобларида келтирган. Ибн Тамим эса «Фоиқ»да келтирган.
Сийрат, таржимаи ҳоллар ва тарих китобларини ўқиганлар ҳам салафларнинг бу хусусдаги амалларини ва умматнинг ҳеч қандай инкорсиз унга эргашганларини, хусусан, Ҳанбалий ва аҳли ҳадис бўлмиш биродарларнинг ҳам бунга мувофиқ эканини кўради. Биз сўзимизнинг тасдиғи учун Ҳофиз Заҳабийнинг «Сияру аъломун-нубало» китобида Абу Жаъфар Ҳошимий Ҳанбалий (ҳижрий 470 йилда вафот этган) ҳақида ёзилган баъзи маълумотларни келтириш билан кифояланамиз. Бу зот ўз асрларида ҳанбалийларнинг шайхи бўлган. Вафот этганларида имом Аҳмаднинг қабрлари ёнига дафн этилганлар. Одамлар бир муддат у зотнинг қабрларини лозим тутиб ўтиришган. Айтилишича, қабрлари устида ўн мингта хатми Қуръон қилинган.
Ҳатто «Қабр олдида Қуръон тиловати бидъат ва бундай қилиш салаф ҳамда халафларнинг ишига хилоф», деган шайх Ибн Таймия вафот этганида ҳам қабри ва уйида хатми Қуръон қилинган. Буни Абдул Ҳодий Ҳанбалий ва бошқалар зикр қилишган.
Шунингдек, маййитга талқин қилиб туриш ҳам мустаҳаб амалдир. Рошид ибн Саъд, Замра ибн Ҳабиб ва Ҳаким ибн Умайрдан ривоят қилинади. Улар Химс аҳлидан бўлган тобеъинлардан эди. Улар: «Маййитни ерга қўйиб, устидан тупроқ тортилганидан кейин, одамлар тарқалишгач, ўша маййитнинг қабри устида туриб: «Эй фалончи! «Лаа илааҳа иллаллоҳу, ашҳаду аллаа илааҳа иллаллоҳу», деб уч марта айт. Эй фалончи! «Роббим Аллоҳ, диним Ислом, Набийим Муҳаммад алайҳиссалом», деб айтгин», дейди-да, кейин тарқалади», деб айтишган.
Абу Умома Бохилий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. У киши шундай дедилар: «Агар вафот этсам, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўликларга бажарилишини буюрган нарсаларни менга ҳам бажаринглар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга қуйидагиларни буюрдилар: «Агар биродарларингиздан бири вафот этса, қабрига тупроқ тортилгач, ичингиздан бири қабр бошида турсин-да, сўнгра: «Эй фалончи ўғли фалончи», десин. У эшитади-ю, аммо жавоб бера олмайди. «Эй фалончи ўғли фалончи», десин. Шунда ҳалиги киши ўтириб олади. «Эй фалончи ўғли фалончи», десин. Маййит: «Аллоҳ раҳмат қилгур, бизни тўғри йўлга бошла», дейди, лекин сизлар буни ҳис қилмайсизлар. Шунда атрофдагилар: «Дунёдан чиқаётганингдаги нарсани зикр қил. Яъни «Лаа илааҳа иллаллоҳу ва анна Муҳаммадан Расулуллоҳ». Сен Аллоҳни Робб деб, Исломни дин деб, Муҳаммад алайҳиссаломни Набий деб, Қуръонни имом деб рози бўлгансан», десин. Чунки Мункар ва Накирнинг ҳар бири ўз соҳибининг қўлидан ушлаб: «Биз билан юр. Ҳужжати талқин қилинган кишининг ҳузурига бизни ўтирғизилмайди», дейди. Аллоҳ таоло унинг ҳужжатини иккови орасида тўсиқ қилади». Шунда бир киши: «Эй Аллоҳнинг Расули!
Агар онасини билмаса-чи?» деган эди, у зот: «(Бутун инсониятнинг онаси бўлмиш) Ҳаввога нисбат бериб: «Эй Ҳавво ўғли фалончи», дейилади», дедилар».
Ҳофиз ибн Ҳажар ушбу ҳадиснинг санадини «солиҳ» деганлар. Имом Зиё ҳам «Аҳком»ларида уни «кучли» деганлар.
Имом Нававий «Равза» китобида ушбу ҳадисни «заиф» деганлар. Лекин фазилат ҳақидаги ҳадисларда илм аҳли бўлмиш муҳаддис томонидан ишлатишга рухсат берилган. Ушбу ҳадисни бошқа саҳиҳ ҳадислар мустаҳкамлайди. Масалан, «Ўликларга субутни сўранглар» деган ҳадис ёки Амр ибн Оснинг васиятлари каби. Шом аҳли бу талқинга аввалги аср, яъни эргашиладиганлар замонидан буён амал қилиб келишади. Аллоҳ таоло: «Эслатгин, чунки эслатма мўминларга манфаат беради», деган (Зориёт сураси, 55-оят). Демак, банда эслатмага бу ҳолатда ундан-да ҳожатлироқдир.
Ибн Қайюм «Руҳ» номли китобида қуйидагиларни айтадилар: "Одамлар қадим пайтлардан то ҳозирги вақтимизгача, ҳадис собит бўлмаса ҳам, барча шаҳар ва асрларда ҳеч қандай инкорсиз бунга амал қилиб келишмоқда. Бу уммат мағрибдан машриққача ушбу одатни татбиқ қилган. У умматларнинг ақл ва маърифат жиҳатидан энг мукаммали бўлиб, ҳеч қачон эшитмайдиган ва ақл юритмайдиган кишига хитоб қилмайди. Бу нарсани бирор инкор қилувчи инкор ҳам қила олмайди. Балки бу аввалгиларнинг кейингиларга суннати бўлиб, кейингилар аввалгиларга эргашишади".
Кейинги мавзу:
Ўлганларга атаб Қуръон тиловат қилишнинг ҳукми;
Мавлид ва бидъат ҳақидаги ихтилоф.