muslim.uz

muslim.uz

Баъзи  ҳозирги ёшлар орасида шаръий билимларни мукаммал билмаслик оқибатида, бошқаларга тақлид қилиб ёки кимларнингдир гап сўзларига учиб ҳанафий мазҳабидан келган  далилларга гумон билан қараб, инкор қилишгача боришди.  Бу аслида тўғрими?
Расулуллоҳ солаллоҳу алайҳи васаллам ҳаётлик даврларида саҳобалар ичида қандайдир бир шаръий тушунмаган масала чиқиб қолса, дархол у зотга мурожаат қилиб ечимини топишар эди. Расулуллоҳ солаллоҳу алайҳи васалламнинг вафотларидан сўнг саҳобалар шаръий саволлар бўйича ўзларинниг ичида мужтаҳид бўлган саҳобалардан фатво сўрардилар. Ибн Халдун  айтганларидек: “Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг саҳобалари илмда бир-бирларидан фарқ қилар эдилар. Уларнинг барчалари ҳам аҳли фатво бўлмаганлар. Бу иш билан фақат Қуръоннинг носих ва мансухини, муташобиҳини, муҳкамини ва бошқа маъноларини билган ҳофизи Қуръонларгина шуғулланишган. Чунки улар бу илмни Набий солаллоҳу алайҳи васалламдан ёки у зотнинг сўзларини эшитган, пешқадам бўлган саҳобалардан олганлар. Шунинг учун улар “қорилар” деб аталган”. 
Зеро, саҳобалар Расулуллоҳ солаллоҳу алайҳи васалламни кўриб, у зотга ваҳийлар нозил бўлишига гувоҳ бўлган бўлсалар-да, кейинчалик шариатда ўзларича амал қилишмаган, балки  ўзларидан олимроқ бўлган саҳобаларга эргашган. Чунки Аллоҳ таоло “Наҳл” сураси 43-оятида айтади:
 فَاسْأَلُوا أَهْلَ الذِّكْرِ إِنْ كُنْتُمْ لَا تَعْلَمُون
“Бас, агар билмасангиз, зикр аҳлидан сўранг”.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи  васаллам фақиҳ саҳобаларини эндигина Ислом тарқала ётган маконларга юборар эдилар. Улар эса бу саҳобанинг уларга берган ҳар битта фатволарига, буюрган амаллари, ибодатлари, муомалотлари ва ҳалол-ҳаром ишларидан ҳаммасига унга эргашардилар. Баъзан Китоб ва Суннатда далили бўлмаган ишлар билан рўбарў келиб қолишса, унда фақиҳ саҳобанинг ўзи ижтиҳод қилар ва ижтиҳодидан келиб чиқиб одамларга фатво берар, улар эса ўша ишда унга тақлид қилар эдилар. Бунга Пайғамбаримиз солаллоҳу алайҳи васаллам Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳуни Яманга юборганликлари ҳақидаги ҳадис далил  бўла олади. Бундан ташқари, яна эътиборли ҳолат шуки, саҳобаларнинг муфтийлари ҳукмни зикр қилар экан, фатво сўровчига унинг далилини баён қилиб ўтиришмаган. Чунки шариат илмидан бехабар бўлган авом учун мужтаҳиднинг фатвоси худди мужтаҳид олим учун Китоб ва Суннатдаги далиллар сингаридир.
Тобеъинлар даврида эса ижтиҳод доираси кенгайди, бу даврга келиб мусулмонлар Расулуллоҳ солаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари тутган йўлни тутдилар. Яъни ўзларининг  ичидаги мужтаҳидларига эргашди. 
Ибн Қайюм ўзларининг “Аъломул муваққиъийн” китобларида шундай ёзадилар: “Дин, фиқҳ ва илм бу умматга Абдуллоҳ ибн Масъуд, Зайд ибн Собитнинг шогирдлари, Абдуллоҳ ибн  Умар ва Абдуллоҳ ибн Аббоснинг шогирдлари орқали тарқалди. Бас, одамларнинг ҳаммаси ана ўша тўрт саҳобалар орқали илмли бўлдилар. Мадина аҳлининг илми   Зайд ибн Собит ва  Абдуллоҳ ибн Умарнинг асҳобларидан, Маккаликларнинг илми Абдуллоҳ ибн Аббоснинг асҳобларидан, ироқликларнинг илми эса Абдуллоҳ ибн Масъуднинг асҳобларидандир”.
Ҳар бир замонда халифанинг ўзи кимга муфтийликни топширган бўлса ўша одамнинг исмини эълон қилдирар ва юртдаги ҳамма одамларнинг диққатини унга қаратар эди. Токи улар ўша муфтийларга ўз саволларини берсинлар ва диний масалаларда уларга эргашсинлар. Баъзида халифа ҳар-хил фатволарни эшитиб одамлар ҳайрат ва изтиробга тушиб қолмасликлари учун ўзи тайинлаган кишидан бошқаларни фатво бериш билан шуғулланишдан қайтарган. 
Ибнул Имоднинг “Шазарот уз заҳаб” китобида: “Макка бўйлаб фатво беришлик Ато ибн Абу Рабоҳ билан Мужоҳидларга белгилаб берилган эди. Халифанинг жарчиси одамлар ораси да юриб ана шу иккала имомлардан бошқа ҳеч ким фатво бериш билан шуғулланмасин, деб жар солиб чиқар эди.
Узоқ  замонлар Маккаликлар мана шу иккала имомнинг мазҳабига амал қилдилар. Ато ҳам, Мужоҳид ҳам ва улардан бошқа имомлар ҳам халифанинг бу ишига эътироз билдирмаган ва ҳеч бирлари одамларни айнан битта имомнинг мазҳабини ушлаб олишдан қайтармаганлар ҳам”.
Тобеъийнлар даврида ижтиҳодий омиллар сабабли икки асосий мазҳаб – райъ ва ҳадис  мазҳаби ўзини намоён қилди. Раъй мазҳабининг Ироқдаги қутбларидан Алқама ибн Қайс Нахаъий, Масруқ ибн Аждаъ Ҳамадоний, Иброҳим ибн Зайд Нахаъий ва Саъид ибн Жубайрлардир. Ироқ ва унинг ён-атрофидаги ҳамма кишилар ҳеч бир қаршиликсиз ана шу мазҳабга тақлид қилишар эди.
Ҳадис мазҳабининг Ҳижоздаги қутбларидан Саъид ибн Мусайяб Махзумий, Урва ибн Зубайр, Солим ибн Абдуллоҳ ибн Умар, Сулаймон ибн Ясор ва Абдуллоҳ ибн Умарнинг мавлоси Нофеълардир. Ҳижозликлар ва Ҳижоз атрофидаги ҳамма одам ҳеч бир қаршиликсиз мана шу мазҳабга тақлид қилган.
Ушбу иккала мактабдан бир нечта мазҳаблар пайдо бўлди. Барча мазҳаблар ушбу тўртта мазҳабда жамланди. Булар Ҳанафий, Моликий, Шофеъий ва Ҳанбалийдир.
Аллома Ибн Ражаб роҳимаҳуллоҳ ўзларининг «Тўрт мазҳабдан бошқага эргашганга раддия» деб номланган асарларида «Кўплаб мазҳаблар орасидан айнан шу тўрт мазҳабнинг сақланиб қолиши худди Қуръони Каримнинг етти қироатдан фақат бир қироати сақланиб қолишига   ўхшайди», -деганлар.
Мазҳаб дейилганда, асрлар оша мўмин-мусулмонлар Аллоҳ таолонинг ва Расулуллоҳ солаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари асосида ижтиҳод қилиб топилган, мусулмонлар оммаси иттифоқ қилган, оқибати  ёмон бўлишидан қўрқилмайдиган, У Зотнинг розилигига эриштирувчи йўлдир.
“Мазҳаб” сўзи арабча сўз бўлиб “йўл”, “йўналиш” деган маъноларни билдиради. Шаръий   истилоҳда эса “бирор диний масала, муаммо бўйича муайян мужтаҳид олимнинг фатво чиқариш йўлидир”. 
Мазҳаблар - гўёки бир дарёдан оқиб келаётган  тўрт анҳорга ўхшайди. Уларнинг ҳар бирлари, ўз ижтиҳодлари билан Жаноб Расулуллоҳ солаллоҳу алайҳи васаллам олиб келган шариъатдан ҳукмлар олишган. Уларнинг бир масалада қарашларининг турличалиги, уларни келиша олмасликларидан эмас. Ваҳоланки, бу билан шариатнинг барча жабҳасини қамраб олган. Имом Молик раҳимаҳуллоҳ Мадинада туриб ўз мазҳабларини шакллантиришда намозда қўлларини икки ёнга тушириб ўқишлик далилини қувватлаганлар. Бу Имом Моликнинг бундан бошқа далиллари бўлмаган, дегани эмас.
   Ҳанафий мазҳаби олимлари, намозда қўлни киндик остида бўлиши тўғрисида ўз асарларида, “Ал-ҳидоя”, “Канзу-дақоиқ”, “Табйинул-ҳақоиқ”, “Ал-баҳрур-роиқ”, “Фатҳул-қадир”, “Мабсут” китобларида ишончли далилларни келтирганлар. Ҳаттоки, кўзга кўринган тобеъинлардан Суфён Саврий, ибн Роҳавайҳ,  шофеъийлардан Абу Исҳоқ Марвазий каби олимлар, буни қувватлашган.  
Шунинг учун ким мазҳабга эргашса, хато қилмаган ҳолда Қуръон ва Суннатга эргашган бўлади. Аллоҳ таоло барчамизни Ўз йўлидан адаштирмасин!
 
Жобир Элов
ЎМИ Бухоро вилояти вакили,
вилоят бош имоми 

 

Севикли Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам қачонки бирор ерлари оғриса муборак қўлларини оғриётган жойга қўйиб уч маротаба “Бисмиллаҳ” деб, етти маротаба бундай дер эдилар: “Аъузу биллаҳи ва қудратиҳи мин шарри ма ажиду ва уҳозиру” (Имом Аҳмад, Имом Муслим ривояти).

Қаранг, бу жуда ҳам осон, аммо савоби улкан, гуноҳларни кетказувчи, жаннатга етказувчи бўлган амалдир. Лекин дангасалигимиз, бепарволигимиз оқибатида бунга эътибор бермаймиз, амал қилмаймиз. Кўпчилигимиз ҳатто билмаймиз ҳам. Аввал билмасак, энди билиб олдик. Энди билганимизга амал қилайлик ва бошқаларга ҳам етказайлик.

Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларини ёйилишига хизмат қилиш у зотга бўлган муҳаббат ва эҳтиромнинг юксак намунаси ҳисобланади. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам суннатларини аниқлик билан етказганларнинг ҳаққига: “Менинг гапимни эшитиб, ёдлаб, сингдириб, сўнгра етказган одамни Аллоҳ неъматлантирсин”, деб дуо қилганлар (Имом Термизий ривояти).

Аллоҳ таоло барчамизга ҳар бир ишда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига амал қилишимизга тавфиқ ато этсин, омийн!

Аллоҳумма солли ва саллим ъала Муҳаммадин ва ъала оли Муҳаммад

Даврон НУРМУҲАММАД

Саудия Арабистонида, пайшанба куни эрталаб, 95 ёшида Яқин Шарқда парфюмерия империясини яратган ва хайрия учун бир миллиард евродан ортиқ маблағ сарфлаган таниқли бизнесмен Ҳусайн Бакри Ғаззоз вафот этди.
Ғаззоз учун жаноза намози унинг она шаҳри Макка шаҳрида бўлиб ўтди, дея хабар бермоқда ArabNews нашри.
Ғаззоз 1925 йилда туғилган. Дастлабки йилларида оиласи билан Мисрга кўчиб ўтиб, бошланғич таълимини олган, сўнгра Саудия Арабистонига қайтиб, кичик парфюмерия бизнесини очган, бу эса минтақадаги ўз йўналиши бўйича энг йирик корхонадан бирига айланган.
У асос солган компания 1942 йилда Ғаззоз Саудия Арабистонидаги атирларни импорт қилувчи биринчи агентга айлангач, ўз фаолиятини бошлади. 77 йил ичида лойиҳа бизнес империясига айланди. У билан Dior, Gucci, Versace, Cartier, Chanel, Yves Saint Laurent (YSL), Montblanc, Dunhill ва Dupont каби компаниялар ҳамкорлик қилиб келмоқда.
Islam.ru маълумотларига кўра, шу билан бирга Ҳусайн хайрия фаолияти билан фаол шуғулланди, жами камбағалларга ёрдам бериш ва бутун дунё бўйлаб тиббий ёрдам тарқатишга 1 миллиард евродан ортиқ сармоя киритди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Имом Ибн Жавзий ўзининг «Сойдул хотир» китобида талабалик даврининг аввалида чеккан машаққатлари ва ўша қийинчиликларга қилган гўзал сабри ҳақида шундай сўзлайди: «Дарҳақиқат, толиби илмлик лаззати ичида юрганимда қаттиқ қийинчиликларга дуч келганман. Аммо мен ўрганишни истаган нарсалар бу мушкулотлар олдида асалдан ҳам тотли эди.

Ҳар кимда бор эрса олий бир истак,

Дуч келганин бари тотлидир, демак.

Ёшлигимда ўзим билан бирга қотган нон олиб, ҳадис ўрганиш учун йўлга чиқардим, сўнг Бағдоддаги Исо дарёсининг олдига бориб ўтирардим. Чунки бу қаттиқ нонни фақат сув билангина ейиш мумкин эди. Ҳар бир луқмани оғзимга солгач, орқасидан сув ичардим. У пайтда ҳимматим шу қадар эканки, кўзимга илм олиш лаззатидан бошқа нарса кўринмас эди. Бунинг самараси ўлароқ, мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадислари, ҳоллари ва одоблари, саҳоба ва тобеинларнинг аҳволи ҳақида энг кўп эшитган одам бўлиб танилдим».

Яна сўзларида давом этиб шундай дейдилар:

«Мен бир фан билан кифояланиб қолмай, фиқҳ, ҳадис ҳам эшитар, зоҳидларга эргашардим. Кейин луғат илмини ҳам ўргандим. Ривоят ва мавъиза қилган ҳеч бир кишини тарк қилмадим. Узоқ юртдан бирор киши келса, ёнида ҳозир бўлар ва ундан илму фазилат ўрганар эдим.

Ҳадис эшитиш мақсадида устозларнинг ёнига борардим. Дарсга кеч қолмай деб югурганимдан нафасим бўғзимга тиқилиб қоларди. На тонгда, на кеч кирганда ёйишга бирон нарсам бўлмасди. Лекин Аллоҳ таоло ҳеч қачон мени бирон кишига зор қилиб қўймади. Бу ҳақда сўзлайверсам гап узайиб кетади».

 

Шайх Aбдулфаттоҳ Aбу Ғудда раҳматуллоҳи алайҳнинг «Саҳифалар» китобидан

?Бугунги кунда янгиланаётган Ўзбекистон дунёга ҳар томонлама фаол равишда очилмоқда, юртимизнинг дунёга машҳур зиёратгоҳ, қадамжо ва тарихий объектларига сайёҳларни жалб қилиш орқали мамлакатда сайёҳликни ривожлантириш ҳам ана шу муҳим қадамлардан биридир.

✅Ўз навбатида, мусулмон оламининг машҳур олимлари Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Матуридий, Баҳоуддин Нақшбанд, Маҳмуд Замахшарий, Ибн Сино, Беруний, Форобий ва бошқалар замонавий Ўзбекистон ҳудудида яшаб ижод қилган, уларнинг зиёратгоҳ комплекслари мамлакатда зиёрат туризмни ривожлантиришда муҳим рол ўйнайди. Ўзбекистоннинг кўп асрлик ислом меросини ҳисобга олсак, зиёрат туризмни ривожлантириш мамлакат учун катта истиқболларга эга.

❇️Ўзбекистоннинг хориждаги дипломатик ваколатхоналари раҳбарлари иштирокида бўлиб ўтган бугунги учрашувда ҳам ушбу соҳани янада ривожлантириш борасида муҳим масалалар муҳокама қилинди ҳамда 2021 йил учун аниқ режа ва вазифалар белгилаб олинди.

❗️Учрашувда юртимиз зиёрат туризмни ривожлантириш бўйича бошқа мамлакатларда мавжуд бўлмаган кенг имкониятларга эга экани, ана шу имкониятлар эшигини очиш, уни дунёга тараннум этиш мутасаддилар олдида турган энг муҳим вазифалардан экани ҳам таъкидланди.

?Мулоқот давомида ўтган йилги пандемия шароитида тўхтаб қолган зиёрат туризмни ривожлантириш борасидаги белгиланган чора-тадбирларни 2021 йилда янада кенгроқ кўламда амалга ошириш, юртимиздаги йирик зиёратгоҳлар, шунингдек, Имом Мотуридий, Имом Бухорий, Имом Насафий, Нақшбандий ва Яссавий каби улуғ алломаларнинг бой илмий меросларини дунёга кенг тарғиб қилиш мақсадида тажрибали диний соҳа вакилларидан иборат тарғибот гуруҳини шакллантириш, ушбу гуруҳни режа асосида Россия, Қозоғистон, Туркия, Малайзия, Индонезия, Покистон ва бошқа мамлакатларга сафарларини ташкил этиш масаласи ҳам кўриб чиқилди. Шунингдек, Ҳиндистон, Россия ва Кавказ мусулмонлари, Индонезия, Малайзия, Покистон, Мисрдан зиёратчиларни Ўзбекистонга олиб келиш бўйича музокаралар ўтказилаётгани ҳам алоҳида қайд этилди.

‼️Ўзбекистоннинг хориждаги дипломатик ваколатхоналари раҳбарлари билан бўлиб ўтган учрашувда туризмнинг айнан шу тури бўйича Ўзбекистонга Туркия, Индонезия, Малайзия, Россия, Покистон, Хитой, Ҳиндистон, Япония, Европа ва араб давлатлари фуқароларида қизиқиш жуда катта экани ва бу борада ўзаро ҳамкорликда фаолият юритиш орқали яхши натижаларга эришиш мумкинлиги қайд этилди.

❇️Учрашувда зиёрат туризм йўналишида Ўзбекистоннинг хориждаги дипломатик ваколатхоналари раҳбарлари билан ўзаро ҳамкорликда фаолият юритишга келишиб олинди.

Дин ишлари бўйича қўмита
Ахборот хизмати

Top