muslimuz

muslimuz

Cавол: Агар мен бирор инсонга 100 доллар қарз берсам, мен қарз берган пайтда доллар курси бир миллион сўм бўлиб, қарзни қайтариб олганимда курс бир миллион 50 минг бўлиб қолган бўлса, шу 50 минг рибо бўлиб, менга ҳаром булиб колмайдими?

 

Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.

Пулда қарз олди-берди қилишда қанча сумма берилса, шунча сумма қайтиб олинади. Сиз юз доллар қарз берсангиз, юз доллар қайтариб оласиз. Унинг сўмга нисбатан қийматининг тушиши ёки ошишининг аҳамияти йўқ. Демак, сиз айтган ҳолатда гуноҳкор бўлиб қолмайсиз. Чунки шариат қоидасига кўра қарз учун нима ва қанча миқдорда олинса, шундай шаклда қайтарилади. “Бадоеъус саноеъ” китобида бундай дейилган: “Қарзга оид ҳукмга келсак, у олиниши билан қарздорнинг мулкига айланади ва шу заҳоти олинган қарзнинг мислича қарздорнинг зиммасига вожиб бўлади”.

Яъни қарзнинг олиниши ва берилишида бир хил бўлиши лозим.

“Раддул муҳтор” китобида қуйидаги иборалар келади: “Қарзлар ўз мислича адо этилади”.

Қарз борасида билиб қўйиш керак бўлган яна бир нарса бор. Сўмда қарз бераётиб, ўша кунги доллар курси билан қийматлаб бериб, олиш вақтида шу вақтдаги доллар курсидаги сўмни олиш жоиз эмас.

Масалан, бир киши қарздорга 100 долларнинг сўмга нисбатан қиймати бир миллион бўлган вақтда 100 долларга ҳисоблаб, бир миллион сўм қарз берди. Бир ойдан кейин доллар курси ошиб, 100 доллар бир миллион 50 минг сўм бўлиб қолди. Бу ҳолатда ҳақдор фақатгина берган суммасини, яъни бир миллионни олади холос. Долларга ҳисоблаб, бир миллион 50 минг сўм олиши сиз айтгандек, рибо бўлиб қолади. Чунки бу шаклдаги қарз олди-берди амалиёти “Қарзлар ўз мислича адо этилади”, деган қоидага зид бўлади. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Хоразм вилояти вакиллиги ва “Вақф” фондининг Хоразм филиали ташаббуси билан вилоятдаги имконияти чекланган фуқароларга Урганч шаҳар “Кўзли ота” масжидида “Сиз бизга кераксиз” номли диний-маърифий тадбир ўтказилди.

Тадбирда Хоразм вилояти бош имом-хатиби Хайрулла домла Абдуллаев, “Вақф” фонди Хоразм филиали раҳбари Алишер домла Матяқубов, Диний идора масъул ходими Мунира Абубакирова иштирок этди.

Унда мутахассислар кўргазмали маъруза ва видеороликлар асосида суҳбат қилиш билан бирга иштирокчиларнинг саволларига жавоб берди.

Якунда иштирокчиларга озиқ-овқат маҳсулотлари хайрия қилинди. 

Zamaxshariy.uz

 

Хоразм вилоятидаги “Имом “Фахриддин ар-Розий” ўрта махсус ислом билим юртида вилоятда фаолият юритаётган отинойилар учун ўқув-семинар ташкил этилди.

Ўқув-машғулот давомида Ўзбекистон мусулмонлари идораси Хотин-қизлар масалалари бўйича бўлим етакчи мутахассиси Мунира опа Абубакирова “Бидъат-хурофотларни бартараф  этиш ” мавзусида маъруза қилди.

Шунингдек, мавзу юзасидан отинойиларни қизиқтирган саволларга жавоб берилди.

Тадбирда Дин ишлари бўйича қўмитанинг ҳудудий бошқармаси вакили, вилоят тарғибот гуруҳи раҳбари М.Машарипова ҳам қатнашди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Хоразм вилояти вакиллиги
Матбуот хизмати

 

Иброҳим алайҳиссалом ўғиллари Исмоил алайҳиссалом билан Аллоҳ таолонинг амрига мувофиқ Байтуллоҳни қуришди. Аллоҳ таоло Иброҳим алайҳиссаломга одамларни ҳажга чақиришга буюрди. Натижада, бу ер нафслар ошиқадиган, қалблар эса у томон шошадиган муборак жойга айланди.

Ҳижратнинг тўққизинчи санасида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга йўлга қодир бўлган одамларга ҳаж фарзлиги ҳақидаги оят нозил бўлди. Ҳаж диндаги фарзлардан бир фарз, Ислом рукнининг бир рукни бўлди. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Йўлга қодир бўлган киши зиммасида Аллоҳ учун Байтни ҳаж қилиш (фарзи) бордир” (Оли Имрон сураси, 97-оят).

Соғлиғи яхши, ҳажга бориб-келишга оиласидан орттирган маблағи бор, йўлда хавф-хатар йўқ, аёл киши бўлса, маҳрами бор кишиларга умрида бир марта ҳаж қилиш фарздир. Имкони бўла туриб, ҳаж қилмаслик катта гуноҳ саналади.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким ҳажни ирода қилса, шошилсин. Чунки киши бемор бўлиши, улови йўқолиб қолиши ва узри чиқиб қолиши мумкин”, деганлар.

Кимки бу улуғ фарз амални бажаришга киришар экан, аввало – чин тавба ва ниятини холис Аллоҳ учун қилмоғи, зиммасидаги ҳақларни адо этмоғи, қарзларни узмоғи, ваъдаларни бажармоғи лозим. Аҳли-аёлини Аллоҳга тақво қилишга чақириши, васиятларини ёзиб қўйиши керак. Топган ҳалол мол-мулкидан оиласига нафақа қолдириши ҳам талаб этилади. Солиҳ дўстлар билан ҳамроҳ бўлиши, ҳажнинг бажариш тартибларини ўрганиши ва бу борадаги китобларни ўзи билан олиб олиши лозим.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Умра кейинги умрагача бўлган гуноҳларга каффаротдир. Ҳажжи мабрурнинг мукофоти фақат жаннатдир”, деганлар (Муттафақун алайҳи).

Даврон НУРМУҲАММАД

بسم الله الرحمن الرحيم

 الحمد لله رب العالمين و الصلاة و السلام على سيدنا محمد و على آله و أصحابه أجمعين

لا حول و لا قوة إلا بالله

Динимизнинг асосий йўналиши насиҳатдан иборатдир. Бу ҳақда Тамим Дорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисни кўришимиз мумкин. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Дин насиҳатдир”, дедилар. Сўрадилар: “Ким учун?”. Набий алайҳиссалом: “Аллоҳ учун, У Зотнинг Китоби учун, У Зотнинг Расули учун ва мусулмонларнинг имомлари ҳамда оммалари учун”, дедилар (Имом Бухорий, Муслим, Абу Довуд, Термизий ва Насоий ривояти).

Амри маъруф ва наҳйи мункар имкони бор ҳар қандай мусулмонга фарз. Ҳузайфа розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: “Нафсим қўлида бўлган зотга қасамки, албатта яхши ишга буюрасиз ва, албатта мункар ишдан қайтариб турасизлар. Ёки бўлмаса тўсатдан Аллоҳ устингизга уқубат (жазо)ни юборадики, сўнгра дуо қилсаларингиз ҳам ижобат бўлмай қолади” (Имом Термизий ривояти).

Мазкур насиҳат аввало оиладан бошланиши керак. Бироқ оила бошлиғи бўлмиш отанинг ўзида одоб бўлмаса, амал бўлмаса, илм ва маърифат бўлмаса, қандоқ қилиб ҳам насиҳат қилсин?

Шунинг учун тарбияни аввало ўзимиздан бошлашимиз керак. Биз ўзимизни ислоҳ қилмас эканмиз, бошқаларга нима ҳам дея олардик?

Оила бошлиғи бир эркак сифатида тирикчилик ишларини адо қилиб, оила учун, бола тарбияси учун ҳам вақт ажратмас, уларнинг устидан зимдан назорат қилиб турмас экан, бундай оилада вояга етган фарзанддан нимани кутиш мумкин?

Кейинги навбат қариндош-уруғларни ҳам вақти-вақти билан тартибга солиб туришдир. Зеро, уларнинг жавобгарлиги ҳам бизнинг зиммамиздан соқит эмаслигини унутмаслик керак. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бутун башариятга, наинки башариятга, балки жинларга ҳам пайғамбар бўлиб юборилган бўлсалар-да, Аллоҳ таоло у зотга хитоб қилиб қариндошларни огоҳлантиришни алоҳида таъкидлаган: “Яқин қариндошларингни огоҳлантир” (Шуъаро, 214).

Ана энди навбат бутун жамият аъзоларига келади. Шу юртдаги, шу заминдаги, шу жамиятдаги болалар тарбияси учун ҳам масъулмиз. Бу масалага шариатимиз кўрсатмаларида эътибор юқори бўлган.

 Шаҳобиддин ПАРПИЕВ,

Асака туманидаги “Муҳаммадсолиҳ” жоме масжиди имом-хатиби.

Page 4 sur 223
Top