muslim.uz

muslim.uz

Среда, 16 Сентябрь 2020 00:00

ҲАМДАРДЛИК БИЛДИРАМИЗ

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар Кенгаши диний соҳада кўп йиллар самарали хизмат қилган, жонкуяр уламо, фидоий инсон Тошкент вилояти бош имом-хатиби Хайруллоҳ домла Турматовнинг вафоти муносабати билан чуқур таъзия изҳор этади.
Раҳматли Хайруллоҳ домла Турматов Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтида таълим олган, меҳнат фаолияти давомида Тошкент вилоятидаги "Четсув", "Қорабоғ", “Зангиота” жоме масжидлари имом-хатиби, Ангрен шаҳри бош имом-хатиби ва Тошкент вилояти бош имом-хатиби вазифаларида фидокорона хизмат қилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси ушбу оғир мусибатга чин қалбдан шерик эканини изҳор этади. Барчамизни Аллоҳ таоло яратган. Тақдирларимизни иҳота қилувчи ягона Зот ҳам фақатгина Роббимизнинг Ўзидир. Қуръони каримда: “…Албатта, биз Аллоҳнинг ихтиёридамиз ва албатта, биз Унинг ҳузурига қайтувчилармиз…” (Бақара, 156) дейилган.
Аллоҳ таоло охират сафарига кузатилаётган бу дин хизматчисини мағфиратига олсин, яқинларига сабру жамил бериб, қазои қадарини имон ила, розилик ила қарши олганлар қаторида ажру мукофотлар ато этсин.
Хайруллоҳ домла Турматовга уламолар, имом-хатиблар, имом ноиблар, жоме масжидлардаги ҳар бир масъул ходим ҳамда қалблари Аллоҳнинг байтига боғланган қадрли инсонларнинг эҳтироми баланд ва юксак эди.
Фаолиятлари давомида жоме масжидларни обод ва кўркам, намозхонларни ибодат қилишлари учун муносиб ва замонавий шарт-шароитларга эга бўлиши йўлида тиним билмай меҳнат қилаётган эдилар...
Ҳадиси қудсийлардан бирида айтилади: “Эй Одам фарзанди! …Албатта, Мен сизларнинг суратингизга ҳам, чиройингизга ҳам қарамайман. Балки қалбингизга қарайман ва сизлардаги яхши хислатлардан рози бўламан”. Раҳматли Хайруллоҳ домла Турматов ҳам ана шундай яхши хислатлар, эзгу фазилатлар соҳиби эди.
Аллоҳ таоло марҳум уламони Ўз мағфиратига олсин, чеккан дардларини гуноҳларига каффорат айласин, иймонларини саломат қилсин, солиҳ амалларини ўзларига ҳамроҳ этсин. Охиратларини обод этиб, жойларини Фирдавс жаннатларидан қилсин!
Ҳақ таоло марҳум олимнинг аҳли оиласи, фарзанду аржумандлари ва яқинларига чиройли сабр бериб, бу мусибатларини яхшиликлар ила тўлдирсин. Биз Буюк Парвардигордан дуо қилиб сўраймизки, марҳум олимни ўзининг чексиз раҳматига олсин, жаннат боғларига дохил этсин.

Иннаа лиллааҳи ва иннаа илайҳи рожиъуун.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Среда, 16 Сентябрь 2020 00:00

Мавъиза таъсири

Жума намози тугаши билан бир йигит эшигим олдида мени кутиб турган экан. Келинг, ибодатлар қабул бўлсин, жума муборак бўлсин, дедим. Йигит гап бошлаб: “Домла, ҳозир мавъизангиздан жуда таьсирландим... Етимлар, муҳтожлар, заифлар, кўмаккка муҳтожлар ҳақида шундай гапирдингизки, қалбим юмшаб, кўзимга ёш келди... Ният қилдим, яқинда укам уйланяпти, мен катта акаман, Худога шукр тадбиркорман. Шунинг учун уйдагилар билан маслаҳатлашиб, тўй ошига кетадиган харажатларни Меҳрибонлик уйи тарбияланувчиларига эҳсон қилсам. Шунда Аллоҳ розилигини топармидим...

Мен эса:  жуда яхши ўйлабсиз, дея жавоб бердим. Шу тариқа пойтахтдаги 30-сонли Мехрибонлик уйида юздан ортиқ тарбияланувчи болаларга эҳсон дастурхони ёзилиб, ош дамланди. Шунингдек, ўқув-муолажа хоналаридан бири таъмирлаб бериладиган бўлди. Қуръон тиловат қилиниб, дуолар қилинди, ўксик қалб эгалари бу хайрли ишлардан хурсанд бўлдилар.

Етимларга ёрдам бериш ниҳоятда савобли иш. Етимларга овқат, кийим-кечак, таълим ва тарбия бериш ўзига тўқларнинг зиммасидаги бурчдир. Шундай қилинса, етим жамият учун фойдали шахс бўлиб етишади. Аллоҳ таоло «Бақара» сурасида айтади: «Яхшилик юзингизни машриқ ёки мағриб томонга буришингизда эмас. Лекин яхшилик, ким Аллоҳга, охират кунига, фаришталарга, китобга, Пайғамбарларга иймон келтирса ва яхши кўрган молини қариндошларга, етимларга, мискинларга, ватангадоларга, тиланчиларга, қул озод қилишга берса, намозни қоим қилса, закот берса. Аҳд қилганда аҳдига вафо қилувчилар, камбағаллик, қийинчилик пайтида ва шиддат вақтида ҳам сабр қилувчиларга хосдир. Ана ўшалар содиқ бўлганлардир. Ана ўшалар тақводорлардир» (177-оят).

Демак минбарларда айтилаётган мавъизалар, ваъз ва насиҳатлар бежиз кетмаяпти. Биргина мусулмоннинг қалби, ҳаётидаги ўзгартиришнинг гувоҳи бўлиб, шукрлар ичра айтамизки, шу тариқа жамият ҳам секин аста ислоҳ бўлади. Зеро ақл эгалари Аллоҳнинг оятларидан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларидан эслатма олиб, ўзларига хулоса чиқараверадилар. 

 

Одил Холмуродов

Тошкент шаҳар “Ал Бадр жоме масжиди имоми-хатиби

 

 

 

Хоразм вилоятининг Тупроққалъа туманида янги масжид қурилади. Масжид учун маҳаллий ҳокимлик томонидан туман марказидан 130 км узоқда жойлашган “Тупроққалъа маскани” маҳалласидан 60 сотих ер ажратилди. Хоразм-Бухоро вилоятлари чегарасида жойлашган Тупроққалъа маскани, Саримой, Нукус, Хазорасп маҳаллалари аҳлининг кўп йиллик орзулари ушаладиган бўлди. 9 минг аҳоли истиқомат қиладиган тўрт ҳудудда бирорта масжид йўқ эди, энг яқини Хазорасп туманидаги “Шайх Қосим бобо” масжиди бўлиб, 120 километр масофани ташкил этади.

Куни кеча эзгу ният ва хайрли дуолар билан пойдевор учун тамал тоши қўйилди. Ибодат уйига шу жойда ўтов қуриб яшаб, Эшон номи билан халқ орасида маълум бўлган солиҳ бир зот шарафига “Ўтовли Эшон” номи берилди.

Тупроққалъа туманида тўртта масжид бўлиб, асосан туман марказида жойлашган. Қурилиши режалаштирилаётган ушбу масжидга 5-10 йилдан буён эҳтиёж мавжуд эди. Тегишли рухсат асосида халқ ҳашари билан қурилиш ишларини бошлаймиз. Аллоҳ насиб этса келаси йили Рамазон ҳайитига битказишни режалашатиряпмиз”, дейди вилоят бош имом-хатиби Хайруллоҳ домла Абдуллаев. Ибодатгоҳ Хоразм меъморчилик анъаналари асосида замонавий талаблар уйғунлигида барпо этилади. Хонақоҳ 160 кишига мўлжалланган бўлса, ҳовли ва атроф саҳнлари билан 250 га яқин намозхонни сиғдиради.

 Аллоҳнинг байтини бунёд этишдек хайрли амалга бел боғлаган уста-ҳунармандлар, барча фидоий инсонларга Тангримиздан куч-қувват тилаб, янги масжид мўмин мусулмонларнинг шодлигига сабаб бўлишини тилаб қоламиз.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Масжидлар бўлими

Вторник, 15 Сентябрь 2020 00:00

18.09.2020 й. Исломда аёлларга муносабат

بسم الله الرحمن الرحيم

اَلْحَمْدُ لِلَّهِ الَّذِي جَعَلَ النِّسَاءَ شَقَائِقَ الرِّجَالِ، وَأَكْرَمَهُنَّ أَفْضَلَ الْإِكْرَامِ فِي الْحَالِ وَالْمَآلِ، وَصَلَّى اللهُ وَسَلَّمَ عَلَيَ  مُحَمَّدٍ وَعَلَى آلِهِ وَأَصْحَابِهِ ذَوِي الْفَضْلِ وَالْإِجْلَالِ، أَمَّا بَعْدُ.

ИСЛОМДА АЁЛЛАРГА МУНОСАБАТ

Муҳтарам азизлар! Халқимиз, миллатимизга оид қайси манбаа, қайси қўлёзмага мурожаат этманг она – аёл шу оиланинг муқаддаслигини таъминловчи, оиланинг аҳлоқий ва руҳий муҳитини яратувчи мўътабар инсон сифатида таърифланади. Қуръони каримда, ҳадиси шарифда аёлларни, хусусан, онани улуғлаш кераклиги ҳақида кўплаб ибратли кўрсатмалар бор. Аллоҳ марҳамати билан ҳомилани юраги остида кўтариш, туғиш, дунёга келган инсонга биринчи ризқни бериш – эмизиш, уни тарбиялаш, вояга етказиш ва элга қўшишда оналарнинг меҳнат ва захмати бениҳоядир. Она – оиланинг устуни. Онанинг фарзандини ўстириб, вояга етказиш йўлида чеккан риёзати ҳаққини адо этиши учун ҳар қандай ранжу меҳнат камлик қилади. Ҳазрат Навоий оналар мадҳини ушбу байтга жамлаб бундай деганлар:

Оналарнинг оёғи остидадир,

Равзаи жаннату боғи.

 Маълумки, Ислом келишидан олдин жоҳилият даврида аёлларнинг деярли ҳуқуқлари бўлмаган. Улар нафақат меросдан маҳрум қилинган, балки ўзлари бир буюм сифатида меросхўрлар ўртасида тақсимланган. Инсониятни залолатдан ҳидоятга олиб чиққан Ислом динимиз, бу масалага барҳам бериб, аёлларга ҳам эркаклар сингари ҳуқуқлар берди ва аёлларга чиройли муомала қилишга буюрди. Жумладан, Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилган:

وَعَاشِرُوهُنَّ بِالْمَعْرُوفِ فَإِنْ كَرِهْتُمُوهُنَّ فَعَسَى أَنْ تَكْرَهُوا شَيْئًا وَيَجْعَلَ اللَّهُ فِيهِ خَيْرًا كَثِيرًا

яъни: Улар билан тотув турмуш кечирингиз. Агар уларни ёмон кўрсаларингиз, (билиб қўйингки,) балким сизлар ёмон кўрган нарсада Аллоҳ (сизлар учун) кўпгина яхшилик пайдо қилиши мумкин” (Нисо сураси, 19-оят).

Дарҳақиқат, Ислом дини ўз аёлларига нисбатан яхши муносабатда бўлган эркакларни инсонларнинг энг яхшилари қаторига қўшади. Бу ҳақда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дейдилар:

أَكْمَلُ المُؤْمِنِينَ إِيْمَانًا أَحْسَنُهُمْ خُلُقًا، وَخِيَارُكُمْ خِيَارُكُمْ لِنِسَائِهِمْ"

(رواه الإمام الترمذي عن  أبي هريرة رضي الله عنه)

яъни: “Мўминларни имон жиҳатидан комилроғи хулқи яхшироғидир.   Сизларнинг энг яхшиларингиз аҳли аёлига яхшилик қиладиганингиздир” (Имом Термизий ривояти).

Шуни таъкидлаш керакки, аёл киши таом, ичимлик, либос ва шу каби бошқа моддий нарсаларга эҳтиёжманд бўлгани сингари, ширин сўзга, чиройли табассумга, гўзал муомалага ва меҳрга муҳтождир. У қалбини завқлантирадиган, ғамни кетказиб, ҳаётни саодатли қиладиган ёқимли ҳазил-мутойибага ҳам баъзи моддий таъминотлардан кўра кўпроқ эҳтиёж сезади.

Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам аёлларига гўзал муносабат ва самимий муомалада бўлганлар. Демак, ҳар бир эр аёли билан бўладиган муносабатларда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламни ўзига намуна қилиб олмоғи зарурдир.

Аммо афсуски, бугуни кунда ижтимоий тармоқларда аёлини хўрлаган, унга зулм қилиб қўл кўтарган ёки аҳли оиласини қийнаб, нафақасини адо этмаётган эркаклар ҳақида хабар топиб турибмиз.

Динимиз таълимотларида аёлни калтаклаш, юзига уриш, уларга жароҳат етказишга эрнинг асло ҳаққи йўқ. Бу билан  киши қаттиқ гуноҳкор бўлади. Чунки Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам аёлларни уришдан қайтариб бундай деганлар:

"لَا تَضْرِبُوا إِمَاءَ اللَّهِ"

(رَوَاهُ الإمام أَبُو دَاوُدَ عن عبدِاللَّه بنِ أَبي ذُباب رضي الله عنه)

яъни: “Аллоҳнинг чўриларини (яъни, аёлларни) урманглар!” (Имом Абу довуд ривоятлари).

Холбуки, пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам аёлларга нисбатан яхши муносабатда бўлишни қайта-қайта васият қилдилар. Демак, умматликни даъво қилган ҳар бир оила раҳбари ўз аёли билан муомала ва муносабатда Пайғамбаримиз алайҳиссаломни ўзига намуна ва ўрнак қилиши лозим бўлади.

Аёл ила гўзал муомала қилиш, унга нисбатан ҳусни хулқда бўлиш, ундан етган озорни кўтариш эркакнинг зиммасидаги мажбуриятлардандир. Бу ҳақда Имом Ғаззолий раҳматуллоҳи алайҳ шундай деганлар:

وَاعْلَمْ أَنَّهُ لَيْسَ حُسْنُ الْخُلْقِ مَعَهَا كَفُّ الْأَذَى عَنْهَا، بَلْ اِحْتِمَالُ الْأَذَى مِنْهَا

яъни: “Билгинки, аёлинга озор беришдан тийилишинг ҳусни хулқ эмас. Балки, ундан етадиган озорни кўтаришинг ҳусни хулқдир”.

Ҳаким ибн Муовия разияллоҳу анҳу Пайғамбаримиз саллалоҳу алайҳи васалламга “Эй Аллоҳнинг Расули, бизда хотинларимизнинг нима ҳақи бор?” деб сўраганларида, У зот шундай дедилар:

"أَنْ تُطْعِمَهَا إِذَا طَعِمْتَ وَتَكْسُوَهَا إِذَا اكْتَسَيْتَ أَوِ اكْتَسَبْتَ، وَلَا تَضْرِبِ الْوَجْهَ وَلَا تُقَبِّحْ

وَلَا تَهْجُرْ إِلَّا فِي الْبَيْتِ"

(رَوَاهُ  الإمام أَبُو دَاوُدَ)

яъни: “Қачон таомлансанг, уни ҳам таомлантирасан. Қачон кийим кийсанг, уни ҳам кийинтирасан. Юзига урмайсан, ҳақоратламайсан ва бир хонадан бошқа жойда ётоғингни алоҳида қилмайсан” (Имом Абу Довуд ривоятлари).

Демак, хотиннинг эрдаги ҳақларидан бири – эр ўзининг иқтисодий имкониятига қараб, хотинини озиқ-овқат билан таъминлаб боришидир. Афсуски, баъзи эрлар улфатлари билан кўча-кўйда яхши ва сара таомларни еб юрадида, уйдаги аёли ва бола-чақаси эса зўрға тирикчилигини ўтказади.  Бундай қилиш оилага зулм ҳисобланиб, фарзандлар ҳаққига хиёнат бўлади.

Минг афсуски, баъзи мусулмон эркаклар уйда ўтириб, аёлини пул топишга мажбурлаётгани, яна айрим эркаклар хотинини нафақа билан таъминламаётгани етмагандек, “Сен ҳам пул топсанг нима бўлади?”, деб маломат қилаётганини эшитиб қоламиз. Баъзи эрлар эса ўзга юртларга кетиб, узоқ вақт қарамоғидагиларнинг нафақаси ва таъминотидан хабар ҳам олмай қўймоқда. Бу ҳам бўлса, катта зулм ва гуноҳкорликдир.

Ҳозирги кунда шариатдан бехабар баъзи эрлар аёллари билан муносабатлари бузилса, “Мен энди аёлим билан яшамайман, уни нафақа билан ҳам таъминламайман, талоғини ҳам бермайман”, дейди. Бунда аёл на оилали бўлмай, на эридан ажрала олмай, йиллаб аросатда қолиб кетмоқда. Бу ҳақда Аллоҳ таоло “Бақара” сурасида шундай деган:

...وَلَا تُمْسِكُوهُنَّ ضِرَارًا لِتَعْتَدُوا وَمَنْ يَفْعَلْ ذَلِكَ فَقَدْ ظَلَمَ نَفْسَهُ وَلَا تَتَّخِذُوا آَيَاتِ اللَّهِ هُزُوًا...

яъни: “...Уларга зулм қилиб, зарарлантириш ниятида ушлаб турманг! Ким шундай қилса, демак, ўзига зулм қилибди. Аллоҳнинг оятларини ҳазил билмангиз!...” (Бақара сураси, 231-оят).

Аёлларга бундай зулм қилиш шариатимизнинг барча кўрсатмаларига зиддир.

Хулоса қилиб айтамизки, динимизда аёлларни қадрлаш, уларни асраб-авайлаш қаттиқ тарғиб қилинган амалдир. Чунки улар – оналаримиз, жуфтларимиз ва сингилларимиздир. Қадимдан Ислом динига амал қилиб келган халқимизнинг миллий қадриятларида аёл зоти эъзозланади.

Давлатимиз томонидан ҳам аёлларга алоҳида ҳурмат-эътибор кўрсатилиб, уларни ҳар жиҳатдан ҳимоя қилиб келинмоқда. Юртимизда аёлларнинг ўзларига яраша, жисмоний салоҳиятига мос равишда меҳнат ва касб ҳунарлар билан шуғулланишлари учун барча шароитлар мавжуд.

Муҳтарам жамоа! Маърузамизнинг давомида аёлларнинг намоз ўқишидаги эркаклардан баъзи фарқлари ҳақида суҳбатлашамиз.

Ҳанафий мазҳабимизнинг мўътабар китобларида эркак ва аёлларнинг намозлари ўртасида фарқ борлиги баён қилинган. Қуйида аёлларга хос бўлган намоздаги ҳолатларни санаб ўтамиз:

  • “Аллоҳу акбар” деб намозга кириш пайтида аёллар қўлларини елка баробари миқдорича кўтаради;
  • Қўл боғлашда аёллар икки қўлларини кўкраклари устига қўядилар;
  • Рукуъ пайтида қўл бармоқлари ёйилмайди балки, жипс ҳолда бўлади;
  • Икки тирсаклари билан қимтиниб, уларни биқинларига теккизиб туради, тиззалари бироз букилади, эркакларга ўхшаб беллари билан бошлари тўғри бўлмайди, балки рукуъ деса бўладиган даражада эгиладилар;
  • Саждага борганларида ҳам қимтинган ҳолларида қоринларини икки сонларига тегадиган қилиб сажда қиладилар;
  • Ўтириш пайтида яъни қаъдада аёллар икки оёқларини ўнг томонга чиқариб, чап тарафга мойил бўлиб ўтирадилар;
  • Саждада аёллар билакларини ерга теккизиб, қимтиниб турадилар;
  • Бирор намозни овоз чиқариб ўқимайдилар (Манба: “Мухтасарул виқоя” ва “Фатовои Ҳиндийя” китоблари).

Аллоҳ таоло барчамизга шариатимиз кўрсатганидек, аёлларимизга ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш ва чиройли муомала қилиш бахтини насиб  қилсин! Омин!

(Муҳтарам имом-хатиб! Маъруза сўнгида жамоавий ибодатларни адо этишда карантин қоидаларига амал қилиш, хусусан ижтимоий масофалани сақлаш, тиббиёт ниқобларини тақиш масаласини жамоатга эслатиб қўйинг!)

 

Top