muslim.uz

muslim.uz

Пятница, 23 Сентябрь 2016 00:00

Аждодлар ёди ва келажак авлод

Тошкент вилоятининг Пискент тумани ўз тарихи ва маданиятига эга бўлган туманлардан биридир.

Пискент тумани ва унинг атрофидаги қишлоқлар ҳақида тарихий манбаларда, хусусан “Бобурнома” ва “Пискент тарихидан лавҳалар” китобларида тўхталиб ўтилган. Ушбу мақолада Пискент туманидаги зиё масканлари ҳақида ва уларда таълим олиб, ибратли ҳаётлари билан халқ ичида эъзозда бўлган маърифатли инсонлар ҳақида маълумот берамиз.

Пискент туманида  1890-1910 йилларда бир нечта мадрасалар қурилиб ҳалқ учун илм-маърифат масканлари вазифасини бажарган. Жумладан, “Мирхолиқбой” мадрасаси, “Мирмўминбой” мадрасаси, “Мулла Юсуф домла” мадрасаси, “Беглар беги” мадрасаси, “Қорихона” мадрасаси, “Ҳасти Бузрук” мадрасаси,  “Мулла Бўта Қози” мадрасаси.

Юқорида тилга олинган мадрасаларда таълим олиб эл-юрт хизматида бўлган замонасининг маърифатли инсонлари етишиб чиққан. Ушбу Мадрасаларда таълим олган қорилар: Баҳодирхон қори, Абдумажид қори, Олимжон қори, Норинбой қори, Тўражон тўра қори, Маннонхон қори, Ҳофиз қори, Чирпўлат қори, Худойберди булбул қори, Абдукарим қори, Абдусаттор қори ва бошқалар.

Пискент тумани Муротали қишлоғида 1903 йилда Эшонқул (Ашир) ўғли Мулла Бўта Қози томонидан қурилган мадраса, 1927 йилларгача фаолият юритган. Ушбу мадрасада таълим берган ва таълим олган қорилар ҳусусида малумот бериб, туманимиз ҳалқига, айниқса ёшларимизга аждодлари қандай мўътабар зотлар эканини англатмоқни мақсад қилдик.

Ҳожимуҳаммад ўғли Абдураҳмон қори

 (1884-1978 й.)

Андижон шаҳрида туғилган Ҳожимуҳаммад ўғли Абдураҳмон қорини (1884-1978 й.) Эшонқул ўғли  Бўта Муротали қишлоғига таклиф қилган. Мадрасада Қуръони карим қироатидан таълим берган. Ҳожимуҳаммад ўғли Абдураҳмон қорини Худойберди булбул қори ва бошқа шогирдлари  ҳалқ орасида ном чиқарган етук қори-домлалар бўлиб етишган. 1927 йилларда маърифатпарвар, халқпарвар, элу-юртга фойдаси тегувчи шахсларга нисбатан ноўрин айблов билан қатағонга учраганлар қаторида у ҳам бор эди. У сургун қилиниб Ҳўжанд шаҳрида оиласидан айро ҳолда 1945 йилгача яшаган. 1945 йилда Муротали қишлоғига келган Ҳожимуҳаммад ўғли  Абдураҳмон қори яна таъқиб қилинган ва 1956 йил яна Ҳўжанд шаҳрига қайтиб кетган 1978 йилларгача шаҳар марказидаги “Пайшанба” жомеъ масжидида имом-хатиб ва бошқа лавозимларда фаолият юритган. 1978 йилда хасталаниб қолганидан кейин, хоҳишига мувофиқ иккита ўғли ва невара куёвини Муротали қишлоғига олиб келишган. Шу йили 94 ёшда вафот этган ва Муротали қишлоғидаги “Хўжан хўжа” қабристонига дафн этилган.

Ҳожимуҳаммад ўғли  Абдураҳмон қорини фарзандлари: Абдурахмонов Комилжон(1925-2002й), Абдурахмонов Эминжон (1930-2012 й), Абдурахмонова Файзихон 1933 й, Абдурахмонова Мунисхон 1940 йилда туғилган.

Ҳожимуҳаммад ўғли  Абдураҳмон қоринидан таълим олган шогирдлари ҳақида ҳам маълумот йиғдик.

Абдуллаев Чинпўлат қори

(1902-1999 й.)

Абдуллаев Чинпўлат қори 1902 йил Тошкент вилояти, Пискент тумани Култепа қишлоғида туғилган. Бошланғич таълимни Муротали қишлоғидаги Мулла Бўта Қози мадрасасида олган ва Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур даҳасидаги мадрасада  давом эттирган. Мадрасага Қашқардан Оқ Эшон қори келганларидан кейин, у кишини маслаҳатлари ва ўгитларига амал қилиб, мураттаб, муважжид қорилик даражасига етган. 1953-1957 йилларда колхоз раиси, 1958-1962 йилларда ферма мудири ва бошқа ловозимларда хизмат қилган. 1995 йилда Шуҳрат медали ва бошқа бир нечта мукофатлар  билан тақдирланган.

 Фарзандлари: Лутфинисо (1934-2009 й), Турғунбой (1939-2010 й), Қўчқор 1944 йил, Меҳринисо 1947 йил, Хуринисо1949 йил, Нуринисо 1953 йил, Ихтибор 1955 йил, Мўътабар 1958 йилда туғилган. Ҳозирги кунда фарзандлари ва неваралари турли соҳаларда фаолият юритиб юрт равнақи ва ҳалқ фаровонлиги йўлида хизмат қилиб келмоқдалар.

1971 йилда нафақага чиққан. Вафотларигача эл-юрт хизмати ва эъзозида бўлган Абдуллаев Чинпўлат қори 1999 йил 97 ёшларида вафот этган. Бобо Ғозий Турк-Тўғон қабристонига дафн этилган.

 

Маткарим ўғли Худойберди булбул қори

(1895-1988 й.)

Маткарим ўғли Худойберди булбул қори 1895 йил Тошкент вилояти, Бўка тумани, Қорақўйли қишлоғида туғилган. Таълимни қўшни Муротали қишлоғидаги Мулла Бўта Қози мадрасасида олган. 1927 йилларда маърифатпарвар, халқпарвар, элу-юртга фойдаси тегувчи шахсларга нисбатан ноўрин айблов билан қатағонга учраганлар қаторида у ҳам бор эди. 1927-1940 йиллар Тожикистон ССР, Ёнтоқ райони, Авузкент  қишлоғида таъқибда яшаган. 1940-1945 йиллар “қурилиш баталионида” ишлаган. 1945 йиллар Бўка тумани, Равот қишлоғи, Қўқоновул маҳалласига қўчиб келган ва колхозда оддий хизматчи бўлиб ишлаган. 1967 йиллда Бўка тумани Қорақўйли қишлоғига қайтган. Худойберди булбул қори қаерда яшашидан қатъий назар ҳалқ хизматида ва эъзозида яшаб, илм-маърифат тарқатган. Пискент шаҳрида қорилар анжуманида илк иштирок Маткарим ўғли Худойберди қорига “Булбул қори” деб ном беришган, халқ орасида “Булбул қори” номи билан шуҳрат топган.  

Фарзандлари Худойбердиев Насриддин махсум (марҳум), Худойбердиева Хайриниса (1933-2011й), Худойбердиева Шарофат (1934-2013й), Худойбердиева Жанғишой (марҳума), Худойбердиева Каромат 1939 йил туғилган, Худойбердиев Зайниддин 1940 йилда туғилган, Худойбердиев Фахриддин (1951-1984 й), Маткаримова Бахриниса 1953 йилда туғилган, Маткаримова Савриниса 1955 йилда туғилган, Маткаримов Бахтиёр 1955 йилда туғилган, Маткаримомова Лутфиниса 1960 йилда туғилган, Маткаримов Хаётулла 1962 йилда туғилган.

Худойберди булбул қори 1988 йил 30 январь куни вафот этган ва “Ғоип ота” қабристонига дафн этилган.

Абдусаттор қори

(тах.19-аср охири-20-ўрталари)

Абдусаттор қори 19-асрни охирларида Тошкент вилояти, Бўка тумани, Қорақўйли қишлоғида зиёли оилада туғилган. Таълимни қўшни Муротали қишлоғидаги Мулла Бўта Қози мадрасасида олган ва мураттаб, муважжид қорилик даражасига етган.  1920 йилларда маърифатпарвар, халқпарвар, элу-юртга фойдаси тегувчи шахсларга нисбатан ноўрин айблов билан қатағонга учраган. Умр давомида қишлоқда тегирмончилик қилган ва ҳалқ хизматида бўлган. Абдусаттор қорини иккинчи акаси Абдусамадхон домла ҳам Муротали қишлоғидаги Мулла Бўта Қози мадрасасида таълим олган. У ҳам қатағонга учраган.

Абдусаттор қори бефарзанд бўлган, шунинг учун маълумотлар жуда кам тўпланди. 20-аср ўрталарида Қорақўйли қишлоғида вафот этган. “Ғоип ота” қабристонига дафн этилган.

 

Зайнилобиддинхон  ҚУДРАТОВ,

Пскент тумани “Мулла Бўта қози” масжиди имом-хатиби

 

Пятница, 23 Сентябрь 2016 00:00

Яхшиларнинг порлоқ хотираси

Жорий йилнинг 22 сентябрь куни Мир Араб ўрта махсус ислом билим юрти талабаларига “Яхшиларнинг порлоқ  хотираси” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди. Унда билим юртининг мударрислари ҳамда талабалари иштирок этишди.

Билим юрти АРМ раҳбари У. Жиянов Республикамизнинг биринчи Президенти Ислом Каримовнинг Ватани тинчлиги, халқи фаровонлиги  йўлида  фидоийларча қилган хизматлари ҳақида атрофлича айтиб ўтди. Нотиқ сўзини давом этиб, жумладан шундай деди: “ Собиқ Совет Иттифоқи таркибида бўлган даврда Ўзбекистон халқи  Мустақилликни  орзу қилишини, миллионлаб  халқнинг  орзусини  амалга  оширган,  ўзгача  жасорат  билан   Ўзбекистонни мустақилликка олиб  чиққан  шундай буюк  шахснинг орамизда йўқлиги кишини қайғуга солади”, деб таъкидлади.

1991 йил Ислом Каримов Ўзбекистонни  мустақил  деб  эълон  қилганларидан сўнг  буюк ислоҳотлар ўтказганликларини, ватанимизни  юксалтириш, унинг  тинчлигини  ва фаровонлигини  таъминлаш, ҳар бир жабҳада юқори поғонага кўтариш, халқимиз  осойишталиги, порлоқ келажак  йўлида  қилган хизматларини,  тахсинга  лойиқлиги  айтиб ўтилди.

Суҳбат давомида кунларни,  тинч-осуда ҳаётимиз, ҳар бир ёшларга яратиб берилган  имкониятлар ортида ана шу фидоий Юртбошимизнинг меҳнатлари борлиги ва у кишидан умрбод  миннатдор бўлишлигимиз лозимлиги таъкидланди.  

Тадбир якунида Республикамизнинг биринчи Президенти Ислом Каримовнинг руҳи покига бағишлаб дуои хайрлар қилинди.

Таълим ва кадрлар тайёраш бўлими

Пятница, 23 Сентябрь 2016 00:00

Маърифат қалб қўрғони

Жорий йил 22 сентябрь куни Жўйбори Калон аёл-қизлар ўрта махсус ислом билим юртида дарсдан ташқари барча курсларда гуруҳ раҳбарлари томонидан “Маърифат – қалб қўрғони” мавзусида тарбиявий соат ўтказилди.

1-курс гуруҳ раҳбари Меҳринисо Мўминова ёш мударриса бўлишига қарамай ўзининг изланувчанлиги ва тиришқоқлиги туфайли ўз гуруҳига слайдлар ва турли дидактик маълумотлар ёрдамида илмнинг туб моҳиятини ажойиб тарзда тушунтириб берди.

2-курс гуруҳ раҳбари тажрибали мударриса Ҳ. Ҳалимова ўзининг педагогик маҳоратидан келиб чиқиб маърифатли инсонлар ҳаётидан лавҳалар, донишманд олимларнинг илму маърифатга берган таърифи, турли динларда илм олишга бўлган муносабат каби масалаларни тўла тўкис ёритиб берди.

3-курс гуруҳ раҳбари М. Бозорова  ўзининг ҳам педагогик, ҳам ҳаётий тажрибасига суянган ҳолда ояти карима, ҳадиси шариф ва ҳикматли сўзлардан намуналар келтириб, ҳаётий далиллар воситасида илму маърифатга гўзал таърифлар бериб, тарбиявий соатни мунозарали тарзда олиб борди.

4-курс гуруҳ раҳбари Р. Маматшоева ўз гуруҳига тарбиявий соат мавзусини эълон қилгач, 4-курс талабалари бошқа курсларга нисбатан билим юртининг энг юқори босқичида таҳсил олишини инобатга олган ҳолда “Ақлий ҳужум” методидан фойдаланди. Талабалар оят, ҳадис ва саҳобалар ҳаётидан намуналар келтириб, жуда фаол иштирок этишди. Тарбиявий соат сўнгида 4-курс гуруҳ раҳбари билдирилган барча фикрларни умумлаштириб, суҳбатга хулоса қилди.

  

М. ХЎЖАЕВА,

Билим юрти шахс ва жамият фани ўқитувчиси 

Пятница, 23 Сентябрь 2016 00:00

30.09.2016 й. Устозларга эҳтиром

بسم الله الرحمن الرحيم

        Муҳтарам жамоат! Ислом дини илму маърифатга тарғиб қилувчи илоҳий диндир. Зеро, инсоннинг дунё ва охиратининг обод бўлиши илм олмоғи ва унга амал қилиши билан боғлиқдир. Қуръони каримнинг кўплаб оятлари ва Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қатор ҳадисларида ушбу маънолар баён этилган. Одам )а.с.(нинг фаришталарнинг таъзимига сазовор бўлишлари ҳам айнан у зотдаги илм бўлганлигидир. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло Ўзининг каломида илмсиз кишилар ҳеч қачон илмли кишилар билан тенг бўла олмаслигини алоҳида таъкидлаб, бундай дейди:

قُلْ هَلْ يَسْتَوِي الَّذِينَ يَعْلَمُونَ وَالَّذِينَ لَا يَعْلَمُونَ إِنَّمَا يَتَذَكَّرُ أُولُو الْأَلْبَابِ

яъни: Айтинг: «Биладиганлар билан билмайдиганлар тенг бўлурми?!» Дарҳақиқат, фақат ақл эгаларигина эслатма олурлар” (Зумар,9), - деб марҳамат қилган.

      Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам илмли кишининг илмсиз кишидан даражаси юқори эканлигини бир қанча ҳадисларида баён қилганлар. Жумладан,

وعن أبي أمامة الباهلي قال: ذكر لرسول الله : "رجلان أحدهما عابد والآخر عالم فقال رسول الله : "فضل العالم على العابد كفضلي على أدناكم"

яъни: Абу Амома ал-Боҳилий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинадики, Расулуллоҳ )с.а.в.(га икки киши ҳақида гапиришди, уларнинг бири обид, иккинчиси эса олим эди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Олимнинг обиддан ортиқлиги ҳудди менинг сизлардан энг қуйи даражадаги кишидан ортиқлигимга ўхшайди”, - дедилар (Термизий ривояти).

Илм руҳнинг озуқасидир. Инсоният илм билангина Аллоҳни танийди, ҳақиқий саодатни қўлга киритади, унинг шарофати билан юксалади. Илм эса устознинг саъй-ҳаракати, тинимсиз меҳнати, ғайрати ва матонати билан эгалланади. Илм ўргатувчи устозлар бежизга “пайғамбарларнинг меросхўрлари” деб эъзозланмаганлар. Қуръони каримда ўзи эгаллаган илмни бошқаларга ўргатган устозларнинг шаъни-шарафи нақадар улуғлиги ҳақида бундай марҳамат қилинади:

... يَرْفَعِ اللَّهُ الَّذِينَ آَمَنُوا مِنْكُمْ وَالَّذِينَ أُوتُوا الْعِلْمَ دَرَجَاتٍ وَاللَّهُ بِمَا تَعْمَلُونَ خَبِيرٌ

яъни:... Аллоҳ сизлардан имон келтирган ва илм ато этилган зотларни (баланд) даража (мартаба)ларга кўтарур. Аллоҳ қилаётган (барча яхши ва ёмон) амалларингиздан хабардордир”. (Мужодала сураси, 11-оят).

Устозга меҳр қўймаган, ҳурмат қилмаган шогирднинг илмни пухта эгаллашига ишониш қийин. Бемор киши ўз ихтиёрини бутунлай табибга топширганидай, таълим олувчи шогирд ҳам ўзини батамом муаллим ихтиёрига топшириши, уни эъзозлаб ҳурматлаши ва доимо хизматида шай туриши керак.

Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу ўзидан ёши улуғ бўлган Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳунинг уловлари тизгинини ушлаб, унга минишларида ёрдам бериб бундай деганлар: "Уламоларга шундай хизмат қилишга буюрилганмиз. Агар шогирд улуғлик сифатига етмай туриб, ундан фахрланиб кибрланса, жоҳилдир. Зеро, илм-ҳикмат мўмин кишининг йўқотган нарсасидир, қачон топса, уни олишга ҳақли". 

     Муҳтарам азизлар! Кишида илм ўз-ўзидан пайдо бўлиб қолмайди. Албатта, бунинг учун устоз зарур. Илм ва уни талаб қилишнинг фазилати нақадар улуғ бўлса, илм ўргатиш яъни, устозлик қилишнинг фазилати унданда буюкдир.

     Қуръони каримда баён қилинишича, инсониятнинг аввали Одам Ато (а.с.) ҳам ўзининг замонаси учун зарур бўлган илмга муҳтож бўлганидан Аллоҳ таолонинг ўзи у зотга таълим берди.

وَعَلَّمَ آَدَمَ الْأَسْمَاءَ كُلَّهَا

яъни: (Аллоҳ) Одамга барча (яратилган ва яратилажак нарсаларга тегишли) номларни ўргатди (Бақара, 31). Ҳар бир замонда Аллоҳ таоло инсониятга илму ҳикмат ўргатиш учун пайғамбарларини юбориб турди. Жумладан, охирзамон пайғамбари Муҳаммад с.а.в.ни шундай шарафли вазифа билан юборди.

لَقَدْ مَنَّ اللَّهُ عَلَى الْمُؤْمِنِينَ إِذْ بَعَثَ فِيهِمْ رَسُولًا مِنْ أَنْفُسِهِمْ يَتْلُو عَلَيْهِمْ آَيَاتِهِ وَيُزَكِّيهِمْ وَيُعَلِّمُهُمُ الْكِتَابَ وَالْحِكْمَةَ وَإِنْ كَانُوا مِنْ قَبْلُ لَفِي ضَلَالٍ مُبِينٍ

 яъни: Аллоҳ ўз ичларидан Аллоҳнинг оятларини ўқиб берадиган, уларни (ширк ва гуноҳлардан) мусаффо қиладиган ҳамда уларга Китоб ва Ҳикматни таълим берадиган Пайғамбарни юбориш билан, мўминларга инъом этди. Улар эса бундан олдин аниқ гумроҳликда эдилар(Оли Имрон, 164). Бу ҳақда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ўзлари:

قال رسول الله : "إنما بعثت معلماً

яъни: “Албатта, мен муаллим қилиб юборилганман”, деганлар. Мана шунинг ўзи ҳам устозлик қай даражада юксак мартаба эканлигини кўрсатади.

     Дарҳақиқат, ўзгаларга илму маърифат зиёсини тарқатиш нақадар савобли амал. Бу вазифага мутасадди бўлган кишининг даражаси ҳам мислсиз. Шунинг учун ҳам борлиқдаги ҳамма нарса устознинг ҳаққига дуо қилиб туради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу ҳақда шундай марҳамат қилганлар:

قال رسول الله: " إن الله وملائكته وأهل السماوات والأرض حتى النملة في جحرها وحتى الحوت ليصلون على معلم الناس الخير " رواه الترمذي وقال حسن غريب

яъни: “Албатта, Аллоҳ таоло, Унинг фаришталари, осмонлару ер аҳли, ҳатто ковагидаги чумоли ва хаттоки балиқгача одамларга яхшиликни таълим берувчига салавот айтадилар”.

      Муҳтарам биродарлар! Маълумингизким, юртимизда ҳар йили 1 октябрь устоз ва мураббийлар куни байрами сифатида кенг нишонланади. Албатта, бу байрам мустақил юртимизда устозларга бўлган ҳурматнинг рамзий ифодаси бўлиб, аслида устозларга эҳтиром аждодларимиздан мерос бўлиб келаётган буюк қадриятларимиздан саналади.

     Мамлакатимизда устоз ва мураббийларга эҳтиром кўрсатиш, уларни эъзозлаш, ижтимоий имтиёзлар яратиш борасида ҳар қандай мамлакатга намуна бўла оладиган юртдир!

     Жамиятнинг маънавий-маърифий даражаси устоз ва мураббийларга бўлган муносабатда ифодаланади.

Жамиятнинг кўп қисмини ташкил қилувчи ёшларимизга таълим–тарбия бериб келаётган устоз ва мураббийларимизни ҳар вақт ҳурматлашимиз ва эъзозлашимиз лозим. Зеро, келажак авлодни баркамол ва етук маърифатли бўлиб етишишида уларнинг хизматлари каттадир.

Ўзбекистон бугунги дунё ҳамжамиятида ўзининг муносиб ўрнини эгаллаб, таълим, маданият, спорт ва бошқа соҳаларда тенглар ичра тенг овоз билан халқаро майдонда ўз мавқеъига эга бўлишида устоз ва мураббийларнинг ўрни беқиёсдир.

 Шу муносабат билан юртимизда ҳар йили 1 октябрь куни “Устозлар ва мураббийлар куни” деб белгиланиб, шу кунда халқимиз байрам қилиб, устозларга кўпроқ хурмат-иззат кўрсатадилар, дилларига хурсандчилик бахш этишга ҳаракат қиладилар.

Устозларни қадрлаш ҳақида сўз кетганда беихтиёр ҳазрати Мир Алишер Навоий бобомизнинг ушбу сўзлари ёдимизга тушади:

Ҳақ йўлида ким сенга бир ҳарф ўқитмиш ранж ила,

Айламак бўлмас адо онинг ҳаққин минг ганж ила.

     Ҳақиқатан ҳам, “устоз отангдек улуғ” деб, аждодларимиз бежиз айтишмаган. Чунки, ота фарзандни дунёга келтирган бўлса, устоз унга одамийликдан сабоқ берган. Бир машҳур зотдан, нима учун устозингизни  отангиздан ҳам ортиқ кўрасиз, деб сўрашганда: Отам мени жисмимни тарбиялаб ерга тушишимга сабаб бўлган, устозим эса руҳимни тарбиялаб кўкка етишимга сабаб бўлди, деган экан.

     Динимиз таълимотига кўра ўзгаларга таълим берган киши нафақат дунёда иззат ҳурматда бўлади, балки вафотидан кейин ҳам қолдирган манфаатли илми, таълим берган шогирдларининг хизмати, ёзган асарларидан ўзгаларнинг фойдаланиши туфайли номаи амалига савоб тўхтовсиз бориб туради. Шундай экан, устоз ва мураббийлар ҳар қанча эъзозланса арзийди.

Баркамол авлод ва соғлом жамият олдида катта масъулият соҳиби бўлган барча устоз ва мураббийларимизга мустаҳкам сиҳат-саломатлик ва икки дунё саодатига мушарраф этишини, сўраб дуолар қилиб қоламиз! Омин.

Четверг, 22 Сентябрь 2016 00:00

“Жаннат райҳонлари”га озор берманг!

   Инсониятга фарзандни неъмат қилиб берган Ҳақ субҳанаҳу ва таолога беадад ҳамду санолар, фарзандларни асраб-авайлашга ва уларни чиройли тарбия қилишга буюрган Расулуллоҳ (с.а.в.)га салоту саломлар бўлсин. Жаннат мўмин-муслумонлар унга доимо интилиб яшайдиган ва уларга бериладиган улкан мукофот ҳисобланади. Жаннатдаги ҳар бир нарса бу дунё ҳаётидан ўн чандон, юз чандон афзал саналади. Унинг васфи эса, Қуръони каримда жуда чиройли таърифланган. Шундай улуғ маскан райҳонлари фарзандлар ҳисобланади.

     Фарзанд – инсон ҳаётининг мазмуни, насл-насабини давом эттирувчиси, оиланинг мустаҳкам занжири. Яхши, солиҳ фарзанд – ота-онанинг бахт-иқболи, икки дунё саодатига етказувчи дилбандидир. Уни асраб-авайлаш берилган неъмат шукрини адо қилиш десак, менимча, муболаға бўлмайди. Фарзандлар беғубор ва меҳрга муҳтождир.

    Бизнинг юртимизда фарзандлар саломатлиги, уларнинг билим олиши, эмин-эркин униб-ўсиши доимо долзарб масалалар қаторидан жой эгаллайди. Ҳозирги кунда юртимизда улар учун спорт масканлари, илм даргоҳлари ва дам олиш оромгоҳлари кундан кунга кўпайиб бормоқда. Бу йил «Соғлом она ва бола йили» муносабати билан жуда кўп ислоҳотлар амалга оширилди. Бу эса, Президентимизнинг:  “Фарзандларимиз биздан кўра кучли, биздан кўра билимли, биздан кўра доно ва албатта, биздан кўра бахтли бўлишлари лозим” деган сўзларини бевосита тасдиқлаб келмоқда.

    Аммо, минг афсуслар билан айтамизки, кўзларимиз оқу қораси, келажагимиз пойдевори бўлган беғубор болаларни ўз манфур мақсадлари йўлида ҳалок қилаётган бераҳм ва имонсиз кимсалар ҳам йўқ эмас, албатта. Бу инсофсиз кимсалар ҳали яхши ва ёмонни ажратишни билмай, энди ҳаётга қадам қўяётган қалби пок болаларга портловчи моддалар ўрнатиб, инсонлар ҳалок бўлишини четдан томоша қилишни мусулмончиликдан деб ҳисоблайдиларми?!

   Йўқ!!! Ислом дини – тинчлик, осойишталик дини. Ислом дини фарзандларга озор беришдан қайтаради. Нафақат  фарзандлар, балки барча инсон зотига озор бериш  ҳаттоки, унга азият берувчи бирор сўз айтишига ҳам йўл қўймайди. Расулуллоҳ (с.а.в.)дан ривоят қилинган бир ҳадисда: “Комил мусулмон бошқа мусулмонлар унинг тили ва қўлидан озор чекмайдиганларидир”, дедилар. Агар бу манфур кимсалар ўзларини “мусулумон” деб аташса, қани? қайси ишлари бизнинг динимиз қоидаларига тўғри келяпти?! Уларнинг инсонийликдан, диндан, бугунги кун ҳаётидан анча йироқда эканликлари маълум бўлиб турибди-ку!

  Ҳозирги кунда динни ниқоб қилиб олган ИШИД террористик гуруҳи хотин-қизларни бозорда нархлашлари, қизларни хорлашлари ҳеч қайси ислом мезонларига тўғри келмайди. Аммо, бу кимсалар учун бу шафқатсизликларнинг бари оддий ҳол ҳисобланади. Ҳаттоки ёш гўдакларни ҳам ўзларининг махсус лагерларида вахшийликка, шафқатсизликка ўргатиб, уларни бераҳм қилиб тарбиялашлари жуда ачинарли ҳолатдир. Улардан қочган бир инсоннинг айтишича:

  “Суриянинг Раққа шаҳрида олтита махсус лагер бўлиб, ундан ҳар ҳафтада 25-30 бола тўлиқ ҳарбий тайёргарликдан ўтиб, “жаллод” бўлиб етишиб чиқади. Улар бу лагерда амалий машғулот сифатида асирга тушган тирик инсонлардан фойдаланишади”.

   Доно халқимиз айтгандек, бола оппоқ қоғозга ўхшайди. Унга  нимани туширсангиз, шуни ўқисиз. Унга гўзал сатрлар битсангиз, уни ҳар қўлингизга олганингизда ҳузур-ҳаловат оласиз. Аммо акси бўлса, уни ўчириб ташлашнинг ҳеч ҳам иложи йўқ. Агар минг меҳнат билан уни ўчирсангиз ҳам у аввалгидек оппоқ бўлмайди, ёзилганлардан доғлар қолади.

   Бизнинг бу йўлдаги ҳизматимиз – фарзандимизга чиройли тарбия бериш, уни теран фикр соҳиби бўлиши ва жамиятда ўз ўрнини эгаллашига ёрдам беришидир. Уларга бу неъматларнинг шукрини адо қилиш – мустақилликни мустаҳкамлаш ва юрт равнақи учун ўз ҳиссасини қўшиш билан бўлишини тушунтира билишимиз лозим!

 

«Хадичаи кубро» аёл-қизлар

ўрта махсус ислом билим юрти

4-курс талабаси Моҳирахон Алишержонова

Top