muslim.uz

muslim.uz

Иордания ҳукумати қиролликдаги барча масжидлар яқинда қуёш энергиясидан фойдаланишга ўтишини  эълон қилди.

Иордания араб мамлакаталари ичида қуёш энергиясидан фойдаланиш бўйича етакчи ўриндадир.

Иордания вақф ва Исломий ишлар вазирлиги ҳамкорлигида амалга оширилаётган лойиҳада мамлакатдаги 6000 масжид тепасига қуёш батареялари ўрнатиш мақсад қилинган.

Иордан расмийлари хабарига кўра, мамлакатда ҳар йили 150 та масжид қурилмоқда.

 





4 май куни Россия Федерациясининг Санкт-Петербург шаҳрига жўнаб кетган Ўзбекистон мусулмонлари идораси вакиллари шу куни Санкт-Петербург ва Шимоли-ғарбий минтақа мусулмонлари идораси раиси, муфтий Равиль Панчеев билан учрашди.

Учрашувда Р.Панчеев Ўзбекистон ҳукумати ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳақида илиқ гаплар айтди. Айниқса, диний экстремизга қарши курашиш борасида ўзбекистонлик имомлар иши эътиборга лойиқ эканини таъкидлаб, мазкур делегацияни таклиф қилишдан мақсад улар билан тажриба алмашиш эканини маълум қилди. Р.Панчеев ушбу ташрифнинг аҳамиятига тўхталар экан, унинг, айниқса, Санкт-Петербургда яшаб, меҳнат қилаётган ўзбекистонликлар учун зарурлиги, уларга ўз она тилларида маъруза қилиш, уларни турли бузғунчи оқимлар таъсиридан сақлашга хизмат қилади, деди.

Шундан сўнг Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Иброҳим Иномов Ўзбекистон мусулмонлари идораси номидан Санкт-Петербург мусулмонлари идорасига ва муфтий ҳазратларига таклиф учун миннатдорчилик билдириб, Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳар қандай бузғунчи гуруҳларга қарши курашишда ҳамкорликка тайёр эканини билдирди. И.Иномов учрашув сўнгида Р.Панчеевга диний идора томонидан нашр этилган янги нашрлардан намуналар тақдим этди.

Учрашувда Россия ОАВ мухбирлари ҳам иштирок этиб, йиғилиш тафсилотларини даврий нашрлар ва интернет саҳифаларида ёритди.

Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг
Халқаро алоқалар бўлими
MUSLIM.UZ

Пятница, 05 Май 2017 00:00

Қирқ кунда иш одат бўлади

Яратганга шукрки, масжидларимиз сони кўпайиб, намозхонлар сони ҳам ортиб бораётир. Яқинда президентимиз буюк аллома бобомиз Имом ат-Термизий номидаги жоме масжидини тубдан қайта қуриш, атрофларини гўзал масканга айлантириш юзасидан муҳим кўрсатма ва топшириқлар берди.

Юртимиз масжидларида яйраб ибодат қилиш учун ҳамма шароитлар муҳайё. Таҳоратхонага кирсангиз,топ-тоза: жўмракнинг бошини бир тарафга  бурасангиз, иссиқ сув; бошқа томонга бурсангиз совуқ сув; ўртасига олсангиз илиқ сув. Оёқни артиш учун алоҳида, юз учун алоҳида сочиқ. Истасангиз, иссиқ шамол пуркагич мослама ҳам ишлаб турибди. Намозхонага тўшалган гиламларнинг майинлиги оёғингизга ёқиб танангиз роҳатланади...

Бундай қулай шароитлар дунёнинг кўплаб мамлакатларида йўқ. Буни ўз кўзи билан кўриб келган юртдошларимиз кўп... 

Алишер Навоий ҳазратлари намозга бепарво бўлган бир ўспирин ҳақида қизиқ воқеани ёзган экан. Мазмуни бундай: иймонли-эътиқодли, тақводор бир одамнинг ўйинқароқ боласи бор экан. Отаси ана шу боласига намоз ўқитишнинг ҳамма усулларини қўллаб кўрибди – бўлмабди.

Фарзандининг боши саждага тегмай улғаяётганидан куйган донишманд ота ўғлига намоз ўқитишнинг антиқа усулини ўйлаб топибди. Бир куни ўғлини ёнига ўтқазиб кўп яхши гаплар гапирибди. Кейин айтибдики, “Эй дилбандим, сенга бир таклифим бор: агар намозни ҳеч канда қилмай қирқ кун ўқисанг, қирқ танга мукофот бераман”, дебди. Бу таклифга ўғли дарҳол рози бўлибди ва қирқ кун намозини ўқибди. Кейин отасидан ваъда қилинган мукофотни талаб қилибди.

Отаси: “Болажоним, одам бир ишни узлуксиз қирқ кун қилса, унга ўша иш одат бўлади. Мен сени намозга қизиқтирай, зора, шу билан намозга кириб кетса, дея умид қилиб қирқ кун деган эдим”, дебди. Буни эшитган ўғли отасига қараб туриб: “Билувдим бермаслигингизни, шунинг учун ҳамма намозни таҳорат олмасдан ўқиган эдим”, дебди.

Бундан ташқари, намоз ўқилаётгандаги ҳолатлар ҳам бор. Намоз ўқишни бошлаганингиз заҳоти шайтон васваса қиладими, одамнинг нафсими – қаёқдаги бемаза нарсалар эсга келаверади. Ҳар хил нарсалар ёдига тушавергани, арзимас нарсалар ҳам кулгили туйилаверганидан қийналиб кетган бир киши дўстидан: “Намозда нимани эслайсан?” деб сўраган экан, айни шу кайфиятда юрган дўсти “Худодан бошқа ҳамма нарсани” деб жавоб берибди.

Ана шундай кераксиз хотиралар оқибатида одам намознинг завқини ҳис қилолмай қолади, ҳатто қайси сура ўқилаётганини ҳам эътибордан қочириб қўяди. Шайх Саъдийнинг “Гулистон”ида ёзилишича, бир одам кечқурун катта дастурхон тузатибди, сархил таомлар тайёрлатибди. Сўнг ўғлига: “Масжидга бориб пойлаб тур, одамлар шом намозидан чиқади. Намозхонларнинг ҳаммасини уйга бошлаб кел”, дебди. “Хўп бўлади”, деб чиқиб кетган болакай масжид эшигининг олдида туриб чиққан одамдан: “Имом Фотиҳадан кейин қайси сурани ўқиди?” деб сўрайверибди. Одамлар бошини сарак қилиб “билмадим” деб чиқиб кетаверибди. Фақат битта одам “фалон сурани” деб жавоб берибди. Бола ўша одамни уйига эргаштириб келибди-да, отасига “Масжидда битта намозхон бор экан, ўшани олиб келдим”, дебди.

Қизиқ, ўша бола бугун ҳам масжидларимизга келса, қанча одамни намозхон ҳисоблар экан... 

Иймонингизни имтиҳон қилиш учун “Нега намоз ўқийсиз?” деган саволга берилган қуйидаги жавоблардан бирини танлаб кўрмайсизми?  

  • Аллоҳ буюргани учун
  • Отанинг тергашлари таъсирида
  • Эрнинг мажбурлаши сабабли (аёллар учун)

4- Эл кўзи учун

5- Намознинг ҳузурбахшлиги учун

6- Ибодатимизни намойиш этмоқ учун

7- Ўша вақт шу ибодатни қилиш ботинимиздан келгани учун

8- Аллоҳ таолонинг бизга кўрсатган икромининг шукронаси учун

9- Намозни ташлаб қўйишнинг оғир гуноҳ эканини тушунганимиз учун

10- Кўнглимиздаги шубҳа-гумоннни яшириш учун

11-Намоз ўқиш урф бўлгани учун

Дамин ЖУМАҚУЛ,

журналист

Иккинчи жаҳон  уруши қатнашчиси Гамик Закиевни Қизил Юлдуз ордени билан мукофотлаш тўғрисидаги буйруқ расман бундан 72 йил бурун чиққан эди.

Унга ўша мукофотни топшириш тантанаси Ўзбекистон мудофаа вазири ўринбосари генерал-лейтенант Баҳодир Тошматов ва Россия федерациясининг мамлакатимиздаги элчихонасининг ҳарбий атташеси Сергей Чернышев иштирокида Бухорода бўлиб ўтди.

211-ўқчи дивизияси командири кичик лейтенант Закиев 1944 йилнинг 7 ноябрида Чехословакияни озод қилишда кўрсатган жасорати учун тақдирланган эди. 92 ёшга тўлган уруш ветерани бугунги кунда кўплаб фарзандлари ва набиралари ардоғида умргузаронлик қилмоқда.

 

Аждодлар руҳига ҳурмат халқимизнинг энг олий фазилатларидан биридир. Ўзбек халқи ватани, халқининг фаровонлиги, тинчлиги йўлида жонини фидо этган фарзандларини ҳеч қачон унутган эмас. Ислом дини инсон наслини мукаррам санайди, Аллоҳнинг махлуқотлари ичидаги энг азизи ва эҳтиромга муносиби деб баҳолайди. Инсон азиз ва мукаррам экан, унинг ёши ҳам, қариси ҳам, аёли ҳам, эркаги ҳам баробар қадр-қимматга эгадир. Хотира ва қадрлаш тушунчаси чуқур маънога эгадир.  Инсоният Иккинчи жаҳон урушида қатнашган, ўша аёвсиз жангу-жадалда қаҳрамонларча ҳалок бўлганлар хотирасини асло унутмайди.

9 май – “Хотира ва қадрлаш куни” мамлакатимизда умумхалқ байрами сифатида кенг нишонланади. Инсон хотира билан тирик, қадр билан улуғ. Ўтганларни, уларнинг хайрли ишларини, жасоратини ёдга олмоқ, эъзозламоқ халқимизга хос эзгу фазилатлардандир. Бинобарин, хотира бу – унутмаслик, деганидир. Соҳибқирон Амир Темур ҳам сўзини “Бизким...” дея ўз Ватанини, халқини, аждодларимиз ҳурматини бажо этиш билан бошлаган. Ўз навбатида, Мирзо Улуғбек ҳам, шоир ва саркарда Бобур ҳам, шоирлар султони Алишер Навоий ҳам аждодлар руҳига муносиб, буюк ишларнинг давомчиси бўлишга интилганлар. Шунинг билан бирга, хотира – тириклик чашмасидир. Ундан имон-эътиқод билан сув ичганлар авлоди қудратли ва салоҳиятли бўлади.

Иккинчи жаҳон урушида ҳалок бўлган минглаб юртдошларимиз хотирасини ёд этиш, оловли жанглардан омон қайтган боболаримизга, оғир кунларни сабр-бардош билан енгган, машаққатли дақиқаларда ҳам ўзлигини йўқотмаган, имони бутун юртдошларимизга ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш том маънода миллий қадриятга айланди. Ўтганларни, уларнинг хайрли ишларини, жасоратини ёдга олмоқ, эъзозламоқ халқимизга хос эзгу фазилатлардан, қолаверса, бу бугун том маънода миллий қадриятга айланди.

Қуръони каримда Аллоҳ таоло: “Улардан кейин (дунёга) келган зотлар айтурлар: “Эй Роббимиз! Ўзинг бизларни ва биздан илгари иймон билан ўтганларни мағфират этгин ва қалбиларимизда иймон келтирган зотларга нисбатан гина пайдо қилмагин! Эй, Роббимиз! Албатта, сен меҳрибон ва раҳмли зотдирсан”, деб марҳамат қилади. (Ҳашр сураси, 10-оят).

Ушбу оят вафот этган кишиларнинг орқаларидан хайрли дуолар билан эслаш, яхши амаллардан эканига далолатдир.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадиси шарифларида: “Бу дунёдан ўтган биродарларингизнинг яхши сифатларини эсланглар, уларнинг ёмон сифатларини эслашдан сақланинглар”, деб марҳамат қилганлар.

Шундай экан, ўтган аждодларимизни ҳамиша хотирлаб, бизларга қолдириб кетган бой маънавий-маърифий меросларини ўрганиб, ҳаётимизга изчил татбиқ этишиб боришимиз керак.

Халқимизга хос бўлган меҳр-оқибат, мурувват ва ҳиммат барча байрамларимиз сингари “Хотира ва қадрлаш куни” мисолида ҳам ёрқин намоён бўлади.

Инсон – ҳаёт гултожи. Унинг қадри, ҳурмати ҳар доим эъзозга лойиқ. Халқимизга хос хислатлар ҳақида айтадиган бўлсак, албатта, қадр-қиммат, меҳр-оқибат каби фазилатлар тилга олинади. Кексаларни ардоқлаш, кўмакка муҳтожларнинг ҳурматини жойига қўйиш қон-қонимизга сингиб кетган фазилат. Айниқса, ўтганларни хотирлаш, азиз отахон-у онахонларнинг дуосини олмоқлик саодати ўзгача.

Хотира шундай руҳий-маънавий қудратки, у инсоннинг инсонлигини англатувчи, уни ўтмиш ва истиқбол билан боғлаб турувчи буюк қадрият, илоҳий қудратдир. Хотирлаш – халқ манфаати учун курашган, эл-юрт ҳурматига сазовор бўлган кишиларни эслашдир. У оламдан ўтган аждодларни эслашгина эмас, асрлар мобайнида Ватан учун курашда ҳалок бўлганлар хотирасини ҳурматлаш ҳамдир.

9 май – “Хотира ва қадрлаш куни” муносабати билан халқимизнинг эзгу фазилатлари янада ёрқин намоён бўлади. Иккинчи жаҳон уруши даҳшатларини бошдан кечирган кишилар осойишталикни дилдан ҳис қилган, унинг нақадар муҳим эканини англаб етиб, бу йўлда Ватанини, оиласини, ўзлигини ҳимоя қилиш учун иккиланмасдан жонини гаровга қўйиб хизмат қилганлар. Минг афсуски, ҳозирги кунда уларнинг сафлари тобора камайиб бормоқда. Ёшлигининг навқирон чоғларини уруш оловларида, жанггоҳларда ўтказиб, бугунги тинч ва осойишта ҳаётимиз учун курашган инсонлар жасорати беқиёсдир. 

Шу ўринда Иккинчи жаҳон урушида ҳалок бўлган минглаб юртдошларимиз хотирасини ёд этиш, оловли жанггоҳлардан омон қайтган боболаримизга, оғир кунларни сабр-бардош билан енгган, машаққатли дақиқаларда ҳам ўзлигини йўқотмаган, юртдошларимизга ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш том маънода миллий қадриятга айланди. Бу ҳол ёшларни юртпарварлик, меҳнатсеварлик, аждодларининг энг яхши анъаналаридан фахрланиш, уларга муносиб ворислар бўлиш руҳида тарбиялашда беқиёс аҳамиятга эга.

Хотирани асраш, хотирани эҳтиёт қилиш – бу бизнинг ўзимиз ва авлодлар олдидаги ахлоқий бурчимиздир. Хотира – бизнинг бойлигимиздир.
Кечаги кун сабоқларини, халқимиз келажаги йўлида жон фидо қилган инсонларни хотирлаш бугунги кунимизни қадрлашга ўргатади. Хотира бу – тарих. У кечаги  ўтмишни, аждодлар ўгитини, миллий меросимизни англатиб турувчи – муқаддас китоб зарварақларидек ҳаётимизни ёритиб туради. Шу боис, инсон ўз хотира бойликларини қадрлайди.

Бугун нишонлаётган байрамимиз шундай бир кунки, у шу юртда яшаётган ҳар қайси оила, ҳар қайси хонадон учун бевосита дахлдор бўлган, уларнинг ҳаётида қандайдир чуқур из қолдирган тарихий санадир.

Аллоҳ таоло жонажон юртимиз келажаги йўлида қурбон бўлган, фронт ортини мустаҳкамлаш йўлида фидокорона меҳнат қилган, заҳмат чекиб ўтган ота-боболаримизни, юртдошларимизнинг барчаларини ўз раҳматига олиб, табаррук ёшдаги оталаримиз ва оналаримизнинг умрларини узоқ қилсин! 

Бекмурод САҲРИЕВ,

Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Қашқадарё вилояти вакиллиги масъул ходими

 

Top