Мақолалар

Зикрнинг фойдалари ҳақида солиҳларнинг сўзлари

Умму Дардо розияллоҳу анҳо Аллоҳ таолонинг “Албатта, Аллоҳнинг зикри буюк ишдир” деган ояти каримасини қуйидагича тафсир қилганлар: “Намоз ўқишинг ҳам Аллоҳни зикр қилишдандир. Рўза тутишинг ҳам Аллоҳни зикр қилишдандир. Қиладиган ҳар бир яхши амалинг ва гуноҳ бўладиган ҳар бир ишдан сақланишинг ҳам Аллоҳни зикр қилишдандир. Бундан ҳам афзали эса Аллоҳни нолойиқ бўлган сифатлардан поклашдир”.

Фузайл ибн Иёз раҳматуллоҳи алайҳ Аллоҳ таолонинг “Бас, мени эслангиз, сизни эсларман”деган ояти каримани: “Мен буюрган ибодатларни бажариш билан мени эсга олинглар. Мен ҳам сизларни қилган гуноҳларингизни мағфират қилиш ила сизларни эсга оламан” деб, тафсир қилганлар.

Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳнинг олдиларига бир аёл келиб, “Эй Абу Саид! Аллоҳни зикр қилганимда қалбим юмшайди. Зикр қилмаганимда эса нафсим мени ёмон ишларга ундайди” деди. Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳ: “Сен қалбингни ислоҳ қиладиган нарсани қилавер, яъни Аллоҳни зикр қилишда бардавом бўлавер”, дедилар.

Абу Убайда раҳматуллоҳи алайҳ айтадилар: “Инсон Аллоҳни зикр қилиб юрганида худди намоздаги киши каби бўлади. Агар зикр вақтида тили ва қалби ҳаракатланса, бу янада фазилатдир.”

Суҳайл ибн Ҳанзала раҳматуллоҳи алайҳ атадилар: “Менга айтилишича, қайси бир қавм Аллоҳни зикр қилиш учун тўпланса, ўринларидан туришларидан олдин уларга: “Гуноҳларингиз кечирилган ҳолатда туринглар. Батаҳқиқ сизларнинг ёмон ишларингиз ҳасанотга алмаштирилди” деб, нидо қилинади.

Манба: Доктор Ваҳба Зуҳайлий. “Усулул иймон вал ислом”. 180-бет.

azon.uz

 

4070 марта ўқилди

Мақолалар

Top