Мақолалар

Муаммони ўзимиз пайдо қиламиз (Учинчи мақола)

Муаммони ўзимиз пайдо қиламиз (Учинчи мақола)

Ер

Жисмимизда Менделеев тузган кимёвий жадвалдаги моддалардан қайси бири: карбон, кислород, фосфор, гугурт, азот, калций, хлор, темир, мис, йод, алюминь ва бошқалар бўлса, уларнинг ҳаммаси тупроқнинг таркибида ҳам бор. Очиқроқ қилиб айтсак, Аллоҳ таолонинг изни иродаси ила жонимиз – Унинг Ўзининг, жисмимиз эса она заминимизнинг бизга берган омонати. Шу жумладан, танамизнинг тириклигини паймонамиз тўлганга қадар таъминлаб турувчи моддалар ҳам. Шунинг учун ҳам “она замин” деймиз-да.

Отамиз Одам алайҳиссаломнинг яратилиши қиссаси Бақара сурасида қуйидагича баён этилади:

وَإِذْ قَالَ رَبُّكَ لِلْمَلاَئِكَةِ إِنِّي جَاعِلٌ فِي الأَرْضِ خَلِيفَةً قَالُواْ أَتَجْعَلُ فِيهَا مَن يُفْسِدُ فِيهَا وَيَسْفِكُ الدِّمَاء وَنَحْنُ نُسَبِّحُ بِحَمْدِكَ وَنُقَدِّسُ لَكَ قَالَ إِنِّي أَعْلَمُ مَا لاَ تَعْلَمُونَ

“Эсла, вақтики Раббинг фаришталарга: "Мен ер юзида халифа қилмоқчиман", деди. Улар: "Унда фасод қиладиган, қон тўкадиган кимсани қилмоқчимисан? Ва ҳолбуки, биз Сенга тасбиҳ, ҳамд айтиб ва Сени улуғлаб турибмиз", дедилар. У: "Мен сиз билмаганни биламан", деди” (30 - оят).

Аллоҳ таоло тупроқдан лой қилиб, уни одам шаклига келтириб, сўнгра руҳ киритди. Шу туфайли замин “она”миз бўлди.

Ерни ҳаёт манбаи деб билган, ерда ота-боболаримизнинг хоки ётгани учун ҳам аждодларимиз ерни эъзозлаган. Унга ҳатто қадамларини ҳам қаттиқ ташламаган. Бунда азалдан халқ даҳоси шакллантириб келган миллий тарбия билан бирга динимиз таълимотининг ҳиссаси катта бўлган. “Туркистон шайхул машойихи” (Алишер Навоий таърифи) Аҳмад Яссавий ҳазратлари эса ҳикматларининг бирини:

Бошим тупроқ, ўзим тупроқ, жисмим тупроқ.

Ҳақ васлига етарман деб руҳим муштоқ, –

деган байт билан бошлаган эди. Яъни Ҳақ васлига етиш учун инсон тупроққа айланмоғи – жони ва жасади бўлган омонатларни соҳибларига қайтармоғи керак. Ерни, тупроқни муқаддас билиб эъзозлаган шарафли аждодларнинг бугунги авлодларига нима бўлди?

Инсониятни ўзига оҳанрабодек тортаётган моддиятпарастлик иллати ерга бўлган муносабатимизга ҳам жиддий таъсир этмоқда. Ерни битмас-туганмас хазиналар манбаи билиб унинг бағрини ўйишлар тобора чуқурлашиб бораётир, ердан хўжасизларча фойдаланиш, унга меъёридан ортиқ кимёвий дорилар ишлатиш оқибатида “ер эрозияси”, “ер деградацияси”, “ер таназзули”, “ерларнинг шўрланиши”, “ер чўлланиши”, “ер қурғоқчилиги”, “ернинг ботқоқланиши”, “тупроқ унумдорлигининг пасайиши” каби иборалар пайдо бўлди.

Шуни ёдда тутмоғимиз керакки¸ Ер шари яшаш мумкин бўлган ягона сайёра ҳисобланади. Аммо у асло битмас-туганмас хазина манбаи эмас. Зеро, Аллоҳ таоло муборак Каломида:

إِنَّا كُلَّ شَيْءٍ خَلَقْنَاهُ بِقَدَرٍ

“Албатта, Биз ҳар нарсани ўлчов билан яратдик” (Қамар сураси, 49-оят), деб қўйибди.

Ер юзасининг 29,2 фоизи қуруқлик, холос. Қолган қисми эса уммону денгиз – сувлик. Ердан оқилона фойдаланмаслик, нимага ўхшайди, биласизми? Бир одам дарахтнинг баланд шохига чиқиб олади-да, боласига айнан шу шохнинг тагида кузатиб туришни айтиб, ўзи миниб ўтирган шохни кеса бошлайди. Шох кесилгандан сўнг у боласининг устига йиқилиб уни ҳам нобуд қилади, ўзи ҳам нобуд бўлади.

Ернинг ҳосилдорлиги камайиб бораётгани, тупроқ эрозияси, чўлланиш жараёнининг кенгайиб бораётганидан нолиб юришни одат қилиб олганмиз-у, аммо шу ишларнинг сабабчиси айнан ўзимиз – Одам Ато фарзандлари эканимизни хаёлимизга ҳам келтирмаймиз. Саноат, урбанизация, кимёвий корхоналарнинг бемисл тезликда кўпайиб бораётгани ернинг аҳволига жиддий таъсир кўрсатмоқда.

Шуни эътиборга олиш керакки, умумий ер майдонининг 80 фоиздан ортиқ қисми чўл ва яримчўлдан иборат бўлган Ўзбекистон иқтисодиётида ҳам деҳқончилик муҳим ўрин тутади. Шунинг учун Президентимиз Шавкат Мирзиёев: “Қишлоқ хўжалигини янада ислоҳ қилиш бўйича устувор вазифа — аввало, ер ва сув ресурс­ларидан оқилона фойдаланишдир”, деган эди.

Ер юзида инсонларнинг сони кўпайгани сайин озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган талаб ҳам ортиб бораётир. Бироқ шаҳарларнинг кўпайиши ва кенгайиши, йирик-йирик саноат корхоналари барпо этилиши учун ўрмонлар беаёв кесилмоқда, яйловлар, унумдор ерлар майдони қисқариб бормоқда. Бунинг оқибатида биологик турлар қисқариши давом этаяпти, чўлланиш янада кўпроқ унумдор ерларни ўз домига тортмоқда. Иқлим ўзгаришининг фалокатли оқибатлари юз кўрсата бошлаганига анча бўлди. Яъниким, истеъмолчилар сони ортаётир ва унга акс тарзда унумдор далалар камайиб бораётир. Иқтисодчи олимлар дунё бўйича аҳоли ўсишига нисбатан икки баробар кам миқдорда буғдой етиштирилаётганини айтмоқдалар. Ер юзи аҳолисини озиқ-овқат билан таъминлаш ҳам трансмиллий компанияларнинг бизнесига айланиб кетгани боис улар бугун оладиган даромадига мафтун бўлиб кимёвий дориларга зўр бераётир ва ернинг аҳволини тобора ёмонлаштираётир. Узоқни кўзламасдан қилинаётган ишлар натижасида ер куррасининг ҳамма жойида табиий офатлар тез-тез юз бера бошлади. Бир жойда тошқин, бошқа ерда қурғоқчилик, тўфон, зилзила ва ҳоказолар.

Марказий Осиё давлатлари неча йиллардирки, Орол денгизи муаммоси билан курашиб келаётир. Бу борада мамлакатимиз сезиларли ютуқларни қўлга киритди ҳам. Орол денгизи ўрнида чўл шароитига мос бўтасимон экинлар экиш ана шундай чораларнинг бири саналади. Оролнинг қуриб қолган тубида табиий бўёқ олинадиган индиго ўсимлигини етиштиришга ЮНЕСКОнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси маслаҳатчиси, лойиҳа муаллифи, биология фанлари доктори, профессор, БМТ ҳузуридаги Экологик хавфсизлик халқаро академиясининг академиги марҳум Абдуқодир Эргашев илмий раҳбарлик қилди.

Унинг сўзларига кўра, кучли шўрланган ерларда битта ўсимлик – индигоферани (Indigo feratinctoria) ўстириш мумкин. Ундан эса табиий бўёқ олинадиган ноёб хом-ашё ажратиб олинади. Ҳозирда ЮНЕСКО, ЦЕФ (Германия) ва Урганч давлат университетининг (УрГУ) кўшма лойиҳаси ҳаракатлари билан индигофера Оролбўйи шароитларида муваффақиятли ўстирилмоқда.

Индигонинг фазилати шундаки, у қум барханларнинг учишига тўсқинлик қилади, шунинг баробарида дегредацияга учраган, шўр босган далаларни даволайди ҳамда ундан табиий буёқ ажратиб олинади. Суҳбатлардан бирида домла индигони фермерлар экин далаларини даволаш учун иккинчи экин сифатида экиб ҳосил олиши мумкинлигини ҳам айтган эди.

Дарҳақиқат, шундай қилинса, далаларнинг шўрини ювишга сарфланган сув ҳам тежаб қолинади.

Давлатимиз раҳбари Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедовнинг таклифига биноан 24 август куни Туркманбоши шаҳрида бўлиб, Оролни қутқариш халқаро жамғармаси таъсисчи давлатлар раҳбарлари кенгашининг мажлисида иштирок этиб сўзлаган нутқида Оролни қутқариш халқаро жамғармаси фаолиятини такомиллаштириш, ҳудудга инновацион ечимлар жорий этиш ва хорижий инвестициялар жалб қилиш, “яшил иқтисодиёт”ни ривожлантириш, илмий-амалий тадқиқотлар олиб бориш ва бошқа масалалар бўйича муҳим таклифларни илгари сурди.

Аммо Оролнинг ўрнини тўлиқ яшил ҳудудга айлантириш учун жуда катта маблағ, жуда ҳам кўп ишчи кучи ва жуда кўп вақт талаб қилинади. Бунга минтақадаги барча давлатлар биргаликда ҳаракат қилмоғи лозимлиги ҳам давлатлар раҳбарлари кенгаши мажлисида келишиб олинди.

Сайёрамизда она заминимизни сақлашга доир шунга ўхшаш муаммолар жуда ҳам кўп ва ўша муаммоларнинг барчасини ўзимиз пайдо қилганмиз. Энди эса ўша муаммоларни бартараф этиш билан машғул бўлмоқдамиз...

Дамин ЖУМАҚУЛ,

ЎМИ Матбуот хизмати

516 марта ўқилди

Мақолалар

Top