Мақолалар

Илм аҳлига ҳурмат

Динимиз ислом таълимотига кўра илмларига амал қилувчи уламолар Аллоҳ таоло ҳузурида энг шаънлари улуғ, қадрлари юксак зотлар ҳисобланади. Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг “Мужодала” сурасининг 11-оятида шундай марҳамат қилган:
“Аллоҳ сизлардан имон келтирган ва илм ато этилган зотларни (баланд) даража (мартаба)ларга кўтарур”.

“Зумар” сураси 9-оятида эса: “Айтинг: «Биладиганлар билан билмайдиганлар тенг бўлурми?!” деган.

Яъни олимлар билан жоҳил-илмсизлар Аллоҳнинг ҳузурида жазо ва мукофотда тенг бўлмайдилар. Олим киши илм олганлиги учун, одамларни Аллоҳнинг йўлига чақирганлиги ва ҳидоятга бошлаганлиги учун Аллоҳ таоло уни яхши кўради. Шу муҳаббат туфайли улар олимнинг ҳаққига дуо қиладилар. Бу эса олим бўлиш нақадар фазл эканини кўрсатади.

Расулуллоҳ (с.а.в) шундай деганлар: «Олимнинг обиддан устунлиги ҳудди ойнинг бошқа юлдузлардан фарқига ўхшайди».

Олим — илмни яхши билувчи шахс. Обид — ибодат қилувчи, доимо ўзи учун ибодат билан машғул киши. Осмонга қараган одамга ой катта бўлиб кўринади, у ер юзига нур сочади. Юлдузлар эса кичкина бўлиб кўринади, уларнинг нури ўз атрофини зўрға ёритаётгандек кўринади. Қоронғу кечада осмонга боққан инсон ойнинг юлдузлардан қанчалик афзал эканини дарҳол мулоҳаза қилади. Олим кишининг фазли ҳам шундайдир. Обидлар юлдузлар каби фақат ўзлари учун ёруғлик чиқарсалар, олим киши қоронғу кечада нур сочган ой каби жаҳолат зулматида юрган одамларга ҳидояти нурини сочади. Обиднинг манфаати фақат ўзи учун бўлса, олимнинг манфаати ҳамма учун бўлади.

Расулуллоҳ (с.а.в) яна бошқа ҳадисларида шундай деганлар: «Албатта, олимлар анбиёларнинг меросхўрларидир». Уламолар оддий кишилар эмас, Пайғамбарларнинг меросхўрларидир. Шундай экан илм аҳлларига нисбатан одобсизлик қилмаслик, уларга азият бермаслик лозим.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ таоло “Ким менга яқин бўлган бир бандамга нисбатан душманлик қилса унга қарши уруш эълон қилурман” деди” деганлар (Имом Бухорий ривояти). Ушбу ҳадисни изоҳлаб имом Абу Ҳанифа ва имом Шофеъий (р.а.) “Агар уламолар Аллоҳга яқин бўлишмаса ким ҳам у зотга яқин бўларди?!” дейишган.

Аллоҳ таоло “Ҳужурот” сурасида шундай марҳамат қилган: “Эй, мўминлар! Кўп гумон(лар)дан четланингиз! Чунки баъзи гумон(лар) гуноҳдир. (Ўзгалар айбини қидириб) жосуслик қилмангиз ва бирингиз бирингизни ғийбат қилмасин! Сизлардан бирор киши ўлган биродарининг гўштини ейишни хоҳлайдими?! Уни ёмон кўрасиз-ку, ахир! Аллоҳдан қўрқингиз…!”

Ушбу ояти каримага яхшироқ эътибор қилсак, Аллоҳ таоло бизларни турли асоссиз гумонлардан, инсонларни айбларини қидириб юришдан ва шу билан бир қаторда одамларни ортларидан ғийбат қилишдан қайтармоқда. Оятда ғийбат қилган кишини ўз биродарини ўлганидан кейин гўштини ейиш билан баробар манфур амал экани таъкидланмоқда. Бир мусулмон киши бошқа бир мусулмонни ортидан ғийбат қилиши шу даражада разил бўлса олимларни ғийбат қилишни қандай баҳолаш мумкин?!Машҳур муҳаддис олим Абул Қосим ибн Асокир шундай деганлар: “Билгинки, уламоларнинг гўштлари заҳарлидир. Ким бирор олимни ҳақорат қилса Аллоҳ таоло унинг ўлимидан аввал қалбини ўлими билан балога гирифтор қилади”.

Яъни илм аҳлларига нисбатан одобсизлик қилиб, уларнинг ортларидан гапирган киши гўё заҳарли гўшт егандек бўлади. Унинг бу қилган иши сабабли Аллоҳ таоло унинг ўзидан аввал қалбини кўр қилиб қўяди.
Юқоридаги келтирилган ва ундан бошқа кўплаб шаръий далиллардан хулоса қиладиган бўлсак инсонларни, айниқса, илм аҳлларини ҳақорат қилиш, ортларидан ғийбат қилиш, одамлар ўртасида обрўсизлантиришга уруниш шаръан ҳаром амалдир. Аксинча уларни қадрлаш, ҳурмат қилиш, насихатларига қулоқ тутиш эса марғуб ва матлубдир. Ҳазрати Али разияллоҳу анҳу айтганларидек: “Уламоларни яхши кўриш ҳам диёнатдир”. 

 

Абдурауф Ёрбеков
Ховос туманидаги «Абу Ҳанифа»
жоме масжиди имом-хатиби

ЎМИ Матбуот хизмати

688 марта ўқилди

Мақолалар

Top