Мақолалар

Жаннат ҳақида 7, дўзах ҳақида 7 хабар

Жаннатнинг бир неча даражалари бор. Ҳадиси шарифда айтилишича, Жаннатнинг энг баланд даражаси “Ал-Васл” деб аталади ва у фақат пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга ато этилади. Қуръони карим ва ҳадиси шарифда Жаннат кўп бора таърифланган. Уларга таяниб уламоларимиз қуйидагиларни баён қилганлар:

  1. Жаннатнинг энини осмону ер кенглиги билан қиёслаш мумкин.
  2. Жаннатда жазирама иссиқ ва қаҳратон совуқ бўлмайди.
  3. Унда зилол сувлар, ҳеч қачон ачимайдиган сут оқувчи дарёлар, инсон қанча ичса ҳам маст бўлмайдиган майлар ва муаттар ҳидли асаллар мавжланиб оқадиган анҳорлар бўлади.
  4. Жаннат боғларида мевали дарахтлар бениҳоя кўп.
  5. Жаннат аҳлларининг кийимлари ҳарир яшил ипак ва атлас матолардан бўлади.
  6. Жаннат аҳллари учун кўркам боғлар, аёллар ва хизматкорлар ҳозирлаб қўйилган.
  7. Жаннат аҳлларининг қалби турли салбий хислатлар – нафрат, ёвузлик ва ҳасад каби ёмонликлардан пок бўлади.

Шуни эътиборга олиш керакки, юқорида тилга олинган манфаатлар  дунё манфаатларига ўхшамайди. Ҳадиси қудсийда айтиладики, “Мен бандаларимга шундай ажойиб нарсалар яратдимки, у нарсаларни уларнинг кўзлари кўрмаган, қулоқлари эшитмаган ва уларнинг нима эканини ҳатто тасаввур ҳам қила олмайдилар...” Уламоларнинг айтишича, жаннат неъматларининг ердаги неъматларга номланиши ўхшайди, холос. Аслида эса улар бутунлай бошқа неъматлардир. Жаннатдаги энг буюк ажр – Аллоҳ таолонинг жамолини кўришдир.

Яна олимларимиз айтадиларки, имон аҳллари жаннатга фақат Аллоҳ таолонинг фазлу марҳамати ила кирадилар.

Дўзах – имонсизлар ва гуноҳкорлар тушадиган жой. Инсон Жаннатнинг гўзалликларини тасаввурига сиғдира олмагани каби дўзахнинг ваҳшатларини ҳам кўз олдига келтира олмайди. Қуръони каримнинг ояти карималари ва Пайғамбаримизнинг ҳадиси шарифларига таянган ҳолда дўзах ҳақида қуйидаги тасаввурларни ҳосил қилиш мумкин:

  1. Дўзах азоблари олов билан чекланиб қолмайди, у ерда совуқ ва зулмат билан азоблаш бўлади.
  2. Дўзах оташи дунё оловига ўхшамайди. Дўзах олови одамни кулга айлантириб юбормайди, ўлдирмайди, фақат азоб беради.
  3. Дўзахдан ўлиб ҳам қутулиб бўлмайди. Чунки Дўзах аҳллари ўлмасдир.
  4. Дўзах ўз аҳлини қаттиқ қичқириқ билан учқунлар отиб, оловлар пуркаб кутиб олади.
  5. Дўзахда кофирларни ва гуноҳкорларни жазолаш учун яна биз билмаган турли қийноқлар бор.
  6. Дўзах аҳллари Аллоҳ таолони кўрмайдилар.
  7. Дўзахдаги егуликлар очликни ва чанқоқни кетказмайди, аксинча, азоб-уқубатлар келтиради.

Робия ЖЎРАҚУЛОВА тайёрлади.  



733 марта ўқилди

Мақолалар

Top