Мақолалар

Болага тафаккур қилишни ўргатинг

Инсон ақл ва идрок соҳибидир. Ақл ҳақ билан ботил, ҳидоят билан залолат орасини ажратиб беради. Ёмонлик билан яхшилик ўртасини фарқлайди. Инсонни бошқа жонзотлардан ажратиб турувчи ва унинг асосий хусусиятини белгиловчи “фаҳм-фаросат, ўйлаш, англаш ва тафаккур малакаси”ни англатувчи атама “ақл” дейилади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ақл ҳақ ва ботилни ажратадиган қалбдаги нурдир», - деганлар.

Омир ибн Абдулқайс: «Ақлинг сени нолойиқ ишлардан қайтара олса, демак сен ақллисан», - деган.

Аллоҳ таоло инсон зотини ақл туфайли мукаррам этиб, уни барча жонзотлардан афзал қилди. Ақл сабабидан инсонга турли бурч ва вазифаларни юклади. Аллоҳ таоло Ўз иродаси ва қудрати ила инсонни ақлли қилиб яратди. Шунинг учун ҳам ислом таълимоти ақл ривожи ва тараққиётига катта аҳамият беради. Зеро, ислом дини ақл юритиш, фикрлаш, назар солиш ва ибратлашишга чақирувчи диндир. Ислом ақидасига кўра, илоҳий ваҳий билан ақл ўзаро зиддиятга бормайди, чунки пайғамбарларга берилган ваҳий ва ақл Аллоҳ таолонинг илоҳий туҳфалари ҳисобланади.

Ҳукамолар шундай дейишган: «Аллоҳ таоло фаришталарни ақлли, аммо нафсу ҳавосиз, ҳайвонларни ақлсиз, лекин нафсу шаҳват эгаси қилиб, Одамзотни эса ҳам ақл, ҳам нафсу шаҳват соҳиби қилиб яратди. Кимнинг ақли нафсу шаҳвати устидан ғолиблик қилса, у малоикалардан яхши, кимнинг нафсу шаҳвати ақлига устунлик қилса, у ҳайвондан ҳам ёмондир».

Бишр Ҳофий айтган қуйидаги сўзларни келтириш ўринлидир: «Агар инсонлар Аллоҳ таолонинг буюклиги ҳақида фикрлашса эди, Унга ҳеч қачон осий бўлишмас эди».

Имом Ғаззолий: «Илмнинг кўпайиши, маърифатнинг кенгайиши – тафаккур мевасидир», - дейди. Агар инсонда маърифат жамланса, ундан маърифат гулшани ҳосил бўлади. Зеро, маърифат маърифатни юзага келтиради. Инсоннинг энг катта мусибати бу тафаккур қилишдан маҳрум бўлишидир.

Ҳадиси шарифда: «Аллоҳнинг яратган махлуқот ва мавжудотлари тўғрисида тафаккур қилишга тенг келадиган бирор ибодат йўқдир», - дейилади (Мадорик тафсир китобидан).

 

Муслим АТАЕВ,

Фатво бўлими ходими

ЎМИ Матбуот хизмати

 

 

3260 марта ўқилди

Мақолалар

Top