Мақолалар

Дарё бўлиб яшайлик…

Атрофга назар солинг, ҳаётидан кўнгли тўлмасдан мудом нолиб юрадиган одамлар бисёр. Ким билан суҳбатлашманг бир дарди бор, нимадандир сиқилган ёки ишлари ўзи хоҳлагандек бўлмаяпти.    

Турмуш ташвишларидан чарчаб, муаммоларимга ечим тополмай устозим ёнига бордим.

– Устоз, бунчалар шўр пешона бўлмасам. Нимага қўл урсам натижасиз, кимга ишонсам хиёнаткор, камига дардмандлик ва касаллик, рўзғор ташвишлари белимни букиб қўйди, – дея шикоятимни бошладим.

Устозим пиёлада қўлимга сув узатди-да, унга бир сиқим туз аралаштириб, татиб кўришимни буюрди. Мен у айтгандек қилдим.

– Таъми қанақа экан? – сўради устозим.

– Шўрлиги худди пешонамникига ўхшайди, – деб жавоб бердим.

Устозим ортидан юришимга ишора қилиб, дарё томонга йўл олди. Эргашиб бордим. Дарё бўйига боргач, яна бир сиқим туз узатиб:

– Буни дарёга ташла, – деди.

– Хўп. – деб тузни дарёга ташладим.

– Энди, сувнинг мазасини татиб кўр.

Кафтимга сув олиб ичарканман устозимга боққанча хаёлимда энди нима дер экан деган фикр айланарди.

– Хўш, шўр эканми? Таъми қандай? – деди устозим.

– Яхши! Шўри умуман сезилмади. туз сувга сингиб кетибди.

Жавобимдан мамнун бўлган устозим бир оз сукут сақладида сўнгра насиҳат қилди:

– Ҳаёт қийинчиликлари бир сиқим туздек гап. Қалбингни кенг қилсанг, сезилмайди. Ҳаётда бир пиёла сувдек эмас, дарёдек бўлиб яшашни ўрган. Нолиганимиз билан муаммоларга ечим топилиб қолмайди. Аксинча номайи амолимизга ношукр дея битиб қўйилади, холос. Яхшиси, муаммоларга ечим топиш ҳаракатини қилиб қадарга рози бўлган ҳолда Аллоҳга илтижо қилмоқ афзалроқ. Чунки бизга ота-онамиздан-да меҳрибон бўлган Аллоҳ таоло ўз Каломида мусибатга қандай муносабатда бўлиш кераклиги ва ношукрларни дунё ва охиратда нималар кутиб тургани ҳақида шундай марҳамат қилади:

“Уларга (бу ношукрликлари туфайли) хорлик ва мискинлик битиб қўйилди ҳамда Аллоҳнинг ғазабига учрадилар” (Бақара, 61);

Бас, Мени ёд этингиз, (Мен ҳам) сизларни ёд этурман. Менга шукр қилингиз, ношукрчилик қилмангиз! (Бақара, 152);

“Яна Раббингиз эълон қилган (бу сўзлар)ни эслангиз: “Қасамки, агар (берган неъматларимга) шукр қилсангиз, албатта, (уларни янада) зиёда қилурман. Борди-ю, ношукрчилик қилсангиз, албатта, азобим (ҳам) жуда қаттиқдир” (Иброҳим, 7).

Меҳрибон Аллоҳ мусибат ва қийинчиликлардан чиқиш йўлини ҳам бизга ўргатиб шундай марҳамат қилади:

“Ёки ноилож одам дуо қилган вақтида (дуосини) ижобат қиладиган ва (ундан) ёмонлик (мусибат)ни йўқ қиладиган ҳамда сизларни Ернинг ўринбосарлари қиладиган зот (яхши)ми?! Аллоҳ билан бирга (яна бирор) илоҳ борми?! (Насиҳатдан) камдан-кам эслатма олурсиз” (Намл, 62).

Саидаброр УМАРОВ,

ЎМИ матбуот хизмати

2885 марта ўқилди

Мақолалар

Top