Мақолалар

Интернет фойдаланувчиларига эслатма!

Жамиятимизда яшаб турган инсонларнинг аксарига теккан “касалликлардан бири” бу – ўзи амал қилмаган нарсалар ҳақида гапириш ва беҳудага талашиб-тортишишликдир. Бу “вирус” шундай авж олдики, бутун бир жамият ушбу дард билан балоланди. Айниқса бу ҳолат ижтимоий тармоқлардан фойдаланувчи кимсалар учун гўёки кундалик юмушга айланди. Бир пайтлар фақатгина зиёли инсонларгина фойдаланадиган, ўзига керакли маълумотлар излаб, узоқдаги яқинлари билан хабарлашиб туриш учун мўлжалланган Фасебоок ижтимоий тармоғи эса, бугун фитналар майдонига, инсонларни тафриқа ва бўлинишга чақирадиган, ўзаро ҳурмат, ор-номуслар поймол қилинадиган “жанг майдонига” айлангандек гўё. Бир пайтлар “Кимдан хабар келди экан”, “нима янгиликлар экан”, дея киришга ошиққанимиз Фасебоокка бугун “ишқилиб тинчликмикан?”, “фалончи “домла” яна жонли эфир қилмадимикан?”, “фалончи унга “раддия” билдирмадимикан?”, “ҳар икки тарафнинг тарафдорлари яна бир-бирини устидан мазғава ағдармаяптимикан?”, деган хавотирда назар ташлайдиган бўлдик.

Бир қараганда бу ерда гўё ҳамма холис, ҳамма ватан ва халқ фаровонлиги учун жон куйдираётдандек кўринади. Қолаверса, бу жойдаги инсонларнинг ҳаммаси олим, ҳаммаси тақводордек сезилади. Ҳар икки тараф ҳам ўз тутган йўлини ҳақ деб билади. Бироқ, шоир айтганидек:

“Ҳар бир тепалик ҳам тоғ деб аталмас,

Ватан деган ҳар кимса, ватанпарвар эмас”.

Шунга кўра, кўзимизга зоҳиран “хақиқатпарвар”, “дин ва миллат ғамида” кўринаётган инсонларнинг аксари фақатгина шунчаки, томошабинлар эътиборини жалб қилиш, инсонларни бир-бири билан “ит-мушук” бўлаётганларини томоша қилиб “маданий хордиқ” чиқариш учунгина ушбу тармоқлардан фойдаланадилар. Буни эса фақатгина илм ва фаросат соҳиблари, ақл ва тафаккур эгаларигина англайдилар. Бу мақоламиз орқали эса, айнан шундай “динпарвар” ва “илмли” кишиларнинг ушбу “фаолиятлари” давомида содир этаётган қўпол хатолари ва хатарли ҳаракатлари тўғрисида тўхталмоқчимиз.

- Риё. Яъни, ўзини кўрсатиш. Бу иллат энг хатарли иллатлар ва гуноҳлар сарасига киради. Ижтимоий тармоқда бировни айбини ошкор қилиб, ўзича инсонларни бу кишининг ёмонлигидан огоҳ этаётганларнинг кўпида бу амал яққол номоён бўлади. Агар унинг нияти ростдан ҳам бир инсоннинг хатосини тўғрилаш бўлганда, бу ниятини чиройли насиҳат ва одоб ила айнан ўша камчилик эгасининг ўзига айтган бўларди. Чунки энг буюк насиҳатчи бўлган Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шунга буюрганлар.

- Ҳақлигини исботлаш учун талашиб-тортишиш. Бу ҳам динимиз таълимотларига зид амалдир. Чунки бу амал сабабли мусулмонлар жамияти ўзаро фирқаланишга, парокандаликка, бир-бирига нисбатан адоват ва душманчилик каби жудаям кўп қайтарилган гуноҳларнинг бошланишига сабаб бўлади. Агар бу тортишиш дин ва ақида масалаларида бўлса, кишининг иймонига зарар етиб қолишлик хавфи бўлади.

Ибн ал-Баззознинг қайд этишича, Имоми Аъзам (р.а.) кексалик чоғларида ўғли Ҳаммоднинг мутакаллимлар билан баҳс-мунозарада кўрганда: “Бизлар мунозара қилган пайтларда суҳбатдошимизнинг ҳақ ва тўғри йўлдан чиқиб қолишидан қўрқардик. Лекин сизлар мунозара чоғида суҳбатдошингиз ҳақ йўлдан чиқишини истайсизлар. Ҳар ким суҳбатдошини ҳақ йўлдан чиқармоқчи бўлса, уни куфр томон йўллайди, лекин унинг ўзи суҳбатдошидан олдинроқ куфр йўлига ўтган бўлади”, деган эканлар.

Уламолар айтадилар: “Ҳақиқий олимнинг иккита сифати бўлади: 1) ўзини кўрсатиш учун аҳмоқлар билан талашмайди; 2)Олимлар билан ҳам тортишмайди.

Амал қилмайдиган нарсалари ҳақида гапириш. Бу ҳам виртуал оламида “яшайдиганлар”нинг энг катта хатосидир. Киши кўпчиликнинг эътиборини тортиш учун гоҳида шундай постларни қўядики, уларни ўқиган кишилар беихтиёр энг тақволи ва энг боамал киши билан гаплашмоқдаман деб ўйлайди. Ваҳоланки, шундай пост эгаларининг аксари! Ўз ёзганининг ярмига ҳам амал қилмайди. Бу эса динимиз қаттиқ қоралаган гуноҳлардан биридир. Шунинг учун машҳур уламоларимиз ҳар бир гапираётган ва ёзиб қолдираётган сўзларига энг аввало ўзлари амал қилгач, сўнгра уни бошқаларга гапиришган. Мазҳаббошимиз Имоми Аъзам роҳматуллоҳни олдиларига бир киши келиб: “Эй Абу Ҳанифа, бугунги мавъизангизда қул озод қилишнинг фазилати ҳақида гапирсангиз, шоядки, қулларга енгиллик бўлса”, деб илтимос қилди. Имоми Аъзам “хўп”  дедилар. Лекин, бу ҳақда ўша суҳбатда эмас, балки, кейинги суҳбатда мавъиза қилдилар. Унда ҳалаги киши келиб: “Эй Имом, нега илтимосимни ўтган сафарги суҳбатизда бажармасдан бугун амалга оширдингиз”, деб сўраганида Абу Ҳанифа шундай жавоб берган эканлар: “Сиз ўтган сафар қул озод қилишни фазли ҳақида гапириб беришимни сўраган пайтизда мени қулим йўқлиги сабабли, ҳали бирорта қулни озод қилмаган эдим. Шунинг учун ўзим амал қилолмаган нарса ҳақида одамларга ваъз қилишни истамадим. Кейин мен бозорга бориб бир қул сотиб олдим ва уни озод қилдим. Сўнгра, сизнинг илтимосингизни бажардим”. Дарҳақиқат, аввало ўзи амал қилмаган нарсалар ҳақида гапириш инсонларга хеч қачон ижобий таъсир кўрсатмайди. Балки, уларда нафрат, истеҳзо ва тескари иш қилиш кайфиятини уйғотади ҳамда бу сабабли Исломга таъна тошлари отила бошлайди. Ҳикматларда айтилади: “Ёмон уламолар жаннатнинг эшиги олдида ўтириб олиб, сўзлари билан инсонларни жаннатга чорлайдилар. Амаллари билан эса уларни жаннатдан тўсадилар. Уни кўрган одамлар: “Агар уларнинг ҳузурида яхши нарсалар бўлганида эди, биринчилардан бўлиб ўзлари бундан фойдаланувчи бўлар эдилар”, дейишади”. Бу – айтган сўзига ўзи амал қилмасликнинг энг хатарли натижасидир. Одамлар амру маъруф қилувчи шахсни айтган сўзига ўзи амал қилмаётганини кўриб, унинг сўзини қабул қилишдан юз ўгирадилар ва: “Агар айтаётган сўзида яхшилик бўлганида эди, биринчилардан бўлиб ўзлари шу ишни қилишлари керак эди”, деб ўйлашади. Натижада унинг айтганига эмас, балки қилган ишига эргашиб кетишади.

Баъзи бир кишилар ўз сўзларини исботлаш, ўз обрўсини сақлаб қолиш ёки кўтариш учун сухбатдошининг айбини қидириш, фурсат топди дегунча унга мазғавалар ағдариб обрўсизлантириш учун бор имкониятини ишга солиб олган гўё. Бў йўлда бир-бирини турли хил хақорат ва масхаралар, ғийбатлар ва тухматлар, ҳаттоки энг хатарли сўз бўлган “Мунофиқ”, “Кофир”, “Атеист” каби атамалар билан    атаётгани муқаддас Ислом таълимотига, Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига мутлақо зиддир. Ваҳоланки, Аллоҳ таоло Мусо алайҳиссаломга Фиръавндек туғёнга кетган золимга ҳам қўпол гапиришни буюрмаган балки, юмшоқлик ила насиҳат қилишни буюрган. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кишиларни айбини қидиришдан, уларни масхара ва ғийбат қилишдан, беҳудага талашиб-тортишишдан, ўзгаларга лақаб қўйишдан, бадгумонликдан, мунофиқ ва кофир калимаси ила сўкишдан, низо ва тафриқага тушишдан қаттиқ қайтарганлар ҳамда жоҳиллардан юз ўгиришга, уларга “Омон бўлинглар”, дея чиройли хайр-маъзур қилишга Қуръони таълимотлари асосида буюрганлар.

Бугун ижтимоий тармоқларда турли-туман дин вакиллари, турли хил миллатга мансуб инсонларни учратиш мумкин. Айнан ғайридинларнинг кўз олдида мусулмонликни даъво қилганлар, олимликни даъво қилганларнинг ўзаро бир-бирига бехурматлиги сабабидан, юқорида зикр этилган динимиз кўрсатмаларига амал қилмаётганлиги сабабидан, Ислом динига, Ўзбек миллатига, аҳли илмларга нисбатан салбий фикрлар кўпайиб қоляпти. Бир шахснинг хатоси бутун дин ва миллат учун берилган баҳога сабаб бўлмоқда.

Азизлар! Унутманг! Сизга берилган ҳар қандай яхши баҳо бу Исломга, ўзбек миллатига, умрини илмга бағишлаган уламоларга берилган баҳодир. Аксинса, сизга билдирилаётган ҳар қандай салбий фикр ҳам айнан Исломга, миллатга ва уламоларга нисбатан бўлаётган одобсизликларга сабаб бўлади. Ислом учун, миллат учун, юрт ривожи ва халқ фаровонлиги учун ҳисса қўшолмасангиз, лоақал зарар ҳам келтирманг. Балки, ниятингиз яхшидир. Лекин, илм ва фаросат бўлмаса, ҳаргиз баҳс ва мунозарага киришманг. Чунки, “Қош қўяман деб, кўз чиқариб қўйишингиз” мумкин.

 

Олмазор туманидаги “Мевазор” масжиди имом ноиби: Исломов Ёрбек

256 марта ўқилди

Мақолалар

Top