Мақолалар

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти 73 ёшда

“Эй имон келтирганлар! Ёппасига итоатга киришингиз ва шайтоннинг изидан эргашмангиз! Албатта у сизларга аниқ душмандир”.

Қуръони Каримнинг Бақара сураси, 208-оят 

Ер юзида тинчликни ва хавфсизликни таъминлаш, давлатларнинг ва миллатларнинг ўзаро хамкорлигини ривожлантириш мақсадида 1945 йил 24 октябрда фашизм устидан ғалаба қозонган мустақил давлатларнинг ихтиёрий бирлашиш асосида тузилган энг йирик халқаро ташкилот.

БМТ Уставида кўрсатилгандек, у халқаро тинчлик ва хавфсизликни сақлаш, халқларнинг тенгхуқуқли бўлиши ва ўз тақдирини ўзи белгилаши қоидасига амал қилиб, миллатлар ўртасида дўстлик муносабатларини ривожлантиришни, иқтисодий, ижтимоий, маданий муаммоларни ҳал этишда халқлар ўртасида ҳамкорлик бўлишини таъминлашни кўзда тутиб, шу умумий мақсадларга эришишда миллатлар ҳаракатини уйғунлаштириб турадиган маркази хисобланади.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ташкил топиши билан инсон ва шахс ҳуқуқларини ҳимоя қилишни халқаро ҳуқуқий тартибга солишни замонавий босқичига асос яратилди ва БМТ Уставида таъкидланганидек: “Биз, Бирлашган миллатлар халқлари, инсоннинг асосий хуқуқларига, инсон шахсининг қадр қимматига, эркак ва аёлларнинг тенг хуқуқларига ва катта кичик миллатлар хуқуқларининг тенглигига ишончини қайта қарор топтиришга қатъий аҳд қилиб, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг ушбу Уставини қабул қилишга ва Бирлашган Миллатлар Ташкилотини таъсис қилишга розилик бердик!

Айни маҳалда, Бирлашган Миллатлар Ташкилотига аъзо давлатлар “Барча давлатлар ўртасида дўстона муносабатларни ривожлантириш учун таъминланиши зарур бўлган тинчлик адолат ва фаровонликнинг муҳим аҳамияти ҳисобланадиган инсон ҳуқуқлари ва асосий эркинликларининг ҳурмат қилиниши ва уларнинг ялпи аҳамиятини тан олиш” мажбуриятини ўз зиммаларига олдилар.

БМТ Устави барча давлатлар риоя этилиши шарт бўлган ягона халқаро ҳужжатдир.

Ўзбекистон Республикаси Мустақиликка эришгандан сўнг ўтмиш – 1992 йилнинг 2 мартида БМТга аъзо бўлди. Бугунги кунда ер юзида 270 дан ортиқ мамлакат мавжуд бўлиб, улардан 193 таси БМТга аъзо бўлган. Дунёдаги энг нуфузли ташкилот бўлмиш БМТнинг Бош Ассамблеяси биноси олдида Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи шу куни 2 март 1992 йилдан бери йуқорига  кўтарилган. 1993 йилнинг 24 августида БМТнинг Тошкентдаги ваколатхонаси очилди.

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг ва Бирлашган Миллатлар Ташкилоти тараққиёт Дастурининг Ўзбекистондаги доимий вакили хамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармойишига биноан Ўзбекистон Республикасининг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (Нью-Йорк шаҳри) даги доимий вакили фаолият юритадилар.

БМТнинг бир йиллик бюджети тахминан 2 миллиард долларни ташкил этади. Ўзбекистоннинг бадали – қарийб 270 минг доллардан иборат.

Ўзбекистон Республикаси БМТнинг тенг ҳуқуқли аъзоси сифатида бу энг нуфузли халқаро ташкилотнинг мақсад ва қоидаларига қатъий амал қилиб келмоқда.

Инсон хуқуқлари Умумжаҳон декларацияси Ўзбекистон Республикаси Мустақилликка эришгандан сўнг қўшилган биринчи халқаро ҳуқуқий ҳужжат бўлди ва у туфайли Ўзбекистон БМТнинг тегишли конвенциявий органларига ўзининг даврий миллий маърузаларини мунтазам равишда тақдим этиш орқали инсон хуқуқлари соҳасидаги халқаро мажбуриятларни изчиллик билан ва қатъий равишда бажариб келмоқда. Уларнинг тавсияларини бажаришда муҳтарам Президентимизни раҳномоликларида давлат органлари, фуқаролик жамияти институтлари, фуқароликнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари, оммавий ахборот воситалари ва бевосита фуқароларнинг ўзлари ҳам иштирок этмоқдалар. Инсон ҳуқуқлари Умумжаҳон Декларациясининг қоидалари Ўзбекистон Республикаси, инсоннинг сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқ ва эркинликларининг ишончли ҳимоя қилишни таъминлайдиган миллий қонунчилик меъёрларида ўз ифодасини топган.

1948 йил 10 декабрда Бош Ассамблеяси Инсон ҳуқуқлари Умумжаҳон Декларациясини эълон қилди ва қабул қилди. “Ҳар бир одам учун инсоннинг умумий ҳуқуқлари илк бор ўз ифодасини топган ушбу ҳужжат бугунги кунда 360 дан ортиқ тилда чоп этилган ва жаҳондаги энг кўп таржима қилинадиган ҳужжат хисобланади. Бу унинг универсал хусусиятга эга эканлиги ва кенг тарқалишидан далолатдир. Мазкур ҳужжат кўплаб янги, мустақил давлатлар конституциялари ва янги демократиялар учун намуна бўлиб хизмат қилмоқда, онгимизда эзгулик ва ёвузлик ҳақида фикр юритиш имконини берадиган мезонга айланди,” – деб тарифлади БМТнинг собиқ Бош котиби Пан Ги Мун.

Ушбу декларация мустақил Ўзбекистон Республикаси имзолаган энг биринчи халқаро ҳужжатдир (1991 йил 30 сентябрь). Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг “Инсон ва фуқароларнинг асосий хуқуқлари, эркинликлари ва бурчлари” деб аталган икки бўлими мазкур декларация талабларига тўла мос бўлиб, унда Ўзбекистон Республикасининг барча фуқаролари тенг хуқуқ ва эркинликларга эга бўлиши, жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахси ва ижтимоий мавқесидан қатий назар, қонун олдида тенглиги таъминланган. Республикамизда инсон ҳуқуқларига оид юздан ортиқ қонунлар қабул қилинган ва улар халқаро меъёрлар ва андозаларга мувофиқлаштирилган.

БМТ Бош Ассамблеясида Ўзбекистон Республикаси Президенти муҳтарам Президентимиз томонларидан минтақавий хавфсизлик ва барқарорлик муаммоларини ҳал этиш йўл-йўриғи дунё миқёсидаги муаммолар билан бирга қўшиб очиб берилди ҳамда Ўзбекистоннинг кенг кўламли ҳамкорликка оид ҳамма таклифларида уни БМТ фаолияти ва бу ташкилотнинг ихтисослашган муассасалари орқали амалга ошириш тамойиллари илова қилинди.

Давлатимиз раҳбари БМТ Бош Ассамблеясининг 72­-сессиясида жаҳоннинг энг юқори минбаридан туриб, мустақил Ўзбекистон ташқи сиёсатининг маънавий йўналиши инсонпарварлик, инсонийлик, ошкоралик, ҳуррият, ўз имкониятларига таяниш ва инсониятнинг ягона оиласида ўз тараққиёт йўлига эга бўлишлигини таъкидлаб, баён қилдилар.

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси БМТ тизимидаги иқтисослашган ташкилотлар фаолиятлари ва дастурларини бирлаштириб, Ўзбекистон Республикаси ҳукумати билан биргаликда белгиланган асосий йўналишларга қаратади. Ваколатхона таркиби БМТнинг: тараққиёт дастури (ПРООН), ахборот ва жиноятчилик билан алоқалар бўлими, гиёҳвандликка қарши кураш дастури, қочоқлар ишлари бўйича олий комиссар бошқармасининг ваколатхонаси, болалар жамғармаси (ЮНИСЕФ), саноатни ривожлантириш ташкилотининг ваколатхонаси (ЮНИДО), жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти, аҳоли жамғармаси ва бошқа кўпгина дастурлардан иборат.

“Бугунги кунда Ўзбекистон ҳудудларида ишлаётган БМТ билан ҳамкорлик дастур мамлакатни ривожлантиришга ўз ҳиссасини қўшиши шубҳасиз. Ривожланишга кўмаклашиш бўйича БМТ бирлашган дастури умумий стратегияси доирасида фаровонлик, ижтимоий хизматларни такомиллаштириши, барқарор экологик ривожланишни таъминлаш ва самарали давлат бошқарувини амалга ошириш борасидаги чора-тадбирларни қўллаб қувватлайди,” – деб эътироф этади БМТнинг Ўзбекистондаги доимий вакили.

БМТнинг ихтисослашган ташкилотлари қаторида Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг ЮНЕСКО – маориф фан ва маданият масалалари билан шуғулланувчи ташкилоти – халқаро ҳукуматлараро ташкилотига ҳам Ўзбекистон Республикаси 1993 йил 26 октябрда аъзо бўлган.

Ташкилот фаолиятининг асосий йўналишлари ялпи саводсизликка қарши кураш, маъориф тизими ва кадрлар тайёрлашни ривожлантириш, миллий маданиятларни ўрганиш ва тарқатиш, атроф муҳитни ва маданий ёдгорликларни муҳофаза қилиш, океанография, геология, гидрология, социология, коммуникация ва бошқа соҳаларда глобал илмий муаммоларни ҳал этишда ҳамкорлик қилишдан иборат. Ахборот ва информатика-коммуникация масалалари унинг фаолиятида катта ўрин эгаллайди. Ўзбекистон Республикасининг ЮНЕСКО ишлари бўйича миллий комиссияси 1994 йил 29 декабрда ташкил этилган бўлиб, унинг таркиби Ўзбекистон Республикасининг Вазирлар маҳкамаси томонидан тасдиқланган.

ЮНЕСКО доирасида Абу Райҳон Беруний, Абу Али Ибн Сино таваллудининг 1000 йиллик, Мирзо Улуғбекнинг 600 йиллик, Амир Темурнинг 660 йиллик тантаналари нишонланди. ЮНЕСКОнинг Париждаги бош қароргоҳида Амир Темур хафталиги ўтказилиб, “Темурийлар даврида фан, маданият ва маъорифнинг гуллаб яшнаши” мавзусида илмий конференция ва кўргазмаси ташкил этилди.

Тошкент шаҳрининг 2000 йиллиги, Хива (1997 йил), Бухоро (1997 йил), Термиз (2002 йил) шаҳарларининг 2500 йиллиги, Шаҳрисабз шаҳрининг 2700 йиллиги (2002 йил), Аҳмад Ал-Фарғонийнинг 1200 йиллиги, Имом Бухорийнинг 1225 йиллиги (1998 йил), “Алпомиш” халқ достони яратилганлигининг 1000 йиллиги (1999 йил), Авесто китоби яратилганлигининг 2700 йиллиги (2001 йил) нишонланди. ЮНЕСКО билан бирга қадимий ва ҳамиша навқирон Самарқанд шаҳрида “Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фестивали, Бойсун туманида фольклор фестивали ўтказилиб келинмоқда.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти – тинчликни ва халқаро хавфсизликни қўллаб қувватлаш, давлатлараро ҳамкорликни ривожлантириш мақсадида ташкил этилган универсал ташкилотдир.

БМТ ҳар бир инсоннинг ҳуқуқларини қўллаб қувватлаш, кенгайтириш ва ҳимоя қилиш мажбуриятини ўз зиммасига олган дунёдаги ягона ташкилот сифатида дунёнинг “умужаҳон парламенти” сифатида календарнинг маълум бир кунини инсоният учун, халқ учун, умумжамият учун зарур бўлган масалаларга бағишлаб қўйган. Жумладан, “Динлараро бағрикенглик хафтаси”, “Саратон билан курашиш халқаро куни”, “Халқаро ижтимоий адолат куни”, февраль ойида “Халқаро она тили куни”, “Халқаро ёввойи табиат”, “Халқаро ирқий камситилишни бартараф этиш куни”, “Ирқчилик ва ирқий камситилишларга қарши курашаётган халқлар билан бирдамлик хафтаси”, “Халқаро сил касаллигига қарши курашиш куни”, “Халқаро инсон ҳуқуқлари поймол бўлишида ҳақиқатни ўрнатиш куни”, апрель ойида “Халқаро спорт, тинчлик ва тараққиёт йўлида куни”, “Йўл ҳаракатларида содир этилган ҳодисаларда ҳалок бўлганларни хотиралаш куни”, июнь ойида “Халқаро атроф-муҳитни муҳофаза қилиш куни”, “Халқаро қочоқлар куни”, “Гиёҳвандликка қарши курашиш куни”, “Халқаро мурувват куни”, сентябрь ойида “Халқаро тинчлик куни” бўлиб, деярли 365 кун инсонларнинг турли муаммоларини енгиллаштиришда, баъзи муаммоларни ечилишида ўз самарасини бермоқда.  

БМТ ўз тараққиёт дастурини амалга оширишда дунёнинг турли чеккаларида ва ер юзининг барча минтақаларида БМТнинг кўплаб ихтисослашган ташкилотлари ва муассасалари орқали ҳам тинчликни сақлашда, инсонлар ҳаётидаги муаммоларни бартараф этишда салмоқли ҳисса қўшиб келмоқда.

БМТнинг гиёҳвандлик моддаларига қарши курашиш дастури, қочоқлар ишлари бўйича Олий комиссар вакиллари, БМТнинг ЮНИСЕФ болалар жамғармаси, БМТнинг ахборот ва жамоатчилик билан алоқадор бўлими, Халқаро меҳнат ташкилоти, Халқаро валюта фонди, Халқаро тараққиёт уюшмаси, Халқаро тикланиш ва тараққиёт банки, Халқаро Қишлоқ Хўжалигини ривожлантириш фонди, БМТ нинг маориф, фан ва маданият масалалари бўйича ЮНЕСКО ташкилоти, Саноатни ривожлантириш бўйича ЮНИДО ташкилоти, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотлари каби Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг кўплаб ихтисослашган муассасаси ва ташкилотлари дунёнинг деярли барча давлатларида турли соҳаларда ислоҳотлар стратегияси ва келаётган ёрдамни мувофиқлаштириш, ижтимоий соҳадаги ислоҳотлар, маданий – маънавий қайта уйғониш, хусусийлаштириш ва хусусий секторни ривожлантириш, атроф-муҳитни ҳимоя қилиш, бошқарув тизимини ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш йўллари билан ҳам дунёда тинчликни  таъминлашда ўзининг салмоқли ҳиссаларини қўшиб келмоқда. Зеро Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Уставининг XIX та бобларидаги 111 та моддаларининг барчалари ҳам ер юзида халқлараро тинчлик ва хавфсизликни барпо этиш билан йўғирилган.

БМТ Уставида таъкидланган халқаро тинчлик ва хавфсизликни барпо этишда Ўзбекистон Республикасининг ҳиссаси беқиёс ва бетакрор. Жаннатмакон юртимизни тинчлиги, муқаддас Ватанимиз равнақи доно халқимиз фаровонлиги учун муҳтарам Президентимиз Ш.М.Мирзиёев раҳнамоликлари остида ҳукуматимиз, Диний идорамиз томонидан оқилона олиб борилаётган хайрли, савобли ишларни амалга ошириш мақсадида вилоятларимиз раҳбарлари ҳамда шаҳар, туман раҳбарларининг бошчилигида истиқлолимиз шарофати билан меҳнаткаш халқимиз кўп ишларни амалга оширди ва ҳали ҳамон бажариб келинмоқда. Бунга дунё тан бермоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг БМТ Бош котибига юборган мактубида қуйидаги сатрлар бор: “Ўзбекистондагилар ҳозирги дунёда ҳар қандай можароларни фақат тинч музокаралар йўли билан сиёсий воситалар ёрдамида тинч ҳал қилиш мумкинлигига, бу музокараларда БМТ бош рол ўйнаши кераклигига ҳам қаттиқ ишонадилар”. 

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари

Иброҳим ИНОМОВ

 

206 марта ўқилди

Мақолалар

Top