Мақолалар

Мавлид ойининг охирги кунигача ғанимат билайлик!

Наинки, бутун олам мусулмонлари, балки жамики инсониятга хурсандчилик олиб келган, мўмин-мусулмонларнинг ҳар кунги салавотларини янада зиёда қилиб кўнгилларга сурур бағишлаётган мавлид ойи ҳам ниҳоясига яқинлашиб қолди. Расули акрам соллаллоҳу алайҳи ва саллам рабиул аввал ойининг ўн иккинчисида, душанба куни таваллуд топганлар. Ушбу фазилатли ойда қалбидаги муҳаббати жўш урган биродарларимиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга бўлган муҳаббатини изҳор этмоқдалар.
Аллоҳ таоло бизга инъом этган энг улуғ неъмат – бизни Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи ва салламга уммат қилиб яратганидир. Не-не қавмларга, миллатларга насиб этмаган умматлик неъмати бизга насиб этгани нақадар буюк саодат! Бунинг учун кеча-кундуз тиним билмасдан шукрона айтсак оз. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламга дуруду салавотлар айтсак кам.
Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам таваллуд топган рабиул аввал – айнан шу ойда у зот туғилгани учун муборак ой саналади. Ушбу ғанимат дамлар 8 декабрга қадар давом этади.
Юртдошларимиз ушбу ойда Набий алайҳиссалом ҳақидаги китобларни мутолаа қилиб, суннатларини кўпроқ бажариш пайида бўлаётирлар ва у зотга салавоту саломлар айтмоқдалар. Ана шу амалларимиз сабабидан у зоти шарифга бўлган муҳаббатимиз янада зиёда бўлаётир, иншоаллоҳ.
“Мавлид” сўзилуғатда “туғилиш”, “туғилиш они” каби маъноларни англатади. Истеъмолда эса Муҳаммад алайҳиссаломнинг таваллуд кунлари, ойлари ҳамда шу муносабат билан ўтказиладиган йиғинлар ва уларда ўқиладиган салавот, дуою зикрларга айтилади.
Мавлид ўтказиш анъанаси VI-VIIасрларда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни соғиниш, у зотга ҳурмат кўрсатиш, порлоқ хотирасини ҳар доим ёдда сақлаш мақсадида жорий қилинган. Ибн Ҳажар Асқалоний, Жалолиддин Суютий, Шайх Шаҳобиддин Қасталоний каби машҳур олимлар мавлид кунини нишонлаш, ушбу кунда Расули акрамга бағишлаб қасидалар ўқиш, дуруду салавотлар айтиш дурустлигига фатво берганлар.
Ўрта асрларда ислом оламида тасаввуф катта ўрин тутгани сабабли мавлид маросимларига тариқат пешволари бош бўлганлар.
Диёримизда ҳам мавлид ойи қадимдан кенг нишонлаб келинади. Шу муносабат билан рабиул аввал ойида Ўзбекистон мусулмонлари идораси бошчилигида қуйидаги тадбирлар ўтказилмоқда:
Республикамиздаги жоме масжидларда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сийратлари, юксак одоб-ахлоқлари ва гўзал фазилатлари ҳақида мавъизалар қилинмоқдаҳамда Имом Жаъфар Барзанжий раҳматуллоҳи алайҳнинг “Мавлиди шариф”и ўқилмоқда;
Хонадонларда ўтказилаётган мавлид тадбирларида имом-хатиблар ҳам иштирок этиб, Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг гўзал сифатларини сўзлаб бермоқдалар ва мавлиди шариф ўқилмоқда;
Мавлид тадбирларида имомларимиз ҳомийларни жалб этган ҳолда кам таъминланган оилалар, кимсасиз қариялар ва меҳрибонлик уйларига хайрия ишларини амалга оширмоқдалар. Бу ишда, албатта, “Вақф” хайрия жамоат фонди бош бўлаётир;
Мусулмонлар идораси тасарруфидаги диний таълим муассасаларида “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам сийратлари – ибрат мактаби” мавзуида давра суҳбати, “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг умматларимиз” мавзуида “Сийрат” фани бўйича мусобақа ўтказилиб ғолиблар аниқланмоқда;
Уламолар, диний соҳа ходимлари ҳамда имом-хатиблар даврий нашрлар, интернет тармоқлари, телевидение ва радио дастурларида Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг одоб-ахлоқлари, сийрат ва шамойиллари, бағрикенгликлари, меҳр-оқибатлари, эзгуликлари каби фазилатларини тарғибу ташвиқ қилмоқдалар. Шунингдек, турли танлов ва мусобақалар ўтказилиб, ғолиблар ва иштирокчилар совринлар ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланмоқда.
Юртдошларимиз ОАВ воситалари ва интернет тармоқлари орқали мавлид тадбирларидан хабардор бўлиб бормоқдалар. Жумладан, Муфтий ҳазратлари ушбу ойнинг фазилатини чекка ҳудудлардаги аҳолига ҳам етказишни ният қилиб Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида бўлдилар.

Республикамиздаги кўплаб жоме масжидларида мавлиди шариф ўқилиши давом этмоқда. Уларнинг нега бир кунда ўқилиб қўя қолмаслигининг сабаби – мавлид навбати билан ўқилганда файзи давомли бўлиб туради ҳамда мавлидни яхши кўрган азизларимиз бир неча масжидларда ўқилган мавлидларда қатнашиш имконига эга бўлади.
ОАВ воситалари ва интернет сайтлари, хусусан, Диний идорамизнинг muslim.uz порталида Пайғамбар алайҳиссаломнинг таваллудлари, сийратлари, мавлид ойи ва кечасига бағишланган материаллар давомли тарзда эълон қилиб борилаётир.
Мавлид ойи муносабати билан саховатпеша юртдошларимиз, жумладан, “Вақф” хайрия жамоат фондининг ҳам саховати янада зиёда бўлмоқда. Мавлид ойи бошланганидан бери “Вақф” ташкил этган “Мурувват карвони” вилоятма-вилоят юриб, ёрдамга муҳтож юртдошларимизга ёрдам қўлини чўзиб келмоқда. Турли жойлардаги ногиронлиги бор кишиларга ногиронлик аравачалари совға қилди. Навоий, Бухоро, Қашқадарё ва бошқа вилоятларда кўпдан-кўп юртдошларимизга кўмак берди, “Никоҳ тўйлари” акциясини ўтказди, кўплаб талабаларга контракт пулини тўлаб берди.
Мавлиди шариф ниҳоятда фазилатли байрам. Ахир дунёни Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг нури ёритди. Залолатда қолган инсониятга Раббини танитдилар, аслида кимнинг бандаси эканини англатдилар.
Шундай экан, мавлид ойининг охирги кунигача ғанимат билайлик!


Дамин ЖУМАҚУЛ

335 марта ўқилди

Мақолалар

Top