Мақолалар

Нишонга урилган гаплар: «Агар иймонинг заифлашиб, ибодатга дангасалик қилаётган бўлсанг, «Аллоҳумма лаа тажъалний шақийяв валаа маҳрумаа» дуосини лозим тутгин!»

Қуйида келтириладиган фикрлар, ҳикматлар ижтимоий тармоқлардаги турли саҳифалардан олиб таржима қилинган. Бундан ташқари саҳобаи киромлар, улуғ олимлар, Яқин Шарқ, Осиё, Европа ва Америка мутафаккирларининг бир қатор фикрлари ҳам берилган. 

*****

Шайх Шинқитий раҳимаҳуллоҳ айтадилар:

«Агар иймонинг заифлашиб, ибодатга дангасалик қилаётган бўлсанг,

اللهُمَّ لا تجعلْنِي شَقِيًّا ولا محْرُومًا

«Аллоҳумма лаа тажъалний шақийяв валаа маҳрумаа» дуосини лозим тутгин!»

Маъноси: “Эй Аллоҳ! Мени бадбахт ва маҳрум қилмагин!”

«Ховатир роқия журнали»

*****

Жим туришнинг фойдалари:

- машаққатсиз ибодат;

- тақинчоқсиз зийнат;

- салтанатсиз ҳайбат;

- тўсиқсиз, деворсиз қўрғон.

«Ховатир роқия журнали»

*****

Бирор банда диндош биродарини бир гуноҳ билан айбласа, ўша гуноҳга ўзи мубтало бўлади. Агар сизга фалончи ҳақида ёмонлик, масалан, намоз ўқимайди, Рамазонда рўза тутмайди каби хабар келса, ичингизда: “Аллоҳ бизни ҳам, уни ҳам мағфират этсин!” деб айтинг!

Умар Абдул Кофий

«Ховатир роқия журнали»

*****

Бахт - дўстларнинг ададида эмас, қадру қийматида

Йил ўтгани сари дўстлар бирма-бир тўкилиб боради. Баъзилари қалбдан тўкилади. Баъзилари хотирадан ўчади. Баъзилари кўздан йўқолади (кўринмай қолади). Ана ўшанда бахт дўстларнинг нечталигида эмас, қадр-қийматида эканини англаб етамиз.

«Ховатир роқия журнали»

*****

Эй Роббим! Олдимда ростгўй бўлиб, ортимда мунофиқ бўладиган қалбдан мени узоқ қил!

«Ховатир роқия журнали»

*****

Дунё ишига маҳзун бўлма. Чунки, дунёдаги барча нарса бизнинг хоҳишимиз билан эмас, Аллоҳ таолонинг иродаси, амри билан бўлади. Аллоҳнинг амри эса, ҳаммаси яхшиликдир!

«Ховатир роқия журнали»

*****

Агар аёл яхши кўрса, қалбини ўйлаб (яъни яхши кўрганидан ажралса, қалби қийналишини ўйлаб), ўзини қурбон қилади. Агар аёл ёмон кўрса, бошқани қурбон қилади.

«Ховатир роқия журнали»

*****

Бола онасидан: “Ичи тўла пули бор сумкангизни ходимингиз ёнида қолдирасизми?” деб сўради.

Она: “Асло. Уни ходимимга ишониб қолдирмайман” деди.

Шунда бола: “Унда мени ўша ходимингиз ёнида қандай қолдирасиз?” деди.

«Ховатир роқия журнали»

*****

Туз билан шакарнинг рангида фарқ йўқ. Иккисининг ҳам ранги оқ. Лекин тажриба қилиб кўргач, уларнинг орасидаги фарқни билиб оласан. Инсонлар ҳақида ҳам шу гапни айтиш мумкин (яъни, уларнинг қандайлиги ҳам тажрибадан кейин маълум бўлади).

«Ховатир роқия журнали»

*****

 

Интернет материалларидан тўплаб, таржима қилувчи

Нозимжон Иминжонов

959 марта ўқилди

Мақолалар

Top