Мақолалар

Ражаб ойи ҳақида

Савол: Ҳурматли устозлар, Ражаб ойининг фазилати, унда қилинадиган ибодатлар ҳақида маълумот берсангиз.

Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Ражаб ойи қамарий ойларнинг еттинчиси бўлиб, уруш ҳаром қилинган улуғ ойлардан бири ҳисобланади. Зеро, “ражаб” сўзи луғатда “улуғлаш”, “ҳурмат бажо келтириш” маъноларини англатади. Жоҳилият даври араблари бу ойни улуғлагани ва ҳурматлагани боис шу ном билан аталган.

Саҳобаи киромлар ва улардан кейинги салафи солиҳларимиз Рамазон ойидан сўнг тутган рўзаларини қабул бўлишини Аллоҳ таолодан сўрашар эди. Ражаб ойи келганда эса, Рамазонга соғ-саломат етишни сўрар эдилар. Бу ҳақда Набий алайҳиссаломдан заиф санад ила ҳадис ҳам ривоят қилинган:

عَنْ أَنَسِ بْنِ مَالِكٍ. قَالَ : كَانَ النَّبِيُّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ إِذَا دَخَلَ رَجَبٌ قَالَ: "اللهُمَّ بَارِكْ لَنَا فِي رَجَبٍ، وَشَعْبَانَ، وَبَلِّغْنَا رَمَضَانَ"

(رواه الإمام ابن عساكر والبيهقي)

яъни: Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Ражаб ойи кирса, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳумма баарик ланаа фий ражабин ва шаъбана ва баллиғнаа рамазона” (“Эй Аллоҳ! Ражаб ва шаъбон ойларида бизга барака бергин ва Рамазон ойига етказгин”) дер эдилар” (Имом Ибн Асокир ва Имом Байҳақий ривоят қилган. Имом Нававий ва Ибн Ражаб заиф ҳадис дейишган).

Машҳур тобеин Абу Қилоба раҳимаҳуллоҳ Ражаб ойи фазилати ҳақида бундай деган:

عن عَامِرِ بْنِ شِبْلٍ رضي الله عنه، قَالَ: سَمِعْتُ أَبَا قِلابَةَ رضي الله عنه،  يَقُولُ: "فِي الْجَنَّةِ قَصْرٌ لِصُوَّامِ رَجَبٍ"

(رواه الإمام البيهقي)

Омир ибн Шиблдан ривоят қилинади, Абу Қилоба розияллоҳу анҳудан эшитдим, у зот айтадилар: “Ражаб ойида рўза тутувчилар учун жаннатда бир қаср бор” (Имом Байҳақий ривояти).

Имкони бор кишилар Ражаб ойидан бошлаб, нафл рўза тутиб, Рамазон рўзасига ўзларини тайёрлаб боришлари мақсадга мувофиқдир.

Шуни ҳам айтиб ўтиш керакки, халқимиз орасида Ражаб ойида қилиш шарт, деб тушуниладиган ибодатлар пайдо бўлган. Аслида уларнинг асоси мавжуд эмас. Шариатимиз кўрсатмаларида Ражаб ойининг муайян бир кунини рўза билан хосланмаган. Бу борада келган барча ҳадислар “мавзуъ” яъни тўқима эканига барча муҳаддис уламолар иттифоқ қилишган.

Аслида нафл рўза тутиш, нафл намоз ўқиш савобли ишлардан. Лекин бунинг учун муайян кунни белгилаб, ушбу иш шариат кўрсатмаси деб, одат қилиб олиш ҳамда бунга далил сифатида турли тўқима ҳадисларни ривоят қилиш  тўғри эмас. Айниқса, Ражаб ойининг йигирма еттинчи кечасида “Рағоиб намози”ни адо этиш борасида нақл қилинган ҳадисларнинг барчаси тўқима бўлиб, унга амал қилинмайди. Чунки унинг бидъат эканини Ибн Нужайм, Ибн Обидин ва Абдулҳай Лакнавий каби муҳаққиқ уламоларимиз томонидан очиқ-ойдин айтиб ўтилган (манба: “Баҳрур-роиқ”, “Раддул Муҳтор”, “ал-Осорул марфуъа фил-ахборил-мавзуа” китоблари).

Демак, Ражаб ойида ҳам бошқа ойларда бўлгани каби нафл рўза ва намозни бирор кунга белгиламасдан, одат қилмасдан ўқилаверади. Шундагина шариатимизда кўрсатилмаган турли бидъат ва хурофотдан узоқ бўлинади. Валлоҳу аълам.

849 марта ўқилди

Мақолалар

Top