Мақолалар

Аҳмоқнинг катта-кичиги бўлмайди?

Тараққиёт инсон учун хизмат қилади, унинг ҳаётини енгиллаштириш учун қулай шароитлар яратади. Аммо, тараққиётдан тўғри фойдалана олмаслик охири... инсонни зериктира бошлайди. Натижада, афсуски, инсоний зеҳн-заковат хиралаша бошлайди. 

Бугун дунёнинг турли бурчакларида одамлар замонавийлик, эркинлик, “демократия” номи остида янгидан-янги бемаъниликларни ўйлаб топмоқда. Масалан, бир жинсли “никоҳ”ларни қонунийлаштириш, оммавий равишда шир ялонғочлар намойишларини ўтказиш, бузуқчилик ва фоҳишалик бўйича очиқчасига “жаҳон чемпионати”ни уюштириш ана шундай куракда турмайдиган “хурмача қилиқ”лардан саналади. Бу жабҳаларда иймон-эътиқод, одамгарчилик, ибо-ҳаё каби азалий тушунчалар четга суриб қўйиляпти. Натижада, шўрлик бани Одам, баъзан ҳайвонлардан ҳам тубанроқ аҳволга тушиб қолмоқда. “Дунёда ҳамма нарсани пулга сотиб олса бўлади”, деган хомхаёл авж олмоқда.

Масалан, айрим мамлакатлар тараққиёт кетидан қува-қува шахсий ҳаёт, оила қуриш каби “майда-чуйда”ларга вақт топа олмаяптилар. Шу сабабли бу мамлакатларда “Ижарага оила” хизмати ташкил этилган. Бу антиқа хизматнинг моҳияти шундай: агар Сиз ўзингизни буткул ишга бағишлаб, шахсий ҳаёт учун вақт топа олмаётган бўлсангиз, хотин ва фарзандларингиз бўлмаса, бу вазиятдан чиқиш йўли бор! Мазкур фирмага мурожаат қилсангиз, унисига ҳам, бунисига ҳам эришишингиз мумкин.

Уйга келсанг, сени кимоно кийган “буюртма хотин” нозли таъзим ила кутиб олади. Икки нафар (ёки учта, бу шартлашувга боғлиқ) “болажонларинг” югуриб чиқиб, бўйнингга осиладилар. Мазали таом тайёр, “хотининг” таъзим ила чой узатади... Хуллас, ҳаммаси ҳақиқий оиладагидек. Бундай антиқа хизматнинг баҳоси соатига “атиги” 700 АҚШ доллари турармиш. Шунга қарамай, мижозларнинг кети кўринмаяпти – бир ой олдинга ҳам буюртмалар қабул қилинмоқда.

Янги ташкил этилган “Ижарага дўст бериш” хизмати эса европаликлар ўртасида тобора оммалашиб бормоқда. Социологлар мулоқотнинг бундай тури замонавий жамиятда жуда муҳимлигини таъкидлашмоқда. Энди европаликлар интернет орқали махсус сайтга кириб, ўзларига дўст буюртма қилишлари мумкин. “Ижарага дўст бериш” жамиятига аъзо бўлган киши қисқа муддат ичида ўзига маъқул бўлган дўстни танлайди. Соатига 60 доллар эвазига буюртма “дўст” сиз билан истаганингизда дўкон айланиши, ҳар  ерда ҳамроҳ бўлиши мумкин...

Тўрт оёқли эркатойларни зериктирмаслик мақсадида, америкада итлар учун махсус телеканал – DOGTV иш бошлади. У сутка давомида узлуксиз ишлайди, асосан итларни “қизиқтирувчи” кўрсатувлар намойиш этилади. Телеканал дастурларини тузишда ветеринарлар, ҳайвонлар руҳшуноси (шундай мутахассис ҳам бор!) ва ҳайвонларни ҳимоя қилиш жамияти фаоллари астойдил тер тўкишди.

Ғамхўр итсеварлар, “энди уйда йўқлигимизда итларимиз зерикмайдиган бўлишди”, дея қувонишмоқда.

Ташкилотчилар, мушукларни-да “хафа” қилмаслик мақсадида, энди улар учун ҳам махсус телеканал очиш ҳаракатини бошлаб юборишган.

Охирги йилларда Буюк Британияда итларга қарайдиган энагаларга бўлган талаб ўсиб бормоқда.

Киев шаҳри (Украина)да эса уй ҳайвонлари учун никоҳ уйи ишга тушди.

“Келин-куёвлар”га никоҳ тузилганлиги ҳақида гувоҳнома ва никоҳ шартномаси тақдим этилади. “Келин-куёв”ни кузатиб келган ўн нафар меҳмон учун мўлжалланган тантана жонивор эгасига минг долларга тушади. Ташкилотчилар никоҳ маросими учун либослар тикишади, “келин” ва “куёв”ни байрамона безатилган никоҳ уйига олиб келишади.

Агентликда, шунингдек, жониворларнинг бир-бирига мос келиш-келмаслигини аниқлаб берувчи профессионал астролог (мунажжим) ҳам хизмат кўрсатади.

Ҳа, Калвак Маҳзум ибораси билан айтганда, ақлсизнинг катта-кичиги бўлурму? Лекин бу қип-қизил бемаънигарчиликка тилсиз ҳайвонлар айбдор эмас-ку. Оммавий ахборот воситаларида тарқалаётган бундай хабарларни ўқиб, эшитиб ёки кўриб беҳосдан “Астағфируллоҳ” деб юборасан киши. Негаки, бундай ҳолатлар фақатгина ҳаддан ошиш, кибрга берилиш ва ахмоқликдан бўлак ҳеч нарса эмас.

Энди эса Oxfam (Oxford Committee for Famine Relief) ташкилоти томонидан 2017 йилда тақдим этилган  қуйидаги маълумотларга диққатингизни қаратинг!

Таҳлилчиларнинг фикрича, ер юзи аҳолисининг 10 фоизи қашшоқликда, ҳар тўққизтасидан биттаси очликда кун кечирмоқда. 3 миллиард киши ҳаёт кечириш учун даромадга эга эмас. Жаҳонда 1 миллиард бола қашшоқликда яшайди. ЮНИСEФ маълумотига кўра, бир кунда ўртача 22 минг бола очлик туфайли вафот этади. 805 миллион киши озиқ-овқат маҳсулотларидан маҳрум бўлса, 750 миллион киши тоза ичимлик сувидан бебаҳра яшамоқда. Ҳар йили сув етишмаслиги, антисанитария ва гигиена ёмонлиги сабаб 842 минг киши вафот этади. Бу ҳар куни ўртача 2 минг 300 кишининг бевақт кўз юмишини англатади. Ер юзи аҳолисининг чорак қисми, тахминан 1 миллиард 600 миллион киши электр манбаидан маҳрумлигича қолмоқда.

Бу каби статистикалар рўйхатини ҳали узоқ давом эттириш мумкин. Аммо, шу нарса қизиқки сайёрамизнинг бир бурчагида одамлар пулларини қаерга ишлатишни билмай, итига, мушугига тўй қилаётган бир пайтда ер шарининг бошқа томонида мурғак болалар очликдан, сувсизликдан вафот этишмоқда. Мантиқ қаерда...?

Мақоламиз сўнгини Аллоҳ таолонинг Каломи бўлмиш Қуръони каримда келтирилган очиқ оятлар билан тугатишни лозим топдик. Негаки, бугунги ер куррасида кечаётган мантиқсиз жараёнларга нисбатан қалбимиз ва ақлимизда Аллоҳ таолонинг Каломида келтирилган оятларданн бўлак ҳеч бир таскин, воқеъликларга ва кимсаларга изоҳ, шунингдек, саволларимизга жавоб топилмади.   

Дарҳақиқат, инсон ҳаддидан ошар. (Алақ сураси, 6) 

“(Улар) худди ўзларидан озгина олдин ўтган, ўз қилмишларининг уволига қолган кимсаларнинг ўхшашидирлар. Уларга (охиратда ҳам) аламли азоб бордир”. (Ҳашр сураси, 15)

“Уларга расулларимиз (илоҳий) ҳужжатларни келтирганлар. Сўнгра уларнинг кўпчилиги ўшандан кейин (ҳам) Ерда исроф қилувчилардир”. (Моида, 32)

“Шунингдек, еб-ичингиз, (лекин) исроф қилмангиз! Зеро, У исроф қилувчиларни севмагай”. (Аъроф сураси, 31)

“Чунки, исрофгарлар шайтонларнинг биродарларидир. Шайтон эса, Парвардигорига нисбатан ўта ношукур эди”. (Исро сураси, 27)

Аллоҳ таоло барчамизга тўғри йўл кўрсатиб Ўзи кифоя қилсин!

 

Интернет манбалари асосида

Саидаброр Умаров тайёрлади

 

 

350 марта ўқилди

Мақолалар

Top