Мақолалар

Қуръони каримдан 10 та мисол
  1. Ҳидоятнинг ўрнига залолатни сотиб олганларнинг мисоли:

“Ҳидоят (тўғри йўл) ўрнига залолатни (нотўғри йўлни) сотиб олганлар ўшалардир, (лекин уларга) бу савдолари фойда қилмади ва (улар) ҳидоят йўлига юрувчи ҳам бўлмадилар. Улар бамисоли бир олов ёққан (йўловчи) кимсадирки, олов унинг атрофини ёритганида, Аллоҳ (бехосдан олов) нурини кетказиб, уларни зулматлар ичра (ҳеч нарсани) кўролмайдиган ҳолда қолдирган” (Бақара сураси, 16-17 – оятлар). 

  1. Аллоҳ йўлида эҳсон қилувчиларнинг мисоли:

“Аллоҳ йўлида молларини эҳсон қилувчилар (савобининг) мисоли гўё бир донга ўх-шайдики, у ҳар бир бошоғида юзтадан дони бўлган еттита бошоқни ундириб чиқаради. Аллоҳ хоҳлаган кишиларга (савобини) янада кўпайтириб беради. Аллоҳ (карами) кенг ва билимдон зотдир” (Бақара сураси, 261 – оятлар). 

  1. Нафсига эргашувчиларнинг мисоли:

“Унинг мисоли гўё бир итдирки, унга ҳамла қилсанг ҳам (тилини осилтириб) ҳансирайди, ўз ҳолига қўйсанг ҳам ҳансирайверади” (Аъроф сураси, 176-оят). 

  1. Дунё ҳаётининг мисоли:

“Ҳақиқатан, дунё ҳаётининг мисоли худди Биз осмондан туширган сув (ёмғир) бўлиб, одамзот ва ҳайвонот ейдиган нарсалардан иборат ер гиёҳлари у билан аралашиб, то ер ясаниб ва зийнатлангач, ер эгалари ўзларини унга қодир деб билган бир пайтда, ерга тунда ёки кундузи Бизнинг амримиз келиб, уни кечаги куни обод бўлмагандек (йиғиб олинган) ҳосилга айлантириб қўйганимизга ўхшайди” (Юнус сураси, 24-оят).

(Эй Муҳаммад! Одамларга) дунё ҳаёти мисолини келтиринг. (У) худди бир сув кабидирки, Биз уни осмондан ёғдиргач, (баҳорда) у сабабли ер ўсимликлари (бир-бирига) аралашиб (қалинлашиб) кетур, сўнгра (кузда) шамоллар учириб кетадиган хашакка айланиб қолур” (Каҳф сураси, 45-оят). 

“Билингизки, бу дунё ҳаёти фақат ўйин, эрмак, зийнат, ўзаро фахрланиш ва мол-дунё ҳамда фарзандларни кўпайтиришдан иборатдир. (У) бамисоли бир ёмғирки, унинг (сабабидан униб чиққан) гиёҳ кофирларни таажжубга солур. Сўнгра у қуригач, уни сарғайган ҳолда кўрасиз. Сўнгра у ўтин бўлиб қолур” (Ҳадид сураси, 20-оят). 

  1. Кофир ва мўминнинг мисоли:

“Иккала гуруҳ (кофир ва мўмин)ларнинг мисоли худди кўр билан кар ва кўрувчи билан эшитувчилар кабидир. Иккиси мисолда баробар бўладими?! Эслаб кўрмайсизларми?!” (Ҳуд сураси, 24-оят). 

  1. Ҳақ ва ботилнинг мисоли:

(Аллоҳ) осмондан сув (ёмғир) ёғдирганида жилғалар миқдори билан оқиб, (бу) сел ўз устида кўпикларни ҳам кўтариб келур. (Одамлар) зеб-зийнат ёки асбоб-ускуна (ясаш) учун ёқадиган (олов)лардан ҳам шунга ўхшаш (чиқинди пайдо) бўлур. Аллоҳ ҳақ билан ботилни (мана шундай мисол билан) баён қилур. Бас, кўпик ўз-ўзидан йўқ бўлиб кетур. Одамларга фойдали бўлган нарса эса Ерда қолур. Аллоҳ мисолларни мана шундай баён қилур” (Раъд сураси, 17-оят). 

  1. Кофирлар амалининг мисоли:

“Парвардигорларига кофир бўлганларнинг амаллари бамисоли бўронли кунда қаттиқ шамол учириб кетган кулдир – улар қилган амалларидан бирор (яхши) нарсага эга бўла олмайдилар. Бу ўта гумроҳликдир” (Иброҳим сураси, 18-оят). 

  1. Имон калимасининг мисоли:

(У сўз) худди бир яхши дарахтга ўхшайдики, унинг илдизи (ер остига) ўрнашган, шохи эса осмондадир. Парвардигорининг изни билан (у) мудом мева берур” (Иброҳим сураси, 24-оят). 

  1. Куфр сўзининг мисоли:

Ёмон сўзнинг (яъни куфр сўзининг) мисоли эса ер юзасидан (илдизи) узилиб қолган, бир жойда қарори йўқ нопок дарахтга ўхшар” (Иброҳим сураси, 25-оят). 

      10. Аллоҳдан ўзгани дўст тутганларнинг мисоли:

“Аллоҳдан ўзгаларни дўст тутган кимсаларнинг мисоли худди ин қуриб олган ўргимчакка ўхшайди. Зотан, инларнинг энг нимжони, албатта, ўргимчак инидир, агар билсалар” (Анкабут сураси, 41-оят). 

“Ушбу мисолларни Биз одамлар (ибрат олишлари) учун айтурмиз. (Лекин) уларни фақат олимларгина англагайлар” (Анкабут сураси, 43-оят). 

Биз ушбу Қуръонда одамлар учун турли мисолларни келтирдик. Шояд эслатма олсалар(Зумар сураси, 27-оят). 

«Яна дилларида мараз (мунофиқлик) бўлган кимсалар ва кофирлар: “Бу мисол билан Аллоҳ нима демоқчи?” дегайлар. Аллоҳ ўзи хоҳлаган кимсаларни мана шундай йўлдан оздириб қўяр ва Ўзи хоҳлаган кишиларни ҳидоят қилур» (Муддассир сураси, 31-оят).

 

Даврон НУРМУҲАММАД

763 марта ўқилди
Другие материалы в этой категории: « Унутилмас дарс Фақирнинг эҳсони »

Мақолалар

Top