Мақолалар

Ҳаммаси юзингизда маълумдир!

Франция, Британия ва АҚШ олимлари ҳамкорликда ўтказган тажрибалари натижасида мутахассислар юзнинг ифодаси орқали инсоннинг ҳаёти ҳақида маълумот олиш мумкин деган хулосага келдилар.

Ростгўй одамнинг юзига, юз ифодаларига қараб унинг ростгўйлигини билиш мумкин. Шунингдек, ўғри, жиноятчи ва ҳоказоларни ҳам юз орқали аниқлаш имкони бор.

Фоҳишалар, порахўрар, судхўрлар, маст қилувчи ичимлик ичувчилар, кашандалар ва гиёҳвандларга нигоҳи тушган одам уларнинг юзларида қилиб юрган гуноҳларининг асари борлигини дарҳол илғайди.

Бугунги кунда айбланувчиларни тергов қилиш жараёнида уларнинг юзлари, кўз қарашлари, ўзларини тутишлари орқали жиноятлар аниқланмоқда.

Инсоннинг ҳаётида содир бўладиган ҳодисалар унинг юзида из қолдиради. Бу из нималарни англатишини кўп изланиш ва тадқиқот орқали билса бўлади. Мисол учун Аллоҳга иймон келтирган мўмин билан иймон келтирмаган кимсанинг орасидаги кўп фарқларни уларнинг юзлари орқали ҳам аниқлаш мумкин.

Қуръони Карим юз ифодасининг инсон шахсиятига алоқаси борлигига ишора қилган.

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда бундан ўн тўрт аср олдин инсоннинг иш фаолиятига қараб юз ифодалари ўзгариши ҳақида хабар берган.

Олийжаноблик, тортиниш, уятчанлик, иффат ва қаноатга одатланган инсоннинг юзида ушбу фазилатлар зоҳир бўлиб туради. Аллоҳ таоло бу ҳақида шундай марҳамат қилган:

لِلْفُقَرَاء الَّذِينَ أُحصِرُواْ فِي سَبِيلِ اللّهِ لاَ يَسْتَطِيعُونَ ضَرْباً فِي الأَرْضِ يَحْسَبُهُمُ الْجَاهِلُ أَغْنِيَاء مِنَ التَّعَفُّفِ تَعْرِفُهُم بِسِيمَاهُمْ لاَ يَسْأَلُونَ النَّاسَ إِلْحَافاً وَمَا تُنفِقُواْ مِنْ خَيْرٍ فَإِنَّ اللّهَ بِهِ عَلِيمٌ

“(Садақа ва хайру-эҳсонлар) Аллоҳнинг йўлида тутилган, ер юзида касб қилишга қодир бўлмаган, иффатлари туфайли билмаган киши уларни бой деб ўйлайдиган фақирларгадир. Уларни сиймоларидан танийсан, одамлардан хиралик қилиб сўрамаслар. Нафақа қилган яхшиликларингизни, албатта, Аллоҳ билгувчидир”. (Бақара сураси, 273-оят).

Бунинг муқобилида эса одамлардан турли нарсаларни хиралик билан сўраб, ўз ҳолларидан шикоят қилиб юрадиган кишиларнинг бу ноқулай қилмишлари ҳам уларнинг юзларида намоён бўлади.

Кўп сажда қиладиган, кўп намоз ўқийдиган кишининг ушбу амалининг таъсири ҳам унинг юзида акс этади. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилган:

سِيمَاهُمْ فِي وُجُوهِهِم مِّنْ أَثَرِ السُّجُودِ

“Уларнинг сиймоси сажда асаридан юзларида (балқийдир)” (Фатҳ сураси, 29-оят).

Бунинг муқобилида Аллоҳ таолога сажда қилмайдиган кимсаларнинг қилмишлари таъсири уларнинг юзида кўринади.  

Қиёмат кунида ҳам инсонларнинг юзларида бу дунёда қилган амалларига мос ифодалар яққол кўриниб туради. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилган:

   يُعْرَفُ الْمُجْرِمُونَ بِسِيمَاهُمْ فَيُؤْخَذُ بِالنَّوَاصِي وَالْأَقْدَامِ

“Жиноятчилар сиймоларидан билиниб турур. Ва уларнинг пешона сочлари ва оёқларидан тутилур” (Раҳмон сураси, 41-оят).

Ҳа, азизлар! Қуръон – Аллоҳнинг Китобидир! У ўзида қиёматга қадар юзага чиқадиган барча илмий ҳақиқатларни жамлагандир. Қуръонда юз ифодалари билан боғлиқ оятларнинг борлиги, бу оятларда кишининг қилган ишларини юзи орқали билиб олиш мумкинлигига 1400 йил олдин ишора қилиниши Қуръон Аллоҳ таолонинг Каломи эканига далолат қилади!

 

 

Абдуддоим Каҳелнинг мақоласи асосида

Нозимжон Иминжонов тайёрлади

1120 марта ўқилди
Другие материалы в этой категории: « Фақирнинг эҳсони Жазава »

Мақолалар

Top