Мақолалар

Қирқ тўрт хонадонда хурсандчилик

Кечиримлилик  Аллоҳ таоло севадиган, бошқаларнинг хатоларини кечирган бандалари амалига беҳисоб ажру савоблар ёзиб, мукофотини зиёдаси билан берадиган улуғ фазилат.

Одатда, бирор айб ишга қўл уриб қўйиб, жазоси тайин бўлган кишилар байрамлар арафасида хатоларини афу этишга ваколатли бўлганларнинг мурувватини кутадилар. Қачонки уларда раҳм-шафқат уруғларини кўрган бўлсалар, албатта. 

Ҳаммамизнинг ёдимизда, муҳтарам Юртбошимиз афв этиш тизимидан биринчи марта 2017 йилда фойдаланган ва ўшанда 2700 нафар маҳбус афв этилган эди. 2018 йилда Рамазон ҳайити байрами арафасида 226 киши, Мустақиллик куни 261 киши ва Конституция қабул қилинганининг 26 йиллиги муносабати билан 136 киши афв этилди.

Демак, республикамиз ҳаётида дахлдор бўлган байрамлар муносабати билан 3323 фуқароларимиз афу этилиб оиласи бағрига қайтди. Энди тасаввур қилинг, Рамазон, Мустақиллик, Конституция байрамларини биз оиламиз билан биргаликда  қанчалик катта хурсандчиликда кутиб оламиз. Президент афв этганлар оиласида эса байрам устига байрам, севинч ёшлари, узундан-узун дуолар.

Дарҳақиқат, Ориф Ревгарий ҳазратлари бир мўмин бошқа бир мўмин билан учрашиб  қолганда менинг саодатга эришишим ана шу биродаримнинг дуосига боғлиқ деб билсин ва унинг кўнглини шод этиб дуосини олиш пайида бўлсин, деб тавсия қилганлар.

Жазо муддатини ўтаётганлар ва уларнинг маҳзун оилалари, табиийки, Наврўз байрамида ҳам афв этиш механизми қўлланишидан умидвор бўлганлар ва шу куннинг тезроқ келишини катта умид ва ишонч билан кутганлар. Ва ниҳоят умидвор инсонларнинг туйғулари алдамади. Улар кутган кун келди.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 2019 йилги Наврўз байрами арафасида 44 нафар маҳбусни афв этиш ҳақидаги фармонни имзолади. 

Афв этилганлардан 7 нафари жазодан тўлиқ озод этилган, 11 нафари эса шартли равишда озод этилган. Шунингдек, 12 кишининг жазоси енгиллаштирилган, 13 кишининг жазо муддати қисқартирилган. Умумий ҳисобда 30 киши оиласи бағрига қайтади.

Афв этилганлар орасида фаолияти тақиқланган ташкилотларга аъзо бўлган 60 ёшдан ошган 2 киши, 23 ёшли 5 нафар аёл бор.

Наврўз – чинакам хурсандчилик. Дарахтлар қийғос гулга кирган, далалар ям-яшил, бутун атрофингиздан гулларнинг-чечакларнинг ҳиди бўй таратиб турган, ерга ёнбошласангиз энг мулойим кўрпачадан мулойим бўлиб ёнбошингизни силайдиган, жилғаларда чопқилаб юрган майин ёмғир сувлари кўнглингизга мусаффолик бахш этадиган кунларда муҳтарам Юртбошимиз афв этиш тўғрисида фармонга имзо чекиб, 44 нафар юртдошимиздан маҳбус деган тамғани олиб ташладилар ва уларни озод инсон сифатида далаларга, боғларга сайр қилиб баҳор нафасидан тўйиб-тўйиб завқ олишларини таъмин этдилар, халқимиз эса давлатимиз Раҳбарининг ана шундай меҳрибонлигидан мамнун бўлиб, хақларига дуолар қилдилар.

Ривоят қилишларича, Ҳазрати Али розияллоҳу анҳу катта бир даврада “Мен ҳеч кимга яхшилик қилганим йўқ, фақат ўзимга яхшилик қиляпман”, дедилар. Атрофдагилар ҳайрон бўлиб: “Эй мўминлар амири, сизнинг ҳар бир ҳаракатингиз фақат яхшиликдан иборат-ку ёки нега бундай деганингизнинг бирор ҳикмати борми ё?”  деб сўрадилар. Али розияллоҳу анҳу: “Мен бирор кишига яхшилик қилганимда у хурсанд бўлади ва менинг ҳақимга дуо қилади, ана ўша дуоси эртага, қиёматда менга йўлдош бўлади. Энди айтинг-чи, мен унга яхшилик қилган бўламанми, ўзимгами!” дедилар.

Марҳум устоз, профессор Нажмиддин Комилов домла бир суҳбатда “Байрам халқнинг руҳида акс этиши керак”, деган эдилар. Илло, халқнинг кўнглида хотиржамлик, эртанги кунига ишончи бор экан, ана шундай элга байрамлар ярашади. Аллоҳ таоло муҳтарам Юртбошимизни ана шундай меҳр-оқибатда бардавом қилиб, узоқ йиллар элнинг дуосини олиб юришларини насиб айласин.

Дамин ЖУМАҚУЛ

 

 

 

 

 

703 марта ўқилди
Мавзулар

Мақолалар

Top