Мақолалар

ИЙМОННИНГ АЛОМАТИ  

 Ривоят қилинадики: Бир куни Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламўз саҳобаларига: “Қандай тонг оттирдингиз?” дедилар. Шунда улар: “Аллоҳга иймон келтирган ҳолда тонг оттирдик”, дейишди. У зот: “Иймонингизнинг аломати нима?” дедилар. Улар: “Балога сабр қиламиз. Мўл-кўлчиликка шукр қиламиз. Қазои қадарга рози бўламиз”, дейишди. Шунда Росулуллоҳ с.а.в.: “Каъбанинг Роббисига қасамки, сизлар ҳақиқий мўминсизлар”, дедилар. (Имом Табароний ривояти)

  Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламҳам ва саҳобалар ўрталарида бўлиб ўтган ушбу мўъжаз суҳбатга эътибор беринг азизлар. Қисқа ва лўнда. Бироқ, олинадиган фойдалар бисёр.

   1) Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам эрта тонгда ўз асҳобларидан ҳол-ахвол сўрадилар:   “Қандай тонг оттирдингиз?”. Демак, эрта тонгда дўсту ёрлардан ҳол-ахвол сўраб қўйишлик бу Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан қолган суннат экан. Хоҳ юзма-юз бўлсин, хоҳ қўнғироқ орқали бўлсин, эрта тонгда яқинларидан “Қандай тонг оттирдингиз?”, дея кўнгил сўраган кишига битта суннатни адо этган кишига бериладиган савоб берилади.

   2) Саҳобаларнинг жавобидаги гўзалликни кўринг:  “Аллоҳга иймон келтирган ҳолда тонг оттирдик”. Уларнинг бу жавоблари Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни хурсанд қиладиган энг яхши жавоб эди. Чунки Пайғамбаримизнинг асҳоблари ўзлари учун берилган неъматлар ичида иймондан кўра ортиқроқ нематни  билмас эдилар. Улар  бу иймон деган неъматга эга бўлишлари учун астойдил хизмат қилган зот яъни, Росулуллоҳ  соллаллоҳу алайҳи васалламга бу неъматнинг хабарини  бериб, у кишининг қалбларига хурсандлик киритишни хоҳладилар. Қолаверса, Пайғамбар алайҳиссалом учун уларнинг мўмин деган ном остида бўлишларини билишлари катта бахт эди. Шунинг учун хеч иккиланмасдан, фахр билан, “Аллоҳга иймон келтирган ҳолда тонг оттирдик”, дея жавоб бердилар. Демак, сиздан ҳол-аҳвол сўраган кишига ҳаётдан нолимасдан, энг гўзал сўзларни айтиб, уни хурсанд қиладиган жавобни бериш саҳобаларнинг ахлоқларидан экан.

   3) Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг иймоннинг мукаммал ва тўғри бўлишлиги учун жудаям ҳарис бўлганликларига эътибор беринг. Ваҳоланки, у зот сўралган саволларига жавоб олдилар. Ўз асҳобларининг ёлғон гапирмаслигини ҳам яхши билардилар. Уларнинг мўминлигига шубҳа қилмас эдилар. Бироқ, ўз ишончларини қатъий далиллар билан тасдиқлаб, ҳеч шак-шубҳасиз ишонч билдирмоқ ниятида ҳамда қолган умматларига илм бўлиб қолишлиги учун ушбу саволни бердилар: “Иймонингизнинг аломати нима?”. Ҳар бир нарсанинг аломати бўлади. Уни танишликка, айнан ўша нарса эканлигини тасдиқлашликка сабаб бўладиган омиллар, белгилар бўлади. Худди шунингдек, мўминликни даъво қилган кишининг ҳам, қалбида иймони борлигини билдириб турадиган аломатлари бўлади. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам ўз саҳобаларидан айнан шу аломатлардан баъзиларини сўрадилар. У зотнинг ушбу ишлари худди боболари Иброҳим алайҳиссаломнинг ишларига ўхшайди. Аллоҳ таоло бу ҳақда шундай хабар беради: “Эсла, Иброҳим: “Эй Роббим, менга ўликларни қандай тирилтиришингни кўрсат”, деганда, У Зот: “Ишонмадингми?” деди. У оре, лекин қалбим хотиржам бўлиши учун”, деди. У Зот: “Қушдан тўртта олгин-да, ўзингга тортиб, кесиб майдала, сўнгра улардан ҳар бир тоққа бўлакларини қўйгин, кейин уларни ўзингга чақир, ҳузурингга тезлаб келурлар ва билгинки, Аллоҳ Азиз ва Ҳакийм зотдир”, деди. ( Бақара,260)  Яъни, Иброҳим алайҳиссалом Аллоҳ таоло ўликларни тирилтира олишига ҳеч қандай шубҳа қилмас эдилар. У зотнинг бунга ишончлари комил эди. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло “Ишонмадингми?”, деб сўраганида: “Оре (ишондим),  лекин қалбим хотиржам бўлиши учун”, дедилар. Дилда ишонган нарсани, кўз билан кўриб, Аллоҳ таолонинг қудратига қойил қолиб, мўмин банда ўз Роббининг мўъжизаларини кўриб маза қилгандек маза қилиб, кўнгли хотиржам бўлиши учун сўраганлар. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саволларида ҳам ишончсизлик эмас, балки, айнан тасдиқни кучайтириш маъноси бор эди.

   Саҳобаларнинг жавобларига эътибор беринг:

1-аломат: “Балога сабр қиламиз”. Аллоҳ таоло нафсимизга ёқмайдиган синов ва мусибатларни юборган вақтда, жазавага тушмаймиз. Роббимиздан бу мусибатимизга ажр ва мукофот беришини сўраб дуо қиламиз ҳамда сабр қиламиз. Чунки Аллоҳ таоло: “Эй иймон келтирганлар! Сабр қилиш ва намоз ўқиш билан (Мендан) мадад сўранглар! Албатта Аллоҳ сабр қилувчилар билан биргадир”, (Бақара,153) деган. Қолаверса, Аллоҳ таоло бандаларининг қилган ҳар бир амали учун ихлос ва муҳаббатига қараб ўнтадан етти юзтагача савоб беради. Бироқ, сабр шундай сифатки, Аллоҳ таоло сабр қилувчи бандаларига берадиган ажрларини ҳисобламади. “Ҳеч шак-шубҳа йўқки, сабр тоқат қилувчиларга ажр-мукофотлари ҳисоб-китобсиз тўла-тўкис қилиб берилур”. (Зумар,10) Роббимизнинг ушбу ваъдаларига мувофиқ биз ҳам бало ва имтиҳонларга сабр қиламиз, дея жавоб бердилар.

2-аломат: “Мўл-кўлчиликка шукр қиламиз”. Чунки, Аллоҳ таоло: “...Аллоҳга шукр қилинглар, агар Унга ибодат қиладиган бўлсаларингиз”. (Бақара,172) Бошқа бир оятда эса: “...Қасамки, агар шукр қилсангиз, албатта сизга зиёда қилурман”, (Иброҳим,7) деган. Роббимиз бандаларига берган сон-саноқсиз неъматлари эвазига улардан ҳеч нарса сўрамаган. Муборак Каломининг жудаям кўп жойларида фақатгина “Шоядки, шукр қилсаларингиз...” дея ўз неъматларини эслатган холос. Шунинг учун биз ҳам Аллоҳ таолонинг чексиз неъматларини эътироф қилган ҳолда У Зотга шукр қиламиз, дейишди.

3-аломат: “Қазои қадарга рози бўламиз”. Яъни, Аллоҳ таоло бизга мусибат берган пайтда ҳам, неъмат берган пайтда ҳам, ҳаётимизда қандай ҳодисаларга дуч келишимиздан қатъий назар Роббимизга ношукрлик қилмаймиз, У Зотнинг тақсимотига норозилик билдирмаймиз. Бизга берган ҳар бир кунини ё жазо ва ё мукофот, ё бало ва ё синов дея қабул қиламиз, дедилар.

   Саҳобаларидан ушбу жавобларни эшитгандан сўнг Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Каъбанинг Роббисига қасамки, сизлар ҳақиқий мўминсизлар”,  дедилар. Ҳар бир сўзи рост бўлган, ҳар бир тасдиғи ҳужжат бўлган зот Аллоҳни номига қасам ичиб, ушбу саҳобаларнинг ҳақиқий мўмин эканлигини тасдиқламоқдалар.

   Ҳа, азизлар, бу бежиз эмас, албатта. Саҳобалар ҳужжат қилган бу уч сифат иймоннинг энг катта аломатлари эди. Чунки, бу дунёдаги жамики разиллик ва жиноятлар, Аллоҳ таолога қилинадиган маъсият ва гуноҳлар, инсонларнинг ўртасида келиб чиқадиган барча зиддиятлар айнан мана шу уч сифатнинг йўқолиб кетаётганидан келиб чиқмоқда.

   Алҳамдулиллаҳ, ҳаммамиз мўминликни даъво қиламиз. Демак, биз ҳам иймонимиз борлигини мана шу уч гўзал сифат орқали исботлаб қўяйлик.

Тошкент шаҳар, Олмазор туманидаги “Мевазор” масжиди имом ноиби: Исломов Ёрбек.

1000 марта ўқилди

Мақолалар

Top