Мақолалар

Ислом тарихидан олтин саҳифалар

Салоҳиддин Айюбийнинг отаси ёшгина ўғлининг кичик болалар билан ўйнаётганини кўрди ва уни улар орасидан шартта олдида баландга кўтарди.

Ота баланд бўйли киши эди. Ўғлини баланд кўтарганча: «Мен онангга гўдаклар билан ўйнаб юрадиган бола туғиши учун уйланмаганман. Онанг ҳам сени кичик болалар билан ўйнашинг учун туғмаган. Мен онангга Масжидул Ақсони озод қиладиган ўғил туғиши учун уйланганман. Онанг ҳам сени Масжидул Ақсони озод қилишинг учун туққан» деди-да, қўлини қўйиб юборди.

Бола баландликдан ерга йиқилди. Ота ўғлига назар солди ва унинг юзида оғриқ аломатини сезди. Ундан: «Йиқилиш сени оғритдими?» деб сўради. Болакай: «Ҳа, оғритди» деди. Отанинг «Унда нега бақириб, дод солмадинг?» деб берган саволига кичик Салоҳиддин: «Масжидул Ақсони озод қилувчи одамга бақириб, дод солиш ярашмайди» деб жавоб берди.

*****

Мурод Иккинчи ҳарбий юришларидан бирида Қустантания яқинида тўхтаб, чодир тикиб, бир неча кун ўша ерда турди. Ана шу чоғларда унинг аёли тонг пайти ўғли Муҳаммадга Қустантания деворларини кўрсатиб: “Эй Муҳаммад, мана шу деворларни бузиб кириб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганларидек, бу шаҳарни фатҳ қиладиган одам сенсан. Чунки, сенинг исминг Муҳаммаддир” дерди.

*****

Сафийя бинт Абдулмутталиб ўғли Зубайрнинг от устидан йиқилиб тушишига ҳеч қачон парво қилмасди.

*****

Араблар фарзандларини ойлаб, йиллаб саҳроларга юборар ва бу иш сабабли қалбларига қўрқув ораламас эди.

*****

Боланинг ёлғиз ўзи кечалари Макка водийларида қўйлар билан қолишидан отасининг юраги сиқилмас эди.

*****

Ўспирин йигитларнинг бир ўзлари тижорат сафарига, овга ва баланд тоғларга тирмашиб чиқишлари уларнинг оналарини қўрқувдан ўлдирмас эди. Масалан Ҳамза ибн Абдулмутталиб розияллоҳу анҳу ёш йигит бўла туриб бир ўзлари арслон овига чиқар эдилар.

*****

Ислом дини инсониятга руҳий қувват бериш билан бирга жисмоний қувват ҳам бериб, инсонларни жисмоний баркамолликка тарғиб қилди. Натижада, Холид ибн Валид, Зубайр ибн Аввом, Саъд ибн Абу Ваққос, Қаъқаъ сингари паҳлавонлар етишиб чиқдилар. Улар ҳарбий юришга чиқсалар бўш қўл билан эмас, балки Кисро ва Қайсарларнинг мулки билан қайтар эдилар.

*****

Биз Зубайрдек ботирларни тарбия қиладиган Сафийядек оналарга ва Салоҳиддиндек арслонларни етиштирадиган Нажмиддиндек оталарга муҳтожмиз.

*****

Бу уммат номи эркак, қилиғи аёл бўлганлар билан эмас, балки ҳақиқий, мард, олийжаноб эркаклар билан пешқадам бўлади.

*****

Халқнинг келажаги бугунги ёшлари қўлидадир!

 

 

Нозимжон Иминжонов таржимаси

5532 марта ўқилди

Мақолалар

Top