Мақолалар

Тавба ҳақида ҳикматлар

Ҳасан раҳимаҳуллоҳ: “Агар банда гуноҳ содир этиб қўйиб, кейин дарҳол чин юракдан тавба қилса, Аллоҳ таолога қурбат ҳосил қилади” дедилар.

*****

Ҳасан раҳимаҳуллоҳдан насуҳ тавба ҳақида сўралганда у киши: “Қалб билан надомат қилиш, тил билан истиғфор айтиш, тана аъзолари билан гуноҳни тарк этиш ва гуноҳга қайтмасликка қасд этишдир” деб жавоб бердилар.

*****

Абу Ҳозим раҳимаҳуллоҳ шундай дедилар: “Биз тавба қилмасимиздан туриб ўлишни истамаймиз, ваҳоланки, ўлгунимизча тавба қилмаймиз”.

*****

Маймун ибн Меҳрон раҳимаҳуллоҳ шундай дедилар: “Бу дунёда фақат икки кишига яхшилик бор: тавба қилувчи кишига ва даражалари юксалиши учун амал қилувчи кишига. Улардан биринчиси хатолари кечирилиши учун амал қилса, иккинчиси ҳасанотлари кўпайиши учун амал қилади”.

*****

Авн ибн Абдуллоҳ раҳимаҳуллоҳ: “Ёмонликлардан кейин яна ёмонликлар қилиш нақадар жирканч! Ёмонликлардан кейин яхшиликлар қилиш нақадар чиройли! Ундан-да чиройлироғи яхшиликлардан кейин яхшиликлар қилишдир!” дедилар.

*****

Авн ибн Абдуллоҳ раҳимаҳуллоҳ бундай дедилар: “Тавба қилувчи инсоннинг қалби шишага ўхшаб, унга теккан ҳамма нарса таъсир қилади. Уларнинг қалбларига мавъиза, панду насиҳат тезроқ етиб боради. Улар юмшоқликка жуда яқин бўладилар. Шундай экан, қалбларингизни тавба билан даволанглар! Жуда кўп ҳолларда тавба қилиш тавба қилувчини жаннатга чорлаб, охири унга киритади. Тавба қилувчилар билан бирга ўтиринглар! Чунки, Аллоҳнинг раҳмати тавба қилувчиларга яқинроқдир!”

*****

Авн ибн Абдуллоҳ раҳимаҳуллоҳ айтадилар: “Тавба қилувчилар билан бирга ўтиринглар! Чунки, улар инсонларнинг орасидаги қалблари энг юмшоқ кишилардир”.

*****

Амр ибн Муҳожир айтади: “Умар ибн Абдулазиз менга шундай деди: “Агар менинг ҳақдан чарчаганимни, малолланганимни кўрсанг, ёқамдан ушлагин, кейин мени силкитгин, сўнгра “Эй Умар, нима қиляпсан?!” дегин!”

*****

Ҳорис ибн Саъийд айтади: “Агар Абу Имрон Жувний азоннинг овозини эшитсалар, ранглари ўзгариб, кўзларидан ёш қуйилиб келарди”.

 

“Солиҳларнинг дурдона сўзлари” номли китобдан

Нозимжон Иминжонов таржимаси

 

3415 марта ўқилди

Мақолалар

Top