Мақолалар

Юсуф алайҳиссалом – ҳақиқий иффат тимсоли

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Юсуф алайҳиссаломнинг эътирофи уммат учун дарс

Шу жойда кўпчиликни ўйлантирувчи, мулоҳазага чорловчи бир масала бор. У ҳам бўлса Юсуф алайҳиссалом тилга олган нафснинг моҳиятига оид мавзудир. Барча гуноҳлардан маъсум Пайғамбарнинг нафсини маломат қилиб оқламаётгани, унинг ёмонлигини тан олиб, эътироф этаётгани бир оз бўлса-да, ҳақли мулоҳазани келтириб чиқаради. Яъни қандай қилиб Аллоҳнинг пайғамбаридек маъсум бир зот нафсимни оқламайман, унинг ёмонлигини тан оламан, деб айтиши мумкин? Бу мулоҳаза ҳар доим шу сурани ўқиган кишининг ақлида пайдо бўлиши эҳтимолдан холи эмас. Ислом уламолари Аллоҳнинг улкан марҳамати яширинган мазкур ояти кариманинг тафсирида пайғамбар нафсидаги айнан шу ҳолатни жуда чиройли тарзда изоҳлаб берадилар.

Жумладан, буюк муфассирлардан Фахриддин Розий роҳимаҳуллоҳ «Тафсири кабир»да Юсуф сурасининг «Ўзим (нафсим)ни оқламайман. Албатта, нафс, агар Роббим раҳм қилмаса, ёмонликка ундовчидир...» мазмунидаги 53-оятини қуйидагича тафсир этадилар:

 «Нафс аслида бир нарсадир. Фақат у ҳар хил сифатларга кириб туради. Агар дунёга бўлган алоқси узилиб илоҳий оламга боғланса, «нафси мутмаъинна» деб аталади. Шаҳватга эргашиб, ғазаб унинг устидан ғолиб келса ўз эгасини ёмон ишларни бажаришга ундовчи «нафси аммора» бўлади. Бу нафснинг табиатига хос ҳолатдир. Муфассир ояти каримадаги «Роббим раҳим қилмаса» ифодасига таяниб, тоат ва иймон Аллоҳ таолодан келишини ва Унинг раҳматисиз нафснинг ёмонликларидан қутулиш мутлақо мумкин эмаслигини маълум қилади. Бу ердаги энг нозик нуқталардан бири “нафси аммора”нинг Юсуф алайҳиссалом томонидан қўланиш тарзидир. Яъни ояти каримада билдиришича, дейди муфассир, яхши ва ёмон барча инсонларнинг нафслари табиатан ёмон ишларни бажаришга мойил экани баён этилмоқда. Чунки пайғамбарлиги сабаб, барча гуноҳлардан пок бўлган Юсуф алайҳиссалом ҳам «Нафсимни оқламайман. Албатта, нафс, агар Роббим раҳм қилмаса, ёмонликка ундовчидир...» деб айтмоқда.

Демак, ёмон ишлар бажаришни қаттиқ хоҳлаб туриш бу нафснинг табиатига хос ҳолат экан. Оятда баён этилганига кўра, Аллоҳнинг амрларига бўйин эгиб, илоҳий раҳмат соясига сиғинган кишиларгина нафс орзу қилган ишларни бажаришдан ўзларини тия оладилар. Яхшиликка мойили бор бундай инсонларда нафснинг ёмон орзуларига бўлган иштиёқи заифроқ бўлади. Бундай нафснинг зарари маълум вақтдан кейин қалбга таъсир қила олмайдиган келиб-кетувчи туйғуларга айланиб қолади. Эътибор беринг, подшоҳ Азизнинг хотини Юсуф алайҳиссаломни чақирганида унга жавоб бермай, бу ёмонликдан Аллоҳга сиғиниб, паноҳ сўради. Аслида номаҳрам аёлнинг чақирувига рад жавобини беришга илҳомлантирган нарса Юсуф алайҳиссалом нафси табиатида мавжуд бўлган “кучли хоҳиш” хусусиятидир. Буни ўзи ҳам эътироф этиб: «Ўзимни оқламайман...» демоқда. Яъни Юсуф алайҳиссаломдек, Аллоҳнинг пайғамбари ҳам нафсининг табиатида худди шундай «хоҳиш» борлигини тан олмоқда. Бироқ, Аллоҳдан паноҳ сўрагани туфайли илоҳий раҳамтга ноил бўлиб, бу «хоҳиш» келиб кетувчи нафсоний туйғуга айланиб, унга ҳеч қандай зарар етказмади, деб изоҳлайди Фахриддин Розий роҳимаҳуллоҳ.

Нафснинг худди шу табиатига этибор қаратган яна бир машҳур муфассир Ибн Жарир ат-Табарий роҳимаҳуллоҳ ҳам «ёмонликка бошлайдиган нафс барча инсонларга оид нафс», яъни ҳамма одамларда мавжуд бўлган нафс эканини маълум қилади. Бундай ҳолатдаги нафснинг орзуси Аллоҳ таолонинг ризолиги йўқ бўлган ишларни бажаришдан иборат бўлади. Аллоҳнинг илоҳий раҳматидан насибаси йўқ инсонлар нафснинг бу хоҳишларидан қутула олмайдилар, дейди муфассир.

Ояти кариманинг далолат қилишича, нафс ҳар бир инсоннинг ичида мавжуд бўлган борлиқдир. Яна энг муҳим жиҳати, у ҳар доим инсонга қаршилик кўрсатиш, душманлик қилиш пайида экан. Қуръоний таълимот ва суннатларда билдирилган кўрсатмаларга асосланиб, Ислом уламолари нафс душманлигини кичкина деб қарамасликка буюрадилар. Аксинча, нафсни паҳлавон йигитлар юрагини ёрадиган даражада қўрқинчли борлиқ деб тасаввур қилишга чақирадилар. Сабаби, агар нафс тарбия қилинмаса у ҳеч қандай чегара ва раҳм-шафқатни билмайди. Қандай қилиб бўлмасин ўзининг хоҳиш-истакларига эришишга ҳаракат қилаверади. Бунинг нақадар хунук оқибатларга олиб келишини яшаб турган шу ҳаётимизда жуда ҳам аниқ мисолларда кўриб турибмиз. Мавлоно ҳазрат нафснинг мана шундай инсон пайқамайдиган ҳийлаларига ишониш керак эмаслигини, унинг ёмонлик кўрсатувчи хислати ҳеч қачон йўқ бўлиб кетмасдан сақланиб қолишини «Маснавий»даги илон ўйнатувчининг мисолида жуда ҳам чиройли қилиб тушунтириб беради.

Ўз бошини еган илон ўргатувчи

Қиш кунларининг бирида бир илон ўргатувчи қорли тоғларда катта илон қидириб юрарди. Шу пайт ўлиб ётган аждаҳодек келадиган катта бир илонга дуч келди. Ҳайбатининг ўзи кишини қўрқитиб юборар эди. Одамларни ҳайратга солиш ва кўп пул йиғиш учун уни яхшилаб ўраб боғлайди ва судраб Бағдоддаги бозорлардан бирига олиб келади. «Ўлган аждаҳони келтирдим, уни ов қилишда жуда ҳам машаққат чекдим», деб жар соларди. Аслида эса бу баҳайбат илон ўлмаган эди, балки қишнинг қаттиқ совуғидан карахт ҳолга келиб қолган эди. Тирик, лекин жони чиққанга ўхшарди. Илон ўргатувчининг овозини эшитган оломон атрофига жам бўла бошлади. У эса кўпроқ одам йиғилса, кўпроқ пул йиғаман, деб ўйларди. У гиламга ўраб, устидан боғлаб ташланган илонни гўё очмоқчи бўлди, бу эса одамларни янада қизиқтирар эди. Совуқдан музлаб қолган илон гиламга ўралган эди. Овчи эса уни худди аждаҳони бойлагандек арқон билан бойлаб ташлаб, одамлар кўпроқ йиғилсин, деб тугунларини очмай турганди. Совуқда увишиб қолган илон қишнинг кучсиз таралаётган қуёши нуридан бир оз тафт олиб, қимирлагандек бўлади. Буни кўрган оломон эса қўрқувдан ҳар томонга қочишди. Қий-чувдан ўзига келган аждаҳо сесканиб кетиб, ипларини уза бошлайди. Қўрқувдан чопаётган одамлар бир-бирларини устидан юриб кетиб айримлари жон ҳам таслим қилади. Илон ўргатувчи эса мен ўзи нима олиб келдим, деб турган жойида қотиб қолди. Ўзига келиб қочишга тушганди илон уни тутиб олиб ўлдирди. Ҳикоянинг охирида Мавлоно ҳазрат шундай хулоса қилади: «Эй, инсон боласи! Сенинг нафсинг ҳам бир аждаҳодир! Ўлганга ўхшагани билан у ўлмагандир. Гуноҳ қилишга фурсат топа олмаганидан қайғуга ботиб, увишиб турибди, аслида эса фурсат пойламоқда! Нафс куч йиғса, фурсат топса, Фиръавнлигини бошлайди. Юзлаб Мусо ва Ҳорун кабиларнинг йўлини тўсиб ташлайди! Шундай экан, унинг ҳеч бир ҳийласига ишонма!...»

Нафс тарбиясида уламоларнинг тавсиялари

Дарҳақиқат, нафс «аждаҳо»сини заиф деб ўйламаслик лозим, уни маҳв этиш учун Мусо керак. Минг-минглаб одам бу аждаҳонинг қурбонига айланмоқда. У увишиб ётганида ҳаммамиз мисоли Мусомиз, тоату ибодатда ҳаммага ўрнак бўламиз, гўё нафсимизни енггандек соғ-саломат юрамиз. Лекин нафсимиз уйғонса, ундан қутулишимиз қийин бўлади. Кўз-очиб юмгунча ақлимизга келмаган манфур ишларни қилиб, буларни гуноҳ эканини унутиб қўямиз. Кейин нафсимизни ҳар қанча маломат қилмайлик у аллақачон мақсадига эришиб, душманлигини қилиб бўлган бўлади. Уламолар нафснинг мана шундай аждаҳо хислатига энг бошда намозларни ўз вақтида комил адо этиш, кейин Аллоҳнинг дўстлари суҳбатларига бардавом бўлиш ва кўп ҳолларда очлик билан зарба бериш мумкин дейдилар. Намозни ўз вақтида комил адо этишни ҳаммамиз яхши биламиз, етук олимларнинг суҳбатларидан фойдаланиш эса анча муаммо бўлиб қолган. Яқинда юртимизга ташриф буюрган ислом оламининг етук намояндаси, шаръий билимларнинг ҳақиқий олими ва тариқат шайхи муфтий  Муҳаммад Тақий Усмоний ҳафизаҳуллоҳ мударрис ва илми толиблар билан учрашувларида айнан шу масалага кўп эътиборларини қаратдилар. «Зоҳирий ва ботиний диний илмларда етук бўлган уламоларнинг суҳбатларида бардавом бўлиб, олган илмларга қатъий амал қилишгина инсонни ҳақиқий мақсадга етказади», – дедилар шайх ҳазратлари. Дарҳақиқат, илмига омил бўлган Аллоҳ дўстларининг суҳбатлари инсон қалби эшикларини очиб, ҳақиқатларни тушуниб етишига, нафснинг  қанчадан-қанча кирдикорларини ислоҳ этилишига катта ёрдам бериши, илоҳий файзлардан баҳраманд бўлиши китобларимизда ёзилгандир. Буюк валийлардан Яҳё ибн Маъоз Розий роҳимаҳуллоҳ шундай дейди: «Авлиёнинг суҳбатида бўлган киши шайтоннинг дастидан қутулади, ҳар доим Аллоҳ билан бирга бўлади». Шу сабабдан ҳам Аллоҳ дўстларининг нафс тарбиясидаги айрим тавсияларини келтириб ўтишни лозим деб топдик. Навбатдаги вазифа нафсни очлик билан жазолашдир. Тўғри, нафснинг ейиш, ичиш, дам олиш каби аслий эҳтиёжлари бор. Шулардан бошқа унинг поёнсиз, яширин орзу-ҳавас ва истаклари йўлини беркитиш, хоҳишларини рад этиш нафс риёзати бўлади. Риёзатнинг бу тури нафс тарбиясидаги энг биринчи қадам бўлади. Кейингиси нафс хоҳламаган нарсаларни унга бажартириш бўлади. Бу босқич эса нафс мужодаласи дейилади.

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу айтади: «Ким нафсини бошқаришдан ожиз бўлса, ҳақиқий ожиз ўшадир».

* * *

Боязид Бистомий қуддиса сирраҳудан сўрадилар:

– Нафингизга берилган энг енгил жазо нима?

– Бир марта нафсим менга итотсизлик қилди. Унга жазо тариқасида бир йил умуман сув ичмадим, – деб жавоб бердилар («Табақотул кубро»).

* * *

Мавлоно Холиди Бағдодий қуддиса сирраҳу айтади:

– Нафси амморадан қутулганликнинг аломати икки ҳолатда намоён бўлади: одамларнинг мақтови ва хорлашини бир хилда кўришлик. Одамларнинг эътибор беришларидан севиниб, эътиборсизликларидан хафа бўлиш ақлсизликдир («Ҳилятул авлиё»).

* * *

Зуннуни Мисрий роҳимаҳуллоҳнинг нафсига берган раддияси:

Нақл қиладиларки, Зуннуни Мисрий ўн йил қатиқли ошдан ўзини тийиб, уни тановул қилмабди. Бир куни байрам бўлди, нафси:

– Менга байрамлик учун қатиқлик ош олиб берсанг, нима бўларди! – деди. Зуннуни Мисрий:

– Эй нафс, агар бу кеча менга ёрдам бериб, икки ракаат намозда Қуръони каримни хатм қилсанг, сенга шу таомни олиб бераман, – деди.

Нафси рози бўлди ва ўша кеча икки ракаат намоз ичида Қуръонни хатм қилди. Эрталаб бўлди, байрам намозидан кейин бир киши унга бир лаган қатиқли ош келтирди. Шайх ундан бир луқма оғзига олиб келди-ю, яна қайтариб лаганга қўйди. Кейин ўрнидан туриб, намозга машғул бўлди. Намоздан фориғ бўлганда: – Нима учун бундай қилдингиз? – деб сўрашди. Зуннуни Мисрий роҳимаҳуллоҳ: – Энди емоқчи бўлганимда, нафсим менга: «Ўн йил деганда барибир муродимга етдим!», деди. Мен эса: «Йўқ, муродингга етмадинг!» деб луқмани жойига қўйдим», деди («Тазкиратул авлиё»).

* * *

Сирри Сақатий роҳимаҳуллоҳ айтади:

– Агар бир киши Аллоҳ таолонинг яратган барча дарахтлари бор ва уларда яратилган ҳамма турдаги қушлар ўтирган боғга кириб қолса, қушлар унга қараб: «Эй Аллоҳнинг валийси, сизга саломлар бўлсин!» дейишса, нафс бундан сукут сақлаб, ғурурланса, бу одам нафсининг асири ҳисобланади («Тазкиратул авлиё»).

* * *

Саҳл ибн Абдуллоҳ Тустарий роҳимаҳуллоҳнинг нафсига берган жазоси:

Бир куни у сафар қилиб, Куфа шаҳрига келиб қолди. Нафси балиқ билан нон ейишни жуда хоҳлаётган эди. Ҳар қанча уни бу хоҳишидан қайтаришга уринмасин нафс ниятида қаттиқ туриб олди. Нафсимни Маккага етиб боргунча хафа қилмайман, деб ўзига сўз берди. Шаҳарда кетиб туриб, тегирмонни олдидан чиқиб қолди. Қараса, тегирмоннинг тошини ёғочга бойлаб қўйилган бир от айлатирмоқда экан. Тегирмончига яқин келиб: «Отга бу хизмати учун қанча берасиз?» деб сўради. Тегирмочи: «Икки танга», деб жавоб берди. Абдуллоҳ Тустарий: «Агар бу ишни мен бажарсам, менга кунига бир танга берсизми?» деб сўради. Тегирмончи рози бўлди. Абдуллоҳ Тустарий балиқ ва нон ейишни орзу қилган нафсини кечгача тегирмон тошини айлантириш билан қийнади. Иш вақти тугаган заҳоти унга бир танга беришди. Ҳолдан тойган ҳолида бориб балиқ ва нон олди ва нафсига: «Қачонки мендан бирор нарса хоҳласанг, олдин сени унга муносиб тарзда хизматга соламан ва кейин хоҳлаганингни бажо келтираман», деди («Табақотул кубро»).

Хулоса

Мукаммал ислом динимиз тарихи нафсини тарбия ва тазкия қилиб Аллоҳ ҳузурида энг катта мақомларга эга бўлган қанчадан-қанча муборак зотларга гувоҳ бўлгани каби, нафсини ўз ҳолига ташлаб қўйиб хору залил бўлиб кетганларга ҳам шоҳиддир. Юсуф алайҳиссаломнинг Зулайҳо орқали имтиҳон қилиниши қиёматга қадар келувчи барча уммати Муҳаммадия учун кучли огоҳлантириш ва ҳақиқий иффат намунаси бўлди. Шу сабабдан ҳам азиз устозларимиз Қуръони каримдаги Юсуф алайҳиссалом қиссасини меҳрибон Аллоҳнинг биз бандалари учун берган энг катта марҳаматларидан бири деб айтадилар. Ҳар даврнинг имтиҳони ўзига ярашадир. Авлиёҳуллоҳдан Хожа Алоуддин Аттор қуддиса сирраҳу «Илоҳий файзда қусур ва камчилик йўқ. Қусур ва камчилик толибдадир...» деб илоҳий файзнинг замон ва макон танламаслиги ҳақида огоҳлантириш беради. Бас шундай экан тоату ибодатларимиздан завқ ололмаётган бўлсак, қалбларимиз файзи илоҳийдан баҳараманд бўлмаётган бўлса, юриш-туришимизга, зоҳирию ботиний рафторимизга бир назар солайлик. Турли-туман, юзлаб Зулайҳоларни чангида қолдирувчи шайтоний, нафсоний орзу-ҳавасларимизнинг ҳар лаҳзада «Ҳайта лак!» – «Буёққа кел!» чақириғига чин қалб ва ихлос билан «Маъзаллоҳ!» – «Аллоҳ сақласин!» деб Аллоҳга сиғина оляпмизми? Агар бу сиғинишимиз ҳақиқий бўлса, биз албатта Аллоҳнинг чексиз раҳмати уммонига ғарқ бўламиз. Шундагина таҳдид солмоқчи бўлган бу фоний жилвалар келиб-кетувчи туйғуларга айланиб қолади, қалбимиз эса илоҳий файзнинг нурларидан баҳараманд бўлаверади. Қуръон инсон нафсини қандай тарбия қилиш йўл-йўриғини кўрсатмоқда ва бунинг натижаси Аллоҳ томонидан қандай мукофотланишини ҳам баён этмоқда.

Ўқиганларимиздан нафс инсонни ҳақиқий маънода камолга етказувчи унсур эканини билиб олдик. Инсон нафси билангина инсон бўлади. Шу маънода нафс инсонга берилган Аллоҳнинг энг катта лутфидир. Аллоҳ таоло уни бизга имтиҳон қилиш учун бергани ҳам айни ҳақиқатдир. Бутун оламлар Роббининг амрларини адо этиб, Унга муносиб қул бўлишда айнан нафснинг роли бениҳоя каттадир. «Ҳужжатул ислом» унвони соҳиби Абу Ҳомид Муҳаммад ибн Муҳаммад Ғаззолий роҳимаҳуллоҳ ҳазратлари бу ҳақиқатни жуда ҳам чиройли тарзда ифода этганлар:

«Нафс руҳнинг ўловидир. Агар инсон нафсининг тизгинини қўйиб юбориб, унинг йўлидан борадиган бўлса, ҳалок бўлиши муқаррар... Шундай экан, нафсингизнинг жиловини маҳкам тутинг ва уловингизни ўзингиз бошқаринг!...»

Ойларнинг султони, шайтонлар занжирбанд қилинадиган, файзу барака ёғиладиган, нафс тарбия қилинадиган ой – Рамазони шариф яқинлашмоқда. Бу имкониятдан тўлиқ фойдланишга ҳаракат қилайлик. Аллоҳ таоло кўз очиб юмгунимизча ҳаргиз нафсимиз қўлига ташлаб қўймасин. Нафсимизни тарбия қилиб, мутаққий қуллар зумрасидан жой олиб, ризосини топишимизда Ўзи бизга ёрдам бериб, тавфиқини рафиқ айласин!

(давоми бор)

 

Улуғбек Султон

Манба: https://islom.uz

548 марта ўқилди

Мақолалар

Top