Мақолалар

Никоҳ тўйини куёв томон қилиб беришининг сабаблари

Маълумки, никоҳ тўйини қилиб бериш эркак томоннинг зиммасидадир. Бунинг сабаблари қуйидагича:

  1. Куёв томон ЭРКАК томон бўлгани учун тўйнинг умумий харажатини кўтаради.

Эркак кишида орият бор. У ҳеч қачон бўлажак турмуш ўртоғига: «Отангга айт, тўйни қилиб берсин» демайди. Бундай дейиш уятдир!

  1. Қиз боланинг ўз уйидан куёв уйига боришга рози бўлгани учун унинг бу жасоратини тақдирлаш мақсадида.

Ота-она 18 йил тарбия қилган кўзларининг оқу қораси, жигарпоралари бўлган қизларини бошқа бир хонадонга кетишига рози бўладилар. Бу эса куёв тараф учун катта шарафдир. Ана шу эътибордан келин томоннинг тўйини ҳам куёв тараф қилиб беради.

Шариатимизда тўйни эркак томон қилиб беришига доир аниқ далиллар келган.

Абдураҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳу дедилар: “Данак катталигидаги тиллони маҳрга бериб бир аёлга уйландим. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам “Аллоҳ сенга барака берсин, битта қўй сўйиб бўлса ҳам тўй қил!” дедилар”. Имом Бухорий ривоят қилган.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Али розияллоҳу анҳуга қизлари Фотима розияллоҳу анҳони никоҳлаб бераётганларида, «Эй Али, келинга бир тўй ҳам қилмоқ керак», деганлар.

Аммо ҳозир ўлчовлар ўзгаргани, шариат ҳукмига амал қилиш ўрнига, «Одамлар нима дейди?!» қабилида иш тутилаётгани, диний илмнинг озлиги, жоҳилликнинг кўп ёйилгани боис тўйлар арафасида келин томондан турли нарсалар кутадиган, тамаъ қиладиган, «Фалон нарса қилинглар! Бизнинг орзу-ҳавасимиз бор» дейишдан тап тортмайдиганлар кўпайиб кетди. 

Аллоҳ таоло аҳволимизни ўнгласин! Ҳолимизни ислоҳ қилсин! Исрофдан, дабдабадан, орсизликдан Ўзи асрасин! 

 

Манбалар асосида Нозимжон Иминжонов тайёрлади

776 марта ўқилди

Мақолалар

Top