Мақолалар

Нишонга урилган гаплар: “Болам, пешин намозингни ўқиб ол! Унгача мен тушлигингни тайёрлаб тураман” 

Қуйида келтириладиган фикрлар, ҳикматлар сайтлардан ва ижтимоий тармоқлардаги турли саҳифалардан олиб таржима қилинган. 

Агар Аллоҳ таоло бир бандасини яхши кўриб қолса, ер юзида унинг гапини қабул қилинадиган қилиб қўяди ва барча одамларнинг қалбига унга нисбатан муҳаббат солади.

“Тарих муҳрлаган сўзлар”

*****

Ота-онанинг мактабдан келган ўғлига айтаётган гапи:

“Болам, пешин намозингни ўқиб ол! Унгача мен тушлигингни тайёрлаб тураман”.

*****

Кўплаб инсонлар сиздан тажриба ўрганиш мақсадида ҳаётингизни ўзларига намуна қилиб олишади.

Кўплаб инсонлар тойилишларингизни ёзиб қўйиш мақсадида хатоларингизни пойлашади.

Буларнинг иккиси ҳам сизга қизиқади.

Бири муҳаббат билан қизиқади.

Иккинчиси жирканчлик ва ҳасад билан қизиқади.

*****

Ўсимликларда ақл йўқ. Агар уларни тешиги бор сандиққа солиб қўйсанг, улар нурга эргашиб ўша тешикдан ўсиб чиқади. Биз ақлга эга бўла туриб, нега нурга (илм-маърифатга) эргашмаймиз?!

Нажиб Маҳфуз

*****

Баъзи ошналар об-ҳаво совиши билан ўзга юртларга учиб кетадиган қушларга ўхшайди.

*****

Пастга тушиб кетиш оддий ҳодиса.

Аммо ўша чуқурда қолиш — танловдир.

“Тарих муҳрлаган сўзлар”

*****

Бирор нарса абадиймас... Қувват ҳам, соғлик ҳам ва ҳатто ҳайбат ҳам!

“Тарих муҳрлаган сўзлар”

*****

 

Интернет материалларидан тўплаб, таржима қилувчи

Нозимжон Иминжонов

 

2435 марта ўқилди

Мақолалар

Top