Мақолалар

Нишонга урилган гаплар: “Одамларнинг қанақалигини сафарда ёки бошингга иш тушганда биласан”

Қуйида келтириладиган фикрлар, ҳикматлар сайтлардан ва ижтимоий тармоқлардаги турли саҳифалардан олиб таржима қилинган.

 

Мазлумнинг «Ҳасбуналлоҳ ва неъмал Вакил» («Бизга Аллоҳнинг Ўзи етарли ва У қандай ҳам яхши вакил»)деган сўзининг маъносини биласизми? У шу пайтда «шикоятлар папкаси»ни Роббисига юбораётган бўлади.

*****

Эй Аллоҳ! Ҳар бир эркака ҳамият, ғайрат, иффат, ор-номус бергин ва сўзи аёлига, қизларига, опа-сингилларига таъсир қилишини насиб этгин!

Эй Аллоҳ! Ҳар бир аёлга шарму ҳаё, ибо, уят, иффат бергин ва ота-онасининг, ака-укаларининг, эрининг айтганини қилишини насиб этгин!

*****

Эй Роббим, қалбини умидсизлик қамраб олган кишиларга Ўзинг ёрдам бергин! Бемор бандаларингга комил шифо ато этгин!

*****

Дунё ва Охират яхшилиги беш хислатда:

  1. Нафс тўқлиги (қаноат);
  2. Озор беришдан тийиш ва тийилиш;
  3. Ҳалол луқма ейиш;
  4. Тақво либоси;
  5. Барча ҳолатларда Аллоҳга ишониш.

Али розияллоҳу анҳу

*****

Улкан Имконият

Уйқудан уйғоняпмизми, демак:

- Аллоҳ таоло Ўзини зикр қилишимиз;

- Унга истиғфор айтиб, тавба қилишимиз;

- зулм қилган кишиларимиздан узр сўраб, розиликларини олишимиз;

- қарзларимизни ҳақдорларга қайтаришимиз;

- қазо намозларимизни ўқишимиз;

- қазо рўзаларимизни тутишимиз;

- ўлимга чин маънода тайёргарлик кўришимиз учун бизга имконият беряпти.

Биз бор куч-ғайратимизни ишга солиб, бу фурсатдан фойдаланайлик!

*****

Китобларнинг дўстлиги инсонларнинг дўстлигидан афзалдир. Китоблар сенга доим нимадир беради, аммо ҳеч нарса талаб қилмайди.

«Тарих муҳрлаган сўзлар»

*****

Аёдан сўрадилар: “Сенингча олийжаноб эркак ким?”

У жавоб берди:

- Менга таъна эмас, насиҳат қиладиган;

- Мендан гумонсираб кузатмай, балки менга ишонадиган;

- Менга озор беришга эмас, мени ҳимоя қилишга уринадиган киши.

*****

Босния ва Герцоговинанинг собиқ президенти Али Иззатбегович бир сафар Жумъа намозига кеч қолиб келди. Одатда у намозни олдинги сафларда адо этарди. У биринчи сафга ўтиб олиши учун одамлар йўлни очишди. Шунда у намозхонларга бирма-бир кўз югуртириб чиқдида, ғазаб билан ўша машҳур гапини айтди:

«СИЗЛАР МАНА ШУНДАЙ ҚИЛИБ ЗОЛИМУ ДИКТАТОРЛАРИНГИЗНИ ЕТИШТИРАСИЗЛАР»

«Тарих мухрлаган сўзлар»

*****

Қанийди болаларга ўхшасак

- Болалар ўзларидаги нарсани бошқа ўртоқларига ҳам илинадилар.

- Улар урушиб қолсалар, дарҳол ярашиб оладилар, хафа қилган дўстларини тез кечирадилар. Гина, нафрат, адоват деган нарса уларга ётдир.

- Улар хато қилсалар йиғлайдилар ва ота-оналарининг кечиришларини истаб, уларга ялинадилар, раҳм-шафқатларини уйғотишга ҳаракат қиладилар.

- Уларда мағрурлик, кеккайиш, бошқаларни назарга илмаслик ҳолати йўқ.

- Уларда соддалик, самимийлик бор.

- Улар ўртоқларига меҳрибонлик қилмоқчи бўлсалар, чиндан меҳрибонлик қиладилар, таомга, бирга ўйнашга чақирсалар, ростдан, чин юракдан чақирадилар.

- Сохта такаллуф, иккиюзламачилик, лаганбардорлик деган нарса уларга бегона.

- Уларнинг юраклари оппоқ бўлади.

*****

Одамларнинг қанақалигини сафарда ёки бошингга иш тушганда биласан.

Абдурраҳмон Муниф

*****

Жим туриш доим розилик аломати бўлавермайди. Гоҳида тушунмайдиган кишиларга тушунтиришга уриниб чарчаганимиз учун ҳам жим бўламиз.

Ғассон Канафаний

*****

Бургутлар жим турганда тўтиқушлар сайрашни бошлайди.

*****

 

Интернет материалларидан тўплаб, таржима қилувчи

Нозимжон Иминжонов

761 марта ўқилди

Мақолалар

Top