Мақолалар

“Фолга борма фолсиз юрма”ми

Бугун жуда ҳам долзарб масалалардан бири хусусида суҳбатлашамиз. Айни пайтда бутун дунёнинг энг катта муаммоларидан бири бўлган мусулмонларнинг бошига мусибатлар келтириб, иймонларидан айрилишига сабаб бўлаётган сеҳр, фолбинлик ва мунажжимлик замонамизнинг бошига битган бало бўлди, десак хато қилмаймиз.

Ислом уламолари сеҳргар шак-шубҳасиз, кофир бўлади, деган ҳукмни ўқишган. Бунга ҳужжат сифатида қуйидаги оят келтирилади: «Балки одамларга сеҳр ўргатадиган шайтонлар кофир эдилар» (Бақара сураси, 102).
Лаънатланган шайтоннинг одамларга сеҳр ўргатишдан кўзлаган бирдан-бир мақсади – уларни мушрикка айлантиришдир. Аллоҳ ўзига ширк келтирган инсонни ҳеч қачон кечирмайди. 

Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Кимки башоратгўй ёки фолбиннинг олдига бориб, айтаётган гапини рост деб билса, у шубҳасиз, Муҳаммадга тушган нарсага куфр келтирибди» (Абу Довуд, Насоий, Ибн Можа).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Кимки башоратгўйнинг олдига бориб, ундан бирон нарсани сўраса, қирқ кунгача унинг биронта ҳам намози қабул қилинмайди» (Муслим ривояти).
Оиша розийаллоҳу анҳо айтдилар: «Одамлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан фолбинлар ҳақида сўрашди. У зот розийаллоҳу анҳо: «Улар ҳақ эмаслар», дедилар. Улар: «Ё Расулуллоҳ, улар гоҳида шундай гапларни айтадиларки, у ҳақ бўлиб чиқади», дейишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бу ҳақ калимани жин ўғирлаб ўғринча билиб олади-да уни дўсти фолбиннинг қулоғига қуяди. Фолбинлар эса унга юзта ёлғонни аралаштириб юборадилар», дедилар» (Муттафақун алайҳ).

Али ибн Абу Толиб розийаллоҳу анҳу айтганлар: «Фолбин – сеҳргар, сеҳргар эса кофирдир». 

Бу ҳол шу қадар кенг ривож олганки, оммавий ахборот нашрлари ҳам мунажжимлар башоратига алоҳида эътибор қаратиб, одамларнинг юлдузига қараб фол очиш билан овора. Аллоҳнинг каломи, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадиси шарифлари бир четда қолиб, одамлар шайтонга ростмана шогирд тутинган фолбинларнинг сўзларига қулоқ соладилар. Юқорида гуноҳи кабира рукни остида келган хабарларда бир ҳадис эътиборимизни ўзига тортади. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз ҳадисларида фолбиннинг олдига бориб, унинг гапини тасдиқлаган киши диндан чиқишини айтганлар. Нима учун энди, фақат борган одам эмас, балки бориб гапини тасдиқлаган киши? Ҳеч ўйлаб кўрганмисиз? Аслида борганнинг ўзидаёқ қирқ кунлик намозларининг савобидан маҳрум бўлиб, ўша ибодатлари қабул бўлмас экан. Мусулмон киши учун бир вақт намозининг қабул бўлмай қолишидан улканроқ мусибат йўқ! Демак фолбинга югураётган инсонларнинг иймонида жуда катта заифлик ва нуқсон мавжуд. Чунки, бориш ҳам, унинг сўзини тасдиқлаш ҳам ўта оғир жиноят ва мусибатдир.

Шу ўринда “Халқимизда “фолга борма фолсиз юрма” деган гап бор” дейдиган маҳмадоналар диқққатига: бу мақолни ҳам фолбинлар тегирмонига сув қуяётган илмсиз, нодон кимсалар ўйлаб топган. Ўзингизнинг гуноҳингиз ва бузғунчилигингиз учун халқни айбдор қилманг. 

Сўзимиз сўнгида бетоб бўлса ҳам фолбинга, бирор нарсаси йўқолса ҳам фолбинга, иши юришмаса ҳам фолбинга, қизига совчи келмай қолса ёҳуд ўғлига қиз топилмаса ҳам фолбинга югурадиган ва умуман ҳаётини фолбинларсиз тасаввур қила олмайдиган юртдошларимизга хитобимиз шуки, Аллоҳга қайтинг, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам қайтарган ва охири абадий дўзах бўладиган йўлни тарк этинг! Пайғамбаримиз Аллоҳ таъоло ҳар бир одамнинг тақдирини уларни яратишидан эллик минг йил олдин ёзиб қўйганини айтиб кетганлар. Бу тақдирни ҳеч ким ўзгартира олмайди. Фолбинларга қатнаётган опаларимиз, сингилларимизнинг шу бугунданоқ бу йўлдан қайтишларини сўраймиз. Ўзингиз ўйлаб кўринг, нима учун фолбинлар ҳамиша хор ва ғарибхоналарда яшашади. Нима сабабдан улар келажакни айтиб бериш учун ўзларида журъат топишади-ю, оёқлари остида турган конларни топиб, бойиб кетмайдилар. Майли, бу ҳам оғирдир, нега биргина лоторея қоғозини олиб, ноль бутун мингдан бир миллиметр нарида турган ёзувни ўқиб, Каптива ёки Малибу эгаси бўлиб олишмайди, нега?! Чунки улар келажакни ҳеч қачон била олишмайди. Аллоҳ таъоло Қуръони каримда бу илм фақат Ўзида эканлигини айтган. Аллоҳ таоло билан фақат Аллоҳгагина тегишли бўлган илмни талашаётган бандалар албатта хор бўлажак. Шу малъун, ифлос ва жирканч маҳлуқларнинг олдига бориб, иймон-у эътиқодни поймол қилмайлик, азизлар. Кимки шу ишни қилган бўлса, шу бугуноқ тавба қилсин, Аллоҳ кечирувчи Зот. Улгура олмай қолса, қиёматда Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга тушган динда бўлмайди. Кофирнинг жойи эса абадий жаҳаннамдир. Бундан Аллоҳнинг Ўзи асрасин.

 

Саидаброр Умаров

949 марта ўқилди

Мақолалар

Top