Мақолалар

Янги қарор устида иш бошланди

Сўнги йилларда кенг жамоатчиликни жиддий ташвишга солаётган, халқимиз учун аянчли ҳолат бўлган – оилаларнинг ажралиши кўп кузатилмоқда. Афсуски, бу муқаддас даргоҳга бўлган муносабат йил сайин салбий тус олмоқда. Биргина 2015 йилнинг 9 ойи давомида Тошкент шаҳри бўйича 3586 оилага дарз кетган. Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида эса бу кўрсаткич 3442 тани ташкил этди. Тошкент шаҳрида жами 505 та маҳалла бўлса, ажримлар шуларда 474 тасида юзага келган.

Муқаддас динимиз Ислом динида Аллоҳ таоло оила ва никоҳнинг муқаддаслиги тўғрисида шундай баён қилади:  «Унинг аломатларидан (яна бири) – сизлар (нафсни қондириш жиҳатидан) таскин топишингиз учун ўзларингиздан жуфтлар яратгани ва ўртангизда иноқлик ва меҳрибонлик пайдо қилганидир. Албатта, бунда тафаккур қиладиган кишилар учун аломатлар бордир» (Рум, 21).

Юқоридаги каби ҳолатларни бартараф этиш ҳамда оилалар ажралишини олдини олиш бўйича Тошкент шаҳар ҳокимияти томонидан йиғилиш ўтказилди. Йиғилиш сўнггида Тошкент шаҳар ҳокими янги қарор устида иш бошлаб юборилгани, унга кўра, Тошкент шаҳрида ажрашган ҳар бир оила ҳақида маълумотлар – оила вакилларининг исм-фамилияси бундан буён “Тошкент” телеканали ва “Тошкент оқшоми” гезетасида бериб борилиши маълум қилинди. Шаҳар ҳокими бу ишга жиддий киришар экан, ажрашаётган оилалар ҳақидаги маълумотларнинг телевидение орқали тарқатилиши, ажримларнинг камайишига ижобий таъсир кўрсатиши мумкинлигини қайд этди.

Даврон НУРМУҲАММАД

тайёрлади

5866 марта ўқилди

Мақолалар

Top