Мақолалар

Устоз ва мураббийларга табрик

بسم الله الرحمن الرحيم

 

الحمد لله الذي علم بالقلم علم الإنسان ما لم يعلم والصلاة والسلام على معلم الناس الخيروعلى آله و أصحابه أجمعين, اما بعد...

 

Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва барокатуҳ,

Ҳурматли диний таълим муассасалари раҳбарлари, фидоий ўқитувчилар ҳамда жонкуяр мураббийлар!

Аввало, сиз, азизларни, сизларнинг тимсолингизда устоз деган шарафли номни улуғлаб келаётган юртимиздаги барча инсонларни умумхалқ байрами – Ўқитувчи ва мураббийлар куни билан чин қалбимдан самимий муборакбод этаман. Аллоҳ таборака ва таоло устоз ва мураббийларни ёш авлод тарбияси йўлида қилаётган меҳнатларини улуғ ажру мукофотлар билан сийласин.

Ушбу қутлуғ айёмни мамлакатимизда кенг нишонлар эканмиз, биринчи навбатда қадрдон мактабимиз, эзгуликдан сабоқ берган меҳрибон муаллимларимиз сиймоси кўз олдимизда намоён бўлади. Биз учун ибрат намунаси, юксак инсоний фазилатлар тимсоли бўлган сизлар каби азиз ва мўътабар устозлар шаънига энг гўзал сўзлар, эзгу тилакларимизни изҳор этамиз.

Бугун юртимизда жуда кўп хайрли ишлар бўлаётганини ҳаммамиз кўриб, кузатиб, бундай яхши кунларнинг иштирокчиси бўлиб турибсиз. Муҳтарам Президентимиз ташаббуслари билан мамлакатимиз тараққиётнинг янги поғонасига кўтарилди. Бундай эзгу саъй-ҳаракатлар қаторида диний-маърифий, илмий-ижодий соҳаларда ҳам катта тарихий воқеалар бўлмоқда. Бундай ўзгаришлардан халқимиз, айниқса, мўмин-мусулмонларимиз жуда ҳам мамнун.

Ҳазрати Алишер Навоий бобомиз айтганларидек, дунёнинг бор бойлик ва хазинаси билан ҳам устозларнинг олижаноб меҳнатингиз ҳақини адо этиб бўлмайди. Ҳақиқатан ҳам, ҳар бир ёш авлодни ўз фарзандидек ардоқлаб, ёш авлод тарбияси учун кўз нури, қалб қўри, бутун борлиғини бахш этадиган ўқитувчи ва мураббийлар том маънода фидоий касб эгаларидир.

Устозлик мақоми жуда ҳам олий саодат. Дин йўлида бизга сабоқ берган, ҳаётда ўз ўрнимизни топишимизга кўмак берган муҳтарам устозларимизни доимо эъзозлаймиз. Аллоҳ шарафли ва масъулиятли касбда собитқадам бўлган азиз устозларимизга куч-қувват, илму ирфонларини янада зиёда қилсин, икки дунё саодатига мушарраф этсин, деб доимо дуода бўламиз.

Азиз устозлар! Барчангизга сиҳат-саломатлик, бахт ва омад, хонадонларингизга тинчлик-хотиржамлик, файзу барака тилайман. Доимо соғ-омон бўлинг, азиз устозлар!

 

Камоли эҳтиром ила,

 

Ўзбекистон муслмонлари

идораси раиси, муфтий                                                        Усмонхон АЛИМОВ 

19766 марта ўқилди

Мақолалар

Top