Мақолалар

«Фиқҳи акбар» китоби

(Давоми)

 4-қисм

Пайғамбарларнинг барчалари кичик ва катта гуноҳлардан, куфр ва қабиҳ ишлардан покдирлар. Магар улардан баъзи саҳву хатоликлар содир бўлгани рост. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳнинг ҳабиби, бандаси, расули, набийси, сафий ва нақийсидирким, зинҳор санамларга сиғинмаганлар, бир лаҳза ҳам Аллоҳга ширк келтирмаганлар ва асло кичик ва катта гуноҳга қўл урмаганлар.

Пайғамбарлардан кейин одамларнинг энг афзали – Абу Бакр Сиддиқ, сўнгра Умар ибн ал­Хаттоб, сўнгра Усмон ибн Аффон, сўнгра Али ибн Аби Толиб розияллоҳу анҳудирлар. Улар ҳақ узра яшаб, ҳақ билан бирга ўтганлар. Уларнинг ҳаммасини дўст тутамиз. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаларидан ҳеч бирига ёмонликни нисбат бермаймиз, балки яхшилик билан ёд этурмиз.

Бирор мусулмонни қилган гуноҳи сабабли кофирга чиқармаймиз, гарчи у кабира гуноҳ бўлса ҳам, башарти уни ҳалол деб эътиқод қилмаган бўлса, ундан имон исмини олиб ташламаймиз, уни ҳақиқий мўъмин деб атайверамиз, уни фосиқ мўъмин деб аташ мумкин, фақат кофир эмас.

Пойафзалга масҳ тортиш – суннат. 

Рамазон ойи кечаларида ўқиладиган таровеҳ намози – суннат.

Ҳар қандай солиҳ ва фожир мўминга иқтидо қилиб намоз ўқиш жоиз.

Мўъмин кишининг қилган гуноҳлари унга зарар қилмайди демаймиз. Яна уни дўзахга киритмайди ҳам демаймиз. Лекин уни абадий қолдиради ҳам демаймиз. Лекин у ерда абадий қолдиради ҳам демаймиз, ҳатто у фосиқ бўлган тақдирда ҳам. Аммо дунёдан имонли кетган бўлиши шарт.

Барча савобли ишларимиз қабул қилинур ёки гуноҳларимиз кечирилур ҳам демаймиз. Лекин айтамизки, ҳар ким қайси бир савобли ишни барча шарт­шароити билан уни бузиб қўядиган айблардан холи ҳолда адо этган бўлса ҳамда дунёдан шу тарзда ўтган бўлса, албатта, Аллоҳ таоло унинг эзгу ишини зое кетказмайди. Балки уни қабул этади ва унга яраша савоб ёзади.

Ширк ва куфрдан бошқа гуноҳларни қилган ва тавба қилмай туриб дунёдан мўъмин ҳолда ўтган кишининг иши Аллоҳнинг хоҳишига ҳавола – хоҳласа жазо беради, хоҳласа афв этиб, асло дўзах азобига дучор этмайди.

Риёкорлик ва манманлик билан қилинган ҳар бир хайрли ишнинг савоби бекор қилинур.

2771 марта ўқилди
Мавзулар

Мақолалар

Top