Мақолалар

Ғаройиб жонзотлар: Кўзойнакли гага

 Кўзойнакли гага – ўрдаксимонлар оиласининг йирик вакили. Аляска ва Шимоли шарқий Сибирдаги денгиз соҳилларига ин қуради.

Бу гага катта боши, калта бўйни ва ханжар шаклидаги узун тумшуғи билан фарқланиб туради. Ўзининг икки турдоши – оддий гага ва гребенушка гагасидан фарқли равишда кўзойнакли гага бироз кичикроқ бўлиб, узунлиги 51-58 см, вазни 1630 граммни ташкил этади. Ранг жиҳатидан оддий гагаларга ўхшаб кетса-да, унинг усти оқ-қаймоқранг, қорин қисми эса қорамтир тусдадир. Шунингдек, бу гаганинг кўзи атрофида доғлар бор бўлиб, ана шу доғлар сабабли унинг кўзида кўзойнак бордек кўринади. Урғочисининг кўз атрофида эса оч жигарранг-қўнғир тусда доғлар бор. Эркак гаганинг пешонаси ва яноқлари яшил рангда, тумшуғи эса тўқ сариқ.

 Ёз фаслида эркак гаганинг ранги бир хил кулранг рангда бўлади. Ҳатто кўзойнаклари ҳам кулранг тусда товланади. Кўкраги жигарранг бўлади. Урғочиси эса доим майда чизиқли қизғиш-жигарранг тусда бўлади. Урғочиси деярли гребенушка гагаси билан ўхшаш бўлиб, фақат тумшуғи ва кўзойнаги унинг фарқли жиҳатларидир.

Кўзойнакли гаганинг тарқалган жойлари Россиянинг Арктика соҳиллари бўйлаб Колима ва Индигирка дарёларининг лабида, тундранинг тор чизиғида, мазкур дарёлар ҳавзалари оралиғида, шунингдек, Алясканинг Юкон делтасида жойлашган. Америкада Барроу бурнидан Бристол кўрфазигача бўлган ҳудудларда яшайди.

Қишда мазкур ҳудудларнинг қирғоқ сувлари муз билан қоплангани учун бу қушлар жанубга, Беринг денгизининг музламайдиган қисмларига кўчиб кетишади.

Бу қуш ботқоқларда, кўлмакларда, жуфтлашиш мавсуми бўлмаган кезларда очиқ денгиздаги муз бўлаклари четида вақт ўтказади.

Бошқа гагалар каби бу ҳам моллюскалар билан озиқланади ва бунинг учун денгиз тубига шўнғийди. Шунингдек, қисқичбақасимонлар, жуфтлашиш мавсумларида ҳашаротлар ва уларнинг личинкалари, ўргимчаклар, баъзан ўсимлик ва илдизлар билан озиқланади.

Кўзойнакли гагалар ин қурадиган жойларга май-июн ойларида келишади, бу пайтда жуфтликлар аллақачон шаклланиб улгурган бўлади. Паст ботқоқли қирғоқлар ва кичик кўлларда жуфтлашадилар. Кейин тухум қўйиш учун жойни биргаликда аниқлайдилар. Жой топилгач, у ерни унча чуқур бўлмаган ҳолда қазиб, тахминан 4-5 дона тухум сиғадиган ҳолга келтирадилар. Урғочи гага тухум қўйгач, уларни кўкрак қисмидан ажратиб олган юнглар билан ўрайди. Агар тухумларга тулки, норка, чайка каби жонзотлар томонидан талофот етса, урғочи гага қайтадан тухум қўйишни бошлайди.

Жўжаларнинг усти жигарранг-кулранг, пастки қисми эса оқ рангда бўлади. Тухумдан чиққанидан сўнг кўп ўтмай онаси изидан сувга қараб йўл оладилар. Жўжалар ҳали уча олмайдилар. Бутун оила денгиздан узоқ, уяга яқин бўлган сув ҳавзасига борадилар. Жўжалар тухумдан чиққанидан сўнг 50-53 кун ўтгач, уларнинг қанотлари учишга тайёр бўлади ва улар денгиз сари учиб кетадилар.

Дунё бўйича кўзойнакли гага сони 330000-390000 тагача ошиб боради.

Азизлар, Аллоҳ таоло барча жонзотлар қаторида бу жониворни ҳам Ўзига маълум бўлган ҳикматга кўра яратгандир. Роббимиз бу қушни муайян муҳитга мослаб, бошқа қушларга ўхшамайдиган хусусият билан яратган. Бу хусусият ушбу қушнинг эркин ҳаёт кечиришига, ов қилишига, қишлашига, кўпайишига, ин қуришига хизмат қилади.

Бу қушнинг тумшуғининг усти ва бошининг орқа қисмидаги яшил ранг ўзига хос тарзда товланиб, мавсумга қараб ўзгариб туради. Кўзлари атрофидаги “кўзойнак” каби кўриниб турадиган чизиқлар ҳам уни бошқа қушлардан ажратиб туради.

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай деб марҳамат қилган:

قَالَ فَمَن رَّبُّكُمَا يَا مُوسَى قَالَ رَبُّنَا الَّذِي أَعْطَى كُلَّ شَيْءٍ خَلْقَهُ ثُمَّ هَدَى

“У: “Эй Мусо, икковингизнинг Роббингиз ким?” деди. У: “Бизнинг Роббимиз ҳар нарсага ўз яратилишини берган ҳамда уни ҳидоятга солган зотдир”, деди” (Тоҳа сураси, 49-50-оятлар).

Роббимиз ҳар бир нарсани ўзига хос қилиб, маълум муҳитга мослаб ва ҳикмат билан яратган. Ҳар бир жонзотга керакли аъзолар, имкониятлар берган.

Аллоҳ таоло барчамизни Ўзининг ҳидоятидан айирмасин ва хотимамизни гўзал қилсин!

 

Интернет маълумотлари асосида Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади

 

2487 марта ўқилди

Мақолалар

Top