Мақолалар

Ислом иқтисодиётига оид ўзбек тилидаги асар

Ислом иқтисодиёти  ва унинг таркибий қисмлари тўғрисидаги ушбу “Ислом иқтисодий модели ва замон” китоби ўзбек тилида чоп этилган  илк асар  ҳисобланади. Бугунги кунда Ислом иқтисодиёти ёки Ислом иқтисодий модели  нафақат  олим ва талабалар учун, балки  тадбиркорлар учун ҳам қизиқарлидир. Ишбилармон доираларнинг бирлари  учун  ислом иқтисодиёти  -  ўз динлари  талаби бўйича амалий фаолият юритиш имконияти бўлса, бошқалар учун ўзининг диний  эътиқоди сабабли молиявий муассасалар билан мулоқотга киришнинг янгича талқини,  учинчилари   учун  -   бизнес-жараёнларга ижодий  мулоҳаза  билан ёндашув учун боис  ҳисобланади.

Ушбу китобда Ислом иқтисодий моделининг турли мамлакатларда қўллаш  тажрибаси батафсил кўриб чиқилган. Бу ислом молиясининг иқтисодий  тараққиётга  таъсирини тушуниш учун ҳам жуда муҳимдир.

Шунингдек, асар  Ислом иқтисодиёти модели тарихи, унинг ривожланиши йўлида ўз куч-билимларини сафарбар қилган ислом уламолари  ва олимларининг изланишлари  борасидаги қизиқарли бўлимлар билан бойитилган. Жаҳон илмий тафаккурига ўзининг беқиёс ҳиссасини қўшган буюк фақиҳ  Имом Абу Юсуф (ҳанафий мазҳаби асосчиси имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳнинг шогирди), бутун дунёда диний-фалсафий олим сифатида  ном қозонган имом  Ғаззолий,  жаҳондаги илк жамиятшунос энциклопедик олим Ибн Халдун сингари  олимларнинг ҳаёт ва ижод йўли ҳақида мулоҳазалар, жаҳондаги етакчи иқтисодчиларнинг  ушбу  алломаларнинг жаҳон цивилизациясига қўшган улкан ҳиссалари борасидаги  фикрлари  баён этилган.

Ўша давр мусулмон давлатида марказлашган ғазначиликнинг ривожланиши, мусулмон дунёси хайрия муассасаси сифатида вақфларнинг тутган мавқеи борасида кенг маълумотларга эга бўлиш мумкин.

Диний ибодат сифатида адо этиладиган закот, ушр, фитр садақаси сингари  мажбуриятларнинг аҳамияти баён этилган.

Асарни таржимон Ботирхўжа Жўраев ўзбек тилига таржима қилган.

Эътиборингизга ҳавола этилаётган ушбу асар кенг китобхонлар оммаси, тадқиқотчилар, талабалар  ҳамда  тадбиркорларга мўлжалланган.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

2678 марта ўқилди
Мавзулар

Мақолалар

Top