Мақолалар

Конституциямизни ўқишдаги хаёллар

Аллоҳ таолонинг инояти ила давлатимиз ва ҳукуматимиз томонларидан, Диний идорамиз томонидан оқилона олиб борилаётган хайрли, савобли ишларни амалга ошириш мақсадида вилоятларимиз раҳбарлари ҳамда шаҳар ва туман раҳбарларининг бошчиликларида Мустақиллигимизни шарофати билан жаннатмакон юртимизни тинчлиги, муқаддас Ватанимизни равнақи, доно халқимизни фаровонлиги учун беҳисоб-беҳисоб, сон-саноқсиз, катта-катта савобли, хайрли ишлар бажарилди. Ва ҳали-ҳамон бажарилиб келинмоқда.

Бугунги кунга келиб бундай яхши ишлар, катта ўзгаришлар, чиройли янгиликлар, хайрли тадбирлар, фазилатли амаллар сони аслида диний соҳани ўзида беҳисоб бўлиб кетган бўлсада, баъзиларинигина зикр қилмоқчи бўлдик. Зеро, жаноб Пайғамбаримиз с.а.в. марҳамат қилганлар: «Одамлардан бўлган яхшиликка миннатдорчилик изҳор қила олмаган одам, билингки, Худога ҳам шукр қилмайди».

Масалан бир йилда 284 млн. собиқ иттифоқ халқларидан 24 одам, Ўзбекистондан эса 6 киши  Ҳажга борган.

-Бугунги кунда ҳар йили Ўзбекистондан 5.200 дан ортиқ ҳожилар Муборак Ҳаж сафарига бориб, Ҳаж зиёратини адо этиб келмоқдалар.

 -Муқаддас динимизнинг асосий китоби бўлмиш Қуръони карим йўклиги сабабли саноқли оилалардагина бўлган.

-Ҳозир эса хоҳловчилар нафақат Қуръони карим китобини ўзини, балки Қуръони каримнинг тафсирлари, таржималари, шарҳлари, изоҳлари, маъноларини олишлари мумкин.

-Олдин Республика худудида 89 та масжид бўлган.

-Ўзбекистон Республикасининг худудида барча тегишли давлат идораларидан рўйхатдан ўтган 2000дан зиёд расмий фаолият юритаётган жомеъ масжидлар халқимизга эмин-эркин хизмат қилмоқда.

-Муқаддас пок Ислом динимизнинг энг катта рукнларидан бўлган йилда икки мартагина ўқиладиган ҳатто Хайит намозларини ҳам далаларда, кўздан йироқ жойларда, яширинча саноқли чолларгина ўқиган.

-Жаннатмакон юртимиздаги ҳар бир 2000 дан зиёд масжидларида барча керакли шарт-шароитлар яратилган, энг замонавий техника жиҳозлари билан жиҳозланган, ибодат учун ҳамма керакли нарсалар билан таъминланган кўркам, ёруғ, муҳташам иншоотларда минглаб-минглаб мусулмонлар ибодатларини кўнглиларидек, тинч-омон, хеч қандай хавф-хатарсиз, бемалол, хуш кайфиятлар ва хурсандчиликлар билан адо этмоқдалар.

-Истиқлодан олдинги даврда ҳар қандай диний адабиётларни нашри ҳам, ўзи ҳам ман этилган. Фақатгина Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари идорасига ҳар чоракда чиқадиган 1та журнал ва 1та газетага ижозат берилган. 

-Ўзбекистон Республикаси худудида чоп этилаётган кундаги даврий матбуот нашрларида муқаддас пок Ислом динимиздаги деярли барча масалаларни тўлиқ ёритишдан ташқари биргина Ўзбекистон Мусулмонлари Идорасининг «Мовароуннаҳр» нашриёти томонидан диний адабиётларнинг барча турлари: Қуръони карим китоблари, Қуръони каримнинг тафсирлари, Қуръони каримнинг таржималари, Қуръони каримнинг шарҳлари, Қуръони каримнинг изоҳлари, Қуръони каримнинг маънолари, Ҳадис китобларининг ҳар хил шакллари, Фиқх масалаларига оид китоблар, Ақоид масалаларига оид китоблар, Савол-жавоблар китоблари, Аёлларга хос масалалар китоблари, Фарзандлар тарбияси масалаларига оид китоблар, Қуръони каримни ўқишни ўрганиш китоблари, Ислом тарихига оид китоблар, Юртимиздан чиққан буюк алломаларнинг китоблари, Диний ва дунёвий илмлари билан дунёга танилган ва таралган буюк аждодларимизни китоблари, Имом Бухорий халқаро марказининг маънавий-маърифий, илмий-адабий нашри «Имом Бухорий сабоқлари» журнали, Ўзбекистон Мусулмонлари Идорасининг ойлик диний-маърифий, илмий-адабий нашри «Ҳидоят» журнали, Ўзбекистон Мусулмонлари Идорасининг диний-маърифий нашри «Ислом нури» газетаси, ҳаттоки мўмин-мусулмонларимизни ибодатлари осон, енгил бўлмоқлиги учун Ўзбекистон Мусулмонлари Идорасининг Уламолар Кенгаши Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академиясининг Астрономия институти масъул илмий ходим ва олимлари билан биргаликда рўзани ўз вақтида очиш ва кечикмасдан ёпишдан бошлаб, то ҳар беш вақт намозларини ўз вақтида адо этишлари учун ҳафталик, ойлик, чорак ва йиллик тақвимлар юз минглаб-юз минглаб сонли тиражлар билан нашр этилиб, юқори сифатлар билан чоп этилиб, халқимизга тарқатилмоқда.

-Мустақилликдан олдин Ўзбекистон Конституциясининг 2 бўлим 6 боб 50 моддасидаги виждон эркинлиги ҳаётий амалда эмас, балки фақатгина коғозда ёритилган.

-Жаннатмакон юртимизни, муқаддас Ватанимизни Конституциясининг 2 бўлим V боб 18 модда, 2 бўлим VII боб 31 модда, 3 бўлим XIIIбоб 57 модда, 3 бўлим XIIIбоб 61 моддалари ҳамда «Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида»ги Олий Мажлиснинг 11 сессиясида 01.05.1998 йилда қабул қилинган янги таҳрирдаги Қонунлар билан ҳам диний эътиқод ва виждон эркинлиги кафолатланган.

-Шаҳар, қишлоқларда кўчалардаги ҳамда барча давлат ташкилот, корхона ва идоралардаги ёритилган ёзувларда худосизликка, динсизликка қаратилган иборалар битилган эди.

-Республикамизнинг ҳамма катта-кичик шаҳарларида ҳам, чека-чека қишлоқларидаги кўчаларида ҳам ҳамда барча давлат ташкилот, корхона ва идораларида ҳам муқаддас Ислом динимизнинг ҳикматли сўзлари, Қуръони карим оятларининг мазмунлари, Пайғамбаримиз с.а.в.нинг ибратли ҳадиси шарифлари, буюк алломаларимизнинг доно сўзлари энг кўркам, энг ҳурматли, энг обрўли жойларда энг замонавий услублар ва мосламалар орқали халқимизни миллий ва диний қадриятларга ундамоқда.

-Диний илмларни ўрганиш учун 284 млн. халқи бўлган Иттифоқда Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари идорасига қарашли фақат 1 та Тошкентдаги Ислом маъҳади ва 1 та Бухородаги мадраса бўлган.

-Ўзбекистон худудида ҳар бир 12 та вилоятнинг марказларида биттадан Ўрта махсус Ислом билим юртлари, хотин-қизлар учун алоҳида аёллар мадрасаси, Имом Бухорий номли Тошкент Ислом Институти, Президент ташаббуслари билан очилган Марказий Осиёда ягона ҳисобланган Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси хузуридаги Тошкент Ислом университети, университет қошидаги академик лицей, ҳамда муҳаддислар султони бўлган, дунё имоми бўлмиш Имом Бухорий ҳазратларининг охирги қўнимларини олдигинасида жойлашган Президент ташаббуслари билан очилган Имом Бухорий халқаро марказлари мусулмонларимизга хизмат қилиб, ҳар йили юртимиз халқи учун ҳар томонлама етук мутахассисларни етказиб чиқармоқдалар.

-Масжидлар қолиб, ҳамма буюк алломаларимизнинг, машҳур уламоларимизнинг, улуғ азиз-авлиёларимизнинг ҳоки поклари жойлашган азиз ва табаррук жойлар вайрон бўлиб, хор бўлиб, ташландиқларга айланиб қолган эди.

-Ўз ноёб асарлари билан бутун дунёга Ислом зиёсини сочган, мислсиз илмлари билан йиллар давомида бетакрор бўлган, беқиёс ижодлари билан инсониятга машъал бўлган, ўз ҳиссалари билан ислом маданиятини Ер юзига таратган, бемисл илмий-маърифий кашфиётлари билан жахон аҳлини ҳайратга солган, илмий-ижодий хизматлари билан дунёни лол қолдирган, бебаҳо мерослари билан башарият дунёқараши ва маънавиятига беқиёс таъсир кўрсатган, ўз салоҳиятлари билан буюк илмий мактаблар яратиб, ўз диёрларини жахонга тараннум этган, муқаддас ва илоҳий китоб бўлмиш Қуръони каримдан кейинги иккинчи муқаддас манба, башарият томонидан битилган китобларнинг энг улуғи ҳисобланадиган китоб муаллифи, ақл-заковати ва матонати билан ислом оламида «Мусулмонларнинг эътиқодини тузатувчи» деган улуғ шарафга сазовор бўлган, энг нуфузли ва мукаммал ҳуқуқий манба муаллифи бўлган, ўлмас мерослари билан «Дин ва миллатнинг ҳужжати» деган юксак унвонга сазовор бўлган, ҳаётбахш ҳикматлари билан дунё аҳлини таслим қилган, ўзларининг  беназир илм-маърифатлари билан дунё тараққиётини ривожлантиришга улкан таъсир кўрсатган, теран билимлари ва илмий салоҳиятлари билан ислом олами учун «Маънавий етуклик тимсоли» бўлган, бугунгача дунёнинг энг олий ўқув юртларида дарслик бўлиб келаётган илмий жасоратлари ва ноёб фазилатлари ила битилган асарлар муаллифлари, серқирра илм-билимлари билан замонавий илм-фанларга асос солган улуғ аждодларимиз, ижодий мерослари замон ва макон чегараларини билмаган мўътабар боболаримиз, халқимизни номини ёруғ оламга танитган, миллатимизнинг ғурури, шаъну шарафини дунёга тараннум этган, бир сўз билан айтганда, мана шу муқаддас заминимизда таваллуд топиб, вояга етган, ўз ҳаёти ва фаолияти билан нафақат тарихда олтин ҳарфлар билан ёзилган, айни вақтда башариятнинг бугунги тараққиёт саҳифаларида ҳам ўчмас из қолдирган улуғ алломаларимизни, буюк мутафаккирларимизни, муфассиру муҳаддисларимизни, фақиҳу фуқаҳоларимизни, олиму уламоларимизни, пиру устозларимизни, азизу авлиёларимизни нафақат номлари тикланиб танилди, нафақат ётган қабрлари обод бўлди, балки ётган жойлари улуғ қадамжоларга айланиб, Ўзбекистон диёрининг мўъжизалари бўлган мазкур табаррук жой ва муқаддас зиёратгохларга Ер курасининг ҳар қандай жойидан келган ҳар қандай ўта юқори мартабали меҳмонлардан тортиб оддий сайёҳгача бўлган ҳар қандай инсон, қойил қолиб, лол бўлиб, тасаннолар айтиб, тан бериб, таслим бўлиб кетмокда. Бундай табаррук ва улуғ зотларнинг асарларидан эса Ўзбекистонда яшаётган ҳар бир фуқаро энди бемалол баҳраманд бўлиши мумкин.

-Уйида Қуръон китоби бўлишини ҳар бир қалбида мусулмон инсон орзу-ҳавас қилган.

-Қуръони карим китобининг ўзини, Қуръони каримнинг тафсирларини, Қуръони каримнинг  таржималарини, Қуръони каримнинг шарҳларини, Қуръони каримнинг  изоҳларини, Қуръони каримнинг маъноларини олиш мумкин. Бундан ташқари Ўзбекистон Мусулмонлари Идораси Республика Кўрлар жамияти билан ҳамкорликда чиқарган кўзи ожизлар учун махсус тайёрланган Брайл ёзувидаги Қуръони карим китоби ҳам мавжуд.Ўзбекистон давлати мазкур хайрли амалиётни амалга оширган жахоннинг учинчи мамлакати бўлди.

«Биз мустақилликнигина эмас, тилимизни, динимизни, бутун маънавиятимизни йўқотиш даражасига етган эдик. На Чор ҳукумати, на қизил империя салтанати Туркистон халқларининг тараққий топишини ҳеч қачон истаган эмас. Ер ости ва ер усти бойликлари ададсиз, тупроқлари ҳосилдор, табиати жаннатмисол бу ўлка ҳалол, очиқкўнгил, меҳмондўст ва айни пайтда меҳнаткаш халқи билан биргаликда 130 йил давомида мустамлакачилик азобини тортиб келди,»–деб ёзадилар муҳтарам Биринчи Президентимиз «Ўзбекистон: миллий истиқлол, иқтисод, сиёсат, мафкура» китобларида. 

Юқорида зикр этилган ишларни давлатимизнинг Бош қомуси бўлмиш Конституциямизда мустаҳкамлаб, қонунийлаштириб қўйилган.

Ҳақиқатан, реал ҳаётда ҳам, амалда ҳам «биз мустақилликнигина эмас, тилимизни, динимизни, бутун маънавиятимизни йўқотиш даражасига етган эдик»ми ахир? Демак, энди, муҳтарам азизлар, биз мустақиллигимизни, тилимизни, динимизни, бутун маънавиятимизни қадрига етайлик!
Илоҳо жаннатмакон юртимизни тинчлиги учун, муқаддас Ватанимизни равнақи учун, доно халқимизни фаровонлиги учун давлатимиз, ҳукуматимиз, диний идорамиз томонларидан оқилона олиб борилаётган хайрли, савобли ишларни амалга ошириш мақсадида вилоятларимиз раҳбарлари ҳамда шаҳар ва туман раҳбарларининг бошчиликларидаги меҳнаткаш халқимиз олиб бораётган барча хайрли, яхши, савобли ишларда Аллоҳ таоло ўзи мададкор бўлсин! Юртимизни тинч, осмонимизни мусаффо қилсин! Илоҳо халқимизга тинчлик-хотиржамлик, сиҳат-саломатлик, оилаларимизга файзу илоҳий, бахт-саодат, тўкин-сочин дастурхонлар насиб қилсин! Илоҳо деҳкончиликларимизга ва касб-корларимизга хайр-баракалар бериб, ишларимизда кўпдан-кўп омадлар ва беҳисоб хурсандчиликлар ато этиб, икки дунёда ҳам азизу мукаррам айласин!

Иномов Иброҳим,
ЎМИ раиси ўринбосари

4390 марта ўқилди

Мақолалар

Top