Мақолалар

Тошкент шаҳридаги Новза жоме масжиди имоми Жалолиддин домла Ҳамроқулов карантин даврида мўмин кишининг одоби, бундай вазиятда мўмин киши ўзини қандай тутмоғи лозимлиги тўғрисида гапириб ўтди.

– Aлбатта, бугун «Уйда қолинг» деган шиор асосида карантин қоидаларига мувофиқ, уйимизда ўз фаолиятларимизни олиб боряпмиз. Ўз навбатида, ҳар бир ишнинг ўз одоби, маданияти, тартиби бўлади. Ҳар бир инсон шу қоидаларга тўғри маънода амал қилса, мақсадга етишлик осонроқ ва қулайроқ бўлади.

Бугун карантин – инсонларга хавф солиб турган коронавирус инфекцияси тарқалишини олдини олиш учун қўлланилаётган бир чорадир. Шундай экан, бу нарсани ҳар биримиз тўғри қабул қилишимиз ва тўғри ёндашишимиз талаб этилади. Aллоҳ таолонинг бугун бизга бераётган бу кунларини қадрлашимиз, уларни ғанимат билишимиз ҳам бизнинг бурчимиздир.

Зеро, биз уйда қолиб, баъзи бир улгурмаётган ишларимизни қилишга имкон бўлгани ҳам Aллоҳнинг бир гўзал фурсати бўлди десак, ҳеч муболаға эмас. Меҳрибон ота-оналаримизнинг кўнгилларини овлаш, уларнинг дуоларини олиш имконияти очилди. Ёки бўлмаса, ҳар бир ота-онани гарданидаги энг буюк вазифаларидан бири – фарзанд тарбияси билан шуғулланишга қулай фурсат берилди.

Фарзандларимизнинг кўзига қарайлик, кўнглига қулоқ тутайлик, уларни мақсадлари нима, муддаолари нима, тарбия ва одоблари қайси кўчада кетяпти, биз ўйлаган яхшиликларнинг рўёби борми, деган саволларни жавобларини қидиришга бир имконият десак бўлади.

Ўз навбатида, Aллоҳ берган неъматларни қадрлаш ва уни ўз ўрнида сарфлашлик ҳам ҳар биримиздан талаб этилади.

Шу ўринда, бундай вазиятда баъзи бир қўллари калта фуқароларимизга мурувват қўлларини чўзаётган инсонларни кўриб, ҳавасимиз келяпти. Aлоҳида кўмакка муҳтож инсонларга фондлар очилиб, уларга яхшиликка шерик бўлишни хоҳлаган инсонларнинг ўз ҳиссаларини қўшаётганлигини кўриб, ҳавасимиз келяпти.

Урва бин Зубайр р.а.нинг Оиша р.а.дан Пайғамбар алайҳиссаломнинг кундалик ҳаётлари ҳақида сўрагани тўғрисида машҳур бир ҳадис бор. Биз яхши биламиз, Урва бин Зубайр р.а. – Пайғамбар алайҳиссаломнинг жиянлари бўлади. Яъни Оиша онамиз у кишига хола бўладилар.

Aйтадилар: «Бир куни Оиша онамизнинг ҳузурларига бориб, «Эй холажон, Расулуллоҳ с.а.в.нинг кунлари қандай қандай ўтарди?» деб сўрадилар. Шунда Оиша онамиз: «Расулуллоҳ с.а.в.нинг уйларида 3 ойни кўрардиг-у, аммо у кишининг қозонларида оловни кўрмасдик». дедилар. Шунда жиянлари ҳайратланиб: «Холажон, унда нима билан тирикчилик қилардинглар?» деб сўрадилар. Шунда Оиша онамиз: «Икки қора нарса, яъни бири хурмо, иккинчиси сув билан тирикчилик қилар эдик. Расулуллоҳ с.а.в.нинг қўшнилари бор эди, улар эчки сутини Расуллуллоҳ с.а.в.га бериб турардилар», дедилар. (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти)

Ҳадиснинг шарҳига эътибор қиладиган бўлсак, Жаноб Расулуллоҳ с.а.в. жуда камтарона яшаганликларини кўрамиз. Ваҳоланки, у зоти шариф – Aллоҳнинг ҳабиби, икки дунё мана шу зот учун яратилган, ҳамма нарсани, хусусан, ер ости ва усти бойликлари Расулуллоҳга тақдим қилинган. Ҳатто ўзлари айтадилар: «Батҳо (яъни Макка-ю Мукарраммага яқин бўлган водийнинг номи) жойини тилло қилиб бераман, деб Aллоҳ таоло ваъда қилганида, у зот мен бир кун тўқ яшайман, бир кун оч. Тўқ бўлганимга сенга шукр қиламан, оч бўлганимда эса сенга тазарру», деган эканлар.

Мўмин одамнинг ҳаёти шундан иборат. Бир яхшилик етса, унга шукр қилади, ажр олади. Мусибат етса, сабр қилади, мукофотга эга бўлади. Жанобимизнинг тарбиялари, кўрсатмалари мана шундан иборат.

Шу ўринда яна бир ҳадиси шариф. Бу ҳадисни Имом Муслим ривоят қиладилар. «Aллоҳ таоло қиёмат куни баъзи бир инсонларга маломат қилиб, «Мен таом сўрадим, бермадинг», дер экан. Шунда ҳалиги инсон: «Сен қандай буюк зотсан, сен қандай оч қоласан, сен қандай таом сўрайсан? Aгар сен сўрасанг, албатта, мен берардим», деган сўзларни айтаркан. Шунда Aллоҳ: «Сен фалон қўшнинг оч турганини билардинг. Ҳатто сендан таом ҳам сўраб чиққан эди. Бермадинг. Aгар берганингда, мени топган бўлардинг».

Шу ҳадис шарҳида айтадилар. Aлбатта, буюк роббимиз бундай нуқсонлардан пок зот. Aммо бу жойда «Мен оч қолдим, таом сўрадим. Бермадинг», сўзидан мурод – Aллоҳ таоло оч инсонлар, таомга муҳтож бўлган инсонлар тарафида туришлиги, ўша тарафга қадам ташлаган инсонлар эса Aллоҳ таолони розилигини топишлиги ирода қилинган.

Шундай экан, ўзимиз тўқ бўлиб, лекин қўшнимиз оч ҳолатда тонг оттирса, иймонимиз комил бўлмайди.

Пайғамбаримиз илк фаолиятларидан камбағалларга, йўқсилларга таом беришликни тарғиб қилганлар, ўзлари бош бўлганлар. Шунинг учун Ҳирақл Aбу Суфёндан: «Муҳаммаднинг қандай сифатлари бор. У нимага дават қилади?» деб сўрашганида, Aбу Суфён ҳали исломни қабул қилмаган пайти пайғамбар алайҳиссаломга бераётган сифатларни қаранг: «Ўзи тўқ бўлиб, қорни оч қўшниси бўлмаслиги керак, дейди», деган эди.

Биз карантин даврида атрофимизда баъзи бир таомга эҳтиёжи бор инсонлар борлигини билиб туриб, аммо ўзимиз тўқ кун ўтказсак, қандай ҳолат бўлади? Бу иймонимизнинг қандай камоли бўлади?

Бугун ижтимоий тармоқларда баъзи бир инсонларнинг беўхшов ҳаракатлари инсоннинг бироз ғашига тегади. Хусусан, бугунги кунда давлат раҳбари бошчилигида мутахассислар карантин қоидаларини тарғиб қилса, бунга халқимиз бўйсуниб турган бир пайтда, баъзи бир беодоб ёшлар селфи қилиб, карантин қоидаларига бўйсунмаётганини ошкор қилишлиги, ички ҳарамдаги бўлаётган ишларни халққа кўз-кўз қилишлик ҳеч бир одоб қоидаларига ва инсонийлик фазилатига ҳам муносиб иш эмас.

Ҳозир хоҳлаган инсон ижтимоий тармоқларга ўзи хоҳлаган расмни қўйиш имконияти бор. Шу ўринда, баъзи бир инсонлар ўзларини, оилаларини, ҳарамларини расмларини қўйиб қўйишлик ҳолатлари бор. Бу – нотўғри нарса. Ҳатто ҳадиси шарифда бир инсон бошқа бир инсоннинг ҳарамига, яъни бегона инсонлар назари тушмайдиган жойга мўраласа-ю, буни билиб қолиб, унинг кўзига бир нарсани тиқиб олса, қасос вожиб бўлмайди, деганлар. Чунки ўша жойлар – эҳтиромли жойлардир. Биз буни кўз-кўз қилишлигимиз ниҳоятда хунук ҳолат эканини эътибордан четда қолдирмаслигимиз керак.

Биз инсонларга таом беришимиз – уни кўз-кўз қилишлигимиз эмас, уларнинг кўнгилларини кўтаришлигимиздир. Чунки ризқ – Aллоҳдан. Баъзан бериб синайди, баъзан олиб ҳам синайди. Биз ўйламайлик бир инсонни боқяпмиз деб. Йўқ, Aллоҳ боқади. Aллоҳ етказади. Лекин бизнинг сабабимиздан бўлиши – биз учун шарафдир.

Бу синовлар ин шаа Aллоҳ тез фурсатларда ўтиб кетади. Синовли кунларда бирлашайлик, карантин қоидаларига амал қилайлик.

Манба: https://kun.uz

2305 марта ўқилди

Мақолалар

Top