Мақолалар

Карантин кунларини қандай қилиб фойдали ўтказиш мумкин

Ўзбек луғатида “ғанимат” деган сўз борлигидан барчамиз бохабармиз. Аслида бу сўз араб тилидан олинган бўлиб, “бойлик” деган маънони англатади. Биз бандаларга Аллоҳ таоло томонидан берилган бойликлар ниҳоятда кўп. Уларни санаб саноғига ета олмаймиз. Хусусан, тинчлик, соғлиқ, ҳурлик, иймон, ақл ва вақт кабилар...

Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом бир ҳадиси муборакларида: “Беш нарсани беш нарсадан аввал: “Ҳаётни ўлимдан олдин; соғлиқни касал бўлмасдан, бойликни камбағалликдан, ёшликни қариликдан ҳамда бўш вақтни банд бўлмасдан олдин ғанимат билинглар”, деганлар.

Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг бу ўгитлари бугунги кунда ҳаммамиз учун ўта муҳим. Айниқса, ҳозирги кунда бутун дунё аҳлини ташвишга солган коронавирус пандемияси туфайли “Уйда қолинг” шиори остида халқимизни, фуқароларимиз соғлигини сақлаш чора тадбирларидан оқилона фойдаланишимиз керак. Яъни карантин даврида ҳамма уйда ўтириб бекорчи бўлиб қолдими?

Қуръони каримда Аллоҳ таоло: “Агар берган неъматларимни санайман десангиз, ҳисоблай олмайсизлар”, дея марҳамат қилган.

Демак, шундан келиб чиққан ҳолда барча неъматларни қадрига етиш унга шукр қилишнинг бир ишорасидир. Шу ўринда бўш вақтни ғанимат билиб, дунё ва охират учун фойдаси тегадиган ишларга машғул бўлиш, вақтни ғанимат билиш, унинг қадрига етиш ҳисобланади. Мисол учун фарзанд тарбияси, оила юмушлари, китоб ўқиш, аҳли аёлларга уй ишларида ёрдам бериш, қазо намозларини ўқиш, спорт билан шуғулланиш... Чунки бу бўш вақтларимиз учун қиёмат куни жавоб беришимиз бор. Бу вақтларни кейин топа олмай қолишимиз мумкин. Бекорчилик бу – келажакка нисбатан ҳурматсизликдир.

Фарзандларимизга бой бўлишларини эмас, балки қандай қилиб бахтли бўлишларини ўргатайлик. Ана ўшанда улар катта бўлганларида, нарсаларнинг нархига эмас, қийматига, қадрига назар соладиган бўладилар.

Мусулмон доим ҳамма нарсалардан яхшилик ахтарувчи бўлиши керак. Бу “уйда қолинг” шиоридан ҳам яхшилик олиб “Буни Аллоҳ бизни неъмат қилиб берди” деган фикр билан оқилона фойдалансак, суннатга мувофиқ бўлар эди.

Аллоҳ розилиги учун бугун кўпдан бери хабар олмаган дўстингиз яқинларингиздан телефон орқали бўлсада аҳвол сўранг! Оддий ширин сўз билан савобларга эришинг. Карантин бошланган яна бир кун сизга сермазмун ва фойдали бўлсин!

Рустамжон ҚУЛМАТОВ,
Бешариқ тумани “Саркор” масжиди имом-хатиби

1900 марта ўқилди

Мақолалар

Top