Мақолалар

Имом Абу Исо Термизий жаҳон тамаддунига ўзининг маънавий-илмий мероси билан катта ҳисса қўшган буюк олимлардан ҳисобланади. Аллома таниқли ҳофиз имомлардан бири бўлиб, унинг маънавий мероси мусулмонларга манфаатли бўлиб келмоқда[1]. Манба ва адабиётларда муҳаддис қаламига мансуб асарлар сони аниқ қайдланмаган бўлса-да, йигирмага яқини зикр қилиб ўтилган. Шунга қарамасдан, кўпчилик олимларнинг фикрича унинг ҳали номаълум китоблари ҳам мавжуд. Шубҳасиз, “Сунани Термизий” ҳадис тўплами Имом Абу Исо Термизийнинг шоҳ асари ҳисобланади. Бу китоб олимнинг бир умрлик илмий сафар машаққатларининг самараси бўлиб, уни “Адҳа” куни 270/883-884 йили ёзиб тугатган[2]. Муаллифнинг ўзи китоби ҳақида бундай дейган: “Ушбу китобни тасниф қилганимдан кейин, уни Ҳижоз, Ироқ ва Хуросон уламоларига тақдим этдим. Улар розилик билдириб, қабул қилдилар. Кимнинг уйида ушбу китобдан бўлса, ўша хонадонда худди Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам гапираётгандек бўлади”[3].

Муҳаддис ва унинг “Сунани Термизий” китоби ҳақидаги нафақат замонасининг, балки бугунги куннинг олимлари ҳам ижобий фикрлар билдирмоқда. Жумладан, Ҳофиз Муҳаммад ибн Ҳиббон ибн Аҳмад ат-Тамимий ал-Бустий (ваф. 354/965 й.) ўзининг “Китоб ас-Сиқот” номли асарида Абу Исо Термизий ҳақида бундай деган: “Абу Исо Термизий ҳадисларни жамлаган, ёзган, ёд олган ва зикр қилганлардан биридир”[4]. Абу Саид ал-Идрисий бундай деган: “Ҳифзда унга тенг келадигани бўлмаган”[5].

Абу Саъд Абдулкарим ибн Муҳаммад ибн Мансур ат-Тамимий ас-Самъоний (ваф. 562/1166 й.) ўзининг “Китоб ал-Ансоб” асарида Абу Исо Термизийни бундай васф этган: “Муноқашасиз, у ўз асрининг пешқадами бўлиб, турли асарлар соҳибидир. Ҳадис илмида эргашиладиган имомлардан биридир”[6].

Бу ҳақида машҳур ҳанафий олимларидан Аҳмад ибн Мустафо Тошкўпризода (901-968/1495-1561) ўзининг “Мифтоҳ ас-саода” номли китобида бундай деган: “Буюк ҳофиз уламолардан бири эди. Фиқҳда қимматли асарлари бор. Ҳадисни бир гуруҳ муҳаддис олимлардан ўрганган бўлиб, “биринчи табақа” шайхлари билан кўришган. Ҳадис илмида кўпгина китоблар ёзган. Унинг ушбу “Ал-жомиъ-ас-саҳиҳ” китоби бу асарлар орасидаги энг фойдалиси, энг ихчам тартиблиси ва энг такрори озидир. Унда бошқа ҳадис китобларида учрамайдиган хусусиятлар ҳам мавжуд. Жумладан, мазҳаблар ва истидлол (далил келтириш) жиҳатлари эътиборга олинган, саҳиҳ, ҳасан ва ғариб деб ҳадис даражалари аниқ белгиланган. Бу китобда жарҳ ва таъдилга ўрин ажратилган; китоб охирида иллатларга доир махсус бир боб илова қилинган. Хуллас, бу китобда улкан фойдалар жамлангандир. Китобни мутолаа қилган кишилар бунга тан берадилар”[7].

Машҳур муаррих олимлардан Шиҳабуддин Абулфаллаҳ Абдулҳай ибн Аҳмад ад-Дамашқий (1032-1089/1623-1678) ҳам ўзининг “Шазарот аз-заҳаб” китобида “Тенгдошларининг таниқлиси ва хотира ҳамдаетукликда бир мўъжиза эди”, дея таъкидлаган[8].

Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Усмон аз-Заҳабий (ваф. 748/1347 й.) ўзининг “Мизон ал-иътидол фи нақд ар-рижол” асарида олимни “Билиттифоқ, Абу Исо Термизий ишончга созовор инсон”, деб таъкидлаган[9].

Ал-Идрисий ҳам у зотни “Ҳадис илмида эргашиладиган имомлардан бири бўлган”, деб тавсифлайди[10].

Шунингдек, ушбу китоб ҳақида Ҳофиз Абул-Фазл Ал-Мақдисий қуйидагича баён этган: “Ҳиротда имом Абу Исмоил Ал-Ансорийдан эшитдим. У ўз мажлисида, Термизий ва унинг китоби борасида сўз кетганида бундай деди: “Менинг учун унинг (Термизийнинг) китоби Бухорий ва Муслим китобларидан кўра фойдалироқ. Чунки,Саҳиҳи Бухорий ва Саҳиҳи Муслимдан фақат мутахассис олимларгина фойдалана олади. “Сунани Термизий”дан эса ҳар ким фойдаланиши мумкин”[11].

Шайх Абдулазиз Мансур ушбу асари ва унинг таркибий тузилиши ҳақида шундай деган: Улуғ ватандошимиз – Абу Исо Муҳаммад Ат-Термизийнинг қўлингиздаги “Сунани Термизий” китоби “Ал-жомиъ ас-саҳиҳ” (“Ишонарли тўплам”), “Ал-жомиъ ал-кабир” (“Катта тўплам”) ёки (“Саҳиҳи Термизий”) номлари билан ҳам машҳур. Аммо ҳазрати Имом Ат-Термизий ҳадис илмида “Сунани Термизий” йўналишига асос солган муҳаддислардан бўлгани учун бу китоб, асосан, “Сунани Термизий” номи билан шуҳрат қозонган. Маълумдирки, Ер юзи мусулмонларининг асосий кўпчилиги ҳазрати Имоми Аъзам мазҳабларига риоя қиладилар. “Сунани Термизий” китобида эса худди ана шу мазҳаб жиҳатлари эътиборга олинган. Ҳанафий мазҳабининг фикр-қарашларини Имом Ат-Термизий “Куфа аҳли”нинг фикр-қарашлари тарзида баён қилганлар[12].

“Сунани Термизий” ҳадис тўплами манбаларда турли номлар билан келтирилган. Жумладан, улардан қуйидагиларни келтириш мумкин:

  1. Ал-Жомиъ. Бу номни Шиҳобуддин Абулфазл Аҳмад ибн Али ибн Ҳажар ал-Асқалоний ўзининг “Таҳзиб ат-таҳзиб” номли асарида ва Аҳмад ибн Абдуллоҳ ал-Жазарий ўзининг “Хулосот Таҳзиб таҳзиб ал-камол” номли китобида зикр қилганлар[13].
  2. Ал-Муснад ас-саҳиҳ. Мансур ал-Холидий бу ҳақида шундай деган: “Абу Исо деди: Мен бу китоб, яъни, “Ал-Муснад ас-саҳиҳ”ни тасниф қилиб, уни Ҳижоз, Ироқ ва Хуросон уламоларига тақдим этдим. Улар уни ижобий қабул қилдилар”[14].
  3. Ас-Сунан. Китобнинг бу ном билан аталишига сабаб шуки, ундаги ҳадисларнинг фиқҳий мавзулар тартибида таснифланганлигидир. Асарнинг ушбу номи бошқаларига нисбатан кенг танилгани ва асар таркибига моси ҳисобланади.
  4. Ал-Жомиъ ас-саҳиҳ.“Сунани Термизий” асарига нисбатан бу номни Ҳожи Халифа (1017-1067/1609-1657) ўзининг “Кашф аз-зунун”номли асарида ва Исмоил Пошо Бағдодий (ваф. 1339/1920 й.) “Ҳадият ал-орифин” китобида келтирилганлар[15].
  5. Китаб ас-саҳиҳ.
  6. Ал-Муснад ал-Жомиъ. Бу номни Ҳофиз Абулқосим ал-Исъардий (ваф. 692/1293 й.) ўзининг “Фазоил ал-Китаб ал-жомиъ ли Абу Исо ат-Термизий” номли асарида ишлатган.
  7. Ал-Жомиъ ал-Кабир. Абулҳасан Али ибн Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн ибн Абдулкарим ал-Жазарий аш-Шайбоний (555-630/1160-1233) ўзининг “ал-Комил фи ат-тарих” номли асарида бундай дейди: “Абу Исо Термизий имом ва ҳофиз бўлган. Ажойибасарлар муаллифи бўлиб, китобларининг энг яхшиси “ал-Жомиъ ал-кабир”[16]. Шунингдек, ушбу ном “Сунани Термизий”нинг замонавий нашрларида ҳам қўлланилган[17].
  8. Ал-Жомиъ ал-мухтасар мин сунан Расулуллоҳ. Бу ном ҳам баъзи манбаларда келтирилган.
  9. Китоб ал-Жомиъ.

Бу борадаги хулосани машҳур тарихчи олимлардан Ҳожи Халифа ўзининг “Кашф аз-Зунун” номли китобида қуйидагича баён этган: “Бу ҳадис бобида тасниф этилган “ал-Кутуб ас-ситта” (олти саҳиҳ ҳадис китоб) нинг учинчи китоби бўлиб, у “Жомиъ ат-Термизий” номи балан аталади. Шунингдек, у “ас-Сунан” деб ҳам юритилади. Аммо, биринчи номи кўпроқ қўлланилади”[18].

Имом Абу Исо Термизийнинг “Сунани Термизий” ҳадис тўплами ишончлилик даражасидан “ал-Кутуб ас-ситта” таркибига киради. Лекин, унинг тартиб бўйича нечанчи ўринда туриши борасида олимлар турли фикрларни билдирганлар. Юқорида атилгани сингари, Ҳожи Халифа “ал-Кутуб ас-ситта”нинг учинчи китоби деган. Шунингдек, бу ҳақида машҳур ҳанафий олимларидан Аҳмад ибн Мустофа Тошкўпризода ўзининг “Мифтоҳ ас-саъода” номли китобида бундай деган:

  1. Саҳиҳи Бухорий;
  2. Саҳиҳи Муслим;
  3. Ал-Муватто;
  4. Сунани Абу Довуд;
  5. Сунани Термизий;
  6. Сунани Насоий;
  7. Сунани Ибн Можа;
  8. Сунани Дорақутний;
  9. Муснади Аҳмад;
  10. Муснади Ибн Абу Шайба;
  11. Муснад Боззор[19].

Асар таркибига тўхтанилса, унда жами 3956 ҳадис жамланган бўлиб[20], улар бир юз эллик бир китобга таснифланган[21].Лекин, мазкур ҳадислар миқдорида баъзи бир ҳадислар борасида келтирилган икки санад ривояти инобатга олинмаган.

Дарҳақиқат, Имом ат-Термизийнинг “Сунан” асари нафақат ҳадис илмида, балки фиқҳ илмида ҳам катта мавқега эгадир. Чунки, ушбу китоб манба сифатида икки илм соҳасида бирдек аҳамиятга касб этади. Қолаверса, унда келтирилган ҳадисларни саралашда асосий эътибор амалиётга қаратилган. Жумладан, бу ҳақида Имом Абу Исо Термизий “Кибот ал-Илал ас-сағир” китобида қуйидагича баён қилган:

“Бу китобда жамланган барча ҳадисларга амал қилинган ва уларни баъзи илм аҳллари ҳужжат сифатида қабул қилганлар. Фақат, икки ҳадис бундан мустаснодир.

Шу жиҳатдан ҳам китобнинг фиқҳий аҳамияти катта бўлиб, бу ўринда эса, асарнинг ҳанафий мазҳабидаги ўрни тадқиқ этилади.

“Сунан” асарининг турли жой ва йилларда нашр қилинган нусхаларининг аксарида китобдаги ҳадислар сони такрори билан қўшиб ҳисоблаганда 3956 та экани кўрсатилган бўлиб, шулардан ҳукмий ҳадисларни ифодалашда тўқсон олтита атама қўлланилган. Аслида, ушбу китоб фиқҳий манба сифатида Аҳл ас-сунна ва-л-жамоадаги тўртта фиқҳий мазҳаб (ҳанафий, шофиий, моликий ва ҳанбалий) учун ҳам бирдай қадрли ҳисобланади. Шунинг баробарида, китобнинг мазкур мазҳаблардан ҳанафий мазҳабидаги ўрни анча салмоқли бўлиб, фиқҳий масалаларни далиллашда муҳим аҳамият касб этади. Бу ўринда шуни алоҳида таъкидлаш керакки, Имом ат-Термизий ушбу тўртта мазҳабнинг бирортасига ёки бошқа олимларнинг фикрига ён босмаган ва рад ҳам қилмаган, балки муайян масала доирасида олимларнинг фикрларини жамлаб баён қилган ва ўша масалада мавжуд ҳадиснинг даражасини кўрсатиб ўтган, холос. Бунинг боиси шуки, Имом ат-Термизийнинг ўзи мужтаҳидликнинг таржиҳ даражасига етганлигидир. Лекин, баъзан муҳаддиснинг баъзи олимлар томонидан шофиий ёки ҳанафий мазҳабига эргашганлиги баён қилинган. Шу нуқтаи назардан, Имом ат-Термизийнинг қайси мазҳабга эгашганлиги эмас, балки “Сунан” асарининг ҳанафий мазҳабидаги манбавий ўрни ёритилади. Аслида, “Сунан” китобининг ҳанафий мазҳабидаги ўрнини унга ёзилган шарҳларнинг аксари ҳанафий мазҳаби вакиллари томонидан битилгани ҳам кўрсатиб турибди. Шунга қарамасдан мавзуни батафсил баён этиш учун бу ўринда китобдаги ҳадисларнинг ҳанафий мазҳабида қўлланишилиш жиҳатига эътибор қаратилади.

Имом ат-Термизийнинг “Сунан” асарида муайян ҳадис борасидаги фиқҳий масала доирасида ҳанафий мазҳаби мавқени баён қилиш учун “أهل الكوفة” (Куфа аҳли) истилоҳини қўллаган ва у фақҳий мазҳабларни ифодалайдиган ибораларининг энг кўп истифода этилгани ҳисобланади. Энди, китобда келтирилган ҳадислардан қай даражада ҳанафий мазҳабида истифода қиниши ва унинг аҳамияти “كتاب الوتر” ҳақидаги ҳадислар доирасида баён этилади. Хусусан, “Сунан”да Витр намози ҳақида йигирма битта ҳадис (453-ҳадисдан 472-ҳадисгача) келтирилга.

Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, ҳанафий мазҳабида ушбу мавзу доирасида “Сунан”да келтирлган йигирма бир ҳадиснинг ўн иккитаси ҳужжат сифатида қабул қилинган, еттитаси ҳужжат сифатида қабул қилинмаган ва иккитаси таъвил қилинган. Шу билан бир қаторда, ҳанафий мазҳабида қабул қилинмаган ҳадислар бошқа мазҳаб вакиллари томонидан қабул қилинганини кузатиш мумкин. Хуллас, ушбу ҳадис тўплами нафақат ҳанафий мазҳаби учун, балки бошқа мазҳабларга ҳам бирдек қадрли ва муҳим манба сифатида эътироф этилади. Аммо, ҳанафий мазҳаби фиқҳий масалаларига ҳужжат сифатида асосланган ҳадисларнинг кўпчилиги “Сунан”да келтирилгани туфайли унинг бошқа мазҳабларга қараганда ҳанафий мазҳаби учун муҳим манба ҳисобланади. Шунинг учун, тарихда ҳам, бугунги кунда ҳам ушбу китобга ҳанафий мазаҳби вакиллари томонидан кўплаб шарҳлар битилган ҳамда битилмоқда.

 

[1] Жамолуддин Абулҳажжож Юсуф ал-Миззий. Таҳзиб ал-Камол. – Байрут: Муассасат ар-рисала, 1996. – Ж. XXVI. – Б. 250.

[2] Абу Бакр Муҳаммад ибн Абдулғаний. Китаб ат-тақйид. – Ҳайдаробод: Матбаа мажлис ад-доират ал-усмония, 1983. – Ж. I. – Б. 92.

[3] Абу Абдуллоҳ Шамсуддин Муҳаммад аз-Заҳабий. Китоб Тазкират ал-ҳуффоз. – Байрут: Дор ал-кутуб ал-илмия, 1998. – Б. 634.

[4] Ал-Ҳофиз Муҳаммад ибн Ҳиббон ибн Аҳмад ат-Тамимий ал-Бустий. Китоб ас-Сиқот. – Ҳайдаробод: Доирот ал-маърифа ли Умания, 1973. – Ж. IХ. – Б. 153.

[5] Шиҳобуддин Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Усмон аз-Заҳабий. Сияр аълом ан-нубало. – Байрут: Муассасат ар-рисола, 1996. – Ж. ХIII. – Б. 273.; Шиҳобуддин Абулфазл Аҳмад ибн Али ибн Ҳажар ал-Асқалоний. Таҳзиб ат-таҳзиб. – Байрут: Муассасат ар-рисола, 1996. – Ж. III. – Б. 668.

[6] Абу Саъд Абдулкарим ибн Муҳаммад ибн Мансур ат-Тамимий ас-Самъаний. Ал-Ансоб. – Ҳайдаробод: Доирот ал-маърифа ли Умания, 1980. – Ж. II. – Б. 335; – Ж. III. – Б. 45.

[7] Абулхайр Исомуддин Аҳмад ибн Мустофа ибн Жалил Тошкўпризода. Мифтаҳ ас-Саода. – Байрут: Дор ал-кутуб ал-илмия, 1975. – Ж. II. – Б. 122.

[8] Шиҳабуддин Абулфаллаҳ Абдулҳай ибн Аҳмад ибн Муҳаммад ад-Дамашқий. Шазарот аз-Заҳаб фи ахбор ман заҳаб. – Байрут: Дор ибн Касир, 1986. – Ж. III. – Б. 327.

[9] Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Усмон аз-Заҳабий. Мизон ал-иътидол фи нақд ар-рижол. – Байрут: Дор ал-маърифа, 1975. – Ж. III. – Б. 678.

[10] Шиҳобуддин Абулфазл Аҳмад ибн Али ибн Ҳажар ал-Асқалоний. Таҳзиб ат-таҳзиб. – Байрут: Муассасат ар-рисола, 1996. – Ж. III. – Б. 668.

[11] Шиҳобуддин Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Усмон аз-Заҳабий. Сияр аълом ан-нубало. – Байрут: Муассасат ар-рисола, 1996. – Ж. ХIII. – Б. 277.

[12]Абу Исо Муҳаммад ат-Термизий. Сунани Термизий./ Таржимон, шарҳ ва изоҳлар муаллифи: Мирзо Кенжабек. – Т.: Шарқ, 2010. – Б. 12.

[13] Шиҳобуддин Абулфазл Аҳмад ибн Али ибн Ҳажар ал-Асқалоний. Таҳзиб ат-таҳзиб. – Байрут: Муассасат ар-рисола, 1996. – Ж. III. – Б. 668.; Аҳмад ибн Абдуллоҳ ал-Жазарий. Хулосот Таҳзиб таҳзиб ал-камол. – Миср: ал-Матбаа ал-кубро, 1884. – Б. 355.

[14] Шиҳобуддин Абулфазл Аҳмад ибн Али ибн Ҳажар ал-Асқалоний. Таҳзиб ат-таҳзиб. – Байрут: Муассасат ар-рисола, 1996. – Ж. III. – Б. 669.

[15] Мустафо ибн Абдуллоҳ. Кашф аз-зунун. – Байрут: Дор иҳя ат-турос ал-арабий, 2004. – Ж. I. – Б. 320.

[16] Абулҳасан Али ибн Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн ибн Абдулкарим ал-Жазарий аш-Шайбоний. Ал-Комил фи ат-тарих. – Байрут: Дор ал-кутуб ал-илмия, 1994. – Ж. VI. – Б. 373.

[17] Қаранг. Абу Исо Термизий. Сунан. – Байрут: Дор ал-ғарб ал-исломий, 1996. 6 жилд.

[18] Мустафо ибн Абдуллоҳ. Кашф аз-зунун. – Байрут: Дор иҳя ат-турос ал-арабий, 2004. – Ж. I. – Б. 320.

[19] Абулхайр Исомуддин Аҳмад ибн Мустофа ибн Жалил Тошкўпризода. Мифтаҳ ас-Саода. – Байрут: Дор ал-кутуб ал-илмия, 1975. – Ж. II. – Б. 113-114.

[20] Қаранг. Абу Исо Термизий. Сунан. – Байрут: Дор ал-ғарб ал-исломий, 1996. VI ж.

[21] Шиҳабуддин Абу Ҳафс Умар ибн Касир ибн Давъин ибн Касир ал-Қураший. Ал-Бидая ва-н-ниҳая. – Байрут: Дор ал-маориф, 1990. – Ж. XI. – Б. 67.

 

Тошкент ислом институти

"Ҳадис ва ислом тарихи фанлари" кафедраси ўқитувчиси Ф.Хомидов

Другие материалы в этой категории: « “ИШИД”нинг навбатдаги фитнаси Фитр садақаси »

Мақолалар

Top