Мақолалар

ЁРУҒ КУНЛАР ОЛДИНДА

Мусаффо тонг отди, бедор онанинг
Бутун борлиғида чувалар ўйлар.
Қушлар чуғурига тутар қулоғин,
Машриқ томонлардан келар бир хабар.

Ўғил эшик очди: “Ассалом она!”
– Бормисан, жон болам, кўзим, қароси?!
Қандай ташвиш билан юрибсан яна,
Қандай балоларнинг излаб давосин?

– Онажон, юрт тинчдир, осмон беғубор,
Ўриклар ўралган оппоқ ҳарирга.
Алвон лолаларга бурканар адир,
Оз қолди чиқамиз катта сайлга.

– Жон болам, алдама, сўзлагин ростин!
Қалбим ҳис этади дарду ташвишинг.
Дунё андуҳлидир эмасдир сокин,
Қандайдир балони йўқ этмоқ ишинг.

– Ҳа она, корона деган бир вирус,
Инсонлар бошига солар таҳлика.
Барчанинг ақли лол, татмайди ҳеч туз,
Жонин фидо этган уни енгмоққа.

– Ўғлим уч ойдирки, йўқ ҳаловатим,
Мени ҳам азаблар синоат, сирлар.
Гарчи кўрмаса ҳам иккала кўзим,
Қалбим дуодадир очилар йўллар!

– Онажон, куну тун қиласиз дуо,
Нечун кўзингизга бермайди шифо?
– Жон болам, қилмагин шаккоклик асло,
Аллоҳ иродаси, бу эмас жазо.

Хоҳласа балони даф этар шу он,
Фақат сажда қилгин, айлагин эҳсон.
Бир кун вирус деган балосини ҳам,
Албатта, енгажак қалби пок инсон.

Баъзилар унутди меҳр-вафони,
Гўдаклар кўз ёши тутди самони.
Очкўзлик тарқатди бундай балони,
Фаҳшу нодонликлар босди дунёни.

Жон болам, барисин билгувчи Аллоҳ,
Бандасин синайди, этар имтиҳон.
Куфр сўзламагин, шак этма асло,
Саждага бошинг қўй, келтириб иймон.

Мудом саждадаман этгум ибодат,
Кўзимга нур берар у бир кун шояд.
Аллоҳдан ёруғлик сўрагин фақат,
Дуоларинг балки бўлар ижобат.

Ўғил тинглар экан она сўзларин,
Чуқур уйга толди, маъюс эгди бош.
Оларкан қўлига тасбеҳу “Қуръон”,
Эзгу ҳислар қалбда кўтардилар бош...

Ибодат-ла кирди уйга барака,
Меҳр-муҳаббату тавозе, ҳурмат.
Бир тонг ўқир экан ўғил намозин,
Онанинг кўзидан чекинди зулмат.

Она кўзларини очиб борлиқни –
Яшнаган табиат, қуёшни кўрди.
Фарзанди дилга жо этгач Аллоҳни,
Онасин кўзига қайта нур тўлди.

Одамлар, дуога қўл очинг ҳар дам,
Балою офатлар йўқ бўлса шояд.
Қалб иймон нуридан олади малҳам,
Поклик, эзгулик яшайди абад!..

Зуҳра Ҳамроева

1934 марта ўқилди

Мақолалар

Top