Мақолалар

Биз машаққатни биргаликда енгамиз

Давлатимиз раҳбари томонидан жорий йилнинг 13-май куни ўтказилган видеоселектор жараёнида пандемия шароитида амалга оширишимиз зарур бўлган аниқ вазифалар юзасидан топшириқлар берилди. Ушбу видеоселекторни тинглар экансиз, беихтиёр “биз машаққатни биргаликда енгамиз” деган тушунча хаёлингизга келади. Ваҳоланки, аслида ҳам шундай эканлигини вазиятнинг ўзи исботлаб турибди.

Кузатган бўлсангиз, ушбу видеоселекторда ҳурматли Президентимиз, муҳтарам Шавкат Миромонович Мирзиёев  халқимиз учун жони ачиб, куйиниб, ёниб сўзлади. Тан олишимиз керакки, дунё бўйлаб ёйилган коронавирус балоси бизнинг юртимизни ҳам четлаб ўтмади. Унинг нафақат таъсирини балки, асоратларини ҳам барчамиз сезиб ва билиб турибмиз.

Юзага келган эпидемологик вазият жуда жиддий. Барчамиз ушбу жараёнга панжа орасидан қарашга ҳаққимиз йўқлигини астойдил ҳис этмоғимиз керак. Шу йилнинг 13-майидаги видеоселекторда Давлатимиз раҳбари барчамизни ўйлантириб турган жамики масалалар бўйича ўз фикр ва мулоҳазаларини билдириш билан бирга келгусида амалга оширишимиз зарур бўлган вазифаларни ҳам белгилаб берди.

Президент мазкур йиғинда ватанимизда тадбиркорлик ва кичик бизнесни ривожлантириш давлат сиёсатининг энг устувор йўналишларидан бири эканлигини алоҳида қайд этар экан, уларга пандемия шароитида имтиёз ва имкониятлар берилганлигини алоҳида эътироф этди. Уларга нисбатан солиқ ва бошқа молиявий юклар енгиллаштирилиб, келгусида элу юртнинг дардига малҳам бўлишларига умид билдирди. Юрт раҳбарининг бу каби ибратли ишларни амалга ошираётганини меҳнаткаш халқимиз томонидан илиқ кутиб олинмоқда. Пайғамбаримиз саллолоҳу алайҳи вассалам марҳамат қилиб айтганлар: “Барчаларингиз бамисоли чўпонсиз ва қўл остидагиларингиздан сўралурсизлар”, деганлар.

Селектордаги вазифалардан бири, фаолиятини тўхтатган тадбиркорларга ўз йўналишидаги ишларини яна қайта  тиклашда санитария қоидаларига риоя этган ҳолда, белгиланган тартиб асосида ишни йўлга қўйишларига кўрсатмалар берилди.

Сир эмас, тадбиркорлик субъектлари катта куч ва уларнинг салмоғи иқтисодиётимиз учун муҳим аҳамият касб этишини англаган ҳолда айтиш мумкинки, улар аҳоли бандлигига ҳам ўз таъсирини ўтказади. Хабарингиз бор, юртимизда ишлаб чиқарилаётган саноат маҳсулотларининг саксон фоиздан кўпроғи кичик бизнес томонидан амалга оширилади.

Президент ушбу видеоселекторда  жойлардаги тўртала сектор раҳбарлари олдига жуда катта вазифалар қўйди. Ва уларни бирма бир белгилаб ҳам берди. Энди жойларда вазият эса айнан мана шу тўртта сектор раҳбарларининг ишни қандай ташкил этганларига қараб белгиланадиган бўлди. Ва шу билан бирга тўрттала сектор раҳбарлари фаолиятига бериладиган баҳо ҳам ғалвирни сувдан кўтарадиган даражада билинадиган бўлди.

Азизлар! Хабарингиз бор, ишбилармонликни қўллаб-қувватлаш ва соғлом бизнес муҳитини яратиш бўйича Ўзбекистон Жаҳон банкининг “Бизнес юритиш” ҳисоботида 7 поғонага кўтарилиб, 69-ўринни эгаллади. Шунингдек, Ўзбекистон дунёнинг энг яхши 20 та ислоҳотчи давлати қаторидан жой олди. Мана шундай марраларни қўлдан бермай, бундан-да улкан чўққиларни забт этишимиз учун барчамиз юртбошимизнинг ёнида бақамти турмоғимиз шарт.

Киши юрт бошига иш тушганда билинади, дейилади. Мана юрт бошига иш тушди. Кўриб, билиб турибмиз. Биз бу каби бало ва офатлардан қачонки, якдил бўлсаккина енгиб чиқамиз. Бунинг учун барчамиз бир ёқадан бош чиқариб, Президентимизнинг ёнида туришимиз керак. Бундай ютуқлар шубҳасиз тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш ва бизнес муҳитини яхшилаш борасида ҳукуматимиз томонидан олиб борилаётган оқилона сиёсатни ҳамда Сиз каби ватаннинг фидойи ва меҳнаткаш тадбиркорларининг саъйи ҳаракатларининг самарасидир.

Зеро, Оллоҳ Таоло  ўз каломида: “... Эзгулик ва тақво (йўли)да ҳамкорлик қилингиз, гуноҳ ва адоват (йўли)да ҳамкорлик қилмангиз!...” деб марҳамат қилди.

Юртбошимиз таъбири билан айтганда, аслида тараққиёт ва фаровонликка фақатгина тадбиркорликни ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш орқали эришиш мумкин. Тадбиркор бўлиш истагида юрганларга бир қатор имконият ва имтиёзлар яратилди. Жумладан, ер ажратиш ва кредит бериш тизими ҳамда бошқа йўналишлар ҳам соддалаштирилиб, қоғозбозлик ва сарсонгарчиликларга барҳам берилди.

Оллоҳ Таоло Қуръони Каримнинг “Қасос” сурасининг 77-оятида: “...ва дунёдан бўлган насибангни ҳам унутмагин. Оллоҳ сенга эҳсон қилгани каби сен ҳам (одамларга) эҳсон қил! Ерда бузғунчилик қилишни истама! Чунки Оллоҳ бузғунчиларни суймас”.

Президент белгилаб берган вазифаларни оғишмай амалга оширишимиз зарур бўлади. Давлатимиз раҳбари энди сайланиб, ишни бошлаган пайтларини ёдга олинг, у киши ўша пайтдаёқ икки кишига иш билан таъминлаган тадбиркорни бошимга кўтариб юраман, деган эдилар. Ва бу сўзнинг уддасидан чиқди ҳам.

Энди эса Сиз азиз ишбилармонлар! Мана шундай синовли кунларда аввало элнинг, халқнинг кейин эса мана шу эл-халқнинг йўлбошчиси-Президентимизнинг ишончини оқлаш борасида астойдил харакат қилинг. Бу йўлда биз сизга улкан зафарлар  тилаймиз.

Сабрда ҳикмат бор. Бежизга дон халқимиз, “сабрнинг таги сариқ олтин” дейишмаган. Уламолар ҳам “вабо чиққан жойдан қўзғалманг, ва у ерга борманг”, дея бекорга қайд этишмаган. Пандемия туфайли яратган сизу бизга синов жўнатди. Бундан барчамиз ўзимизга тегишли хулоса чиқариб олмоғимиз зарур бўлади.

Оллоҳу таоло каломи шарифида марҳамат қилиб айтадики: “ Сабр қилинг!

Бас, албатта, Оллоҳ эзгу иш қилгувчилар мукофотини зое қилмагай.” (“Ҳуд” сураси 115.)

Азизлар! Бу коронавирус балосини Оллоҳнинг синови дея қабул қилмоғимиз керак. Зеро, ул зот билгучи ва кўргувчидир.

Биз бу жамиятда яшар эканмиз, ундан истеъмолчи сифатида эмас балки, шу азиз юрт ва халқ учун жонфидо бўладиган ҳақиқий ватанпарвар бўлмоғимиз керак. Негаки, ҳозир даврда сохта ва кўксига муштлаб, оғзидан  тупук сочиб, ватану халқ ҳақида сўзлашнинг мавриди эмас. Қисқаси мардумкўрсинликка берилмаслигимиз керак.

Нўъмон ибн Башир разиаллоҳу анҳумадан ривоят қилинади, Расулаллоҳ соллалоҳу алайҳи васаллам: “Мўминларнинг бир бирларига меҳр- муҳаббат, раҳм-шафқат ва меҳрибонлигининг мисоли худди бир жасад кабики, бирорта аъзоси оғриса, жасаднинг қолган (аъзолар)и унинг учун бедорлик иситма ила безовта бўлишади” дедилар.

Жамият ҳам инсон тани кабидир. Танингиздаги бирор бир аъзонгиз оғриса, бутун олам кўзингизга қоронғу бўлади. Жамиятимиз, юртимизга келган бу бало-ю офатдан бирор бир ҳамюртимиз оғриса-чи? Унинг ҳолидан хабар олиш, унга ёрдам қўлини чўзиш марднинг ишидир. Вазият биздан истеъмолчилик кайфиятидан воз кечишимизни ва барчамиз бир тану бир жон бўлиб, азиз ВАТАНИМИЗ учун жонфидоликни зарурлиги англашимиз шарт.

Турли ҳою-ҳаваслардан ўзимизни тийишимиз кераклигини  вазият билан бирга замоннинг айнан ўзи талаб қилмоқда. Давр билан ҳамқадаму ҳамнафас бўлар эканмиз, ҳушёрликни унутмасдан Давлат раҳбари томонидан белгилаб берилган барча вазифаларни оғишмай бажариш зарурдир.

Шундай экан, мавжуд вазиятни чуқур англаган ҳолда, барчамиз инсон сифатида, атрофимиздагиларга қўлимиздан келганича ёрдамимизни аямайлик. Барчамиз жипс бўлиб, инсонийлик бурчимизни бекаму кўст амалга оширишни ўз вазифам ва бурчим деб билмоғимиз шарт.

Жонажон юртимиз дунё афкор оммаси ҳавас қиладиган макондир. Етти иқлимни ўзига мафтун этган диёримиз яна асл ҳолига қайтади. Сиз азизлар! Ўз куч-қудратингиз ва салоҳиятингиз билан юртимизни янада гуллаб-яшнашига юксак ҳисса қўшишингизга ишонаман.

Одил Холмуродов

Миробод тумани бош имом хатиби

2057 марта ўқилди

Мақолалар

Top