Мақолалар

Кир ювиш машиналари покловчими? 

Бугунги кунда замонавий кир ювиш машиналарида ювилган нажас кийимларнинг ҳукми борасида саволлар кўпайиб бораётганлиги ва уларга берилаётган жавоблар турли хил бўлаётгани учун бу борада ҳанафий мазҳабига кўра олиб борилган тадқиқотлардан бирини мухтасар тарзда келтириб ўтишни лозим топдик.

Уламоларимиздан имом Ғунаймий “Лубоб” китобида “Ҳидоя”дан нақл қилиб қуйидагиларни айтади: 

“Ювиш вожиб бўлган нажосат (ўрнини) поклаш икки тариқада бўлади. (Чунки нажосат ўзи кўринадиган ёки ўзи кўринмайдиган бўлади). (Қон каби) ўзи кўринадиган (нажосат)ларнинг пок бўлиши унинг ўзини кетказиш биландир... Агар (ранг ёки ҳид каби) унинг асоратларидан кетказиш машаққатли бўлганлари қолса (бунинг зарари йўқдир ва кучли гапга кўра сув тиниқ бўлгунча ювади. Машаққат бу уни кетказишда тоза сувдан ташқари ишқор, совун ёки қайноқ сув каби нарсаларга эҳтиёж тушиши билан вужудга келади).[1]

Ўзи кўринмайдиган (бавл каби) нажосатларнинг пок бўлиши (нажосат теккан жойни) юваётган шахснинг гумонига ўша жойнинг пок бўлгани ғолиб келгунча ювиш билан бўлади. (Чунки нажосатни чиқариб олиш учун такроран ювиш лозимдир. Нажосатнинг кетганига қатъиян ишонч йўқ. Шу боис қибла масаласидаги каби гумоннинг ғолиб келиши эътиборга олинади.

Албатта машойихлар бу ўринда уч марта ювишни таъйин қилдилар. Чунки шунда гумоннинг ғолиб келиши ҳосил бўлади. Зоҳир сабаб осонлик яратиш учун гумоннинг ғолиб келиши мақомига қўйилди. Бу ҳукм “уйқудан турувчи” ҳақидаги ҳадис билан ҳам қувват топади. Сўнгра “Зоҳирур ривоя”да “Ҳар ювганда сиқиш (ҳам) керак”, дейилган. Чунки у нажосатни чиқариб ташловчидир.[2]

Ғунаймий келтирган ушбу дақиқ иборалар биз кўриб чиқмоқчи бўлган масалага асос  бўлиб хизмат қилади. У нажосатларни иккига бўлади: Ўзи кўринадиган ва ўзи кўринмайдиган.

  1. (Қон каби) ўзи кўринадиган (нажосат)ларнинг пок бўлиши унинг ўзини кетказиш биландир... Агар (ранг ёки ҳид каби) унинг асоратларидан кетказиш машаққатли бўлганлари қолса (бунинг зарари йўқдир ва кучлироқ гапга кўра сув тиниқ бўлгунча ювади. Машаққат бу уни кетказишда тоза сувдан ташқари ишқор, совун ёки қайноқ сув каби нарсаларга эҳтиёж тушиши билан вужудга келади).
  2. Ўзи кўринмайдиган (бавл каби) нажосатларнинг пок бўлиши (нажосат теккан жойни) юваётган шахснинг гумонига ўша жойнинг пок бўлгани ғолиб келгунча ювиш билан бўлади.

Бу тафсилотларда кир ювиш машиналарининг дастури билан қиёслаш мумкин бўладиган учта асосни кузатишимиз мумкин.

  1. Ўзи кўринадиган нажосатларни ўзини ва асоратини кетказиш.
  2. Машаққат ва унинг чегараси.
  3. Юваётган шахснинг гумони ғолиб бўлгунга қадар такроран ювиш. (Бу ўзи кўринмайдиган нажосатларга тегишли шарт).

Кир ювиш машиналарининг нарсаларни тозалаш борасидаги ўзига хос дастурида биринчи асосга риоя қилинишини кузатиш мумкин. Уларнинг дастурида кўрсатилган нарсаларни уч марта ювиш амалиёти имкон қадар нажосатнинг ўзини йўқотиш учун белгилангандир. У нажосатнинг ўзини ва асоратини тубдан йўқ қилишга қаратилган. Лекин гоҳида нажосатнинг ўзи кетса ҳам унинг асорати қолиши мумкин. Бундай ҳолатда биз,  Ғунаймий айтиб ўтган иккинчи асосга дуч келамиз.

Кир ювиш машинасининг дастурида белгиланган нарсаларни тозалаш технологиясида бу асосга ҳам риоя қилинганини кузатишимиз мумкин. Кир ювиш машинаси сувга нажосат ва унинг асоратини тубдан йўқотиб ташлайдиган даражадаги ҳароратни тақдим қилади. Шу билан у бу мақсад йўлида кир ювиш порошокларини ишлатади. Бу икки нарса кир ювиш машинаси дастурининг асосий нарсаларидан ҳисобланади.

Нарсаларни поклашдаги учинчи асос яъни юваётган шахснинг гумонига нарса пок бўлгани ғолиб келгунга қадар ювишни такрорлаш кир ювиш машинасида ҳам топилишини кузатишимиз мумкин. Чунки у нарсаларни ювишда уч марта сув қуйиб, уч марта ювади. Бу ҳолатда унинг пок бўлгани гумонга ғолиб келади.

Фуқаҳоларимиздан яна бири Ибн Нужайм роҳимаҳуллоҳнинг “Баҳрур роиқ” китобидаги иборалар ҳам “Лубоб” муаллифининг сўзларига яқин келади. Лекин Ибн Нужайм кўринмайдиган нажосатлардан кийимларни поклашда юқорида айтилган нарсалардан бошқа яна икки тариқа борлигини айтади.

Биринчи тариқа сиқиладиган кийимларни ювиш баробарича сиқиш. Иккинчи тариқа кийимга нажосатни чиқариб юборадиган даражада сув қуйиш.

Биринчи тариқа кир ювиш машинасида белгиланган кийим ювиш технологиясида ҳам топилади. Чунки кир ювиш машинаси кийимлар ювилган уч босқичда ишлатилган сувларни қайтариб олади ва сўриб олгач ташқарига тўкиб ташлайди. Шу тарзда уч марта ювгандан сўнг кийимлар жойлашган ҳовузчани ўта юқори тезликда айлантириш орқали қуритиш яъни сиқиш амалиётини бошлайди.

Бунинг оқибатида кийимдаги намлик деярли қолмайдиган даражага келади. Эҳтимол Ибн Нужайм (ва бошқа фуқаҳоларимиз) сиқиладиган кийимларни сиқишни шарт қилганларида улардаги нажосат ва унинг асоратини кетказишни мақсад қилган бўлсалар керак.

Бу нарса кир ювиш машинасининг кир ювишдаги охирги босқичи яъни сиқиш босқичида тамоман топилади. Иккинчи тариқа ҳам кир ювиш машиналарида кузатиладиган амалиётдир. Чунки кир ювиш машинаси ташқаридан керакли сувни тортиб олиб кийимлар турган ҳовузчага қуяди ва ҳовузча ундаги кийимлар ҳажмига мувофиқ тарзда тўлдирилади. Бу амалиёт юқорида айтилганидек уч марта такрорланади.

Лекин бу ўринда бир нарсани айтиб ўтиш лозим. Кир машинаси ташқаридан сувни олиб қуяётганда фуқаҳолар васф қилган яъни нажосатни йўқотиб ташлайдиган даражада қуйиш ҳосил бўлмайди. Бироқ бу нарса кирни ювиш жараёнида ўз жойига тушиб кетади. Чунки кир машинаси сув ва кийимни қўшиб узоқ вақт давомида айлантиради. Бу сув ва кийим жойлашган ҳовузчанинг ҳаракатини турли томонларга буриш билан содир этилади. Бу нарса сувга биз хоҳлаган даражадаги қуйиш қувватини беради ёки бир неча марта такроран сув оқизиб ювиш ҳолатини юзага чиқаради.

Фуқаҳолар шарт қилган нажас кийим устига сувни қуйиш ва оқизиш амалиётидан асосий мақсад ундаги нажосат ва унинг асоратини тубдан йўқотиш эканлиги ва бу такроран ювиш мақомида бўлиши барчамизга маълум. Кир ювиш машинасининг бу борадаги технологияси яъни кийимларга сув қуйиш жараёни айни шу мақсадни ҳосил қилади.

Юқоридаги сўзлардан шуни хулоса қилиш мумкинки кийимларни нажосатнинг икки тури яъни кўринадиган ва кўринмайдиган нажосатлардан поклаш борасида қўйган шартлари кир ювиш машиналарида у ёки бу шаклда мавжуддир.

Унинг дастурида белгиланган автоматик услублар фуқаҳолар қўйган шартларга мувофиқ келади. Шундан келиб чиқиб, замонавий кир ювиш машиналарида ювилган кийимларни нажосатдан пок бўлади деб ҳукм қилиш жоиз бўлади.

Лекин баъзи уламолар эҳтиёт юзасидан нажосат кийимни кир машинага солишдан олдин уч марта ювиб пок қилиб олиш тақво юзасидан яхши бир иш эканлигини таъкидлайдилар.

Кир ювиш Автомат машиналарида шахсий тарзда 2 хил машина устида тажриба ўтказдик. Икки тажриба натижасига кўра қуйдаги хулосалар келиб чиқди:

  • Машинанинг ишлачи учун йўриқ номада белгиланган электр токи билан таминланиши.
  • Сув етиб келишини таминлаш, яъни йўриқномада берилган кўрсатмага мувофиқ келадиган босм етарли бўлиши.
  • Муносиб кир ювиш воситасини танлаш.
  • Кейин ювилаётган кийимнинг кирланиш даражасини ҳисобга олис кераклиги алоҳида такидланади.

Яна шуни қўшимча қилиб айтамизки, кир машиналар: “Манй[3], мазй[4], вадй[5]” каби ажралмаларини яхши кетказа олмаслигини ўргандик. Муаммо шундаки, барча жараёнда кирлар ажралиб кийим тоза ҳолга келсада лекин мазкур нарсалар кийим қаватига сингиб қолгани учун чиқиб кетмас экан. Бу асосан қалин, юнгсимон кийимларда кузатилади. Шортвий – яъни силлиқ матриалларда бу ҳолат кузатилмади.

Муаммонинг ечими қийин эмас, мазкур ажралмалар теккан жойни кир ювиш машинасига солишдан олдин яхшилаб сув билан ишқалаб қўйилса бўлди. Уёғини машина ҳал қилади. Шунингдек, бу нарсаларни ишқалаб ювишда шаръий поклаш[6] шарт эмас, чунки машинага солинганда юқорида айтганимиздек машина уч марта ювиб тозалаб беради.

 

Интернет манбаларига асосида Тошкент ислом институти

 4-босқич талабаси Қурбонов Салоҳиддин

 

[1] Шиҳобуддин ибн Ҳажар Асқалоний. “Ад-дироя фий тахрижи аҳадийсил Ҳидая”, Дорул маʼрифа, Байрут. 159-бет.

[2] Камолуддин ибн Ҳумом. “Фатҳул Қадийр”, Дорул фикр, Байрут. 68-бет.

[3] Эркак кишидан ажраб чиқадиган қўйиқ оқиш суюқлик (яъни фан тилида сперматазоит)

[4]Шаҳват қўзғаганида ажралиб чиқадиган тиниқ рангда, ёпишқоқ суюқлик.

[5] Бавлдан кейин ажраб чиқадиган дағал хира суюқлик.

[6] Мазкур нажосатлар кўзга кўринадиган бўлгани учун асли ва асарини кетказиш кифоя.

3370 марта ўқилди

Мақолалар

Top