Мақолалар

“Тирик етим” нима дегани?

Фарзанд ота-она учун берилган неъматлар ичида энг ширини ҳисобланади. Уламолар: “фарзанд ота-она учун берилган иккинчи имконият, ўзи эриша олмаган мақсадларини фарзандлари орқали амалга ошириши мумкин” дейдилар.

Аммо, сўнги пайтларда кўп бор эшитаётганимиз “тирик етим” деган ибора кишини чуқур ўйга толдиради.

Тирик етим – аксар ҳолларда отаси ташлаб кетган (ажрашган в.ҳ.к.) яни отасиз ўсаётган, бази ҳолларда эса онасиз ўсаётган болаларга нисбатан ишлатилади.

Ер юзида отасиз ўсаётган болаларнинг аниқ рақамини топиш жуда мушкул. Кембриж университети олимлари ўтказган тадқиқотлар натижаси эса кўпчиликни ранжитиши аниқ. 

Тадқиқотчиларнинг таъкидлашларича: биргина Эстонияда 40.000 нафар бола отасиз ўсмоқда. Унча катта бўлмаган бир мамлакат миқёсида шунча бўлса, дунё бўйича бу кўрсаткични тасаввур қилиш мумкин.

  • Европа Иттифоқи, Литва, Испания, Хорватия, Исландия ва Россияда ёлғиз оналар кўпайиб бормоқда.
  • Ҳар йили бир ярим миллионга яқин бола ота-онасининг ажралишувини бошдан кечиради.
  • Ажралишдан сўнг болаларнинг 98 % и онаси билан (бази мусулмон давлатларида отаси билан) қолади.
  • Ажралган аёлларнинг деярли ярми фарзандининг отаси билан кўришишига тўсқинлик қилади.
  • Кўп ҳолларда оталарнинг фарзандига бўлган ҳақ-ҳуқуқлари бузилмоқда.

Ғарблик олимларнинг таъкидлашича Европада отасиз ўсган болалар орасида:

  • Ўз жонига қасд қилиш 5 баробар;
  • Уйдан қочиб кетиш 35 марта;
  • Мактабни тугатмай, ташлаб кетиш ҳоллари 9 маротаба;
  • Гиёҳвандлик, кашандалик ва ичкиликка ружу қўйиш эҳтимоли 10 баробар юқори бўлар экан.

Бу кўрсатгич бизнинг мамлакатимизда қай ҳолатда эканлигини аниқ айта олмаймиз. Бироқ, юртимизда ҳам “тирик етимлар” сони анчагинани ташкил этади.

Шукрки, давлатимиз томонидан ажримлар ва фарзандларни боқувчисиз (кўп ҳолларда оталар фарзанди учун алимент тўлаш ёки моддий таъминлашдан бўйин товлашади) қолдиришга қарши қатъий қонуний чоралар кўрилмоқда. Аммо, масаланинг иккинчи томони ҳам бор.

Фарзанд уй ҳайвони эмаски фақатгина қорнини тўйдириб қўйиш кифоя қилса. Уни руҳий, ахлоқий ва маънавий томондан ҳам озиқлантириш шарт. Хўш, ҳавойи нафси туфайли фарзандларни келажагини ўйламай, норасидаларини онасига қўшиб  кўчага улоқтираётган, ташлаб кетаётган оталар қилмишининг бадали оғир бўлишини, катта гуноҳга қўл ураётганлигини билишармикан...?

Ота жавобгар. Оилани моддий ва маънавий таъминлаш отанинг зиммасидаги бурчдир. Бу бурчни Аллоҳ таолонинг Ўзи эркакларга юклаган. Бу ҳақда Қуръони каримда шундай марҳамат қилинади:

“Уларни маъруф ила едириб, кийинтириш туғдирганнинг зиммасидадир”. (Бақара сураси, 233 оят)

Бу ишни яхшилаб адо қилиш керак, номига эмас.

Бошқа бир оятда эса Аллоҳ таоло оила раҳбарлари бўлган эркакларга буюради:

“Эй иймон келтирганлар! Ўзингизни ва аҳлу аёлингизни ёқилғиси одамлару тошдан бўлган оловдан сақланг”  (Таҳрим сураси, 6 оят).

Уламолар мазкур оятнинг тафсирида мусулмон эркак аёлини яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтариб, фарзандларини иймонли, маърифатли, хулқи гўзал ва одамларга манфаати тегадиган Аллоҳга итоатли инсон қилиб тарбиялаши лозимлигини таъкидлашган.

Демак, ҳурматли оталар фарзандни туғдиргач, уни ҳар томонлама таъминлаб, унинг қорнини тўйдириш билан бирга, одобини ҳам гўзал қилиб тарбиялашингиз лозим.

Унутманг! Сиз ташлаб кетган (кетаётган) фарзанд сизга омонат қилиб берилган. Уни бир умр кўнгли ярим, тирик етим, жиззаки, нафратга тўла инсон бўлиб ўсишига сабабчи АЙБДОР бўлиб қолманг. 

 

Саидаброр УМАР тайёрлади

3756 марта ўқилди
Мавзулар

Мақолалар

Top