Мақолалар

Мурсал ҳадис ва унинг ҳукмлари

Мурсал луғатда: исми мафьул, ўзаги (الإرسال) «қўйиб юбормоқ» маьносида, аммо (الإطلاق)  «очиқ қолдирмоқ» маьносида қўлланилади (Қомусул Муҳит). Яьни мурсал ҳадис санади очиқ қолдирилиб, маьлум ровий билан қайд этилмаган ҳадисдир.

Истилоҳда: Тобен ҳадис санадида ўзи билан ўртада бирон ровийни восита қилмай, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга нисбат берган ҳадисдир. Тобеиндан мурод - хоҳ кичик, хоҳ ёши улуғ тобеин эьтиборга олинади [Саййид Абдул Можид Ғаврий: "Мўьжаму мусталиҳотил ҳадисия". Дорул Ибн Касир. Байрут].

Мурсал ҳадисга мисол:

عن سعيدِ بنِ المُسيِّب أنَّ رسولَ اللهِ صلَّى اللهُ عليه وسلَّم عن المزابَنةِ

Саид ибн Мусаййибдан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам музобана (ўлчови, сони ёки оғирлиги билинмаган нарсаларни сотиш)дан ман қилдилар [Ибн Абдул Бар: «Тамҳид» 6/441].

Саид ибн Мусаййиб улуғ тобеинлардан саналади, ушбу ҳадисни ўзи билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўртасида ровийни восита қилмай ривоят қилган. Ҳадис санадини охиридан ровийни тушириб қолдирган. Тобеиндан кейин ровий тушиб қолиб, санад бўш қолган. Ровий саҳобий ёки эҳтимол тобеин бўлиши мумкин [Саййид Абдул Можид Ғаврий: "Мўьжаму мусталиҳотил ҳадисия". Дорул Ибн Касир. Байрут].

Махфий мурсал:

Ровий ўзи мулоқотда бўлган ёки бир замонда яшаган одамдан бевосита ўзи эшитмаган ҳадисни ривоят қилиши махфий мурсалнинг бир кўринишидир.

Махфий мурсал ҳадисга мисол:

حدثنا إبراهيم بن عبد لله الهروي، نا هشيم، أنا يونس بن عبيد، عن نافع، عن ابن عمر، قال: قال رسول الله : «مطل الغني ظلم، وإذا أحلت على ملئ فاتبعه «

«Илалул кабирда» ривоят қилинган ҳадис Иброҳим ибн Абдуллоҳ ал-Ҳиравий, Ҳушайм ва Юнус ибн Абид бизга Нофеь ва Ибн Умардан ривоят қилган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Имкони бор кишининг (карзни бермай) чўзиши зулмдир. Кимнинг қарзи ўзига тўқ одамга хавола қилинса, ўшанга борсин», дедилар [«Илалул кабир». 194. «Сунану Термизий». 1309. «Сунану ибн Можа». 2404. «Муснаду Имом Аҳмад». 5395].

Ҳадиснинг зоҳирий санади муттасил (узилмаган). Юнус ибн Абид Нофеь билан замондош бўлган. Нофеьдан ҳадис эшитган. Лекин муҳаддислар: «Юнус Нофеьдан бу ҳадисни эшитмаган», дейдилар. Имом Бухорий: «Юнус ибн Абид ҳадисни Нофеьдан эшитган деб ўйламайман» деган. Бу фикрни Имом ибн Маин, Аҳмад ибн Ҳанбал, Абу Ҳотим ҳам тасдиқлайдилар. Шу сабаб, махфий мурсал ҳадис деб ҳисобланади [«Жомеьут таҳмил» 377. «Таҳзибут таҳзиб» 4/472].

Саҳобийнинг мурсали:

Саҳобий Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ҳадис ривоят қилган бўлиб, саҳобийнинг ёш бўлганлиги ёки кечроқ Исломни қабул қилгани ёки бошқа сабаб, ҳадисни эшитмаганлиги билинган ҳадис –саҳобийнинг мурсал ҳадиси дейилади.

Саҳобийнинг мурсал ҳадисига мисол:

قول السيدة عائشة رضي الله عنها : أول ما بديء به رسول الله ٠ من الوحي الرؤيا الصالحة في النوم، وكان لا يرى رؤيا إلا جاءت مثل فلق الصبح، وحبب إليه الخلاء، فكان يخلو بغار حراء فيتحنث فيه - وهو التعبد - الليالي ذوات العدد قبل آن ينزع إلى أهله ويتزود لذلك، ثم يرجع إلى خديجة فيتزود لمثلها حتى جاء ه الحق وهو في غار حراء.... الحديث

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бошланган илк ваҳий уйқудаги солиҳ тушдир. У зот бирор туш кўрсалар, тонг ёруғидек аниқ ўнгидан келмай қолмас эди. Сўнгра у зотга холи қолиш маҳбуб қилинди. Ҳиро ғорида холи қолиб, аҳллари олдига тушмай, бир неча кеча "таҳаннус", яъни ибодат қилар эдилар. Бунинг учун озуқа ғамлаб олар эдилар. Сўнгра Хадичанинг олдига қайтиб, яна ўшанча озуқа ғамлаб олар эдилар. Ниҳоят, Ҳиро ғорида эканларида у зотга ҳақ келди..." [Имом Бухорий: «Саҳиҳ». Бадьул ваҳий боби: 3].

Оиша розияллоҳу анҳо онамиз илк ваҳий келганда ҳозир эмасдилар. Илк ваҳийнинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга келганини кимдан эшитганлари маьлум эмас. Ҳадис мурсал ҳадис саналади, лекин муҳаддислар ҳадисни саҳобийнинг мурсали деб номлашади.

Саҳобийнинг мурсал ҳадисининг ҳукми:

Барча муҳаддислар саҳобийнинг мурсалини муттасил (узлуксиз) ҳадис деб эьтибор қилишади. Саҳобийнинг мурсалини зарари йўқдир. Ҳадиснинг бошқа шартлари мавжуд бўлса, саҳобийнинг мурсали қабул қилинади. Чунки саҳобийнинг ривояти саҳобийдан бўлади. Барчамизга маълумки саҳобалар одил кишилар ҳисобланади.

Тобеинлардан мурсал ҳадис ривоят қилган ровийлар:

1.Мадина аҳлидан Саид ибн Мусаййиб (вафоти 94.ҳ/713м).

  1. Кўфа аҳлидан Ато ибн Абу Рабоҳ (вафоти 114.ҳ/733м).

3.Миср аҳлидан Саид ибн Ҳилол (вафоти 135.ҳ/753м).

4.Шомдан Макҳул Дамашқий (вафоти 112.ҳ/731м).

5.Басрадан Ҳасан ибн Ясор Абулҳасан ал-Басрий (вафоти 110.ҳ/729м).

6.Кўфада аҳлидан Иброҳим ибн Язид Нахайилар (вафоти 96.ҳ/715м) кўплаб мурсал ҳадис ривоят қилганлар. [Саййид Абдул Можид Ғаврий: «Мўьжаму мусталиҳотил ҳадисия» 696. Дорул Ибн Касир.Байрут].

Мурсал ҳадислар ҳақида китоб тасниф этган муаллифлар:

Мурсал ҳадисларни жамлаб, китоб тасниф этган мусаннифларнинг энг машҳурлари:

  1. Имом Абу Довуд Сулаймон ибн ал-Ашьас ас-Сижистоний (вафоти 275.ҳ/889.м) «Маросил» китобини тасниф этган. Китоб фиқҳий бобларга асосланиб тартибланган. Китобда ҳадислар сони 544тага етади. Китобда ровийлар санадлари зикр этилган ҳолда нашрдан чиққан. Санадлари зикр этилмаган нусхада ҳам нашр этилган.
  2. Имом Абу Ҳотим Абу Муҳаммад Абдураҳмон ибн Муҳаммад ибн Идрис ал-Ҳанзалий ар-Розий (вафоти 327.ҳ/939.м) «Маросил» китобини тасниф этган. Китобда саҳобалар исмлари алифбо тартибида жамланган. Китоб нашрдан чиққан.
  3. Абу Бакр Аҳмад ибн Ҳорун ал-Бардижий (вафоти 301.ҳ/914м) «Баёнул маросил» китобини тасниф этган.
  4. Ҳофиз Салоҳиддин Абу Саид Халил ибн Кайкелди ал-Алоний (вафоти 861.ҳ/1457м) «Жомеьут таҳсил би-аҳкомил маросил»(Мурсал ҳадисларнинг хулосасини жамлаш) китобини тасниф этган. Муаллиф китобида санаддаги узилишлар ва мунқатеь (санади узилган) ҳадисларни мисоллар билан келтирган. Ҳадисларни мурсал ривоят қилувчиларни табақасини эслатиб ўтган [«Манҳажу нақд фи улумил ҳадис» 399. «Тайсиру мусталаҳи улумил ҳадис» 71-73. «Ал-ийзоҳ фи улумил ҳадис» 135-141. Саййид Абдул Можид Ғаврий: «Мўьжаму мусталиҳотил ҳадисия» 696-697. Дорул Ибн Касир. Байрут].

Мурсал ҳадисга амал қилишда ҳадис уламоларнинг қарашлари.

Мурсал ҳадис заиф ҳадис бўлиб, тўқима ҳадислардан эмаслигини олимлар баён қилишган. Тўқима ҳадис (мавзуъ хабар) тўқилган ёлғон бўлиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга нисбат берилган хабар эканлиги маьлум. Тўқима ҳадисни ҳадис уламолари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларига қўшмайдилар ва унга ҳеч ким амал қилмайди. Аммо мурсал ҳадисгачи? Заиф ҳадисга амал қилса бўладими? Бу ҳақда уламоларга мурожаат қиламиз.

Мурсал ҳадисга амал қилиш ҳақида аҳли ҳадис ва фақиҳлар 3 хил қарашга эгалар.

  1. Аҳли ҳадис қараши: Заиф ҳадис тарк қилинади ва унга амал қилинмайди.

Имом Нававий «Тақриб»да «Бу барча ҳадис ҳофизлари ва ҳадис танқидчиларини қараши» дейди. Имом Муслим «Саҳиҳ»ининг муқаддимасида [1/30] аҳли илмларнинг ҳадис ҳақидаги қарашларида нақл қилиб ўтган.

  1. Фуқаҳоларни қараши: Заиф ҳадис мутлақо қабул қилинади.

Бу Имом Аъзам, Имом Молик, Имом Аҳмад ибн Ҳанбал мазҳабларининг қарашлари. Имом Ғаззолий: «Барча мазҳаблар бу қарашга иттифоқ қилиб, мурсал ҳадисларда ровийнинг ишонарли бўлмоғини ва ишонарсиз ровийлардан эҳтиёт бўлишни шарт қилишган», дейди.

  1. Имом Шофеьий мазҳабининг қараши: Заиф ҳадисни қабул қилиш ва рад этишда ўртача қараш.

"Катта тобеинлардан мурсал ҳадис ривоят қилинган бўлса, шу мурсал ҳадисни муттасил ҳадис билан ёки бошқа кучли мурсал ҳадис билан ё саҳобийнинг сўзи ё уламолар жамоасининг фатвоси билан қувватлантирилса мурсал ҳадис қабул қилинади ва унга амал қилинади, агар юқоридаги шартлар топилмаса мурсал ҳадис қабул қилинмайди" дейилади [Абу Довуд: «ал-Маросил». Шуайб Арноут таҳқиқи остида].

 

Фахритдин ХУДОЙНАЗАРОВ,

Сурхондарё вилояти Денов тумани Ҳикмат

жоме масжиди имом-хатиб

3092 марта ўқилди

Мақолалар

Top