Мақолалар

Иймон сари очилган эшик

Бу йил Ватанимиз истиқлолга эришганига 29 йил тўлди. Аллоҳ таоло бу саодатли ва қутлуғ айёмни барчамизга муборак қилсин!

Мустақиллик неъматини яхши англаб, қадрига етиш учун атрофга ибрат назари билан қарасак, баъзи давлатлардаги нотинчлик, етишмовчилик ва тартибсизликларни кўриб, юртимиздаги тинчлик-хотиржамликка бениҳоя шукр айтамиз.  

Уламоларимизнинг ҳикматларида: соғлик қадрини билмоқчи бўлсанг – касалга боқ, фарзанд қадрини билмоқчи бўлсанг – фарзандсиз инсонга қара, тинчлик қадрини билмоқчи бўлсанг – нотинч юртга эътибор қил, деганлар. Мустақиллик – ҳурлик, озодлик, ўз Ватани, тили ва эътиқодига эга бўлиш демакдир.

Мустабид тузуми даврида аждодларимиздан мерос бўлиб қолган қадриятлар, имон-эътиқодимиз, миллий урф-одатларимизни халқимиз онги ва шууридан сидириб ташлаш ҳаракат қилишди, буюк маданиятимиз, диний эътиқодимиз ва кенг дунёқарашимизни йўққа чиқармоқчи бўлишди, не-не олимлар, маърифатимизнинг буюк сиймолари уларнинг қўлларида шаҳид бўлишгани аччиқ ҳақиқат.

Истиқлолдан сўнг халқимиз барча соҳада эмин-эркин саъй-ҳаракат қилиш имконига эга бўлгани каби динимиз кўрсатмаларини хотиржам адо этиш бахтига ҳам муяссар бўлди. Минглаб масжидлар очилиб, мўмин-мусулмонлар ихтиёрига топширилди, ўнлаб диний таълим муассасалари барпо қилиниб, у ерда ёшлар диний ва дунёвий фанлардан таҳсил олмоқдалар. Азиз авлиё, улуғ аллома ва фозил инсонларнинг мақбара ва зиёратгоҳлари таъмирланди. Ҳар йили давлат кўмаги билан минглаб ватандошларимиз муборак ҳаж ва умра зиёратига бориб келмоқдалар. Буларнинг ҳаммаси, албатта, Аллоҳнинг инояти билан бизга берилган истиқлолимиз сабабидандир.

Шунингдек, буюк аждодларимизнинг бебаҳо асарларини ўрганиб, уларни она тилимизга таржима қилиш имконига эга бўлдик. Ўтган йиллар давомида Қуръон, ҳадис, тафсир, фиқҳ, ислом тарихи, маданияти ва фалсафасига оид кўплаб йирик тадқиқотлар амалга оширилди. Турли мавзудаги диний адабиётлар, юртимизда яшаб, ижод қилган буюк алломаларимиз илмий мероси нашр этилиб, кенг оммага тақдим қилинмоқда.    

Бундан ташқари, Ўзбекистон халқаро ислом академияси, Мир Араб олий мадрасаси, Имом Бухорий ва Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказлари, вилоятларда калом, ҳадис, фикҳ, ақида ва тасаввуф илми мактаблари очилгани ҳамда Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг ташкил этилгани диний-маърифий соҳани ривожлантиришга бўлган эътиборнинг ёрқин намунасидир.

Сўнгги йилларда давлатимиз раҳбари бошчилигида юртимизни юксалтириш, халқ фаровонлигини ошириш каби хайрли ишлар “Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халққа хизмат қилиши керак” деган шиор остида амалга оширилмоқда. Натижада халқнинг ватанга бўлган меҳри-муҳаббати тобора ортиб бормоқда.

Айниқса, давлатимиз томонидан Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузуридаги “Вақф” хайрия жамоат фондига 150 миллиард сўм маблағ ажратилиши тарихий воқеа бўлди. Бу юртимизда инсон омилига бўлган ижобий муносабатнинг исботидир.

Ҳар йили мустақиллик байрами арафасида алоҳида шиор танлаб олинади. Бу йил мустақилликнинг 29 йиллик байрами “Сен – қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистон!” шиори остида нишонланмоқда. Ушбу шиорлар замирида халқни бирлаштириш, инсонни туғилиб ўсган, киндик қони тўкилган ватанига муҳаббатини ошириш мақсад қилинган. Ҳақиқатан, халқ бирлашса, катта кучга айланади.

Халқимизда “Ватан остонадан бошланади” деган нақл бор. Ҳар бир инсон учун киндик қони тўкилган тупроқ, энг кичик Ватан – уйи ҳисобланади.

Қуръони каримда марҳамат қилинади: “Аллоҳ сизга уйларингизни оромгоҳ қилди” (Наҳл сураси, 80 оят).

Уйимиз бизга омонлик, хотиржамлик маскани, тинчлик-осойишталик марказидир. Унда хотиржамлик бўлиши учун юртда тинчлик қарор топиши лозим. Оқибатда жамиятда ҳар томонлама юксалиш ва ривожланиш рўй беради. Одамларнинг ўзаро бир-бирига бўлган ишонч ва садоқати, меҳр ва мурувватининг самимий бўлиши ҳам асосан тинчлик ва хотиржамликка боғлиқдир.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Аллоҳ таоло бандага каттами, кичикми бир неъмат берса ва банда унинг шукронаси учун “Аллоҳга ҳамд бўлсин”, деса, шунда у ўша неъматдан ҳам афзалроқ нарсага эришган бўлади” (Имом Ибн Можа ривояти) деганлар.

Демак, мустақиллик, тинчлик, хотиржамлик ва саломатлик каби неъматлар – Аллоҳ томонидан бизга ато қилинган улуғ неъматдир. Ҳадисга мувофиқ, биз шукр қилсак, бу неъматлар қадрига етсаккина, зиёда бўлади. Акс ҳолда қиёмат куни неъматлар борасида сўралишимизни ҳам унутмаслик лозим.

Аллоҳ бизларни ҳар бир неъматнинг қадрига етувчи, унга шукр қилувчи бандаларидан қилсин!

Убайдуллоҳ АБДУЛЛАЕВ,
Фарғона вилояти бош имом-хатиби

2257 марта ўқилди
Мавзулар

Мақолалар

Top