Мақолалар

Аллоҳ ва Унинг Росулидан юз ўгит I 13-ўгит: Маслаҳат билан иш қилинг!

Аллоҳ ва Унинг Росулидан юз ўгит!  

13-ўгит: Маслаҳат билан иш қилинг! 

Аллоҳ таоло айтади: «Ва ишларингизда уларга маслаҳат солинг» (Оли Имрон сураси, 159-оят).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларига кўп маслаҳат қилганчалик бирор кишини кўрмадим», – дедилар (Имом Термизий ривояти.

Фазл роҳимаҳуллоҳ айтадилар: «Маслаҳатда барака бор. Дарҳақиқат, мен ҳатто мана бу ҳабаш аёлдан ҳам маслаҳат сўрайвераман»

Хулоса:

  1. Хитоб Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бўлди. Бироқ, ҳукм умумийдир. Яъни, ҳар бир мусулмон киши маслаҳат қилишга буюрилди.
  2. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ақл заковатлари саҳобаларнинг ақлидан кам эмасди. Лекин шундай бўлса ҳам, Аллоҳ таоло улар балан маслаҳат қилишга буюрди.
  3. Аллоҳ таоло Росулуллоҳни маслаҳатга буюрмасдан ҳар бир ишнинг ҳақиқатини Ўзи билдириб қўйса ҳам бўларди. Бироқ, маслаҳат деган одатни кишилар учун суннат бўлиб қолишини истади.
  4. Киши қанчалик юксак мақомларга чиққан бўлса ҳам, маслаҳатга доимо муҳтождир. Чунки, гоҳида энг тўғри фикр энг кичик боладан ёки бир девонадан ҳам чиқиб қолиши мумкин.
  5. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам жудаям кўп ишларда саҳобалар ва ўз аёллари билан маслаҳат қилардилар.
  6. Маслаҳат сўраш орқали кишиларнинг қалби улфат қилинади. Ҳар бир шахснинг жамиятда ўз ўрни бор эканлигини  билдириб қўйилади. Кишиларда ўзига ишонч ва янада изланиш пайдо бўлишига сабаб бўлинади.
  7. Маслаҳатда ишнинг баракали, енгил ва самарали бўлиши бор. Маслаҳат орқали қилинган ишларда ортиқча оворагарчилик ва қийинчилик бўлмайди.
  8. Маслаҳат олиш учун эркак ёки аёлнинг фарқи йўқ. Муҳими, илм ва тажрибали, ишонарли ва омонатдор киши бўлсин.
  9. Фарз амалларни бажаришда ёки ҳаром қилинган ишларни тарк қилишда маслаҳат қилинмайди. Очиқ ойдин буюрилган амалларга сўзсиз амал қилинади. Қайтариқлардан эътироз ва маслаҳатсиз қайтилади.

Аллоҳ таоло барчаларимизни атрофимизда содиқ, омонатдор ва самимий маслаҳатгўй яқинларимиз бўлишини насиб қилсин. Бизга холис ва самимий маслаҳатларини бериб турган барча устозлар, аҳли илмлар ва ҳаёт синовларида тобланган дуогўй қарияларимизни саломат қилсин!

 

Олмазор туманидаги “Мевазор” масжиди имом ноиби: 

Ёрбек Ислом

1902 марта ўқилди

Мақолалар

Top