Мақолалар

Ота-онага оқ бўлиш гуноҳи кабирадир

Ота-онага оқ бўлиш сўзи “осий бўлиш”, “қарши чиқиш” маъноларини англатади.  Ҳар бир фарзанд зиммасида ота-онага эҳтиром кўрсатиш, уларнинг хизматларини қилиш масъулияти бор. Соғлом инсон табиати ҳам тақозо этадиган бу масъулиятнинг аҳамияти шариатда ҳам баён қилинган. Шу маънода ота-онага оқ бўлиш энг улкан гуноҳлардан экани хабар берилган. Бу ҳақида ҳадиси шарифда бундай дейилган: Абдуллоҳ ибн Амр (розияллоҳу анҳумо)дан ривоят қилинади: «Набий (солаллоҳу алайҳи ва саллам): “Гуноҳи кабиралар Аллоҳга ширк келтириш, ота-онага оқ бўлиш ва бирор кишини ўлдириш ва ёлғон қасамдир”, дедилар» (Имом Бухорий ривояти).

Бу ҳадиси шарифда энг катта гуноҳ бўлган Аллоҳга ширк келтиришдан кейин ота-онага оқ бўлиш экани айтилган. Бу эса ота-онага осий бўлиш нақадар улкан гуноҳ эканига далолат қилади.

Бошқа бир ҳадиси шарифда ота-онага оқ бўлган фарзанд жаннатга кирмаслиги хабар берилган: Абдуллоҳ ибн Амр (розияллоҳу анҳумо)дан ривоят қилинади: “Набий (солаллоҳу алайҳи ва саллам): “Миннат қилувчи (яхшилик қилган кишисига фахр ва кибр қилувчи) ва ота онасига оқ бўлувчи ва хамр (маст қилувчи ичимлик) ичишда бардавом бўлувчи жаннатга кирмайди”, дедилар” (Имом Насаий ривояти).

Бошқа ҳадисда эса, ота-онаси ҳаётлик вақтида уларни рози қилишга уриниш аҳамияти бундай баён қилинган: Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: “Мен Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг: «Бурни ерга ишқалсин, бурни ерга ишқалсин, бурни ерга ишқалсин”, деяётганларини эшитдим. "Ким, эй, Расулуллоҳ?", дейилди. У Зот: "Ким ота-онасининг иккови ёки биттаси ёши катта бўлганда, уларга етса-ю, сўнгра жаннатга кира олмаса", дедилар» (Имом Муслим ривояти).

Демак, ота-онага хизмат қилиш фарзанд учун жаннатга кириш сабабларидан бири экан.

Ота-онага оқ бўлишга сабаб бўладиган ишлар жуда ҳам кўп бўлиб, айримлари ҳадиси шарифларда баён қилинган. Улар қуйидаги гуноҳлардир:

  1. Ота-онасини сўкиш ҳам гуноҳи кабиралардан саналади.

Уларни сўкиш икки хил бўлиши мумкин:

а) фарзанд ота-онасини тўғридан-тўғри ҳақоратлаб, уни сўкиши мумкин. Бу ҳолат жуда ҳам кам учраши мумкин;

 б) ўз ота-онасини очиқдан-очиқ сўкмайди, балки, бировнинг ота-онасини сўкади ва уни лаънатлайди, натижада, улар ҳам бунинг ота-онасини сўкади. У бировларни сўкиши билан ўз ота-онасини сўккан ҳисобланади. Бу ҳолат эса, одамларнинг орасида кўплаб учрайди. Бу ҳақида ҳадиси шарифда бундай дейилган. Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос (розияллоҳу анҳумо)дан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ (солаллоҳу алайҳи ва саллам): "Киши ота-онасини ҳақорат қилиши гуноҳи кабиралардандир", деб айтдилар. Улар: "Эй, Расулуллоҳ! Киши ўз ота-онасини ҳам ҳақорат қиладими?" деб айтдилар. У зот:  "Ҳа, у бир кишининг отасини сўкади, у ҳам унинг отасини сўкади ва у унинг онасини сўкади, натижада, у ҳам унинг онасини сўкади", дедилар»(Имом Муслим ривояти).

Бошқа бир ривоятда бундай дейилган: Урва ибн Иёздан ривоят қилинади: У Абдуллоҳ ибн Амр ибн Оснинг: “Киши отасига сўкиш олиб бериши Аллоҳ таоло ҳузурида катта гуноҳлардандир”, деганини эшитган. (Имом Бухорий “Ал-Адаб ал-муфрад” китобида ривоят қилган).

Шунга кўра, мусулмон киши ҳеч кимнинг ота-онасини сўкмаслиги керак, акс ҳолда бу иши билан ўз ота-онасини сўккан бўлиб қолар экан.

  1. Ота-онага лаънат айтиш ҳам гуноҳ иш бўлиб, ким от-онасига лаънат айтса, Аллоҳ таоло унга лаънат айтади.

Ота-онани лаънатлаш ҳам икки хил бўлади:

а) фарзанд ўз ота-онасига лаънат сўзларини айтиши;

б) у бошқаларни ёмонлик қилади, уларга лаънат айтиб, ҳақорат қилади. Натижада, бошқалар томонидан бунинг ота-онасига лаънатлар айтилади. Бу ҳақида ҳадиси шарифда бундай дейилган: Абу Туфайлдан ривоят қилинади: У: «Алий (розияллоҳу анҳу)дан: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) сизларга бир нарсани хослаб берганларми?” деб сўралди. У: “У зот инсонларнинг ҳаммасига тарқалмаган нарсаларни бизга хослаб бермаганлар, фақатгина қиличим қинидаги нарса бор”, деди. “Аллоҳдан бошқа учун жонлиқ сўйганни Аллоҳ лаънатлайди ва ер белгиларини ўғирлаган кишини Аллоҳ лаънатлайди ва отасини лаънатлаган кишини Аллоҳ лаънатлайди ва бидъатчига жой берган кишини Аллоҳ лаънатлайди, деб ёзилган бир саҳифани чиқарди», деб айтди (Имом Аҳмад ривояти).

Имом Бухорийнинг “Ал-адаб ал-муфрад” китобида келган ривоятда: “Ота-онасини лаънатлаган кишини Аллоҳ лаънатлайди”, дейилган.

Шунга кўра, ота-онага лаънат олиб келадиган барча ишлардан сақланиш лозим бўлади.

  1. Ота-онани йиғлатиш ҳам гуноҳи кабиралардан саналади. Бу ҳақида қуйидаги ривоятни келтиришимиз мумкин: Тайсаладан ривоят қилинади: У Ибн Умар (розияллоҳу анҳу)нинг: “Ота-онани йиғлатиш уларга оқ бўлиш ва гуноҳи кабиралардандир”, деганини эшитган экан (Имом Бухорий "Адабул муфрад" китобида ривояти).

Демак, фарзанд ота-онасини қалбини ранжитадиган ва уларнинг йиғлашига сабаб бўладиган барча ишлардан сақланиши лозим.

Ота-онага оқ бўлиш шу даражада оғир гуноҳки, Аллоҳ таоло унинг жазосини шу дунёнинг ўзидаёқ  тезлаштириб беради. Бу ҳақида ҳадиси шарифда бундай дейилган. Абу Бакр (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: «Мен Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг: "Аллоҳ таоло ҳар бир гуноҳдан хоҳлаганини (яъни, жазосини) қиёмат кунига кечиктиради. Ота-онага оқ бўлиш бундан мустаснодир.  Зеро, Аллоҳ таоло уни (ота-онага оқ бўлишни) эгасига  ўлимдан олдин, шу дунё ҳаётидаёқ (унинг жазосини) тезлаштиради”, деганларини эшитдим» (Табароний ривояти).

Шунга кўра, ҳар бир фарзанд ота-онасини доимо ҳурмат қилиши, уларни қалбини оғритиб қўйишдан эҳтиёт бўлиши лозим. Зеро, уларга қилинган ҳар бир хатти-ҳаракат мукофот ёки жазосиз қолмаслигини эсдан чиқармаслик керак.

Шунингдек, улар билан юрганда уларнинг олдида юрмаслиги, ўтиришда улардан олдин ўтирмаслиги ва уларнинг исмини айтиб чақирмаслик ҳам муҳим одоблардан ҳисобланади. Бу ҳақида улуғ саҳобалардан бири бундай деган: Ҳишом ибн Урвадан, унинг отасидан ёки ундан бошқадан ривоят қилинади: «Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу) икки кишини кўрдида, уларнинг бирига: "Бу сенга ким бўлади", деб айтди. У киши: "Отам", деб айтди. Абу Ҳурайра: "Уни исми билан чақирмагин, унинг олдида юрмагин ва ундан олдин ўтирмагин", деб айтди» (Имом Бухорий "Адабул муфрад" китобида ривоят қилган).

Ҳар бир фарзанд доим ота-онасининг яхши дуоларини олишга интилиши ва уларнинг ёмон дуоларига дучор бўлиб қолишдан сақланиши керак. Зеро  ота-онанинг фарзанди учун ҳар қандай дуоси ижобат бўлади.

Бу ҳақида ҳадиси шарифда бундай дейилган: Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ (солаллоҳу алайҳи ва саллам): “Учта дуо қабул бўлади. Уларда шак йўқ: мазлумнинг дуоси, мусофирнинг дуоси, отанинг фарзандининг зиддига дуоси”, дедилар» (Абу Довуд, Термизий ривоят қилишган).

Имом Бухорийнинг “Ал-адаб ал-муфрад” китобида келган ривоятда: “Ота-онанинг фарзандининг зиддига қилган дуоси”, дейилган.

Хулоса ўрнида айтадиган бўлсак, ҳар бир фарзанд ота-онасининг  ҳақларини адо этиш ҳаракатида бўлиши лозим. Ҳаётлик вақтларида хизматларини қилиб дуоларини олишга интилиш керак бўлади. Зеро фарзанд ота-онасининг хизматини қилиб жаннатга кириши мумкин бўлгани каби, уларни норози қилиш билан буни акси бўлиши ҳам мумкин.

 Барчамиз ота-онамизнинг бизга қилган яхшиликларини эсдан чиқармайлик. Хусусан, гўдаклик ва болалик чоғимизда бизга кўрсатган меҳрибонликларини зинҳор унутмайлик. Биз ёш ва заиф бўлган пайтимизда улар бизга парвона бўлишди. Касал ва ожиз пайтимизда улар бизга меҳр кўрсатишди. Буни ҳеч қачон эсдан чиқармаслик керак. Энди биз ҳам уларга шундай парвона бўлайлик. Бор меҳримиз билан уларга хизмат қилайлик. Аллоҳ барчамизга ота-онамизни рози қилиб, уларнинг дуоларига сазовор бўлишимизни насиб айласин.

 

Шокиржон МАДАМИНОВ,

 “Кўкалдош” ўрта махсус ислом

билим юрти ўқитувчиси

 

7868 марта ўқилди
Мавзулар

Мақолалар

Top