Мақолалар

Бадгумонлик гуноҳдир

У одам қўли гул уста эди. Хорижда ишлар, кеч кузда ватанга қайтиб хордиқ чиқарарди. Кунларнинг бирида ҳамқишлоқлари билан йиғилишиб қиттай-қиттай қилишди. Мастлик оқибатида ўртада жанжал чиқди. Бу – шайтоннинг имони заиф инсонлар кўнглига солган васвасаси эди. Аллоҳ таоло бандаларини шайтонга эргашмасин, унинг ҳийлаларидан огоҳ бўлсин дея: «Албатта, шайтон сизга душмандир. Бас, уни душман тутинг. У ўз гуруҳини фақат ўта қизиган дўзахга эга бўлишларига чақирур», деб огоҳлантирган эди.

Шайтоннинг Одам авлодига очиқ душман экани воқеанинг давомида яққол кўзга ташланади. Жанжал чиқишининг сабаби ширакайф бўлиб олган ҳамшишалардан бири устага: “Сен хориждалигингда хотининг енгилтак аёллар билан апоқ-чапоқ бўлиб юрди”, дейди. Бу гапдан ғазаби қайнаган йигит унинг бўғзига чанг солади. Улфатлар уларни зўрға ажратиб қўяди.

Бундай ўйлаб кўрилса, ўзаро низолар ва келишмовчиликлар кўпроқ деди-дедилар оқибатида туғилган шубҳа-гумонлардан келиб чиқади. Сершубҳаликдан сақланиш учун доимо бошқалар ҳақида яхши гумонда бўлиш, улар ҳақида етган хабарларни яхшиликка йўйиш лозим. Зеро, Аллоҳ таоло Қуръони каримда бадгумонликни қаттиқ қоралаб «Ҳужурот» сурасининг 12-оятида: «Эй имон келтирганлар! Кўп гумонлардан четда бўлинглар, чунки баъзи гумонлар гуноҳдир», деб таълим берган.

Бугунги кунда ўз жуфти ҳалолидан шубҳаланиш оқибатида қанчадан қанча оилалар пароканда бўлаётгани ачинарли ҳолдир. Бунга мобил алоқа воситаларидаги адашиб қилинган қўнғироқлар ва бошқа арзимаган нарсалар сабаб бўлмоқда. «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Агар одамларнинг айбини ахтарадиган бўлсанг, уларни бузасан», дедилар». (кимдан ким ривоят қилган?)

Аслида мусулмон одам ёмон гумондан сақланиши лозим. Кимда-ким одамлардан ёмон гумонда бўлса, ўша одамнинг ичи бузуқ бўлади. Мўмин доимо узр истайди, мунофиқ эса айб қидиради. Мўмин барча халойиққа нисбатан кўнгли пок бўлади. Мунофиқ эса унинг тескарисини қилади.

Хуллас, орадан кунлар ўтиб, уста йигит қизининг туғилган кунини уйида  нишонлаб берадиган бўлади. Қизи олти ёшга тўлган эди. Дастурхонга тағин ароқ қўйилади. Зиёфат кечгача давом этади. Меҳмонлар тарқалгач, маст бўлиб қолган йигит улфатлари билан бўлиб ўтган ўша воқеани эслайди ва шайтон отига минади-да хотинини қидира бошлайди. Бу маҳалда уй бекаси ошхонада   куймаланиб юрган эди. Ғазаб отига минган йигит ошхонада хотини билан жанжаллаша кетади. Хотини бу гапларнинг ҳаммаси ёлғон экани, унга туҳмат қилинганини кўзида ёш билан айтади. Аммо устанинг ҳуши ўзида эмасди. У стол устида турган пичоқни олиб, хотинининг кўксига санчади. Кейин уйга кириб аввал қизини, сўнгра ўғлини пичоқлаб ўлдиради. Шундан сўнг ўз жонига қасд қилади.

Бир маст одамнинг асоссиз, далилсиз, шунчаки валдираши норасида қиз билан ўғилнинг ва уларнинг онасининг ваҳшийларча ўлдирилишига, уста йигитнинг эса абадул-абад жаҳаннамга тушишига сабабчи бўлди. Чунки Имом Бухорий ривоят қилган ҳадиси шарифда: “Аллоҳ таоло ҳадиси қудсийда марҳамат қилурки: “Бандам ўзини-ўзи ўлдириб, Менинг унга берган умримга шукр қилмай, шошилди. Шунинг учун унга жаннатни абадий ҳаром қилдим”, дейилган.

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) умматларини огоҳлантириб: «Зинҳор ва зинҳор бадгумон бўлманглар. Чунки бадгумонлик сўзнинг энг ёлғонидир», деб бежизга айтмаганлар.

Бунга ўхшаш аянчли воқеалар инсонни янада зийракроқ бўлишга, янада эътиборлироқ бўлишга ундайди. Бинобарин, бундай ҳодисалардан ибрат олиб бошқалар ҳақида гапиришдан аввал етти ўлчаб бир кесмоқ керак деган мақолга амал қилинса маъқул иш бўлади. Акс ҳолда бир оғиз сўз билан кимнингдир умрига завол бўлиб қолиш ёки оиласи бузилиб кетишига сабабчи бўлиш инсонийлик тамойилларига тўғри келмайди деган фикрдамиз.

 

Маҳмуджон АБДУСАИДОВ,

Бўстонлиқ туман бош имом-хатиби вазифасини бажарувчи

                                

5215 марта ўқилди

Мақолалар

Top